1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бошқа сайёраларда ҳаёт борми?

15:03 / 06.07.2020 13816 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол

Кўпинча матбуотда ўзга сайёраларда ҳам тирик мавжудотлар борлиги ҳақида ўқиб қоламиз. Бу гаплар динимиз нуқтаи назаридан асослими?

Фахриддин 

Тошкент шаҳри

Жавоб:

Бошқа юлдуз ва сайёраларда ҳам ҳаёт мавжудлиги ҳақида илмий изланишлар олиб борилаётганига ярим асрдан ортиқ вақт ўтиб қолди. Қирқ йилдирки, мана шу мақсадда симсиз тўлқинлар хизматидан фойдаланилмоқда. Ўттиз йилдан буён фалакшунос олимлар коинотдан юбориладиган ишораларни ушлаб қолиш учун унга қулоқ тутишмоқда. Американинг Наса ва Сити каби муассасалари ер куррасидан ташқарида мавжуд ақлли мавжудотни излаш лойиҳаси билан машғул. Америкалик ва рус мутахассислардан иборат минглаб ишчи қўлларни ўзида жамлаган ташкилотлар ташқи фазодан келаётган сигналларни қабул қилишга ихтисослашган жуда сезгир ва дақиқ ускуналар билан минглаб соатлик ишораларни таҳлил қилиш билан банд. Улар ташқи оламга тутиб олишлари учун юбориладиган сигналларни жўнатишга қодир бўлганларидагина муваффақиятга эришишларига ишонишмоқда. Лекин беадад юлдузлардан иборат коинотдаги бир юлдузга иккинчи марта сигнал юбориш учун юз минг йил керак бўлади. Бу бизнинг системамиздаги юлдузларга сигнал юбориш учун керак бўладиган муддат. Бошқа системалардаги сайёраларга сигнал юборишга қанча вақт кетишини ҳеч ким билмайди.

Бу муқаддимани келтиришимиздан мақсад ўқувчига коинотнинг кенглиги, юлдуз ва сайёраларининг саноқсизлиги ва ҳозирча ҳар бир юлдузга бир марта сигнал жўнатиш билан кифояланишга мажбурлигимизни эслатиш, холос. Буларнинг барчаси коинотда бизнинг башарий ҳаётимизга ўхшаш ё ўхшамаган ҳаёт борлигига эътиқод қилишимиз, жуда бўлмаганда зонн қилишимизга етарли эмас.

Нима бўлган тақдирда ҳам бу изланишлар инсон ақлига ҳавола қилингандир. Исломнинг буларга муносабати осмонлар ва ер малакутига боқишга тарғиб ва ташвиқ этувчи муносабат бўлиб, бунинг далили ҳисобдан ташқари кўп. Бу изланишлар ҳақида инсоф қилиш Аллоҳга иймон кучайишига олиб келади. Коинотга ери, осмони, сув, наботот, ҳайвон ва инсонларигача боқиш ҳақида сўзлаган икки ояти хотимасида Аллоҳ: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир сураси, 28-оят), дейди.

Қуръон изланиш дастурини бериш ва унга ташвиқ этиш билан кифояланади. Илмлар жузъиётини баҳс этиш унинг иши эмас. Башарий ҳаёт давомида изчил ривожланиш туфайли инсон ҳожати талаб этадиган кўп ишларни кашф этилди ва этилади. Модомики Аллоҳ ҳақ экан, мана шу бадиъ асосидаги яратилган олам Холиқи экан, Унинг каломи коинот қонунларига ҳеч қачон зид келмайди. Агар олимлар Қуръонга зид деб ўйланган натижага келишган бўлса, модомики бу натижа шубҳасиз илмий ҳақиқат даражасига кўтарилмаган экан, шакка тушишимиз ёки Уни таъвил этишга шошмаслигимиз керак. Ўзим ҳам илм оламида бирор кашфиёт бўлса, Қуръон ва илм ўртасини боғловчи баъзи зиёлиларнинг тутган йўлларини маъқулламайман. Уларнинг динга ғайратларини камситмаган ҳолда айтаман, илмий кашфиётлар ва Қуръон ўртасини мувофиқлаштириш ва таъвилга бундай муккасидан кетмаслик керак. Чунки у кашфиётлар борасидаги кейинги изланишларнинг уларнинг нотўғри натижага келинганини кўрсатса, Қуръон оятлари ҳам уларни эҳтимол тутган деган фикримиз билан Аллоҳнинг каломига зулм қилган бўламиз. Бунда боғлиқлик кўришда эҳтиёт бўлиш ёки ишни қатъийлик ва жазмдан узоқ ҳолдаги эҳтимол чегарасида тўхтатиш лозим.

Қуръони Каримни тафсир қилган муфассирларимиз шундай ўринларда эҳтиёт ва ҳазирлик маслакида бўлишган. «Эҳтимол», «монеълик йўқ» сингари сўзларни айтишга мажбур бўлишган. Масалан, имом Насафий ўз тафсирларида Аллоҳ таолонинг: «Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир» (Шуро сураси, 29) оятини тафсир қилиб дейдилар: «Жониворлар ер юзидагина бўлади. Лекин мазкурларнинг ҳаммаси, яъни осмонлар ва ерга ҳам уни нисбат бериш жоиздир. Осмонларда махлуқларни яратганлик эҳтимоли узоқмас».

Инсон қатъий қарор қилолмаган нарсаларда энг тўғри йўл мана шундай бўлади. Агар осмонларда тирик мавжудотлар борлиги аниқ бўлса: «... уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар», ояти бу ҳақиқатга тескари келмайди. Агар унда тирик жонзот борлиги аниқ бўлмаса, унда оят муфассир очиқ айтган кўринишда қолаверади.

Хуллас, бу қиёматда ҳисоб бериладиган ақийда мавзуси эмас. Уни билмаганимиз учун гуноҳкор бўлмаймиз. Ҳали биз ернинг муаммоларини тўлиқ ечолганимиз ва ёки илмни охирги сирларигача ҳал қилолганимиз йўқ. Агар шундай бўлганда эди, ўшанда олий мавжудотлар асрорига эътиборимизни қаратсак бўларди. Бу борада аҳамиятли нарсаларнинг хабарини берадиган китоб – Қуръон бизга кифоя. Аллоҳнинг Каломи олдидан ҳам, кетидан ҳам ботил келтирмайди. Агар бирор кашфиёт топилса, Унинг ростлигига иймонимиз янада зиёда бўлади. Илло ожиз бўлсак ҳам, у Калом содиқлигича қолаверади. «Лекин Аллоҳ сизга ўз билими билан нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир» (Нисо сураси, 166-оят).

 

Мубашшир Аҳмад тайёрлади 

«Ҳилол» журналининг 5(14)сонидан

 

Мавзуга оид мақолалар
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

2630 07:30 / 08.04.2019
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга ўлим онлари яқинлашганда, шундай дердилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ҳеч бир киши мен учун маҳбуброқ ва менинг давоми...

1481 12:00 / 31.10.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсониятга мурожаат қилиб, уларнинг Одам ато ва Момо Ҳавводан яратилганини айтиб, сўнг шундай марҳамат қилади.hellipсизларни ўзаро давоми...

2250 14:20 / 06.05.2019
Сувайд Калбийдан ривоят қилинади .Зарр ибн Ҳубайш Абдулмалик ибн Марвонга ваъзнасиҳат тўла мактуб ёзди. Мактубнинг охирида қуйидаги сўзлар бор эди .Эй давоми...

1860 07:10 / 18.09.2019
Аудиолар

136483 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56609 14:35 / 11.08.2021