1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ва баённи ўргатган - Роҳман

10:21 / 18.10.2020 5210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роҳман…

Қуръонни ўргатди.

Аввал айтганимиздек, «Ар-Роҳман» Аллоҳ таолонинг исмларидан ва сифатларидан биридир. Маъноси чексиз раҳмлиликдир. Раҳмлилик инсонга нисбатан айтилганда юмшоқлик, меҳрибонлик маъноларини англатса, Аллоҳ таолонинг сифати маъносида меҳрибонлик, эҳсон ва ризқ бериш маъноларини ҳам англатади. Суранинг биринчи ояти алоҳида битта cўз билан, яъни «Ар-Роҳман» деб бошланиши ўзига хос ажойиб бир ҳолатни вужудга келтиради. Таъсири ҳам ўзгача бўлади. Кейинги оятларда ушбу оятнинг маъносини шарҳлаш, Аллоҳнинг инсонлару жинларга ато қилган неъматларини эслатиш ўз аксини топган экан, биринчи бўлиб энг улкан неъмат – Қуръони Карим тилга олинади.

Роҳман Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил фаришта орқали Қуръонни ўргатди. Қуръони Каримни ўргатиш неъмати бош­қа неъматлардан бениҳоя улуғдир. Шунинг учун ҳам мазкур неъмат биринчи бўлиб зикр қилиняпти. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Қуръонни ўргатиш неъмати инсонни яратиш неъматидан ҳам устун қўйилган. Агар Қуръон бўлмаса, иймон бўлмайди. Аллоҳ таолони таниб бўлмайди, яхшилик бўлмайди. Қуръон бўлмаса, инсон бадбахт, қонхўр, порахўр, ўғри, муттаҳам бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръон барча неъматлардан устун туради.

«Роҳман» Инсонни яратди.

Роҳман инсонни йўқдан бор қилди. Яратганда ҳам, чиройли, бекаму кўст қилиб яратди. Унга ақл, ҳис-туйғу, тафаккур ва бошқа кўплаб қобилиятларни берди. Инсоннинг яратилиши неъматларини санаб, охирига етиб бўлмайди. Инсон бу неъматларга шукр қилиб яшамоғи лозим.

«Роҳман» Унга баённи ўргатди.

Роҳман Ўзи яратган инсонга нутқни, гапиришни ўргатди. Нутқ, баён қилиш қобилияти Аллоҳ таоло инсонга берган улкан неъматлардан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради. Уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир.

Бошқа жонзотларнинг овози асосан тақлидий ҳамда фикрсиздир. Инсон турли товушлардан сўз, сўзлардан жумлалар тузади ва жумлалардан нутқ қилади. Дунё халқларининг турли тилларидан миллион-миллионлаб жумлалар тузилади. Баён қилиш неъмати инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини, хотираларини, таассуротларини гап орқали ифода этиш қобилиятидир.

Биз ҳар куни, ҳар лаҳзада хоҳлаган фикримизни нутқ қилганимиз учун, бунга одатий бир нарсадай кўникиб қолганмиз. Лекин тафаккур қилиб кўрсак, нутқ, овоз чиқариш ниҳоятда мураккаб, нозик бир жараён экани маълум бўлади. Бу жараёнда инсоннинг ақлию руҳидан тортиб, кичик пай ёки томирларигача иштирок этади. Шулардан бирортаси ўз вазифасини озгина бажара олмай қолса, нутқ мукаммал бўлмайди. Овознинг хилма-хиллиги, баён қилиш, гапиришнинг турли-туманлиги – ҳаммаси улкан мўъжизадир. Бундай неъматни улуғ Аллоҳ бермаса, ким беради?! Шунинг учун бошқа неъматлар қатори, бу неъматга ҳам шукр қилмоқ лозим. Аллоҳ таоло Қуръонни ўргатиш ва баённи ўргатиш неъматлари орасида инсоннинг яратилишини зикр қилди. Бунда инсоннинг ўрганишга бўлган қобилияти асосий белгилардан бири экани ва ўрганиладиган нарсаларнинг энг муҳими Қуръон эканига ишора бордир.

 "Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғизларини бир нечта ҳўл хурмо билан очар эдилар. Ҳўл хурмо бўлмаса, давоми...

3144 14:09 / 06.05.2020
Савол Кўпинча матбуотда ўзга сайёраларда ҳам тирик мавжудотлар борлиги ҳақида ўқиб қоламиз. Бу гаплар динимиз нуқтаи назаридан асослимиФахриддин Тошкент давоми...

14697 10:03 / 06.07.2020
Агар кишининг хотини ва фарзандлари намоз ўқимаса, қиёматда эркак киши улар учун жавобгар бўладимиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Албатта жавобгар бўлади. давоми...

8184 15:40 / 06.01.2019
Абу Синон Қасмалий айтади .Ваҳб Ато Хуросонийнинг олдига бориб, шундай деди.Эй Ато, ҳолингга вой Илмингни подшоҳлар ва дунёга қул бўлганлар эшиги олдига олиб давоми...

2617 02:10 / 18.05.2019
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 09:35 / 11.08.2021