1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

ЙАСИН СУРАСИ

05:00 / 23.01.2017 57179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маккада нозил бўлган. 83 оятдан иборат. Аввалидаги «йа» ва «син» муқаттаот ҳарфларидан ташкил топган «йасин» калимаси сурага ном бўлиб қолган. Бу сураи шарифанинг фазли ҳақида кўпгина ҳадислар ривоят қилинган. Уларнинг аксариятида Йасин сураси Қуръонинг қалби экани таъкидланган. Шунинг учун «Қуръон қалби» сурага иккинчи ном бўлиб қолган.

Имом ал-Баззор Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Йасиндир. Мен уни умматимдан ҳар бир инсоннинг қалбида бўлишини истардим», деганлар.
Имом Молик ва Имом ибн Ҳиббонлар Жундаб ибн Абдуллоҳ розяллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Йасинни кечаси Аллоҳнинг розилиги талабида ўқиса, уни мағфират қилади», деганлар.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Насаий, Имом ибн Можа ва Имом ал-Ҳокимлар Маъқал ибн Ясар розяллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йасин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», деганлар.
Мазкур ҳадиси шарифлар ва шунга ўхшаш бошқа тарғиб ҳадисларга амал қилароқ, мусулмонлар ичида бу сураи каримани ёдлаш, уни доимо ўқиб юриш кенг одат тусига кирган. Агар бу амалга суранинг маъноларини англаб етиш ва тадаббур қилиш ҳам қўшилса, айни мурод ҳосил бўлар эди. Зеро, Йасинни ўқишга бунчалар тарғиб қилувчи ҳадислар бекорга келмаган.
Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби Йасин ҳам асосий эътиборини эътиқод масаласига қаратади. Хусусан, қайта тирилиш, Пайғамбарлик ҳамда Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти масалаларига алоҳида эътибор беради.
Сураи кариманинг бошида Қуръони Ҳаким билан қасам ичилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликлари таъкидланади. Жаҳолатга ботган Қурайш кофирларининг ҳаддан ошиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганлари ҳақида сўз юритилади.
Шундан сўнг бир қишлоққа юборилган Пайғамбарлар ва улар билан ўша қишлоқ аҳолиси орасида бўлиб ўтган ҳодисалар келтирилади. Пайғамбарликни инкор этганларнинг оқибати нима билан тугаганига урғу берилади. Иймонга келган бир одамнинг ўзини қандай тутгани ва унинг оқибати нима бўлгани ҳам ажойиб услуб билан баён этилади.
Кейин эса, Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ваҳдониятига ва чексиз қудратига далолат қилувчи ҳодисалар ҳақида сўз кетади. Қуриб-қақраб ётган ерга ҳаёт кириши, кеча билан кундузнинг алмашинуви, қуёшнинг зиё сочиб, ўз ўрнида айланиши, ойнинг буржларга чиқиб-ботиб туриши ва бошқа жараёнлар ҳақида сўз юритилади.
Шунингдек, қиёмат куни ва унинг даҳшатлари, сур чалиниб, ўликларнинг қайта тирилиши, уларнинг маҳшарга тўпланиши, кишиларнинг мўмин ва кофирга ажралиши, уларга мукофот ва жазо берилиши каби мавзуларга ҳам сурада ўрин берилган.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Йасин.

2. Қуръони Ҳаким ила қасам.
Ҳикматли Қуръон билан қасам. Аллоҳ таоло бирор нарса билан қасам ичса, ўша нарсани улуғлаганидандир. Ўша нарсага эътибор жалб қилиниши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Карим билан, унинг ҳакимлик сифати билан қасам ичиши бежиз эмас. Аввало, Қуръоннинг ҳикматли экани таъкидланмоқда. У тўлалигича ҳикматдир. Унинг оятлари ҳикматдир. Унинг қиссалари ҳикматдир. Унинг ҳукмлари ҳикматлидир. Уни ўқиган одам ҳикмат топади. Унга амал қилган одам ҳикматли иш қилган бўлади.
Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони Ҳакимга қасам ичиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини таъкидламоқда. Эй Муҳаммад:

3. Албатта, сен, Пайғамбарлардандирсан.
Таъкид шулки, қасам ҳам шулки, сен, эй Муҳаммад, юборилган Пайғамбарлардан бирисан.

