1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Бир ҳадис олимининг илм йўлидаги сафари (3-қисм)

14:51 / 08.01.2018 3749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбати)

Р. Шантурк: Бу устозларнинг умумий хусусиятларимиди? Отангиз ҳам шундаймидилар?

Аъзамий: Ҳа, отам ҳам шундай эди. У тасаввуфнинг бир зарраси, бўлаги бўлишни истарди. Аммо мен хоҳламадим, чунки мен учун бу иш қийин эди. Аввало тасаввуфга лойиқ бир шайх эмас эдим. Шайх бўлиш эса осон иш эмас, бунинг учун кўп ибодат қилишинг лозим.

Р. Шантурк: Ҳиндистондаги ҳадис олимлари ҳақида?.. 

Аъзамий: Фақатгина Ҳиндистонда эмас бу мавзунинг (муҳаддис ва тасаввуф алоқаси) илк даврлардан бери тортишилиб, баҳс мавзуси бўлиб келишини, ҳамон татқиқ қилиниши ўйлайман. 3-асрда сўфий сўзини Исломда учратамиз. Имом Муслимнинг бир қанча талабаси ҳатто Имом Бухорий бизга Фирабрий ҳақида баҳс этади.

Фирабрийдан кейин уч муҳим зот бор: Қушмиҳаний, Мустамлий ҳамда Ҳамавий. Улардан эса ал-Ҳаравийга ўтади. Ҳаравий ҳам жуда машҳур бир сўфийдир. Аслида бир қанча ҳадис китоби бир қанча сўфийлар орқали бизга етиб келади. Шу боис тасаввуф ҳавода, бўшлиқда учиб юрган бирор нарса ёки тушунча эмас. Тасаввуф ўқимоқ, ўрганмоқ-ўргатмоқ, кундан-кун кўп ва давомли ибодат, зикр қилмоқ, демакдир.   

Кейинчалик адаб илми бўлди. Бугун тонгда Маждуддин Ферузободийнинг китобларини ўқидим. Китоблар илм ҳақида баҳс этади. Ва ушбу китоблар тасаввуф ҳақида эди. Зотан тасаввуфнинг пойдевори илм асосига қурилгандир. Агар ҳар қандай бир нарса Китобга ва Суннатга зид бўлса, у асло тасаввуф эмас! Шу боис ҳам сўфий илк даврлардан бошлаб ҳам олим, ҳам обид эди. Кейинроқ эса сўфийлар фақат обид бўлиб, билимсиз кимсаларга айланишди. Яқин-яқинга келиб эса билимсиз, ибодатсиз, аммо сўфий деган номгагина эга бир одат, урф пайдо бўлди...

Р. Шантурк: Таҳсилингизни Ҳиндистонда тамомлагач, Мисрга яна илм мақсадида кетдингизми? 

Аъзамий: Ҳа. Шошманг, олдин сизга ҳаётимдан бир гўзал ҳикоя айтиб бераман. Мен ҳали бошланғич мактабда ўқиб юрган кезларимда мумкин қадар ўрта мактабни вақтлироқ тамомлаб, кейин муаллим тайёрловчи мактабга бориб, у ерда бошланғич мактаб ўқитувчиси бўлиш орзуим эди!

Бу менинг илк орзуим эди. Аммо ушбу илм зинапояларидан ўтиш мобайнида Девбандга бордим. Девбандда таҳсил олаётган кезларимда ҳам бу менинг учун энг юксак мақсад эди. Девбандни тамомлаб, энг кўҳна ва энг машҳур Азҳар Университети эканини билдим. “Азҳарга боришим керак”, деб ўйладим. У ерга бориш учун эса уйда бир неча ой ишлаб, озгина пул жамғариб олишим керак эди.

Р. Шантурк: Девбанддаги устозларингиз Азҳар Университетига қандай қарашар эди? 

Аъзамий: Яхши деб бўлмайди.

Р. Шантурк: Нега?

Аъзамий: Чунки Азҳарни ниҳоятда замонавий деб ҳисоблашарди. Мавзуларни мутлақо бошқача талқинда ўқитишади, деб ўйлашар эди.

Р. Шантурк: Тушунарли. Девбанд билан Азҳар орасида қандай фарқлар бор эди?

Аъзамий: Девбандда фиқҳ, тафсир ҳамда ҳадис ўрганишда жуда эски китобларга таяниб қолганимизни кўриш мумкин эди. Масалан музаккирот (дарс баҳолари)га эга эмас эдик. Биз катта ҳажмда саҳифа-саҳифа китоб ўқир эдик. Бу томонлама эса Азҳарда талабаларнинг кўпчилиги китоб ўқишмас эди.

Р. Шантурк: Нега? 

Аъзамий: Чунки жудаям замонавийлашиб кетишган эди.

