Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ахлоқ ҳақида суҳбатлар
Кўпинча ўзаро суҳбатлар чоғида ҳозирги пайтдаги Ислом оламининг таназзули, мусулмонларнинг тараққиётдан орқада қолиб кетаётгани, юртимизга сўроқсиз ёпирилиб келаётган “оммавий маданият”нинг аччиқ меваси бўлмиш ахлоқий бузилишлар борасида эса ҳатто ғарбдан ҳам “ўзиб кетганимиз” ҳақидаги гап-сўзлар, таъна-маломатлар кўп такрорланадиган бўлиб қолган. Ҳатто айримлар “Динсизлик ҳукм сурган шўролар даврида ахлоқимиз бунчалик бузилиб кетмаган эди. Ҳозирга келиб динимизга кенг йўл очилди, масжидлар кўпайди, амри маъруф ва наҳйи мункар авжида, аммо одамларимиз жуда кўп яхши фазилатларни бой бериб қўйишди, ахлоқ-одоб изидан чиқиб кетяпти” деган аччиқ таъналарга ҳам боришяпти. Бундай аччиқ-тизиқ гапларга, ҳаққоний таъналарга бирон бир эътироз билдириш қийин.
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Келинг, тилга олинган ҳолатнинг юзага келишига ким ёки нима айбдор экани ҳақида бироз бош қотириб кўрайлик. Ўн беш аср олдин инсониятга нозил бўлган Ислом дини бугунга келиб эскириб ёки ҳозирги талабларга жавоб бера олмай қолгани йўқ. Аксинча Аллоҳнинг охирги дини қиёматгача боқийдир ва эскирмасдир. Демак, мусулмонларнинг ўзлари дин таълимотларидан чекиниб кетишган, унинг талабларига лоқайд бўлиб қолишган. Улар мусулмонлик даъвосини қилишса-да, мусулмонга хос фазилатларни унутиб қўйишган ёки бунга ўта бепарволик кўрсатиш даражасига келишган.
Ҳозирги ахборот даврида одамлар дунёда кечаётган ўзгаришлардан яхши хабардор. Ер куррасининг нариги бурчида одамларнинг қандай турмуш кечираётгани барчага яхши маълум. Шу туфайли ҳам кўплар “Ғарбда ҳаёт ундай-бундай экан”, “фалон халқнинг тартиб-қонунларига қойил қолдим”, “пистон юртда умуман алдамчилик, ўғрилик бўлмас экан” деб тамшаниб гапиришадию, аммо ўзларини ўзгартиришни, тартибга солишни, иллатлардан қочишни ўйлаб ҳам кўришмайди. Бутун дунёга ахлоқни, одобни, яхши фазилатларни мусулмонлар тарқатгани ҳақида билишмайдию, “Ҳа, энди биз ғарбдан ортда қолиб кетдик-да, бунинг таъсирида ахлоқни ҳам бой бериб қўйдик” дея ноумидликка тушиб, яна эски ҳаёт тарзларига осонгина ўтиб қўяқолишади.
Бундан анча йиллар муқаддам Олмонияда сайёҳлик сафарида бўлган эдим. Бошқа ҳамсафарларим мамлакат шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини, дўкон ва музейларини кезишга интилишгани ҳолда мен касбим тақозоси билан кўпроқ немисларнинг турмуши, урф-одатлари, ҳаёт тарзи, маданияти билан танишишга ҳаракат қилдим. Ўшандаги илк таассуротларим немислар ахлоқнинг кўп жиҳатларидан бошқалардан устун ва инсоний фазилатларга анча бой экан, деган хулоса чиқаришимга туртки берган эди.
Немисларнинг биринчи кўзга ташланадиган фазилати уларнинг ўта тартибли экани, ҳамма нарсага виждонан ёндошиши, ҳалоллиги ва юксак одобида намоён бўлади. Улар йўлчироқнинг (светофор) қизили ёниб турса, кўчада бирорта машина бўлмаса ҳам, ўн-ўн беш дақиқа кутишса ҳам, йўлни кесиб ўтмай кутиб тураверади. Кўчада бировнинг ҳамёни тушиб ётса, бирорта одам қайрилиб ҳам қараб қўймайди. Меҳмонхонада жомадонимни қулфлаётганимни кўрган фаррош аёл мийиғида кулиб, “Беркитиб нима қиласан, бизда ўғрилик бўлмайди”, деганида, “Сизларнинг одамларингиздан эмас, ўзимизникилардан беркитяпман” деган гапдан бошқа баҳона топа олмадим.