4. Сироти мустақиймдасан.
Сен тўғри йўлдасан. Сенинг йўлинг энг тўғри йўл. Бу йўлдан бошқа тўғриси йўқ.

5. Бу Азизу Раҳимнинг нозил қилганидир.
Бу Қуръон азиз, ҳамма устидан ғолиб , қудратли ва бандаларига меҳрибон зот Аллоҳнинг нозил қилган китобидир.

6. Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари, ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун.
Исмоил алайҳиссаломдан кейин арабларга ҳеч бир Пайғамбар келмаган эди. Яъни, араблар ўз тарихларида Пайғамбар кўрмай ўтар эдилар. Ояти каримада
«Ота-боболари огоҳлантирилмаган» дейишдан мақсад шуни англатишдир. Яъни, арабларнинг ота-боболари ҳеч бир замонда ҳеч бир Пайғамбар томонидан огоҳлантирилмаган эдилар.
«...ўзлари эса, ғофил бўлганларни огоҳлантиришинг учун».
Ғафлат оғир дарддир. Ғофил инсоннинг тузалиши жуда қийиндир. Пайғамбаримиз ота-боболари ғофил ўтган ана шундай бир қавмга юборилган эдилар.

7. Батаҳқиқ, уларнинг кўпларига (азоб) сўзи ҳақ бўлди. Бас, улар иймон келтирмаслар.
Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми ила биладики, ўша ғофилларнинг кўпларига азоб сўзи ҳақ-собит бўлди. Улар энди иймон келтирмаслар.

8. Биз уларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар иякларигача етадир. Бас, улар кўзлари юмуқ, осмонга қараб ғўдайиб қолдилар.
Бу оятда кофирларнинг иймонга юрмасликлари жонли мисол орқали васф қилинмоқда. Кишан одатда қўлга солинади. Аммо буларнинг кишанлари қўллари, ияклари остидан ўтиб, бўйинларига чирмалган. Кишан бўйинни ҳам, қўлни ҳам эгилмайдиган қилиб кўтариб турибди. Кўзлари юмуқ ҳолда осмонга қараб, ғўдайиб қолганлар. Албатта, бу ҳолдаги одам эгилиб, бошини у ён-бу ёнга буриб, бирор нарсани кўра олиши қийин. Ғофилликлари сабабли азоб сўзи ҳақ бўлган кофирларнинг ҳоли ҳам худди шундай, уларнинг иймонга келишига умид йўқ.

9. Ва Биз уларнинг олдидан ҳам тўсиқ қилдик, орқаларидан ҳам тўсиқ қилдик, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўрмаслар.
Бўйнига қўлини қўшиб, кишанланган, кўзи юмуқ ҳолда осмонга қаратиб, ғўдайтириб қўйилган одамнинг бирор нарсани кўрмаслиги учун олдидан ҳам, ортидан ҳам тўсиқ қўйилган. Камига, яна кўзига ҳам парда тотилган. Бу дегани, ўзи кўр одамнинг кўзлари яна турли томондан тўсиб қўйилган, деганидир. У одам мутлақо ҳеч нарсани кўрмай колади.
Шундай ҳолатдаги одамнинг бирор нарсани кўра олишига умид бўлмаганидек, ҳалиги кофирларнинг ҳам иймонга келишидан умид йўқ.

10. Уларни қўрқитсанг ҳам, қўрқитмасанг ҳам, улар учун барибир, иймонга келмаслар.
Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми ила уларнинг қалбига иймон таъсир қилмаслигини билганидан ҳукмини чиқариб бўлган. Улар барибир иймонга келмайдилар. Шунинг учун уларга қўрқитиш тасир қилмайди. Улар бетасир бўлиб бўлганлар.

