1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир.

18:29 / 10.05.2017 4146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

96. Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир.

97. Унда очиқ-ойдин аломатлар – мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, омонда бўладир. Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти.

Бакка Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун у Бакка деб ҳам аталади.

«Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир».

«Баккадаги уй» – Байтуллоҳ. Одамларга ибодат учун, бутун оламларнинг ҳидояти учун қурилган биринчи уй Байтуллоҳдир. Ундан аввал бундай уй қурилмаган. Бу уй муборак бўлиб, уни ким ҳаж ёки умра қилса, кўплаб яхшилик ва манфаатлар топади.

«Унда очиқ-ойдин аломатлар», яъни Байтуллоҳнинг ўзида бошқалардан устунлигига очиқ-ойдин аломатлар бор. Унда

«…мақоми Иброҳим бор».

Уламоларимизнинг фикрларича, «мақоми Иброҳим» деб Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қураётганларида устида турган тошга айтилади. У тошга у зот алайҳиссаломнинг оёқ излари тушиб қолган. У тош авваллари Каъбаи Муаззамага тегиб турар экан. Кейинроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унинг ёнида намоз ўқиётганларга, тавоф қилаётганларга ҳалақит бермасин деб, четроққа олдирганлар. Ҳозирги кунда эса шиша ғилоф ичига олиниб, ердан маълум миқдор кўтариб қўйилган.

«Ким унга кирса, омонда бўладир».

Бу фазилат дунёдаги ҳеч бир жойда йўқ. Иброҳим алайҳиссалом бу байтни Аллоҳнинг амри ва ўғиллари Исмоилнинг ёрдами билан қурганларидан буён ҳар бир хавф-хатардаги одам учун тинчлик-омонлик маскани бўлиб келмоқда. Ҳатто араблар жоҳилият даврида ҳам бу қоидага амал қилишган. Баъзи бир жиноятчилар Масжидул Ҳаромга кириб олишса, унга тегмаганлар. Арабларда ўч олиш туйғуси жуда юқори бўлишига қарамасдан, отасини ўлдириб, Масжидул Ҳаромга кириб олган одамни учратган ўғил ҳам унинг олдидан индамай ўтиб кетаверган.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунлари:

«Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга унда уруш қилиш ҳалол бўлмаган. Менга ҳам кундуз куни бир оз муддат ҳалол қилинди, холос. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Тикани юлинмайди. Ов ҳайвонлари ҳуркитилмайди. Тушиб қолган нарсани таниган одамдан бошқа олмайди...» – деганлар.

Демак, Ҳарами Шарифда нафақат одамга, балки ҳайвонот ва наботот оламига – ҳеч бир нарсага озор берилмайди.

Олимларимиз ушбу ояти каримадан, жиноят қилган одам қочиб, Ҳарами Шарифга кириб олса, унга озор берилмайди, аммо унга жой, таом берилмасдан, муомала қилинмасдан, Ҳарами Шарифдан қайтиб чиқишга мажбур этилади ва чиққанидан сўнг ушлаб, жазоси берилади, деган ҳукмни чиқарганлар.

«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир».

Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлини топганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан оширган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор шахслардир. Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:

«Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», – дейиляпти.

Яъни кимки имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмаса, Аллоҳга бунинг зарари йўқ. Чунки, У бутун оламларга, жамики борлиққа ва умуман, ҳеч кимга ҳожати йўқ Зотдир. Бинобарин, ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам беҳожатдир. Бу ерда имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмаслик куфрга тенглаштириляпти.

Ҳадиси шарифлардан бирида:

«Ким ҳажга қодир бўлса-ю, ҳаж қилмаса, хоҳласа яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа насроний бўлиб ўлсин», – дейилган.

Ҳаж ибодати мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилишидир. Улар йилда бир марта ўзларига ҳидоят нури таралган марказда тўпланадилар. Ҳамда кўплаб фойдаларга эга бўладилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас давоми...

6526 13:30 / 01.12.2020
Арабларнинг сўзга чечан халқ эканини аввал айтиб ўтдик. Хусусан, сухандонликда елкаси ерга тегмаган сўнгсиз мубоҳасаю мушоарадан қайтмайдиган шоиру ваъзхонлар давоми...

6889 14:30 / 16.07.2019
.Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир. У Зот Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур. Ҳеч бир давоми...

5925 19:52 / 11.05.2018
Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин давоми...

7440 19:40 / 17.09.2019
Аудиолар

210828 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130091 14:35 / 11.08.2021