1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳга тухмат қилаётганларга раддия

18:01 / 14.04.2018 8690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳни барлавий бўлганлар деб тухмат қилаётганларга раддия


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Бугунги кунга келиб, Ҳиндистонда бундан юз йиллар аввал пайдо бўлган барлавийларнинг ҳам Ўрта Осиёда овозлари чиқиб қолди. Улар айрим ақидалари ва фатволарига кўра Аҳли сунна вал жамоага зид ақида ва фатволарга эгадирлар. Гарчи улар ўзларини мотуридий, ҳанафий, нақшбандий десалар ҳам, бу саҳиҳ йўллардан тескари томондадирлар. Ўша барлавийлар, юртимизнинг яқин ўтмишдаги атоқли уламоларидан бўлмиш Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳини биздан эдилар, деб даъво қилмоқдалар. Бу жуда ҳам оғир ва хато даъво бўлиб, Аллоҳнинг тавфиқи билан даъвонинг пучлигини бир неча бандларда исботлаб берамиз.

1) Аллома Қамариддин салламаҳуллоҳ ҳам ёшда ва ҳам тажрибада “Дорул улуми Девбанд” Университетининг энг катта устозидирлар. Биз ғарибга у кишининг тасаввуф дарсларида 4 йил давомида қатнашиш бахти муяссар қилди. Бир куни Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида гапириб бердим. Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳиндистоннинг Ажмир шаҳрида ўқиганларини ва “Усмония” мадрасасини тўлиқ битказганларини айтдим. Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳининг оғизларидан бирор марта барлавийларнинг раиси Аҳмад Ризохон Барилвий ёки унинг бузуқ ақидаси чиқмаганини, аксинча, суҳбатларининг бирида Девбандга ўқишга келганлигини айтиб берганини ҳам зикр қилдим. Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳининг айрим шогирдлари Ажмирга келиб, “Усмония” мадрасаси ҳозирда барлавийлар қўлида эканини кўриб, у зот ҳам барлавий бўлган экан-да, деб юришганини ҳам айтдим. Мақсадим, мана шу масалани ойдинлатиб олиш эди. Чунки, ана ўшалар Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳини барлавий бўлган, деб гап тарқатиб юришибди. Мен: “Эй, устоз, “Усмония” мадрасаси аввалдан барлавийларники эдими?”, деб сўрадим. Шунда устозим Аллома Қамариддин салламаҳуллоҳ бундай жавоб бердилар: “Йўқ, “Усмония” мадрасаси аввалдан барлавийларники бўлмаган. Чунки, бошланишида барлавийларнинг бирорта мадрасаси йўқ эди. Биз талабалик вақтимизда ҳам, бу 1950-йилларга тўғри келади, ана шу “Усмония” мадрасаси катта илмий марказлардан бири эди. Бизларнинг бир филиалимиз ҳисобланарди. Афсуски, кейинчалик барлавийларнинг ихтиёрига ўтиб кетди. Ҳозирда мадрасанинг номи қолган, холос”.

2) Шу ўринда Домла Ҳиндистонийнинг бир суҳбатларини айтиб ўтсам: – Қози домлам вафот қилишларидан олдин, илм олишимни Ҳиндистонга бориб давом эттиришимни васият қилдилар. Вафот қилганларидан кейин, Ҳиндга йўл олдим. Девбандга келганимда иссиқ мавсуми (урдучада гармий мавсум) экан. Яъни, ёзнинг бошлари эди. Девбанд шаҳрининг ҳавоси жуда иссиқ бўлар экан, икки дарё оралиғида бўлгани учун ҳавоси жуда нам бўлар экан. Ҳаводаги рутубат – намлик ва унга жуда қаттиқ иссиқ қўшилиб, худди ўзимизнинг ҳаммомга (парли катта ҳаммом) ўхшар экан. Бунақа иссиққа чидай олмадим, масжид ҳовузи бўйида ўтириб, йиғлай бошладим. (Бу масжид ва ҳовуз ҳозир ҳам бор бўлиб, ҳозирда у ерда фатво кафедраси фаолият юритади). Устозлар келиб, ҳолимни кўриб, “Бу ҳам иссиққа чидай олмай, ўлиб қолиши мумкин”, дедилар. Ўзаро маслаҳат қилишиб, устозлар мени Ажмир шаҳрига юборадиган бўлишди. Чунки, Ажмирда ҳам гарчи иссиқ қаттиқ бўлса ҳам, бироқ, ҳаво қуруқ бўларди. Қолаверса, Ажмир атрофидаги кичик-кичик тоғлар ҳисобига кечалари салқин шабада бўлар эди. Бу ернинг қиши ҳам қаттиқ бўлмас эди. (Девбандда эса намлик юқорилиги сабабли қиш жуда ҳам зарарли совуқ бўлади, қаттиқ туман тушади, одам исинишга жой топа олмай қолади).

