1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Эй Одам болалари.....

11:00 / 12.07.2022 6524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар.

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одам авратини – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай – либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос тақво либосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:

«Тақво либоси – ана ўша яхшидир», – демоқда.

Агар оддий либос баданнинг авратларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари очилиб турса, бундан ҳеч қандай маъно йўқ. Ҳозирги кунда кўплар ўзининг тақво либоси башанглигини даъво қилиб, устки авратларининг очилиб қолганига эътибор бермасликка чақиради. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади. Зеро, ҳар икки либосни – ҳам ҳиссий авратни тўсадиган либосни, ҳам тақво либосини нозил қилиш:

«Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир».

Яъни кийим-бош, молу мулк ҳам ўрни келганда, Аллоҳнинг оят-белгиси ҳисобланади. Ундан ибрат олиш шарт. Шунинг учун Аллоҳ таоло оятнинг сўнгида:

«Шоядки, эслатма олсалар», – демоқда.

Одам алайҳиссалом қиссаси тугаганидан сўнг ул зотнинг зурриётларини олий фазилатларга чақириб келган ушбу ояти каримадаги

«Эй Одам болалари!» деган хитоб шу каби тўрт нидонинг аввалидир. Бу дастлабки нидо кийим-бошга боғлиқ. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилар кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина киядилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради.

Одам болаларига қаратилган иккинчи нидо ота-оналарнинг хатосини такрорлаб, шайтон васвасасига учмасликка чақиради:

Аъроф   Эй Одам болалари! Шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўрадир. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз.

Шайтон инсониятнинг ота-онаси – Одам Ато ва Момо Ҳавони қандай фитнага солгани юқоридаги оятлардан маълум бўлди. У Одам Ато ва Момо Ҳавони гуноҳга чорлаб, яланғоч қилди ва жаннатдан чиқаришга муяссар бўлди. Одам болалари бу ҳодисани зинҳор унутмасликлари зарур. Акс ҳолда шайтон уларни ҳам шармандаларча яланғочлаб, жаннатдан маҳрум этади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга хитоб қилмоқда:

«Эй Одам болалари! Шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин».

Одам боласи шайтон ва шайтонзодалар билан бўладиган узлуксиз курашда бўш келмаслиги керак. Зеро, у бир озгина суст бўлса, фитна ва мағлубиятга учрайди. Шундай қилиб, жаҳаннам ўчоғига ўтин бўлади. Улар бу олишувда жуда ҳушёр бўлишлари лозим. Чунки Аллоҳ таоло уларга қилган хитобида:

«Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўрадир», – демоқда.

Демак, бу жангда шайтон учун қулайликлар бор. Унинг имкониятлари инсонникига нисбатан кўпроқ. Инсон шайтонни кўрмайди, аммо у инсонни кўради. Бу эса ўз навбатида, унга қўшимча имконият беради, инсондан эса қўшимча ҳушёрлик талаб қилинади. Чунки очиқ-ойдин душман бўлган шайтон шарридан доимо эҳтиёт бўлиб туриш керак. Бунинг учун кучли иймон ва эътиқод зарур.

«Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз».

Шайтон иймонсизларга дўст бўла туриб, уларни «тузлайди». «Мен сенинг дўстингман, сенга насиҳатчиман», деб, йўлдан уради. Шайтон малайлари эса унинг гапига кириб, қилган гуноҳларини хаспўшлаш учун турли баҳоналар топадилар.

Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас.

Ўтган ояти карима тафсирида келганидек, ибодат-тавофни кийимсиз ҳолда қилиш ёхуд жанда, йиртиқ-ямоқ кийим билан бажариш ибодатнинг фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса кийинишда ҳаддан ошиб, фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, хароб ва табиатсиз ҳолда кийинишни ҳам қоралайди.

«Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг».

Аввало, авратингиз тўсиқ ортида бўлсин, қолаверса, ибодат чоғи – Роббингиз ила бўладиган мулоқот чоғи гўзал алфозда бўлганингиз афзал. Ўтган баъзи азизлар ушбу амрга итоат маъносида намоз учун алоҳида гўзал кийим тайёрлаб қўйганлар.

«Еб-ичинг ва исроф қилманг».

Юқорида зикр қилинган бузуқ диндорликнинг бир кўриниши озиқ-овқатга муносабатда ҳам зоҳир бўлади. Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсизинигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Араб мушрикларида ҳаж мавсумида яхши таомларни емай қўйиш одати бор экан. Ояти карима ўша одатни ҳам танқид қилади.

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас».

Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.

Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», – деганлар.

Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб билсалар, бошқа кишилар хусусан, бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб, қорин бандаси бўлиш ҳам Исломга, мусулмонга муносиб эмас.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», – деганлар.

Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражада зиёд истеъмол қилишнинг соғлиққа асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони Мажийддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига: «Сизларнинг Қуръоннингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб ушбу ояти каримани ўқиган экан. Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.

Эй Одам болалари! Агар сизларга оятларимни қисса қилиб берадиган ўзингиздан бўлган расуллар келса, бас, ким тақво қилса ва ислоҳ қилса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар.

Нажот топаман, ўз жонимни ва ўз аҳлим жонини хавф-хатарга қўймайман, кейин надомат чекиб юрмайман, деганлар иймон келтириб, пайғамбарларга эргашсинлар, улар етказган оятларимга қулоқ осиб, тақво қилсинлар ва солиҳ ишларни амалга оширсинлар.

Аъроф   Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганлар – ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар.

Кимки бу дунёда Аллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмай, уни ёлғонга йўяр экан, кофирдир. Кимки Аллоҳ таолонинг оятларидан кибрланиб, улар асосида яшамас экан, осийдир. Кофир ва осийлар эса дўзахга эга бўлурлар. Эга бўлганда ҳам, ўша жойда абадул абад қолурлар.

 

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломнинг шонли тарихида жуда кўплаб умумий кутубхоналар бўлган. Ана шулардан энг машҳурларини саралаб, ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этишга қарор давоми...

1467 16:00 / 12.10.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. У тўйимли таом ва касалликдан шифодир,, дедилар.Табароний ривояти.Замзам сувининг давоми...

2092 10:30 / 21.06.2021
Биз аёлларнинг шаънини кўтарган, уларни қадрлашга буюрган Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлармиз.Ислом дини бизга жаннат оналар оёғи остида деб таълим давоми...

2581 09:00 / 08.06.2021
....Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир, Луқмон сураси, 34оят.Аллоҳ давоми...

5208 16:15 / 02.02.2018