1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг адлига ва фазлига назар солиш кераклиги (1-қисм)

19:01 / 18.02.2018 4000 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда Аллоҳ таоло бандани адлига оладиган бўлса, кичик гуноҳлари ҳам катта гуноҳдек бўлиб кетиши, агар У Зот бандани фазлига оладиган бўлса, катта гуноҳлари ҳам кечирилиб кетиши ҳақида сўз юритмоқда. 

Бу ҳикматни аниқроқ тушуниб етишимиз учун аввал катта ва кичик гуноҳлар борасидаги шаръий таълимотларни яхшилаб ўрганиб олайлик.

Шаръий истилоҳда катта гуноҳлар «кабира», кичик гуноҳлар «сағийра» дейилади. Гуноҳларнинг бундай тақсимланишининг асоси Қуръони Каримнинг қуйидаги оятидан олинган. 

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

 

«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз» (31-оят).

Бу ояти кариманинг маъноси «Катта гуноҳлардан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечириб, охиратда сизни жаннатга киритамиз», деганидир.

Кабира гуноҳлар қайси гуноҳлар экани ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. 

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Етти ҳалок қилувчи нарсалардан четда бўлинглар!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, улар недир?» дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдириш, рибохўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, уруш куни ортга қараб қочиш, мўмина, ғофила, афийфа аёлларга бўҳтон тоши отиш», дедилар»

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақ тил теккизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

 Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга (гуноҳи) кабираларнинг энг каттасининг хабарини берайми?» дедилар. 

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон шаҳодат ёки ёлғон гап», дедилар.

У зот тўхтамай айтавердилар, ҳаттоки сукут қисалар эди, дедик»

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Гуноҳи кабиралар – Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон қасамдир», дедилар»

Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадислар турли муносабатларда келгани учун, мақомига қараб айтилган. 

Ушбу масалада уламоларимиз ҳам анчагина баҳс­лар юритишган. Улардан баъзилари: «Гуноҳи кабира – уни қилган одамнинг дўзахга кириши Қуръон ёки ҳадисда тайин қилинган гуноҳлардир», дейдилар.

Иккинчилари: «Шариатда ҳаддни жорий этишни тақозо қилган гуноҳлар гуноҳи кабирадир», дейдилар. 

Бошқа бирлари эса: «Аллоҳ таоло ман қилган ҳар бир иш гуноҳи кабирадир», деганлар. 

«Талхийси шарҳи ақийдатут Тоҳавия» китобида бу ҳақда жумладан, қуйидагилар келган:

«Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира – ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган ёки дўзахга киришга, лаънатга ва ғазабга сазовор қиладиган гуноҳлардир. 

Гуноҳи сағийра эса бу дунёда ҳаддга лойиқ эмас, у дунёда дўзах, лаънат ва ғазаб ила қўрқитилмаган гуноҳлардир. 

Юқоридаги таърифни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Ибн Уяйна ва Аҳмад ибн Ҳанбал айтганлар. Ушбу таъриф орқали гуноҳи кабира билан гуноҳи сағийра орасидаги фарқни очиқ-ойдин билиб олиш мумкин».

Ўтган уламолардан баъзилари гуноҳи кабиралар ҳақида алоҳида китоб ҳам тасниф қилганлар. Мисол учун, Абу Абдуллоҳ Заҳабий гуноҳи кабиралар ҳақидаги китобларида етмишга яқин гуноҳни санаб ўтган. 