11. Сен эса, фақат зикр-эслатмага эргашган ва Роҳмандан ғойибона қўрққан кимсани огоҳлантирурсан. Бас, унга мағфират ва гўзал ажрнинг хушхабарини бер.
Ушбу оятдаги «зикр-эслатма»дан мурод Қуръони Каримдир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифалари аввал ҳаммага даъватни бир бора етказишликдир. Сўнгра уларнинг даъватдан таъсирланиб, Қуръонга эргашган ва Аллоҳдан қўрққанларига Ислом таълимотларини етказишдир. Кўзни юмиб, бошини осмонга кўтарганча ғўдайиб қолганларга эътибор бермасликдир. Чунки улар бўлари бўлган одамлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қанча уринсалар ҳам, фойда чиқмайди. Шунинг учун уларни қўйиб, асосий эътиборни Қуръонга эргашган ва Аллоҳдан қўрққанларга қаратишлари керак.
«Сен эса, фақат зикр-эслатмага эргашган ва Роҳмандан ғойибона қўрққан кимсани огоҳлантирурсан».
Бундай саодатман кишига, энг аввало, башорат бериб, унга иймони, Қуръонга эргашгани ва Роҳмандан қўрққани учун гуноҳлари мағфират қилинишининг, охиратда гўзал ажрга-жаннатга эришишининг хушхабарини етказмоқ керак.
«Бас, унга мағфират ва гўзал ажрнинг хушхабарини бер».
Пайғамбарликка тегишли гаплардан сўнг, ўликларни қайта тирилтириш ҳақида сўз боради:

12. Албатта, Биз Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло ўлганлар, албатта, тирилишлари ва қилган амаллари учун жавоб беришларини таъкидлаб туриб, хабар бермоқда.
«Албатта, Биз Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз»
Бу иш, албатта, бўлади, бўлмай қолмайди. Биз Ўзимиз тирилтирамиз. Биздан бошқа тирилтирмайди. «Албатта», деб таъкидланмаганида, шубҳа қилса бўларди. «Биз Ўзимиз» , дейилмаганида ҳам, шубҳа қилиш мумкин эди. Аммо ҳам «албатта», ҳам «Биз Ўзимиз» деганидан кейин ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Қиёмат куни ўликларни қайта тирилтиришимиз муқаррар,
«... ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз».
Ҳаётлари давомида улар нимаики қилган бўлса, ҳаммасини ёзамиз. Улар ўзларидан кейин нима асар-из қолдирсалар, уни ҳам ёзамиз. Ҳеч бир нарса четда қолмайди.
«Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз».
«Очиқ-ойдин имом»дан мурод номаи аъмолдир. Ўша номаи аъмол, деб номланган равшан имом-китобда Аллоҳ таоло бу дунёда бўлиб ўтган ҳар бир нарсанинг ҳисобини тўлиқ қилиб қўйган. Ўликлар тирилтирилганда ана ўшанга қараб ҳисоб-китоб қилинадилар.
Ўтган оятлардан маълум бўлдики, Аллоҳ ҳақ, Бурҳон ҳақ, Пайғамбар ҳақ ва ўлгандан кейин тирилиб, ҳисоб-китоб қилиниши ҳақ. Шундай экан, одамлар Аллоҳга иймон келтириб яшашлари керак. Қуръонга амал қилишлари керак. Пайғамбарга эргашишлари керак. Ўлгандан кейин қайта тириладиган кунга тайёрланишлари керак. Акс ҳолда, ишлари чатоқ бўлади. Олдин ўтган умматларда бунга мисоллар кўп.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, уларга ўтган қавмлардан бирининг мисолини келтиришга амр этади:

13. Сен уларга Пайғамбарлар шаҳар аҳолисига келган пайтни мисол қилиб келтир.
Бу шаҳар қайси шаҳар экани, қайси Пайғамбарлар келгани ҳақида Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда очиқ-ойдин маълумотлар йўқ. Демак, бу оятни шу ҳолича қабул қилган маъқул. Лекин кўпгина тафсирларимизда шаҳарнинг номи Антокия экани, унга Пайғамбарлар эмас, Ийсо алайҳиссаломнинг элчилари Содиқ, Масдуқ ва Шамъунлар келгани айтилган бўлса ҳам, ҳеч бирига асос йўқ. Муҳаққиқ тафсирчиларимиздан баъзилари буни Бани Исроилликлар тўқиган қиссалардан деб биладилар.
Ҳофиз ибн Касир бу хусусда келтирилган маълумотлардан кейин қуйидагича хулоса чиқардилар: «Шаҳарга юборилганлар Аллоҳнинг Пайғамбарларидир, Ийсо алайҳиссаломнинг элчилари эмас. Шаҳар ҳам Антокия эмас. Чунки кейинги оятлар шуни маълум қилади. Энг муҳими, Антокия аҳли Ийсо алайҳиссаломни инкор қилмагани, у кишига биринчи бўлиб иймон келтиргани тарихдан маълум ва машҳурдир».
Биз ҳам шуни айтмоқчимизки, шаҳарнинг номини, юборилган кишиларнинг кимлигини, исмлари нима эканини билдириш керак бўлганида, Аллоҳ хабарини берар эди. Бу ерда энг муҳими ибрат ола билишдир. Ўтганларнинг оқибатидан хулоса чиқариб, куфрдан қочиш, иймонга юриш зарурлигини англатишдир. Мана, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан очиқ-ойдин Пайғамбар бўлиб келиб турибдилар. Лекин қавмлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор этиб, иймонга келмаяптилар. Қуръон оятларига ҳам ишонмаяптилар. Ана ўшаларга ҳам, бошқаларга ҳам ибрат бўлсин учун ўтган қавмлардан бирининг қиссаси мисол қилиб келтирилмоқда.

14. Ўшанда Биз уларга иккитани юборган эдик, улар икковларини ёлғончига чиқардилар. Бас, Биз учинчи билан қўлладик. Шунда: «Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз», дедилар.
Мазкур шаҳарнинг аҳолиси ўзининг ўта бузуқ табиати билан машҳур бўлса керакки, Аллоҳ таоло уларга битта эмас, бирданига иккита Пайғамбар юборган экан.
«Ўшанда Биз уларга иккитани юборган эдик...»
Яъни, мазкур шаҳар аҳолисига иккита Пайғамбарни юборган эдик.
«...улар икковларини ёлғончига чиқардилар».
Бир йўла икки Пайғамбарнинг келиши ҳам фойда бермади. Шаҳар аҳолисининг бузуқ табиати бузуқлигига борди ва иккала Пайғамбарни ҳам ёлғончига чиқардилар.
«Бас, Биз учинчи билан қўлладик».
Икки Пайғамбарни учинчи Пайғамбар билан қувватладик.
«Шунда» улар учовлон шаҳар аҳолисига бориб:
«Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз, дедилар».
Улар ўзларининг Пайғамбар эканларини таъкидлаб айтдилар. Шаҳар аҳолиси яна рад жавобини берди.