Р. Шантурк: Бу яхшироқмиди? 

Аъзамий: Йўқ, бундай деб ҳисобламайман. Замонавий илм тизимида жуда ғалати бир нарса бор. Ҳадис илмида докторлик ёқлаган бир кишидан – ҳолбуки, бу энг юксак таълим стандартидир – “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиган-ўқимаганини сўрайдиган бўлсангиз, у эҳтимол ҳатто очиб ҳам кўрмаган бўлиши мумкин! Чунки у иш ёқлаган мавзу Бухорийга тегишли эмас. У ҳолда “Саҳиҳи Бухорий”да нима бор-йўқлигини билмаган бир одам қандай қилиб Ҳадис илми мутахассиси, ҳамда доктори бўлиши мумкин? Чунки агар Бухорийдан бирор нарсани кўрадиган бўлсанг, китобни очиб, мунжарижасига қараб, у ердан маълум бўлим ва мавзуга оид бобларни топасиз. Бир жумла у ердан, бир жумла бу ердан... Шундай йўл билан илм эгаллаш мумкинми?
Фақат бизнинг усулнинг гўзаллиги билан заифлиги шундаки, бизлар китобнинг “А” сидан тортиб, “З” сигача, яъни бошидан то охиригача ўқишимиз шартлиги эди. Фурсат ниҳоятда қисқа бўлгани учун бошланғич пайтларда Шайх анча кўп сўзлашга мажбур қолар эди. Керагидан ортиқча изоҳлар берар эди.

Р. Шантурк: Мисрга борганингизда ҳафсалангиз пир бўлдими ёки орзуингиз ушалиб, ахтарган нарсангизни тополдингизми?

Аъзамий: Йўқ, ҳафсалам пир бўлгани йўқ. Араб тилида янаям яхши ўқиб, яхши тушуниш учун арабчамни мустаҳкамлаш мақсадида кетган эдим.

Р. Шантурк: Маданий фарқлар туфайли ўзингизни ўзга бир оламга тушиб қолгандек ҳис қилгандирсиз? Чунки Миср халқи маданиятининг Ҳинд маданиятидан анча фарқли эканини айтдингиз?

Аъзамий: Албатта, фарқлар бор эди. Аммо ўша пайтда мен бунга эътибор қилганим йўқ. Нима қилишлари, қандай кийинишлари, ўзларини қандай тутишлари мен учун бирор муаммо туғдиргани ҳам йўқ. Жуда яқин дўстлар орттирдим.

Р. Шантурк: Миср Университетини тамомлагач, нима иш билан шуғулландингиз?

Аъзамий: Ўз уйимга қайтдим. Ҳиндистонда мен учун кўп ишларнинг имкони йўқ эди. Чунки докторлигимни ёқламаган эдим. Аммо арабчам яхши эди. Фақатгина араб тилидан дарс бера олардим. Маълумот даражам доцентлик билан тенг эди. Доктор бўлмаганим учун Исломий университетларда ёки бошқа университетларда муқим ишлаш имкониятига эга эмасдим. Кейинроқ Қатардан бир иш топдим ва Қатарга жўнаб кетдим. У ерда вазифам бошқа миллат вакилларига араб тилини ўргатишдан иборат эди. Талабаларим асосан доктор, муҳандис ёхуд шунга ўхшаш мутахассислардан иборат гуруҳ бўлиб, ҳиндистонлик, покистонлик ҳамда англияликлар эди. Уларга кундалик ҳаётда зарур бўладиган сўзлашувга асосланган ҳолда арабча ўргатар эдим. Бу мен учун бошланғич нуқтаси эди. Кейин эса бошланғич мактаб муаллими бўлдим. 

Р. Шантурк: Шундай қилиб, болаликдаги орзуингизга етишдингиз?

Аъзамий: Ҳа. Кейинроқ эса кутубхоначи бўлдим. Кутубхона ўрта мактабнинг ичида эди. Зотан у даврларда бошқа бирор нарсамиз ҳам йўқ эди. Ҳатто йўл ҳам йўқ эди. Сувни идиш билан елкасида ташиб келадиганлардан сотиб олар эдик. Шундай қилиб кутубхоначи бўлдим. Кутубхона кичик эди. Иккитагина жавон бор эди. Болалар учун қарзга бериладиган кичик ҳикоя китобчалар бор эди. Аммо бу яхши бир бошланғич эди, дейиш мумкин. Кейинроқ катта кутубхона қурилди. Ва мен халқ кутубхонасига мудир бўлдим. Ҳақиқий кутубхонага ўтганимдан сўнг уни ривожлантиришга, кенгайтиришга бел боғладим. Мен китобларни севардим, отам ҳам китобларни севар эди. Одатланиб қолганим учун кутубхонага баъзи китобларни олиб келардим. Мундарижаларига кўз ташлар, қандай мавзуларни қамраганини ўрганиш учун тавсияномалари билан танишар эдим. Ҳеч ким менга: “Қайси китоб яхши, қайси ёмон?” дея олмас эди.

