1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (8-қисм)

14:17 / 20.03.2018 3907 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ОятАллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир қасамхўр, пасткаш, одамларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига итоат қилма!»[1]

Мазкур оят одамларни айблаш, ғийбат қилишнинг ярамас амал эканига далолат қилиш билан бирга, бўлар-бўлмас гапга қасам ичавериш ҳам яхши иш эмаслиги, одамлар орасида қасамхўр кишининг гапига эътибор йўқолиб, унинг хор ва беобрў бўлиб қолишига ҳам ишора қилган. Афсус ва надоматлар бўлсинки, ҳозирда одамлар қасамни ҳеч бир фойдасиз такрорланаверадиган гапга айлантириб қўйишди. Шу боис ҳар гапда ҳеч тортинмай қасам ичаверишади. Бу ном улуғ Зотнинг буюк номи эканини ўйлаб ҳам кўришмайди. Балки ўзларининг ёлғон гапларини рост деб ишонтирмоқчи бўлиб, унга Аллоҳ таолони гувоҳ қилиб келтиришади. Ҳолбуки, баъзи фиқҳ китобларида бундай қилган киши ўта оғир гуноҳни бўйнига ортган бўлиши очиқ-ойдин айтиб ўтилган. Чунки у ўзининг ёлғон гапига Аллоҳ таолони гувоҳ қилиши билан гўё У Зотни ёлғончи деган ҳисобланади. Аллоҳ таоло сақласин!

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Меърожга чиққанимда тирноқлари мисдан бўлган бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Улар юзлари ва кўксларини (тирноқлари билан) тирнашарди. Мен: «Эй Жаброил, булар кимлар?» деб сўрадим. У киши: «Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг обрўсини тўкадиганлар», деб жавоб бердилар».[2]

Насиҳат. Ҳотимул Асам[3] раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ғийбатчи ва чақимчи дўзах аҳлининг маймунларидир, ёлғончи дўзах аҳлининг итидир, ҳасадчи эса дўзах аҳлининг тўнғизидир».[4]

Насиҳат. Бугунги кунда чақимчилик, ҳасад каби иллатлар, хусусан ёлғончилик оммавий тус олди. Олим ҳам, жоҳил ҳам, разил ҳам, шарафли киши ҳам – барчаси тап тортмай ёлғон гапираверади. Улар ёлғон гапиришни кичик гуноҳ, унда ҳеч қандай зарар йўқ деб ўйлайдилар. Бирор мажлисга йиғилсалар, ёлғон гаплар билан одамларни кулдирадилар, бироқ бу билан ўз жонларига қандай зулм қилаётганларини билмайдилар. Ҳатто Рамазон кунларида ҳам ёлғондан тийилмайдилар. Улар одамлар назарида арзимас бўлган гуноҳ Аллоҳ таолонинг наздида катта бўлишини англаб етмайдилар. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ҳатто биргина ёлғон туфайли ҳам бандани жаҳаннамда азоблаши мумкин. Аллоҳ асрасин. Муқаддам ўтган олимлар ёлғондан ниҳоятда парҳез қилар, рост гапиришда нажот, ёлғон гапиришда эса ҳалокат бор деб билар эдилар. Қуръон ва ҳадисларда ёлғон гапирувчилар ҳақида қаттиқ танбеҳлар келган. Шунинг ўзи ундан жирканиш лозимлигини тақозо этади.

 

Ҳикоя. Саъдий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди:

 

Яке пеши Довуди Тоий нишаст,

Ки, дидам фулон сўфий уфтода маст.

 

Қай олуда дастору пероҳанаш,

Гуруҳи сагон ҳалқа пероманаш.

 

Чу фархундахў ин ҳикоят шинид,

Зи гўянда абрў баҳам дар кашид.

 

Замоний бар ошуфту гуфт эй рафиқ,

Бакор ояд имрўз ёри шафиқ.

