1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ташқари ичкарининг белгисидир (2-қисм)

21:09 / 22.08.2017 5036 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалб поклиги ва соғлиги учун зарур бўлган барча чораларни кўриш лозим. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

«Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир».

Қалб мафхий бўлгани ва ундаги нарсалар сир бўлгани учун мазкур сирларнинг ошкор бўлиши ташқи аъзолар ва улар билан адо этиладиган амаллар орқали билинадиган бўлган. Инсон масрур бўлса, чеҳрасидан билиб олиш қийин эмас. Шунингдек, маҳзун бўлгани ҳам юзидан билиниб туради. Инсоннинг ташқи кўриниши ва аъзолари бажарадиган амаллари қалбида кечаётган сирларнинг намойишидир.

Бир инсон намоз ўқиётган бўлса, бу унинг қалбида иймон борлиги ва намознинг фарзлигини англаб етиш борлигининг аломатидир. Бошқа биров намоз ўқиётиб, кўзи аланг-жаланг бўлиб турса, қўллари билан кийимларини тўғрилаб, намозда қилиб бўлмайдиган ҳаракатларни қилаётган бўлса, бу унинг қалбида хушуъ йўқлигининг аломатидир.

Маст бўлиб юрган одамнинг мастлиги унинг қалбида Аллоҳ таолодан қўрқув йўқлигининг аломатидир. Шунингдек, ўзига фарз ва вожиб бўлган амалларни бажармай юрган одамнинг қилмиши Аллоҳ таолонинг амрига беписанд эканининг аломатидир.

Бу ўлчовларни билмайдиганлар ўзларича ўлчов ҳам қилиб олганлар. Улар «Намоз ўқимасак ҳам, рўза тутмасак ҳам, қалбимиз пок», дейишдан уялмайдилар. Балки бу ўта мантиқсиз гапни фахрланиб айтадилар. Бу ҳам етмагандек, қўлдан келганича ибодат қилиб юрганларни маломат ҳам қилишади. Улар қалб нима-ю, қалб поклиги нималигини биладиларми ўзи?

Гуноҳи бўла туриб гуноҳдан қўрқмайдиган бандаларини огоҳлантириб, Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир» (Мутоффифин сураси, 14-оят).

Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар (гуноҳни) зиёда қилса, (қалбидаги қора ҳам) зиёда бўлади. Мана шу Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда зикр қилган моғордир. «Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Савоб иш қалбга нур ва баданга қувват бўлур. Гуноҳ иш қалбга зулмат ва баданга беҳоллик бўлур», деган.

– Бошқа бир тоифа: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Албатта, Аллоҳ таоло суратларингизга қарамайди, қалбларингизга қарайди», деганлар, бизнинг қалбимиз пок», дейди. Булар аслида ўз даъволарига далил қилиб келтираётган ҳадиси шарифнинг асли билан таниш эмаслар. Мазкур ҳадиснинг баъзи ибораларини ўз хоҳишларига мос қилиб ёдлаб олганлар, холос. Аслида эса ҳадиси шарифнинг матни қуйидагича:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда инсонларнинг қадр-қиммати Аллоҳ томонидан қандай ўлчаниши ҳақида гап кетмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва аксинча, нималарга эътибор беришнинг кераги йўқлиги кўрсатилмоқда.

Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган. Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган. Бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадр топган. Ҳиндуларда олий диний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган. Қолганларга уларнинг малайлари деб қаралган. Худосизлар жамиятида эса иймонсиз бўлса-да, давлатга кўп фойда келтирган одам қадрланган ва ҳоказо.

Шу билан бирга, одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг сурати ва молу мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли сурат ва молу дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса ўша иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб, одамлар ташқи сурати, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади.

Ислом инсон қадрини бундай адолатсиз шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусни-жамол ва мол-дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси холос.

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир.

Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди. Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.

Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия – азон айтишга эришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон биздан, аҳли байтдандир», деб марҳамат қилдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни танладилар. У кишининг хунук ва занжиликларини кўрган румликларнинг бошлиқлари «Биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетяпмиз, бошқа тузукроқ вакилингиз йўқми?» дейишди.

Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз шу одам. Агар уни кўриб, қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар кўп», деб жавоб беришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон олами имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли имом Термизий, имом Насоий, имом Замахшарий, имом Абу Мансур Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганликлари учун, вафотларидан минг йилдан зиёд вақт ўтса ҳам, уларнинг номлари Ислом уммати томонидан эъзозлаб келинмоқда. Худди шундай гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин.

Инсоният ҳалокатдан қутулиши учун, мусибатдан чиқиши учун мусулмонлар юқоридаги ҳадисга қатъий амал қилиши лозим.

Шу ўринда яна билиб қўйиш лозимки, Ислом инсоннинг қадрини унинг қалбига ва солиҳ амалига қараб ўлчар экан, ташқи гўзаллик ва молу дунёни инкор қилмайди. Чунки булар ҳам инсон учун зарур ва яхши нарса. Аммо улар кейинги ўриндаги, иймон ва солиҳ амал ўрнига ўта олмайдиган нарсалардир. Улар инсон қадрини ўлчаш учун меъёр қилиб олинадиган эмас, балки иймон ва солиҳ амаллар йўлида хизмат қилиши лозим бўлган нарсалардир.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қалби иймон билан гўзал бўлган ҳолда Аллоҳ берган моддий имкониятларни Аллоҳ кўрсатганидек ҳалол-пок сарфлаб, амали солиҳ ишлар қилиб яшайди. Мол-дунёга чин дилдан муҳаббат қўйиб, ҳою-ҳавасга берилиш мўмин-мусулмон киши учун ётдир.

Аллоҳ таоло барчамизни ичкарига беркитилган сирларимиз ташқарида кўриниш ила ошкор бўлганда шарманда қилмасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

4115 13:51 / 02.03.2018
Ташқи кўриниши турлича бўлсада, неъмат У Зотга шоҳид бўлиш ва яқин бўлиш билангинадир. Ташқи кўриниши турлича бўлсада, азоб У Зотнинг ҳижоби мавжудлигидадир. Бас, давоми...

3626 17:39 / 03.06.2018
Яна бошқа масала ndash банданинг қалбида кўп васваса бўлиши, ундан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида ва .Ўша агар ғаразини қабул қилмаса, зарар қиладими, деб давоми...

4706 17:19 / 21.09.2017
Ўн биринчи сабаб мусулмонни хорлаш нияти.Баъзи ярамас ва бадбахт одамларда мусулмонни хорлаш, унинг биродарлари қошидаги обрўсини камайтириш ва бадном қилишдек давоми...

3429 15:17 / 06.06.2018