1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳа, бугун мен мусулмонман!

14:05 / 14.04.2021 2245 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ислом маданияти ўрнатган тартибгина террор ва ҳокимиятсизликка барҳам бериши мумкин».

Ражу Гароди

Роже Гароди – 1913 йил 17 июлда Франциянинг Марсель шаҳарчасида ишчи оиласида туғилди. Ёзувчи, файласуф ва сиёсий арбоб. 1936 йили Страсбург университетида фалсафа бўйича диссертациясини ҳимоя қилди ва Альбига фалсафа профессори этиб тайинланди. Ўшанда марксизм тарғиботчисига айланади. 1944 йил октябрдан у Франциянинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган. Таъсис йиғилиши (1945 – 1946), Миллий йиғилиш (1946 – 1951) депутати этиб сайланган, 1956 йили Франция Коммунистик партияси сиёсий бюросининг аъзоси бўлди (у ушбу лавозимда 1970 йилгача турди ва партиянинг етакчи мафкурачиси ҳисобланган), Миллий ассамблея раисининг ўринбосари (1959 – 1962) ва сенатор (1959 – 1962). Клермонт-Ферран ва Пуате университетларида дарс берган. 2012 йил 13 июн куни Парижда вафот этди.

ХХ асрнинг буюк олими Роже Гароди меҳнатларини дунё тан олган. Қачонлардир марксизмни ягона тўғри мафкура деб билган ва шу қарорида талабаликдан то сиёсат курсисига ўтиргунигача мустаҳкам туриб, барча нутқларида динга қарши чиқишлар қилган.

Табиатан жиддий Роже илм олишда тиришқоқ бола бўлиб ўсди. Ота-онаси уни лицейга ўқишга беришди ва у ерда энг билимли ўқувчилар сафидан жой олди. Лицейни тамомлагандан сўнг университетга киради ва у ерда насроний талабалар ташкилотига аъзо бўлади. 1933 йили қаҳрамонимиз бу ташкилотдан чиқиб, Франция коммунистик партияси сафидан жой олади. 1936 йили Гароди фалсафа бўйича номзодлик диссертациясини ёқлайди ва Альба лицейига ўқитувчилик лавозимига ишга олинади.

1937 йилдаги Морис Торез билан учрашуви ёш партия аъзосининг ҳаётини ўзгартириб юборди. Торез Роженинг шахсида ҳақиқий марксистни кашф қилади ва унга партиянинг таниқли фаол аъзоси бўлиб етишишида кўмаклашади.

1939 йили Роже Гароди ҳарбий хизматга сафарбар қилинади. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида у Франциянинг қаршилик ҳаракати чап қаноти сафида бўлди. 1939 йили Сомме шаҳридаги жанглардан сўнг Ҳарбий Хоч билан тақдирланди. Яралангани сабаб хизматдан четлатилади. Шундан сўнг ўқитувчилик фаолиятини давом эттириш билан бир қаторда сиёсат билан ҳам шуғуллана бошлайди. Тақдир тақозоси билан Роже Гароди 1940 йили 300 га яқин француз коммунистлари билан бирга қамоққа олинади ва Жазоирга, «Босюэй» концентрацион лагерига сургун қилинади. 1943 йилнинг февралигача Шимолий Африкадаги лагерда бўлди.

Городи лагерда бир қанча сафдошлари билан бирга норозилик билдиради, лекин уларнинг бу қаршиликлари тезда бартараф этилиб, норозилик иштирокчилари ўлимга ҳукм қилинади. Лекин қандайдир сабабларга кўра ҳукм ижро этилмай қолади. Кейинчалик Роже Гароди бир чиқишида: «Бизга раҳм қилишди, чунки бизни қўриқлаган қўриқчилар мусулмонлар эди. Уларда бизни яхши кўришга ҳеч қандай асос бўлмаса-да, уларнинг эътиқодлари қуролланган одам қуролсиз одамга қарата ўқ отишга йўл қўймас эди», деди.

Роже Гароди 33 ой қамоқда бўлди, 1943 йили озодликка чиқар экан, дарҳол ватанига қайтиб кетмади, Жазоирда бир йил давомида сиёсий фаолият билан шуғулланди.

1944 йилнинг октябрида Роже Гароди Францияга қайтиб келади. Уни немис-фашизмига қарши курашган етакчилар сафида кутиб олишади. 1950 йили Парламентга сайланади, шу йили Марказий Комитет аъзоси бўлади. Ўшанда шов-шувга айланган «Черков, коммунистлар ва насронийлар» мақоласини ёзади.

1952 йили Роже Гароди Француз коммунистларининг нашри «Юманите»нинг Москвадаги мухбири этиб тайинланди. Москвада яшаб турганида докторлик диссертацияси устида иш олиб боради, бир қатор давлат арбоблари ва маданият ходимлари билан дўстлашади. Ҳатто Сталин бир неча марта доктор Роже Городини уйига таклиф қилган. Докторлик ишининг ҳимояси учун маълум бир вақтга доктор Роже Гароди Францияга кетади. 1954 йили яна Совет Иттифоқига қайтади ва Фанлар Академиясининг фалсафа фанлари доктори бўлади.

1968 йилнинг май ойида политбюронинг йиғилишида Франция Компартиясининг раҳбари Жорж Маршени танқид қилади, бундан ташқари, Совет Иттифоқини Чехословакияга бостириб кирганини ҳам қаттиқ танқид остига олади. Шундан сўнг у ҳамда СССР ва Франциянинг компартия раҳбарлари ўртасида келишмовчиликлар юзага келади. 1970 йилнинг апрел ойида уни ўзи 37 йил умрини сарфлаган компартия сафида чиқаришга қарор қилишади. Унинг компартия билан алоқани узиши кутилмаган воқеа бўлди, чунки у сиёсат оламида нафақат ватани, балки бутун дунёга танилиб бўлган эди.