 

Бирав з-он мақоми шаниъаш биёр,

Ки дар шаръ наҳясту дар хирқа ор.

 

Ба пушташ дар овар чу мардон ки маст,

Инони саломат надорад бадаст.

 

Ниюшанда шуд з-ин сухан тангдил,

Ба фикрат фуру рафт чун хар ба гил.

 

На заҳраки, фармон нагирад ба гўш,

На ёроки, маст андар орад ба дўш.

 

Замоний бипечиду дармон надид,

Раҳи сар кашидан зи фармон надид.

 

Миён басту беихтиёраш ба дўш,

Дар оварду шаҳрий бар-у ому жўш.

 

Яке таъна мезадки, дарвеш бин,

Зиҳи порсоёни покиза дин.

 

Яке: «Сўфиён бинки, май хўрдаанд,

Мураққаъ ба секий гарав кардаанд».

 

Ишорат кунон ину онро ба даст,

Ки: «Ин саргаронасту ин ним маст».

 

Ба гардан бар аз жаври душман ҳусом,

Беҳ аз шанъати шаҳру жўши авом.

 

Бало диду рўзий ба меҳнат гузошт,

Ба нокоми бурдаш ба жойики дошт.

 

Шаб аз фикрату номуродий нахуфт,

Дегар рўз пираш ба таълим гуфт.

 

Марез обрўйи биродар ба кўй,

Ки даҳрат нарезад ба шаҳр обрўй.

Назмий маъноси:

 

Бир киши Довуди Той олдида, бас,

Деди: «Фалон сўфий ётур ерда маст!

 

Салла, кўйлагига қусуғи тошган,

Итлар атрофини ўраб, ялашган!»

 

Бу сўзни эшитгач ул муборак зот,

Ўксиб, сўзловчига қош чимирди бот.

 

Бироз хафа тургач, деди: «Эй жон дўст,

Бу кун ишга ярар чин меҳрибон дўст.

 

Расволиқ жойидан келтир уни, бор,

Шариатга зид бу, тариқатга ор!

 

Мардона орқалаб келтир, чунки маст,

Омонлиқ жилови қўлида бўлмас!..»

 

Тингловчи бу сўздан сиқилиб, бешак,

Ўйга ботди лойга ботгандек эшак.

 

Фармон тутмасликка қудрат унда йўқ,

Мастни орқалашга тоқат унда йўқ.

 

Бир оз товланди-ю, дармон топмади,

Фармондан қочишга имкон топмади.

 

Бел боғлаб, елкага беихтиёр ул – 

О???лди, шаҳар тушди шов-шувга буткул.

Биров таъна қилар: «Дарвешни қара!

Дини пок порсолар нақадар сара!»

 

Биров дер: «Сўфийлар май ичиб олмиш!

Хирқани шаробга алмаша қолмиш!»

 

Қўл билан кўрсатиб, дерлар: «Ярамас,

Буниси тўлиқ маст, бу-чи, чала маст!»

 

Душман қилич қўйса бўйнингга қарши,

Шаҳар таъни авом сўзидан яхши!

 

Мажбур, бало тортиб, кунни ўтказди,

Мастни ўз жойига омон етказди.

 

Тунда ор-номусдан уйқуси қочди,

Эртаси таълимдан Пири сўз очди:

 

«Тўкма дўст обрўсин маҳаллада, то

Шаҳарда обрўйинг тўкмасин дунё!»