Кўп қаватли уйларда яшовчи одамлар дўконга телефон орқали буюртма берган озиқ-овқат молларини келтириб, эшик олдига қўйиб кетишса ҳам ҳеч ким тегмайди. Жамоат жойларида ҳеч ким овозини кўтармайди, бақир-чақир қилмайди. Бирор танишини чорламоқчи бўлса, паст овозда “ҳей” дейди ёки енгилгина чапак чалиб чақиради. Жамоат транспортига чиққан одам энг биринчи навбатда чипта сотиб олишга ошиқади. Автобус ёки трамвайнинг бир-икки дақиқага кечикиши ёки эрта келиб қолиши фавқулодда иш саналади. Ваъда бериб, унга вафо қилмаган одам билан немислар қайта муносабатга киришмайди.
Қурилишда ишлаётган устага беш юз ғишт териш меъёри (нормаси) белгиланган бўлса, у бундан оширмайди ҳам, камайтирмайди ҳам. Бир қурилиш муҳандисидан “Кўпроқ ғишт теришнинг нимаси ёмон?” деб сўрасам, мутахассислар бир кишининг ўртача иш қобилиятини ўрганиб чиқиб, ушбу меъёрни белгилашган, бундан кўпи фақат сифатни бузиш ҳисобига бўлади”, деб жавоб қилган эди.
Бирорта боланинг кўча бекор санқиб юрганини кўрмайсиз: ё ўқиш-ўрганиш, ё спорт машғулоти ёки бирор касб-ҳунар ўрганиш билан машғул. Улар томонидан кўчани булғатиш, дарахт шохини синдириш ёки тўкилиб ётган мевани олиш энг қаттиқ одобсизлик саналади. Одамлар орасида ёлғон гапириш, қўполлик қилиш, учрашувга уч-беш дақиқа кечикиб келиш, баланд овозда гаплашиш ёки кулиш, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш каби нарсалар энг қаттиқ одобсизлик саналар экан.
Хулласи, олмонлар ўлкасидан бир олам таассурот билан қайтиб келдим. Сафарим ҳақида қизиққанларга ўшанда шундай деган эканман: “Агар немислар мусулмон бўлишганида дунёдаги энг комил мусулмонлардан саналган бўлишарди”. Кейинчалик ҳам жуда кўп ғайримусулмон юртларда бўлдим ва уларда ҳам Олмонияда кўрганларимга ўхшаш ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Бу кўрган-кечирганларимдан олган хулосам шу бўлдики, ўша юртлар исломий бўлмаса-да, уларнинг халқи мусулмонларга хос бўлган ахлоқда яшашарди. Мусулмонлар аҳолисининг аксариятини ташкил этадиган, “исломий ўлка” деб танилган кўпгина мамлакатларда эса аксинча, ҳақиқий, чин мусулмонларни топиш қийин эди.
Агар бу даъволарга эътироз билдирмоқчи бўлсангиз, келинг, бугунги ҳаётимиздан айрим мисолларни келтириб ўтай: яқинда икки мусулмон (!) киши билан “фалон соатда кўришайлик” деб ваъдалашдик. Ишларимни шунга тўғрилаб, уларни кута бошладим. Ярим соат ўтди, бир соат ўтди, улардан дарак ҳам, қўнғироқ ҳам йўқ. Салкам икки соат деганда етиб келишди. Кутавериб тоқатим тоқ бўлганидан беихтиёр “Исломнинг нега таназзулга кетганини энди тушундим, одамлар ваъдага вафо қилмай қўйишибди” деб юборибман. Улар бир қизариниб олишди-да, йўлда машиналари бузилиб қолганини, шуни тузатамиз деб, ушланиб қолишганини айтишди. “Ахир телефон орқали шуни билдириб қўйиш мумкин эди-ку” десам, “Бу эсга келмабди” деб ўзларини оқлашди.
Энди асри саодатга хаёлан бир сафар қилайлик. Охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ваъдалашган бир одамларини масжид ёнида икки кун эринмай кутганлари, фақат намоз ўқиш учунгина жойларини тарк этганлари тарихдан яхши маълум-ку! Саҳобийлар берган ваъдаларига вафосизликни оғир жиноят санаб, қаттиқ изтироб чекканлари ҳам унутилгани йўқ-ку! Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Биродаринггга бир ваъда бера туриб, сўнг унга хилоф қилма”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бизлар эса Исломнинг ана шу оддий талабларини унутиб бўлганмиз. Унутмаган бўлсак ҳам, унга амал қилишга эринадиган бўлиб кетганмиз. “Фалон соатда кўришамиз” ёки “Ишингизни фалон куни битириб бераман” деб қоп-қоп ваъдалар берилади, аммо улар бажарилмай қолаверади. Ҳатто айримлар эса тайинланган учрашувга ёки ваъдалашилган жойга вақтида етиб бормаслиги билан фахрланадиган бўлиб кетган. Ҳозирда камёб бўлиб кетган битта-яримта тартибли, ваъдасига вафоли кишини учратиб қолсак, “Бу киши эски даврнинг одами-да!” дея устидан кулиш даражасига келганмиз.