15. Улар: «Сиз бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассиз. Роҳман ҳеч нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз, холос», дедилар.
Бу шаҳар аҳолисининг тасаввурича ҳам, бошқа кофирларнинг тасаввури сингари, Пайғамбар оддий башар бўлиши мумкин эмас. Уларнинг назарида, Пайғамбарлар қандайдир бошқача суратда бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Пайғамбарларга:
«Улар: «Сиз бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассиз...», деб куфр келтирдилар.
Мантиқни қаранг: Аллоҳ юборган Пайғамбарлар ўзларига ўхшаган одам бўлгани учун уларни инкор қилишмоқда. Сўраб-суриштириш йўқ. Айтаётган гапларини тинглаб-эшитиш йўқ. Солиштириб кўриш йўқ. Ўйлаб, фикр юритиш йўқ. Тўғридан тўғри, сизлар ҳам бизга ўхшаган одамсизлар, Пайғамбар эмассизлар, дейишмоқда. Ҳолбуки, одамларга одамзотдан бошқаси Пайғамбар бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас.
Табиати бузуқ шаҳар аҳолиси ўша Пайғамбарларга Аллоҳдан ваҳий тушганини ҳам бир йўла инкор қилиб:
«Роҳман ҳеч нарса нозил қилгани йўқ», дедилар.
Яъни, Аллоҳ сизларга ваҳий туширгани йўқ, таълимотлар юборгани йўқ, дедилар. Улар яна:
«Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз, холос», дедилар.
Сизларнинг Пайғамбарлик даъволарингиз ёлғондан бошқа нарса эмас, дедилар.
Шаҳар аҳолисининг бу гаплари уларнинг Пайғамбарлар ҳақида қанчалик нотўғри тасаввурда эканларини кўрсатиб турибди. Уларнинг фикрича, Аллоҳдан ваҳий қабул қилиб оладиган Пайғамбар қандайдир ғайритабиий бўлиши керак. Оддий одам бўлса, унинг Пайғамбарлиги қаерда қолди? Оддий одамга қандай қилиб, Аллоҳдан бирор нарса тушади. Бу иш ҳеч мумкин эмас. Ана шундай мулоҳазалардан келиб чиқиб, қайси бир одам, мен Пайғамбарман, менга Аллоҳдан ваҳий тушди, деса, ёлғон гапирган бўлади, дерлар Улар ушбу тасаввурлари туфайли оддий ҳақиқатни-Аллоҳдан келадиган ваҳий, илоҳий китоблар ва таълимотлар, дин, шариат, ҳаммаси оддий одамларга қаратилганини унутиб қўйганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбарлик одамлар ичидан энг муносиб топилганига юборилади. Агар рисолат ғайритабиий махлуқотларга аталганида, ўшаларнинг вакилига нозил қилинган бўлар эди. Аллоҳ таоло бандаларига юборадиган динида шубҳа, ғайритабиийлик, одатдан ташқари ҳолатлар ва ғаройибликлар бўлишини истамайди. Мақсад-одамларга тўғри йўлни кўрсатишдир, шунинг учун ҳамма нарса очиқ-ойдин, осон, енгил бўлиш керак. Бу нарса, авваламбор, динга асосчи этиб танланган Пайғамбар шахсида кўриниши керак. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари очиқ-ойдин, ҳеч бир тўсиқсиз, англашилмовчиликсиз ўтган. Дунёда ҳеч бир одамнинг ҳаёти у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ҳамманинг кўз ўнгида очиқ-ойдин бўлмаган. Оятда ҳикоя этилаётган шаҳар аҳолиси ҳам ўзларига келган Пайғамбарларнинг оддий башарлигидан ажабланиб, уларни инкор қилмоқдалар. Нозил бўлган ваҳийни рад этмоқдалар ҳамда уларни ёлғончига чиқармоқдалар.
Энди Пайғамбарлар уларга қаттиқроқ гап айтдилар, Аллоҳни ўртага қўйиб:

16. Улар: «Роббимиз билади. Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз», дедилар.
Бизнинг Пайғамбар эканимизни сиз билмасангиз, Роббимиз билади. Сиз ишонасизми, ишонмайсизми, барибир;
«Биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз».
Сизнинг инкор қилишингиз билан бизнинг Пайғамбарлигимиз тўхтаб қолмайди. Ёки биз ундан воз кечмаймиз.

17. Бизнинг зиммамизда очиқ-ойдан етказишдан бошқа нарса йўқ.
Бизнинг вазифамиз Аллоҳнинг амрини етказиб қўйиш. Сиз инкор қиласизми, ёлғонга чиқарасизми, бизнинг ишимиз йўқ.
Пайғамбарларнинг бу гапларига шаҳар аҳолиси аввалгисидан ҳам қўпол жавоб қайтардилар.

18. Улар: «Биз сизлардан бадгумон бўлдик. Агар тўхтамасангиз, албатта, сизни тошбўрон қилурмиз ва сизга биздан аламли азоб етадир», дедилар.
Барча кофирларнинг одати шу. Ақл-идрок ва мантиқ бобида оқсаб қолганларидан кейин дўқ-пўписага ўтадилар. Улар:
«Биз сизлардан бадгумон бўлдик», дедилар.
Аллоҳга ибодат қил, деган одамдан бадгумон бўлдилар. Тўғри юр, тўғри тур, деган одам ҳақида ёмон гумон қилдилар. Ҳаром-хариш юрма, зулм ва гуноҳ қилма, деган одамдан бадгумон бўлдилар. Иймонли бўлсанг, бу дунёю у дунё бахтига эришасан, деган одам хусусида бадгумонлик қилдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг йўлига чақирувчилардан, ҳаром-хариш юрма, зулм ва гуноҳ қилма, деган одамлардан, иймонли бўлсанг, бу дунёю у дунё бахтига етишасан, деганлардан бадгумон бўлишларини ҳам англатади. Шунингдек, Аллоҳнинг йўлига даъват этувчилардан бадгумон бўлувчиларнинг қанчалик пасткаш одамлар эканини ҳам билдиради.
«Агар тўхтамасангиз, албатта, сизни тошбўрон қилурмиз...»
Яъни, агар Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилишдан тўхтамасангиз, албатта, сизни тошбўрон қиламиз.
Агар яхши амалларга даъват этишдан тўхтамасангиз, албатта, сизларни тошбўрон қиламиз.
Агар ёмонликдан қайтаришдан тўхтамасангиз, албатта, сизларни тошбўрон қиламиз.
Агар икки дунё саодатига даъват қилишдан тўхтамасангиз, албатта, сизларни тошбўронга тутамиз.
Кофирлик қанчалик пасткашлик эканини шулардан ҳам билиб олса бўлади.
«... ва сизга биздан аламли азоб етадир», дедилар».
Сизга, эй Пайғамбарлар, биз кофирлардан аламли азоб етади, дедилар.
Сизга, эй иймонга чақирувчилар, биздан–куфрда маҳкам туриб олувчилардан аламли азоб етади, дедилар.
Уларнинг бу гапларига Пайғамбарлар ҳам етарли жавоб қайтардилар.