Аллома Ибн Касир ўз тафсирида уламолар томонидан гуноҳи кабира сифатида зикр қилинган гуноҳлардан баъзиларини мисол келтирган: ноҳақ одам ўлдириш, зино, баччабозлик, ароқ ичиш, ўғрилик, бос­қинчилик, бировни зинода айблаш, ёлғон гувоҳлик бериш, рибохўрлик, ёлғон қасам ичиш, қариндошлик алоқаларини узиш, ота-онага оқ бўлиш, хоинлик қилиб жангдан қочиш, етимнинг молини ейиш, ўлчов ва тарозида хиёнат қилиш, намозни вақтидан олдин ўқиш, намозни узрсиз вақтидан кейин ўқиш, пора олиш, эркак ва аёллар ўртасида қўшмачилик қилиш, закотни ман этиш, амри маъруф ва наҳйи мункарга қодир бўлатуриб, бу ишни қилмаслик, Қуръон таълимотини унутиб юбориш, ҳайвонни оловда куйдириш, эри яқинликни истаганида аёл кишининг сабабсиз рози бўлмаслиги, Аллоҳнинг раҳматидан ноумидлик, Аллоҳнинг макридан бепарволик, аҳли илм ва ҳофизи Қуръонларга ёмонлик қилиш ва бошқалар.

Бундан кўриниб турибдики, аввалги уламоларимиз мазкур гуноҳларни санашда ўзлари яшаб турган воқелик таъсирида ҳам бўлганлар ва шунинг учун ҳам баъзи бир бошқалар кичик деган гуноҳларни ҳам катта гуноҳ ҳисоблаганлар. 

Шунинг учун Қуръони Каримда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам гуноҳи кабиралар чегаралаб қўйилмаган. Чунки гуноҳи кабиралар вақтга, шароитга, жамиятга қараб хилма-хил бўлиб туради. 

Шу ўринда уламолар жумҳури иттифоқ қилган кабира гуноҳлардан баъзиларини эслаб ўтишимиз мақсадга мувофиқ бўлар, деган умиддамиз.

Аллоҳ таолога ширк келтириш.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: 

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир» (48-оят).

Ширк келтириш катта гуноҳ экани бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Аммо бу оятда ширкнинг ягона кечирилмас гуноҳ экани билдирилмоқда.

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас».

Аслида ширк яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақийдани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган Зотга, ризқ берган Зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо иймон билан ўтганларнинг – ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, хоҳлаган одамини мағфират қилаверади.

«Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир».

Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради», деганлар.

– Ота-онага оқ бўлиш.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади: 

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди» (23-оят).

Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир; бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил хоҳиши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

– Ноҳақдан одам ўлдириш.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: 

«Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир» (93-оят).

Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди.

Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақийда қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар – жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва У Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда.

Шунинг ўзиёқ бу ишнинг қанчалик катта жиноят эканини билдиради.

Мўмин кишини қасддан ўлдириш мислсиз улкан гуноҳ экани ҳақида бошқа оят ва ҳадислар ҳам кўп.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида:

«Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса:

«Осмонлару ернинг аҳллари тўпланиб, бир мусулмонни ўлдирсалар, Аллоҳ уларнинг ҳаммасини дўзахга солади», дейилган.

Учинчи бир ҳадисда:

«Ким бир мусулмонни ўлдиришга бир оғиз сўз билан бўлса ҳам ёрдам берса, қиёмат куни пешонасига «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид» деган ёзув ёзилган ҳолда келади», дейилган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гуноҳи кабира катта гуноҳ деган маънони англатади. Гуноҳи кабира ndash уни қилган одамга Қуръон ёки ҳадисда дўзахга кириш тайин қилинган гуноҳлар, шариатда ҳаддни давоми...

7813 19:11 / 11.07.2017
Таълимтарбияга оид адабиётлардан шуни биламизки, инсоннинг гўзал хулқ ва одоби ташқи қиёфасидаги гўзалликалардан кўра афзалроқ саналади. Чунки гўзал хулқ инсон давоми...

4617 09:05 / 16.07.2018
Ўн еттинчи зарар мусулмонларга зулм қилиш.Насиҳат. Бир киши ҳакимга .Менга насиҳат қилинг,, деди. Ҳаким унга шундай насиҳат қилди .Роббингга жафо қилма, халққа жафо давоми...

3810 11:19 / 25.04.2018
Биринчи бобда ғийбатнинг таърифи баён этилган бўлса, иккинчи бобда ғийбатни олти тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар борлиги айтиб давоми...

8588 09:55 / 25.06.2018