Ёки “бировнинг ҳаққи” деган тушунчага риоя қилиш қай аҳволда? Ўтмишда ўзганинг ҳаққидан қаттиқ ҳазар қилинган, одамлар бировнинг нинасини ҳам ўзлаштиришмаган. Ҳатто тиш кавлагани кўчада осилиб турган дарахт шохини ҳам синдириб олишмаган, ерда тушиб ётган бир-икки дона мевани олиб ейишдан ўзларини тортишган. Бунга тарихда мисоллар тўлиб ётибдию, биргина Имом Аъзамнинг оталари Собитнинг ариқдан оқиб келган олмани эгасидан сўрамай бир тишлаб қўйганлари учун қанчалар узрхонлик қилганларини эслашнинг ўзи кифоя қилади.
Энди бизларнинг ҳаётимизга бир назар солинг: ҳар қадамда алдов, товламачилик, ўзганинг ҳаққини ўзлаштириш, бировнинг молига кўз олайтириш... Сифатсиз молимизнинг айбини беркитиб, “энг сара мол” деб сотишдан уялмайдиган бўлиб қолдик. Бозор ва дўконларда берилган “Намунча қиммат?” деган саволга ёлғон гапиришдан тортинмай, “Бу мол ўзимга шунчадан тушган” дейишдан тап тортмаймиз. Сотиб олинаётган молнинг сифати ҳақида, кимларнингдир сизни товлаб кетиши ёки бирор нарсангизнинг ўғирлашларидан ҳамиша хавфсираб турасиз. Бировдан қарз оламизу қайтаришни пайсалга соламиз ёки “Қаерга борсанг – боравер, энди пулингни қайтариб ололмайсан!” дея очиқ пўписага ҳам ўтамиз. Биров ёзган китобни ёки чиқарган янги маҳсулотни эгасидан сўраб ўтирмай ўзимиз ҳам чиқариб сота бошлаймиз. “Унинг бундан қаттиқ ранжиши ёки зарар кўриши билан неча пуллик ишимиз бор?” деб ўзимизни “овутган” ҳам бўламиз. Фарзандимиз қўшнининг мевали дарахтини “пароканда” қилиб келгани билан ишимиз йўқ. Намозхоннинг масжидга ечиб қўйган пойабзалини ўғирлашдан ҳам қайтмайдиган ҳолга келганмиз. Агар бу ишларни динсиз ёки Исломда бўлмаган одам қилса, унчалик изтироб чекмаган бўлардик. Аммо буни айнан мусулмон фарзандининг қилаётгани ўта аянчли, ачинарли!
Мен ғарбдагиларнинг ҳаётини ҳам, ахлоқини ҳам яхши ўрганганман. Уларда ҳам ахлоқсизлик, инсофсизлик ва беҳаёлик тўлиб ётибди. Аммо улар Ислом таълимотларидан бехабарлиги ёки бу дин уларга ёт бўлгани учун ҳам уларни бу борада қаттиқ айблаб бўлмайди. Дунёга комил хулқларни ёйишга келган ва ўзи ҳам гўзал хулқли бўлган охирзамон Пайғамбарининг ворислари бўлмиш биз, мусулмонларнинг хулқ ва маданиятда ҳозир ҳатто ғарбдагиларнинг ҳолатига ҳавас қилиш даражасига келиб қолганимиз ҳар бир инсофли одамни ўйга толдиради, ранжитади.
Гўшангадаги қиздан ҳам ҳаёли бўлган, фаҳш сўзлар сўзмаган, фаҳш ишни хаёлига ҳам келтирмаган Пайғамбарнинг уммати бўлмиш бугунги мусулмонлар фарзандларининг, айниқса қизларининг беҳаёларча очиқ-сочиқ кийинишларига, одамларнинг кўз ўнгида тортинмай ўпишиб, қучоқлашиб юришларига кўникиб бўлишди. Кўпларимиз ёшларнинг ресторан, интернет кафелари, тунги клублар каби “кўнгилхушлик” жойларида ярим тунгача қолиб кетишларига ўрганди. Дунёни ахлоқан бузишга “хизмат қилаётган”, фаҳшли тасвир ва маълумотларга тўлиб кетган Интернет, оммавий ахборот воситаларидан мусулмонларнинг фарзандлари ҳам “бемалол баҳраланаётгани” билан ҳеч кимнинг иши бўлмаётир. Бунинг оқибати жуда аянчли. Сўзимнинг исботи учун “Ҳилол” электрон журналида берилган “Тийиқсиз шаҳват домида” сарлавҳали мақолага хорижда таҳсил олаётган Шоҳида исмли мухлисамизнинг мулоҳазасидан бир парча келтирмоқчиман: “Гоҳо бирорта талаба ғирт маст бўлиб олади-да, бутун ётоқхона бўйлаб шир яланғоч ҳолда югуриб қолади. Бундай беҳаёликка Олмонияда ҳам, Швейцарияда ҳам кўп марта гувоҳ бўлдим. Соддалигимга бориб, қўшни дугоналаримнинг бироз “томи кетган” биридан: “Кўчада қип яланғоч юришни тақиқлайдиган қонун йўқми?” деб сўрасам, у тутоқиб кетиб: “Сан Ўзбекистонингда ёки ислом давлатида эмассан! Аллақачон кўникиш керак эди!” деб бобиллади”.