3) Биз ғарибга 2009 йили компьютердаги “Дорул улуми Девбанд” Университетининг архивини кўриб чиқиш насиб қилди. 1990-йилларгача Ўрта Осиёдан мазкур ўқув даргоҳига 450 нафар атрофида талабалар ўқигани келган эканлар. Барчалар коммунистларнинг зулмларидан қочиб келишган экан. Уларнинг аксари 1930-1940 йилларда келган эканлар. 50-100 нафар талабалар эса Девбанднинг иссиғидан, иситмадан ёки бошқа сабабалар билан Девбанднинг ўзида вафот қилишган экан. Қолганлари Университетда 2-3 йил ўқиб, Макка-Мадинага ёки Ҳинднинг бошқа шаҳарларига кетиб қолишган экан. Иссиққа чидай олмай, вафот этган талабаларнинг исми шарифларини кўриб ҳайратда қолдим: андижоний, қўқандий, тошкандий, самарқандий, ўший, бухорий, марғилоний, туркистоний ... Барчаси ўзимизнинг ўзбеклар эди. Қолаверса, табиб устозларимиздан бири Ҳаким Муҳаммад Аъзам салламаҳуллоҳ ҳам шуни эътироф қилар эдиларки, “Бугунги кунларда иссиқ Девбандда пасайиб кетди. Илгарилари, иссиқ жуда қаттиқ бўларди. Киши иссиқ мавсумида қуёш қиёмга келганда, кўчага чиқса, беҳуш бўларди, ҳатто ўлиб ҳам қоларди”, дердилар.

4) “Барлавийлар фирқаси” номли китобнинг 59-саҳифаси 3-13 сатрларида “Тажаллиёти анвори муиний”дан қуйидагича келтирилади: “Аҳмад Ризохон Барилвий мантиқ фанидаги чаласаводлигини ўз замонасидаги уламолардан фойдаланиб кетказмаган. Унинг тенгдоши, “Усмония” мадрасасининг бош мударриси хайрободийларнинг сулоласидан бўлган Мавлоно Муиниддин Ажмирий Аҳмад Ризохон Барилвий ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Аҳмад Ризохон Барилвий кўп вақтларгача мантиқ фанига талоқ бериб қўйганди. Унинг бир одати бор эдики, у ўзи ошно бўлмаган фан бўлса, ўша фан бўйича ўзича шуғулланар, ўша фаннинг ҳақиқатини очмоқчи бўларди. Лекин, ҳеч нарса чиқара олмас эди. Чунки, хато қилмасдан қўймасди. Аҳмад Ризохон қайси фан билан шуғулланмасдан, бир чеккада турган бўлса, ана ўша иши жуда яхши бўлган”. Хулоса шуки, “Усмония” мадрасаси барлавийларники бўлмаган, Домла Ҳиндистоний ўқиган пайтларда ушбу мадрасанинг бош мударриси ким бўлганини ва унинг Аҳмад Ризохон тўғрисидаги фикри қандайлигини китобдан олиб, далиллари ва ҳаволалари билан бердик.

5) Яна тан олиш керак бўлган фактлардан бири шуки, “Усмония” мадрасасининг энг асосий мударриси ва ташкилотчиси Муиниддин Ажмирий раҳматуллоҳи алайҳи бўлган. Домла Ҳиндистонийни таълим даврида ҳажга бориб келганини инобатга олсак, ҳадис илмида у зот Муиниддин Ажмирийдан икки марта таълим олганлар, дейиш мумкин. Муиниддин Ажмирий раҳматуллоҳи алайҳи эса Аҳмад Ризохон Барилвийга тиш-тирноғи билан қарши бўлган. Бу маълумот учун биз иқтибос келтирган “Тажаллиёти анвори муиний” асарига қарашнинг ўзи кифоя. Ҳар қандай ақл соҳиби биладики, ҳар бир шогирд ўз устозига 100 фоиз эргашишга ҳаракат қилади. Домла Ҳиндистоний ҳам устози Муиниддин Ажмирийга эргашган, сизлар ҳам шундай қилишингиз керак, муҳтарам жаноблар.

6) Агар Домла Ҳиндистоний барлавий бўлмасалар, нега унда ўз оғизлари ила уларни танқид қилмаганлар? Жавоб шуки, ботил фирқа етиб келмаган жойларда ўша фирқа ҳақида маълумот беришлик жоиз эмас! Чунки, танқид қилиб бўлса ҳам ўша фирқанинг ёйилишига сабаб бўлади (“Дуруси шарҳ “Ақоиди Насафий”). Шунинг учун Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам мазкур фирқа ҳақида бир оғиз ҳам гап очмаганлар. Ўша фирқа ҳақидаги гапни эса Ўрта Осиёга энди-энди, афсуски, Домла Ҳиндистонийга алоқаси борлар тарқатмоқдалар. Бунинг учун ҳали улар жавоб берурлар.

7) Ундай бўлса, нега Домла Ҳиндистоний девбандий бўлганман, ҳам деб айтмаганлар? Дунёда девбандий деган номнинг ўзи йўқ. Девбандий деб Девбанд шаҳрида туғилган олимми, жоҳилми, деҳқонми, қассобми, ошпазми, ким бўлса ҳам ўша кимсаларнинг нисбаси, холос. Бу худди бухорий, марғилоний, хоразмий деганга ўхшашдир. Кейинчалик Девбанд уламоларини девбандий деб аташ бошланди, токи мазҳабсизлар ёки барлавийлардан ажратиш учун.