 

Насрий баёни: Бир сўфий киши Довуд Тоийнинг ҳузурида ўтириб: «Фалончи сўфийнинг маст бўлиб ётганини кўрдим. Салласию кўйлаги қусуққа беланган, бир гала ит (унинг қусуқларини ялаш учун) атрофини ўраб олган эди», деди. Муборак ва яхши хулқли Довуд Тоий бу ҳикояни, яъни ғийбатни эшитгач, юзи буришди. Бир муддат беҳузур бўлиб тургач, шундай деди: «Эй биродар, бундай кунда меҳрибон дўст бакор келади, уни ўша ҳолда қолдирмаслик керак. Бор, уни ўша расво жойдан олиб кел. Зеро, унинг май ичиб, юмалаб ётиши шариатда қайтарилган иш бўлиб, дарвешлик хирқаси учун ҳам ордир. Уни мардларча елкангга ортиб олиб кел, чунки маст кишининг саломатлик югани (ихтиёри) қўлида бўлмайди, яъни ундай одам бирор қаршилик кўрсатишга қодир бўлмагани учун уни мингаштириб олиб келиш осон бўлади». 

Бу гапдан ғийбат қилган сўфийнинг юраги сиқилиб, нима қиларини билмай, лойга ботган эшакдек ўйга чўмиб қолди. Шайхга бўлган эҳтироми сабабли буйруқни қулоққа олмасликка ҳам, шармандалик сабабидан елкасида маст кишини кўтариб келишга ҳам қудрат ва тоқати йўқ эди. У бироз муддат изтиробга тушди, лекин дармон кўрмади – буйруқдан бош тортишга йўл топа олмади, буйруққа бўйсунишдан ўзга чораси қолмади. Белни боғлади-ю, беихтиёр уни елкага олди. Буни кўрган шаҳар аҳли ғала-ғовур қила бошлади. Бир киши: «Мана бу дарвешни қаранглар. Офарин, бу пок динли порсоларга (тақводорларга)» деб масхараомуз таъна қиларди. 

Яна бир киши: «Бу сўфийларни кўринглар, май ичмишлар, (дарвешлар киядиган) ямоқли тўнларини мусаллас (хамр) эвазига гаровга қўймишлар, яъни булар тўнни бериб, эвазига май олганга ўхшайди», деб таъна қилар эди. Бунисига ҳам, унисига ҳам қўллари билан ишора қилиб: «Бири бутунлай маст, иккинчиси ярим (чала) маст экан», дейишарди. Душманнинг жабридан бўйинда кескир қилич бўлмоғи шаҳар аҳлининг бундай таънасидан, омманинг ғала-ғовуридан яхшироқдир. Шаҳарда одамларнинг таъна‑маломатига қолиб, шарманда бўлишдан кўра, бошнинг душман қўлидаги кескир қилич билан кесилгани яхшироқ. У дард чекиб, ўша бир кунни машаққат билан ўтказди. Мажбур бўлиб, ноилож уни ўз жойига элтиб қўйди. Кечаси билан ўйланиб, шармандаликдан ухлай олмади. Эртаси куни пири унга таълим бериш учун шундай деди: «Биродарингнинг обрўсини маҳаллада тўкма. Шунда замон аҳли ҳам шаҳарда сенинг обрўйингни тўкмайди».

Ҳикоя. Пайғамбарлардан бири туш кўрди. Тушида у зотга: «Тонг отгач, сенга учраган биринчи нарсани егин, иккинчисини яшир, учинчисини қабул қил, тўртинчисини ноумид қилма, бешинчисидан эса қочгин», деб айтилди. Тонг отгач, у зотга учраган биринчи нарса катта қора тоғ бўлди. У зот тўхтаб, ҳайрон бўлди, «Роббим менга буни ейишни буюрган эди, мен буни ея оламанми?» деди. Сўнг ўзига келиб, «Роббим мени тоқатим етмайдиган нарсага буюрмайди», деди-да, емоқчи бўлиб ўша томонга юрди. Яқинлашган сари тоғ кичрайиб, етиб борганда асалдан ҳам ширинроқ кичик бир луқмага айланди. У зот уни еб, Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, йўлида давом этди.