Ўтмишда дунёдаги барча элат-халқлар қойил қолган, ҳавасланган ва тақлид қилган Ислом умматининг бугунги ворислари бор фазилатларини, хулқу одобларини, фаолликларини бой бериб қўйган муфлисларга ўхшаб боришяпти. Ҳаж қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлиб қайтгач, яна эски гуноҳларини ташламаганлар ҳам, ўзганинг молига ноҳақ эгалик қилиш учун ёлғон қасам ичаётганлар ҳам, ғайримуслим “оға”ларга ёқиш учун диндошларини сотаётганлар ҳам, манфаат йўлида эътиқодию диёнатини қурбон қилиб юбораётганлар ҳам, мусулмонлик даъвосини қилса-да, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санаётганлар ҳам айнан мусулмон фарзандлари экани одамни қаттиқ ранжитади, чуқур изтиробга солади.
“Менинг Ислом таълимотидаги бениҳоя кенг доирани ўрганишим жараёнида мусулмонларнинг бу таълимотдан узоқлашаётганларидан, уни ҳаётларига татбиқ қилмаётганларидан ҳайрат ва таажжубим орта борди. Исломдаги фаоллик, ҳаётсеварликнинг мусулмонлар орасида ялқовлик ва лоқайдликка айланганини, Исломдаги олийжаноблик, Ҳақ учун фидокорликнинг эса тор маънодаги тарафкашликка, енгил ҳаётга интилишга айланганини кўрдим”, деб ёзган австриялик машҳур сиёсатчи ва адиб Асад Вайс. Унинг ҳаққоний фикрларига эътироз билдиришнинг асло иложи йўқ!
Бир ҳақиқатни яхши англаб олайлик: ҳеч ким келиб бизни бу чоҳдан қутқариб қолмайди, ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмайди, ҳеч ким ҳолимизга ачинмайди. Бу оғир хасталикдан қутулишнинг, Ислом шавкатининг асл эгалари бўлишнинг бирдан-бир йўли ўзимизни ўзгартиришдир. Чунки ўзимизни ўзгартирмагунимизча, Аллоҳ таоло ҳолатимизни, қисматимизни ўзгартирмайди. Аллоҳ таоло Ўз Китобида бу ҳақда шундай огоҳлантирган“Бу Аллоҳ бир қавмга Ўзи инъом этган неъматини то улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ ўта эшитувчи ва ўта билувчи бўлганидандир” (Анфол сураси, 53-оят);
“Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани то улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ” (Раъд сураси, 11-оят).
“Агар дунёнинг ўзгаришини истасанг, олдин ўзингни ўзгартир!” деган эди Ҳиндистоннинг атоқли давлат арбоби ва донишманди Махатма Ганди. Шарқнинг яна бир буюк донишманди Жалолиддин Румий ҳазратларининг мана бундай сўзлари ҳам бор: “Кечагина доно ва ақлли эдим, дунёни ўзгартирмоқчи эдим! Бугун эса ҳаким ва донишмандман. Шунинг учун ўз нафсимни ўзгартирмоқчиман!” Ўзингиз яшаб турган жамиятни, инсоният макон тутган ер куррасини ўзгартириш қўлингиздан келмас экан, ҳеч бўлмаса ўзингизни ўзгартиринг. Гуноҳ ишлардан, ахлоқсизликлардан, маънавий жиноятлардан четда бўлинг! Ўзингизни ўзгартиргач, энди оила аъзоларингиз, яқинларингиз, дўстларингизга таъсир кўрсатинг. Парвардигор интилишларингизни, жидду жаҳдингизни зое қилмай, эътиборсиз қолдирмай, кўзлаган мақсадингизга албатта муяссар айлагусидир!
Аҳмад МУҲАММАД.