8) Қолаверса, Девбанд уламолари ҳанафий мазҳабидадирлар, мотуридий ақидасидадирлар. Ўзининг 150 йиллик тарихида бирор масалада, хоҳ ақоид, хоҳ масоил бўлсин, ҳанафий мазҳабига асло хилоф қилмаганлар. Балки, ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилиб келганлар. “Эъло ус-сунан”, “Маориф ус-сунан”, “Авжаз ул-масолик”, “Арф уш-шазий”, “Файз ул-Борий” каби китоблар бугун ҳанафий мазҳабининг энг сара асарлари қаторига қўшилиб улгурди. Аллома Кавсарий, Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, Шайх Аввома каби асримизнинг энг буюк олимлари доим Девбанд уламолари билан биргаликда илмий фаолият олиб борганлар. Ҳатто уларнинг китобларини таҳқиқ қилиб, қайта нашр қилганлар. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: “Ҳанафийлар Девбанд уламоларига қарздордирлар!”. Аллома Кавсарий айтадилар: “Бизнинг асримизда “Эъло ус-сунан”нинг ўзи ёзилганда ҳам, бутун мазҳабимизга илмий жиҳатдан кифоя қилар эди!”. Тақий Усмоний “Ҳинд сафарномалари”да қуйидагича ёзади: “Девбандий дегани янги бир мазҳаб, манҳаж ёки бирорта фирқа эмас! Улар ҳеч бир масалада ўзларининг ҳанафий, аҳли сунна ва жамоа мазҳабларига хилоф қилмаганлар. Мутақаддим ва мутааххир уламоларимиз қайси йўлдан боришган бўлса, улар ҳам ўша йўлдан юришди. Улар 150 тарихларида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Мен ва асҳобларим йўли” деган мазмундаги гапларининг ёққол намунасини улар кўрсатиб қўйдилар. Аслида девбандий деб у ерда туғилган ҳар қандай одамга айтилади. Тўғри, илмда Девбанд уламоларидан кўра илмлироқ устозлар бошқа жойларда бор эди, илмий таҳқиқ ва изланишда улардан ҳам ўтадиганлар бор эди, талабалари Девбанд мадрасаларидан ҳам кўпроқ талабалари бор мадрасалар бор эди. Бироқ, Девбанд мадраса ва олимларининг бошқа мадраса ва олимларидан фарқи шу эдики, улар ихлос ва эҳсонда, тақво ва тавозуъда, зикр ва мужоҳадада ҳаммадан устун эди!”. Муфтий Шафий айтади: “Бизнинг мадрасанинг ҳар бир ходими, устозлар ҳисобчилар, ошпазлар, фаррошлар, ҳатто қаровуллар ҳам тариқатда пир – авлиё эдилар. Ўз гуноҳкор кўзларим билан кўрганманки, мадрасамиз устига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турарди. Мадрамизнинг ҳар ер-ҳар еридан “Қолаллоҳу таоло!”, “Қола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”, деган гаплар эшитилиб турарди”.

Шунча далиллардан кейин ҳам, ҳақиқатни қабул қилмасангиз, эй Домла Ҳиндистонийнинг шогирдлариданмиз, дегувчилар, устозингизга қилаётган туҳматингизни энди буёғига билиб туриб қилаётган бўласиз. Қиёмат азоби жуда қаттиқдир!!!

Бундан буёғига барлавийларнинг асл юзларини очишни бошлайлик. Ҳақиқатни билганингиздан кейин барилвиймен дейишга ҳатто уялиб ҳам қоласиз. Яхшиси, сизларга тавсиям, эй янги барилвийлар, тавбага шошилинг. Чунки, кейинги мақоламни ўқишгача умрингиз етмай қолиши мумкин. Зеро, ҳар бир киши ўлимни тотгувчидир. Ўлим келгувчидир ва унинг келиши жуда-жуда яқиндир.

Тавфиқ фақат ва фақат Аллоҳ жалла жалолуҳудандир. Унинг ўзигагина сажда қилинади ва Унинг ўзидан сўралади. Унинг ўзигина ал-Маъбуд, ас-Сомад, ал-Алим ва ал-Басирдир!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақолаИбн Ҳиббон Имрон ибн Ҳусайн айтган ҳадисни келтирганлар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишидан .Шаъбоннинг охирида бирор кун рўза давоми...

1334 12:30 / 07.02.2021
Абдулҳамид маҳдум 1951 йил Наманган шаҳри Заркент маҳалласи ҳозирги Аҳси кўчасида Собиржон ота 19291992 хонадонида таваллуд топди. Қиблагоҳи Собиржон ота халқ орасида давоми...

2451 17:00 / 13.02.2022
Олимнинг тўлиқ исми қуйидагича Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз ибн Абдуллоҳ Шамсиддин Абу Абдуллоҳ алТуркманий адДиёрбакрий алФариқий адДамашқий давоми...

4133 22:00 / 27.04.2017
Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб ndash ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш давоми...

4711 16:30 / 04.04.2017
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57701 14:35 / 11.08.2021