Йўлда олтин тоғорага дуч келди. У: «Мен буни яширишга буюрилганман» деб, ерга чуқур кавлаб, уни кўмиб қўйди. Кетаётиб, ортига қайрилиб қараса, тоғора ер бетига чиқиб қолибди. Икки-уч маротаба қайтиб келиб, бошқатдан кўмса ҳам, тоғора ер устига чиқиб қолавергач, у зот: «Менга буюрилган ишни қилдим-ку», деди-да, яна йўлида давом этди. Бироз юргач, катта лочин бир қушнинг ортидан қувиб келаётганини кўрди. Қуш етиб келиб: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Мени қутқаринг!» деди. У зот қушни енгининг ичига солиб олди. Лочин етиб келиб, шундай деди: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Мен оч эдим, тонгдан бери ов қилаётган эдим. Уни энди ушламоқчи бўлганимда мени ризқимдан ноумид қилманг». Аллоҳнинг пайғамбари ўзига-ўзи: «Учинчи нарсани қабул қилишга буюрилган эдим, уни қабул қилдим. Тўртинчи нарсани ноумид қилмасликка буюрилган эдим, тўртинчи нарса эса мана шу лочин бўлди. Энди нима қилсам экан?» деди. Бироз ҳайрон бўлиб тургач, пичоқни олиб, ўзининг оёғидан бир парча гўшт кесиб олиб, лочинга отди. Лочин гўштни олиб, учиб кетди. У зот енги ичидаги қушни учириб юборгач, яна йўлида давом этди. Сўнг бадбўй ўлимтикка дуч келди ва ундан қочди.

Кеч киргач, Аллоҳнинг пайғамбари: «Роббим, буюрган ишларингни қилдим. Энди бу нарсаларнинг ҳикматини менга баён қилиб бер», деди. У зотга тушида шундай деб айтилди: «Сен еган биринчи нарса ғазабдир. У бошида тоғдек кўринади, лекин сабр қилиб, ичга ютилса, охирида кичрайиб, асалдек бўлади. Иккинчиси гўзал амал бўлиб, киши уни яширишга урингани билан барибир зоҳир бўлаверади. Учинчи ҳикмат шуки, биров сенга омонат берса, қабул қилгин, лекин унга хиёнат қилмагин. Тўртинчиси шуки, бир инсон сендан ҳожат сўраса, у сўраётган нарсага ўзинг муҳтож бўлсанг ҳам, унинг ҳожатини битиришга ҳаракат қил. Бешинчи нарса эса ғийбат эди. Одамларни ғийбат қиладиган кимсалардан (бадбўй ўлимтикдан қочгандек) қочгин». Валлоҳу аълам. Бу ҳикояни Абу Лайс Самарқандий отасидан ривоят қилган.

«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Қалам сураси, 10–11-оятлар.

[2] «Сунани Абу Довуд», 4878-ҳадис.

[3] Ҳотим ибн Унвон. Куняси Абу Абдурраҳмон. Асам (Кар) лақаби билан танилган, зоҳид киши. Парҳезкорлиги билан шуҳрат топган. Балх аҳлидан. Бағдодни зиёрат қилиб, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ билан учрашган. Ҳотимул Асамни бу умматнинг Луқмони дейишар эди. Ҳижрий 237 (милодий 851) йилда Вошжирдда (Термиз яқинидаги шаҳар) вафот этган (Зириклий, «Ал-Аълом»).

[4] «Нузҳатул мажолис».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

4012 19:22 / 22.01.2018
Кимга ибора айтишга изн берилган бўлса, унинг иборалари махлуқотларнинг қулоғида фаҳмланади ва ишоралари улар учун равшанлашади.Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан давоми...

3395 17:23 / 04.02.2018
Исрофгарчиликка йўл қўйишнинг бир неча сабаблари бор. Келинг, улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.1. Исрофчининг исрофнинг барча кўринишларини ман қиладиган диний давоми...

3231 14:39 / 28.03.2018
Абу Нуъайм ўзининг .Ҳулятул авлиё,сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимдан ривоят қилади.Зуннун Мисрий ўз дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим.Аллоҳим давоми...

3391 20:32 / 16.07.2017