Чунки Бухорий, Муслим ва шу каби барча исломий китобларни билар, фақатгина янги чиққан нашрлар борасида кўп маълумотга эга эмасдим.

Манбалар билан танишишга одатланган эдим. Китобларнинг қўлланилган адабиётлар саҳифасини кузатиб, қайси китобдан кўпроқ фойдаланганлигини аниқлардим. Бу мен учун таянч нуқта эди. Муаллифнинг қайси тавсияномадан фойдаланганлигига қарардим, шу билан бирга қайси бир манбадан кўпроқ фойдаланганлигига аҳамият берардим.

Масалан юзта манбадан фойдаланганга ўхшаб кўринган асарнинг аслида ўнта асосий манбадан фойдаланган ҳолда иншо қилинганини аниқлардим. Кейин эса ўша ўн китобни топиб, кутубхонага келтирардим. Шу йўл билан Қатарда гўзал бир кутубхона ташкил этдим. Саккиз йил кутубхоначилик қилганимдан кейин докторлигимни ёқлаш учун Кембриджга кетдим.

РШантурк: Нега айнан Кембриджни танладингиз?

Аъзамий: Бир ўртоғим у ерда докторлик ишини ёқлаган, сўнг Қатарга қайтган эди. Кейинроқ эса унинг докторлик ишида маслаҳатчи бўлган олим ўртоғимни зиёрат қилиш учун келди, мен ҳам у билан суҳбатлашдим. У мени қабул қилишини айтди ва мен Кембриджга кетдим.

Р. Шантурк: Кембриджда мусулмонлигингиз туфайли, масалан соқолингиз сабаб бирор муаммога дуч келдингизми?

Аъзамий: Ҳеч қандай шаклда! Муносабатларимиз мукаммал эди. Докторлик ишимдаги маслаҳатчим мени кўриш учун уйимга келарди. Мен ҳам унинг уйига борардим. Болаларимдан бири хаста бўлганида уни кўриш учун яна уйимга келди.

РШантурк: Англияга борганингиздан кейин маданий жиҳат сизни ҳайратга солдими?  

Аъзамий: Йўқ. Докторлик ишимда маслаҳатчим фойдаланган тавсияномаларимдан бирини заиф деб топиб, уни бир неча саҳифадан кейин ўқимади. Эътироз билдирди. Мен докторлик ишимда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таълим сиёсатлари борасида ёзган эдим. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таълим сиёсати бўлмаганини иддао қилиб, эътироз билдирди. Мен эса: “Йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълим сиёсатлари бўлган!” дедим. Унга мен кичик бир қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилганимни, ўша кичкина мактабнинг ҳам ўзига хос таълим сиёсати борлигини, ўзининг ҳам Кембриджда устозлик қилишини ва у ишлаётган университетнинг ҳам ўзгача таълим сиёсати бор эканини айтдим, исботладим. Шу боис ҳар икки сиёсат ҳар икковига ҳам мувофиқ келади: Кембридж таълим сиёсати, шубҳасиз кичик қишлоқ мактаби сиёсатига қиёслаганда анча ривожланган ва устун. Айнан шу каби Пайғамбаримиз алайҳиссалом инсонларнинг таълим олишлари зарурлигини буюрар эканлар, буни қандай қилиб амалга ошириш кераклигига доир мутлақ бир сиёсатлари бор эди, албатта!

Аммо маслаҳатчим буни қабул қилмади...   

(Давоми бор) 

Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Абу Ғудда деярли барча мавзуда устози Кавсарий билан ҳамфикр бўлган. Лекин Ибн Таймия борасида бошқача муносабатда бўлгани маълум. Кавсарий Ибн Таймияни давоми...

7220 13:59 / 01.05.2018
Имоми Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис 150 ҳижрий санада Имом Абу Ҳанифанинг вафот этган кунлари дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига давоми...

13860 21:53 / 27.04.2017
Кавсарийга қарши тоифалар уни олимлиги ndash таассублигининг соясида қолиб кетганrdquo деб айблашади. Уларга кўра, Ибн Ҳажар муҳаддислар биографика илмида қандай давоми...

3267 12:18 / 17.04.2018
Шайх Муҳаммад Аввома Шайх Имом Зоҳид алКавсарийга алоқадор ҳар қандай саволга жавоб беришим мумкинАҳли сунна ва жамоа мактабининг энг забардаст тамсилчиси давоми...

4940 21:05 / 13.04.2018