1982 йили сўфилик таълимотидан таъсирланган Роже Гароди Исломни қабул қилди. Унинг бундай қарорга келишида фаластинлик турмуш ўртоғининг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Гародининг кутилмаган бу қарори бутун жаҳон оммасида яна бир бор катта шов-шувга айланди. У бундай таъна-маломатларга хотиржамлик билан жавоб беради: «Ҳа, бугун мен мусулмонман! Сиз мендан нима учун Исломга кирганимни сўраяпсизми? Мен ўз танловим билан асрдан ўзиб кетдим».

Роже Гароди ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган ўша кунни қуйидагича хотирлайди:

«1982 йил 2 июн куни имом Бузузий олдида мен тавҳиднинг калити бўлган «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси» деган шаҳодат калимасини айтганимда, мен ўзим қабул қилаётган бу қарорга ва у билан боғлиқ масъулиятга тайёр эдим. Мен эришадиганим ҳузур-ҳаловат ортидан келадиган ғалаён ва қурбонликни ҳам ҳис қилдим. Бу «қурбонлик» янги мақомимда мени қабул қилмайдиган Ғарб билан мени боғлаб турадиган дунёдан ажралиш эди. Аммо шу билан бирга мен доимо ботинимда бўлган ишончни давом эттираётганимни ҳис қилардим. Бу чуқур, асл иймон Иброҳим пайғамбарнинг Аллоҳга таслимият ва шак-шубҳадан холи ҳолда келтирган қурбонлиги каби оддий ва кучли эди. Мен ёлғиз эдим, лекин ёлғизликни ҳис қилмадим. Барча замонларнинг энг буюк адиби Жалолиддин Румийдан тортиб мусулмон Испаниянинг маърифатпарвар сўфиси Ибн Арабийгача бўлган Исломнинг маънавий раҳнамолари мен билан бирга эканидан мамнун эдим».

Рожер Гароди Исломни қабул қилганидан кейин Туркияга қилган сафарида журналистлар ундан: «Аввалига сиз марксист-ленинчи ва даҳрий эдингиз. Кейин маоистчи(Мао Цзедун тарафдори)га айландингиз... Маълум вақт буддизмга ҳам қизиқдингиз, кейин ўзингизнинг католик аждодларингиз ҳақида эслаб қолдингиз... Энди эса мусулмон бўлганингизни айтяпсиз. Бундан кейин яна ким бўлишни хоҳлардингиз?» Бу саволга файласуф бир оз сукутдан сўнг қуйидагича жавоб берди: «Сиз айтган ҳамма нарса ҳақиқат. Аммо ўзингизга маълумки, хазина изловчилар қидираётганлари ернинг остида яшириниб ётган бебаҳо хазинани топмагунларича изланиб, бир жойдан иккинчисига кўчиб ўтаверишади. Излаганлари жойни топишгач, улар бир жойда тўхтаб, ўша ерни қазишни бошлашади. Менинг ҳикоям ҳам мана шундай. Тақдир мени қаерга ташламасин, мен астойдил онтологик маконимни изладим. Аммо қаердан қазисам ҳам уни тополмадим. Ҳозир эса мен бу жойни топдим ва унинг номи Ислом. Аммо менинг изланишларим тугамайди – мен ўзимни айнан Исломда излашда давом этаман».

Ислом равнақи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланиб, олим 1986 йили қирол Файсал Халқаро мукофоти билан тақдирланди. Мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига оид чиқишлари учун Қаддафийнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мукофотига лойиқ кўрилди.

Собиқ коммунист кишилик жамиятидаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилар экан «Ислом маданияти ўрнатган тартибгина террор ва ҳокимиятсизлик (анархия)га барҳам бериши мумкин», дея фикрларини хулосалайди.

Шунингдек, Гароди чиқишларининг бирида «Аллоҳ инсонни Ўз халифаси сифатида яратган ва бу танлов маълум бир кишиларга эмас, балки барча мусулмонлар учун хосдир», дея таъкидлаган эди.

Бир пайтлар Исломни қоралаб, унга қарши нутқлар сўзлаб юрган собиқ коммунист, Аллоҳнинг тақдирини қарангки, энди қалби билан топган динини ҳимояси учун умрининг охиригача собит турди.

«Ҳилол» журналининг 3(24) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўз ҳаётига Қуръон ахлоқини тадбиқ этган ҳар бир одам янги куннинг бошланишини ndash Аллоҳ борлиги ва боқий қолувчи Зот эканлигининг далили, унинг бир инъоми эканини давоми...

5333 06:03 / 07.11.2018
Ибн Абу Жамила айтади .Бир киши Ибн Ҳайва билан хайрлашаётиб, .Аллоҳ сизни ҳимоясига олсин, Абу Миқдом,, деди. Шунда у .Эй биродаримнинг ўғли, сен Аллоҳдан давоми...

1677 08:00 / 23.11.2019
Ибн Абдулбарр .Илм, китобида шундай ёзади .Ибн Ваҳб айтади .Мен илм излашдан олдин ибодатга машғул эдим. Бир куни шайтон менга .Аллоҳ таоло Ийсо ибн shyМарям давоми...

1296 08:00 / 14.11.2020
Ҳумайд Руъос айтади .Тушимда Кисоийни кўриб, .Қаердасиз, деб сўрадим. .Жаннатга кирдим,, деб жавоб берди. .Нима сабабдан, дедим. У .Аллоҳ таоло Қуръон сабабли менга давоми...

1330 08:00 / 24.10.2019