1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 197-оят

07:25 / 04.02.2018 4618 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари! Бақара 197. 

Демак, ҳаж доим бўлавермас экан, уни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар бор экан.

«Ҳаж маълум ойлардир».

Ҳаж ойлари – шаввол ва зулқаъда ойлари тўлиқ, зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир. Мана шу пайтда ҳажни ният қилиб, эҳромга кирса бўлади. Албатта, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни қурбон ҳайити куни бундан мустаснодир.

«Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир».

«Ўзига ҳажни фарз қилиш» – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш, деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва у ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш ва шунга ўхшаш нарсалар мумкин бўлмайди. Яна ҳажда:

Фисқ – катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш;

Жанжал – одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, бир-бирининг жахлини чиқариш каби ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул оламиннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис, олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим. Чунки

«Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир».

Шу билан бирга, ҳажга кетаётган одамга ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олиш тавсия қилинади ва руҳий озуқа муҳим экани таъкидланади:

«Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир».

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккул қилувчилармиз», – дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди», – деганлар.

Бошқа бир ривоятда келишича, яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», – дейишар экан. Бу, албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Ҳам бу ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам оятда Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда:

«Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!»

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва қаердан чиқсанг ҳам юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томонга буринг, токи одамларда сизга қарши ҳужжат бўлмасин улардан зулм давоми...

3916 13:40 / 17.12.2017
.Марям, 31. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики, ҳаёт эканман, намоз ва закотни тавсия қилди.

4584 03:15 / 08.06.2017
Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер. Бақара 155.

11305 09:05 / 22.12.2017
Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга давоми...

5099 18:00 / 28.02.2018