1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Ота-онанинг розилиги ва уларга яхшилик қилиш жаннатга элтиши ҳақида (1-қисм)

18:49 / 17.04.2018 5201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, ҳар бир банданинг асосий мақсадларидан бири жаннатдан жой олишдир. Зотан, бу дунё ҳаётидаги мақсад ҳам шу. Шунинг учун банда борки, ўзининг жаннатга киришига сабаб бўладиган амални қилиш пайидан бўлади. Ота-онага яхшилик қилиш мазкур амаллар ичида энг кўзга кўринганларидан бири ҳисобланади.

9. (31). Саъд ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Ибн Аббосга: «Мен жиҳодга ҳарис одамман. Қавмимдан жиҳодга қўшилмаган ёки турли юртларга бормаган ота-онамдан бошқа ҳеч ким қолмаган. Ота-онам – ёки отам – буни ёқтирмайди», дедим. 

Шунда Ибн Аббос: «Ота-онаси бор одам уларга яхшилик қилмасдан тонг оттирмасин», деди.

«Иккисигами?» дедим.

«Ҳа! Албатта, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан икки эшикни очади. Ким яхшилик қилган ҳолда кеч киритган бўлса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан икки эшикни очади. Агар биттаси бўлса, унга яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиб қўяди ва улардан бирига яхшилик қилган ҳолида кеч киритса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиб қўяди. Улардан бири ундан (боласидан) ғазабланса, Аллоҳ у рози бўлмагунча, рози бўлмайди», деди. 

«Золим бўлса ҳамми?» дедим.

«Золим бўлса ҳам», деди». 

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг қаҳрамони Саъд ибн Масъуд жиҳодга қаттиқ қизиққан одам бўлган. Аммо ота-онаси уни бу ишдан қайтарганлар. Уларнинг қавмидаги барча кишилар жиҳод ёки бошқа юртларга сафар қилишда қатнашганлар. Саъд ибн Масъуднинг ота-онасидан бошқа қабиланинг барча одамлари мазкур ишларни қилишган. Саъд ибн Масъуд ўзича бундан уялиб, ўзига нуқсон бўлиб кўринаётган нарсадан оиласини халос қилмоқчи, бошқаларнинг олдида уялишга чек қўймоқчи бўлган. Аммо ота-онаси ўзларининг қилмишлари етмагандек, фарзандлари Саъд ибн Масъудни ҳам бу савобли ишдан қайтармоқдалар.

Ана шундай бир пайтда Саъд ибн Масъуд катта саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига шикоят қилиб келди. Сўнг нима бўлганини у кишининг ўзидан эшитамиз:

«Мен жиҳодга ҳарис одамман. Қавмимдан жиҳодга қўшилмаган ёки турли юртларга бормаган ота-онамдан бошқа ҳеч ким қолмаган. Ота-онам – ёки отам – буни ёқтирмайди», дедим». 

Бу саволнинг зимнида «Ота-онам ёқтирмаса ҳам, ўзбошимчалик қилиб жиҳодга кетаверайми?» деган гап бор. Хўш, бу саволга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қандай жавоб берар экан? Ахир у киши «Ислом умматининг илм денгизи» лақабини олган улуғ олим саҳобийдир. Жавоб қандай бўлганини Саъд ибн Масъуднинг ҳикояси давомидан билиб оламиз.

«Шунда Ибн Аббос: «Ота-онаси бор одам уларга яхшилик қилмасдан тонг оттирмасин», деди.

«Иккисигами?» дедим».

«Ҳа! Албатта, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан икки эшикни очади». 

Ота-онага яхшилик қилган ҳолда тонг оттириш жаннатнинг бир йўла икки эшигининг очилишига сабаб бўлар экан.

«Ким яхшилик қилган ҳолда кеч киритган бўлса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан икки эшикни очади». 

Ота-онасига яхшилик қилган ҳолда кунни кечкиртириш билан фарзандга жаннатнинг яна икки эшиги очилар экан. Жами бўлиб, фарзанднинг ота-онасига яхшилик қилгани учун унга бир кеча-кундузда жаннатнинг тўрт эшиги очилар экан. Бундай бахт ҳар кимга ва ҳар қандай амал учун ҳам насиб бўлавермайди.

Ота-онанинг икковлари бўлмай, фақат бирлари бўлса ва бола ўша борига яхшилик қилса ҳам, бебаҳра қолмайди.

«Агар биттаси бўлса, унга яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиб қўяди ва улардан бирига яхшилик қилган ҳолида кеч киритса, Аллоҳ албата унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиб қўяди». 

Фарзанд ота-онадан бирига яхшилик қилгани учун бир кеча-кундузда жаннатнинг иккита эшиги ўзи учун очилишига эришар экан. Демак, доимий равишда ота-онага яхшилик қилиш пайидан бўлиш керак экан.

Шу билан бирга, ота-онанинг ёки улардан бирининг ғазабига дучор бўлмаслик пайидан бўлиш лозим.

«Улардан бири ундан (боласидан) ғазабланса, Аллоҳ у рози бўлмагунча, рози бўлмайди». 

Ҳа! Ота-онасининг ёки улардан бирининг ғазабига учраган бола Аллоҳ таолонинг ҳам ғазабига учраши турган гап.

Ота-она ҳам банда, уларнинг ғазаби ҳақдан ҳам, ноҳақдан ҳам чиқиши мумкин. Агар ота-она фарзандидан ноҳақ равишда ғазабланса ҳам, юқоридаги гапларга тўғри келаверадими? Ана шу мулоҳаза ривоят қаҳрамони Саъд ибн Масъуднинг хаёлига ҳам келди. Буни ҳам аниқлаб олиш учун:

«Золим бўлса ҳамми?» деди.

«Золим бўлса ҳам», деди». 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу жавоблари зимнида, албатта, Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган нарсаларда, деган истисно ҳам бор. Чунки бу умумий ва ҳаммага маълум қоидадир.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор аҳамиятли ишга қўл урмоқчи бўлган одам илмли кишидан сўраб, билиб олиши кераклиги.

2. Ота-онанинг фарзандга қилаётган муомаласида шубҳа бўлса, фарзанд улардан илмли одамга шикоят қилиши жоизлиги.

3. Қадимда боласининг жиҳодга боришига тўсиқ бўлган ота-оналар бўлгани.

4. Ота-онаси бор одам кундузи иккисига яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан икки эшикни очиши.

5. Ота-онаси бор одам кечаси иккисига яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан икки эшикни очиши.

6. Ота-онасидан бири бор одам кундузи унга яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиши.

7. Ота-онасидан бири бор одам кечаси унга яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиши.

8. Ота-онадан бири боладан ғазабланса, Аллоҳ у рози бўлмагунча, рози бўлмаслиги.

9. Ота-она зулм қилса ҳам, фарзанд сабр қилиши кераклиги.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва отаонага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, давоми...

3961 09:00 / 21.09.2021
Эрдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда давоми...

6174 15:49 / 07.10.2017
Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги давоми...

19185 17:33 / 22.03.2017
8. Ислом шариати инсон наслини муҳофаза қилиш мақсадида наслга зарар етказадиган жинсий алоқаларни қилганларга жазо белгилаган.Инсон наслини муҳофаза қилиш давоми...

5809 17:24 / 10.04.2017