1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эй инсон, Аллоҳдан қўрқ!

11:09 / 12.08.2020 2173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръонда таъкидланишича, бандалар қилётган ҳар битта ишни Аллоҳ кўриб-билиб туради. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилган: “Аллоҳдан қўрқинг! Билингки, Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўрувчидир” (Бақара сураси, 233-оят). 

Аллоҳ ҳамма нарсадан Хабардор. Тириклик чоғимизда қилган ҳамма ишларимизга қиёмат куни жавоб берамиз. Бизнинг ақидамиз шундай. Қуръон бизни – Аллоҳ кўриб турганини ҳис этиб яшашга – ундайди. Аллоҳни эслаш инсонни гуноҳдан қайтаради. Бировга зулм қилмоқчи бўлган одам Парвардигорини эсласа, “Эй, тўхта! Аллоҳ кўриб турибди-ку. Эртага ўзимга бундан оғир жазо бермасин тағин”, деб ниятидан қайтади, Аллоҳдан қўрқади. Бировнинг ҳақига хиёнат қилаётганда, “Буни норози қилсам, ўзгалар ҳақини есам, Аллоҳга хуш келмайди-ку!” деб қолади. Аллоҳни эслаган одам бировни ғийбат қилаётганда ўйлаб қолади, катта гапираётганда сал пастроқ тушади, бировнинг устидан кулмайди, бошига мусибат тушганларни масхара қилмайди. Банда Аллоҳни эсласа, “Раббим кўриб турибди”, деб ишонса, қалби покланиб боради, хулқи сайқалланади.

Каломуллоҳнинг бошқа оятида: “Албатта Аллоҳ осмонлар ва ердаги ғайб сирларни билади. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”, дейилган (Ҳужурот сураси, 18-оят).

Осмонлару ерда қанчадан-қанча сир-синоатлар яширинган. Биз ожиз бандалар уларни билмаймиз. Кўз билан кўриш мумкин бўлганларини ҳам тўлиқ идрок этолмаймиз. Ҳали бизга номаълум не-не махфий нарсалар бор. Аллоҳ таоло мана шуларнинг барчасини билади.

Ривоят қилинишича, машойихлардан бирининг ёш шогирди бор эди. Шайх уни ҳурмат қилар, бошқалардан устун қўярди. Шогирдларидан бири:

– Бу ёш болани шунчалар ҳурмат қиласизми? – дебди. Шайх уларни тўплаб, қўлларига биттадан қуш билан пичоқ бериб, ҳеч ким кўрмайдиган жойда сўйиб келишни буюрибди.

Бироздан сўнг ҳамма ўзига берилган қушни сўйиб келибди. Фақат ёш шогирд қўлида тирик қуш билан қайтиб келибди. Шайх ундан сўрабди:

– Нега қушни сўймадинг?

– Мен ҳеч ким кўрмайдиган жойни тополмадим. Қаерга борсам, Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилдим. Шунинг учун қушни сўя олмадим.

Шунда катта ёшли шогирдлар бу бола ҳақиқатан ҳурматга сазовор эканини тан олишибди.

Каломи мажидда айтилади: (Аллоҳ) осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. У ерга кирадиган (уруғ, ёмғир-қор суви, хазинаю дафиналар, жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган (фаришталар, тақдир, ризқ-рўз, хайр-барака каби) нарсаларни ҳам, унга (яъни, осмонга) кўтариладиган (фаришталар, руҳлар, амаллар, дуо-илтижолар каби) нарсаларни ҳам билади. Сизлар қаерда бўлсангиз, У Зот сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир” (Ҳадид сураси, 4-оят). 

Инсон “Аллоҳдан беркитиб бирон ишни қила оламан”, деб ўйламасин. Ҳеч ким йўқ жойда бўладими, қоп-қоронғи зулмат ичидами, фарқи йўқ, бандаси кўрмаса ҳам Аллоҳ кўриб туради.

Саҳл ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Чамаси уч ёшли бола эдим. Кечаси уйғониб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солардим. Бир куни тоғам мендан сўради:

– Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?

– Уни қандай зикр қиламан?

– Тилингни қимирлатмасдан қалбингда уч марта, “Аллоҳ мен билан, Аллоҳ мени кўриб турибди”, деб айт.

Мен ўша сўзларни кечалари айтдим. Тоғамга бунинг хабарини етказдим. У менга:

– Энди уларни ҳар кеча ўн бир мартадан айт, – деди.

Мен тоғам айтган ишни қилдим. Кейин қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Бир муддат ўтганидан сўнг тоғам менга:

– Сенга ўргатилган нарсаларни ёдлаб олгин-да, умрингнинг охиригача уларни айтиб юр, ҳечам канда қилма, – деди.

Тоғам айтган ишни йиллар давомида узлуксиз қилиб юрдим. Унинг ҳаловатини ҳис этдим.

Тоғам менга:

– Эй Саҳл, Аллоҳ кўриб турганини билган одам қандай қилиб У Зотга осий бўлади? Маъсиятдан ҳазир бўл! – деб тайинлади.

Кейин мактабга бориб, олти-етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. Сўнг нафл рўзани кўп тутадиган бўлдим. Ейдиган таомим арпа нони бўлди. Ундан кейин кечалари бедор бўлиб, ибодат билан ўтказишга одатландим.

Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу қисса боланинг руҳий тарбиясига ёшликдан аҳамият бериш қанчалик муҳим эканини кўрсатади.

Қуръонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилинган: (Аллоҳ) Сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилувчилар орасида (имом бўлганингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётганингизда ҳам кўриб туради. Шак-шубҳасиз, У Эшитувчи, Билувчи Зотдир” (Шуаро сураси, 218-220 оятлар).

Аллоҳ кўриб турганини ҳис этган инсон солиҳ амални ожиз бандалар учун эмас, одамларнинг қудратли Парвардигори Аллоҳ учун қилади. Банда Аллоҳ кўриб турганини унутмаса, ҳеч ким бўлмаса ҳам гуноҳ қилмайди, “Одамлар кўрмаяпти-ку”, деган фикр хаёлига келмайди.

Ҳар бир инсон шуни доим ёдида тутсин: одамлар кўрмаса ҳам Аллоҳ кўриб туради. Одамлар билмаса ҳам Аллоҳ билади. Охиратда сизу бизни ожиз банда эмас, ҳар бир ишимизни кузатиб турувчи қудратли Аллоҳ ҳисоб-китоб қилади.

«Қуръон қалблар шифоси» китоби асосида тайёрланди.

Мавзуга оид мақолалар
Бундан бир неча йил олдин сизга оламолам қувончларни ҳадя қилиб, қиз фарзандингиз дунёга келган эди. Қаранга, ҳашпаш дегунча балоғат ёшига етиб қолибди. Унинг давоми...

4000 19:20 / 16.09.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг .Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг, ва .Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган давоми...

2786 09:20 / 07.08.2019
Мусулмон таълимотига кўра, пайғамбарларга, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийлар янада кенгроқ доирага эга бўлиб, фақат давоми...

2001 17:00 / 17.05.2022
Мусулмоннинг обрўсини тўкиш ҳаромдир. Инсоннинг обрўсига тажовуз этмоқ унинг ҳаётига, жонига тажовуз этмоқ билан баробар ҳисобланади.Аслида, обрў нима У инсон давоми...

3656 17:00 / 20.05.2022