1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Мўмин бир ошқозон ила ейди

11:43 / 15.12.2018 4111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айнан қорин шаҳвати сабаб бўлган. Қорин шаҳвати туфайли молга ўч бўлиш, фарж шаҳвати ва бошқа кўплаб бало-офатлар келиб чиқишини кўпчилик яхши билади.

Қорин шаҳватига берилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қатор ҳадиси шарифларида огоҳлантирганлар.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши жуда кўп таом ер эди. Бас, мусулмон бўлди ва оз таом ейдиган бўлиб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди. Шунда у зот:

«Албатта, мўмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса етти ошқозон ила ейди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Уқба Росибийдан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Ҳасаннинг олдига кирсам, овқатланаётган экан. У менга:

«Кел!» деди.

«Ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўйиб олганман», дедим.

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон одам ҳам ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўядими?!» деди».

Баъзи бир зоҳидлар оз таом ейиш ва очликка чидашда муболаға даражасига ўтиб кетганлар. Бу эса нотўғри ва мўътадилликдан оғиш даражасига етган ишдир. Таомланишдаги мўътадиллик бир оз иштаҳа қолганда ейишдан тўхташдир. Бунда энг гўзал ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганларидир.

Мўътадил овқатланиш ила бадан соғ бўлади ва беморликнинг олди олинади. Сурункали кам овқат ейиш қувватни олади. Баъзи қавмлар таомини камайтиравериб, фарз амалларда ҳам нуқсонга йўл қўядиган бўлиб қолганлар. Ўзларича, жоҳилликлари туфайли буни фазилат деб ўйлаганлар. Аслида ундай эмас. Улуғларимиздан ким очликни мадҳ қилган бўлса, албатта, ўртача бўлишни кўзда тутган.

Ўта тўйиб юришга одатланиб қолган кишиларнинг қорин шаҳватини синдириш бўйича риёзатлари қуйидагича бўлади: у одам вақт ўтиши билан оз-оздан таомини камайтириб боради. Аввал айтиб ўтилган мўътадиллик ҳолатига етганда тўхтайди.

Зотан, ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бинобарин, ибодатдан ман қилмайдиган ва қувватнинг боқий қолишига сабаб бўладиган даражада таом емоқ энг тўғри йўлдир.

Овқатланувчи очликни ҳам, тўйганликни ҳам сезмайдиган бўлсин. Ана ўшанда бадан соғ, ҳиммат жам ва фикр соф бўлади. Кўп овқатланиш уйқуни кўпайтиради, зеҳнни паст қилади ҳамда бошқа хасталикларга сабаб бўлади.

Шаҳватлардан баъзисини тарк қилаётган шахс риёкорликдан ҳазир бўлсин. Ўтган азизлардан баъзилари иштаҳаси тортган нарсани сотиб олиб, уйига илиб қўяр, ўзи унга тегмас ва шу иши ила зоҳидлигини беркитар эди. Мана шуни зоҳидлик дейдилар. Ўзи ичида зоҳидлик қилади. Аммо сиртда аксини кўрсатади. Бу сиддиқларнинг ишидир. Чунки у ўз нафсига сабр аччиғини икки марта ичиради. Иккинчиси аччиқроқ бўлади.

“Руҳий тарбия” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ азза ва жалла бандалари қаршисида Ўзининг олий Зотига мажбурият олиб бандаларига ҳам бажаришлари учун мажбурият топширди. Буюклиги чексиз бўлган Зот давоми...

4238 15:02 / 25.01.2018
26. Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган зулмни даф қилади ва унга бу ишда ёрдам беради. Бу, исломий биродарлик тақозо қиладиган ҳақдир.Муъоз ибн давоми...

4350 17:25 / 09.07.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Отаонага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо давоми...

3511 22:53 / 28.03.2018
Аллоҳ таоло айтади .Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими Бас, ундан давоми...

4693 18:51 / 10.03.2018