19. Улар: «Бадгумонлигингиз ўзингиз билан. Сизга эслатма берилганигами?! Йўқ! Сиз ўзингиз исрофчи қавмсиз», дедилар.
Ёмонларнинг яхшиликдан бадгумон бўлиши билан яхшилик ёмонга айланиб қолмайди. Яхшиликдан бадгумон бўлишнинг ўзи ёмонлик. Ёмонлик устига ёмонлик. Шунинг учун ҳам шаҳар аҳолисининг «Биз сизлардан бадгумон бўлдик», деган гапларига Пайғамбарлар муносиб жавоб қайтардилар. Улар:
«Бадгумонлигингиз ўзингиз билан», дедилар.
Сизнинг бадгумонлигингизнинг бизга алоқаси йўқ.
Сиз ўзи нима учун бадгумон бўлмоқдасиз?
«Сизга эслатма берилганигами?!»
Эй одамлар, ўзингизни яратган холиқ Аллоҳ таолони эсланг, дейилганигами?!
Эй одамлар, бу дунёда иймон келтириб, яхши амалларни қилиб яшаш лозимлигини эсланг, дейилганигами?!
Эй одамлар, бу дунёда кофир бўлиш, ёмонлик қилиш фойда келтирмаслигини эсланг, дейилганигами?!
«Йўқ! Сиз ўзингиз исрофчи қавмсиз».
Ҳаддан ошган, ҳовлиққан қавмсиз, шунинг учун кофирлигингизда туриб олгансиз.
Пайғамбарлар билан шаҳар аҳолиси ўртасидаги тортишув шу ерга етганида:

20. Шаҳар четидан бир киши шошилиб келиб: «Эй қавмим, юборилган Пайғамбарларга эргашинг!.
Шошилиб келган киши шу шаҳар аҳолисидан эканига унинг,
«Эй қавмим», деган сўзи далолат қилиб турибди. У ақлли, инсофли ва қавми учун куюнчак экан. Қавмининг нотўғри йўлдан юриб, Пайғамбарларга қарши чиққанларини эшитиши билан шаҳарнинг чеккасидан шошиб келиб, дарҳол:
«Эй қавмим, юборилган Пайғамбарларга эргашинг!» деди.
Қавмини Аллоҳ юборган Пайғамбарларга шунчаки қаршилик кўрсатмасликка эмас, балки уларга эргашишга, айтганларини бажаришга ҳам даъват этмоқда. Сўнгра сўзида давом этиб:

21. Сиздан ажр-ҳақ сўрамайдиган, ўзлари ҳидоятда бўлган шахсларга эргашинг!
Бу Пайғамбарлар даъватлари учун сиздан ажр-ҳақ сўрамайдилар. Шунинг ўзи ҳам уларнинг ҳақлигига далилдир. Агар даъват туфайли бирор нарсага эришмоқ ниятлари бўлганида, сиздан, албатта, ажр-ҳақ сўрар эдилар.
«... ўзлари ҳидоятда бўлган шахсларга эргашинг!»
Яъни, даъватчиларнинг шахсига ҳам қаранглар. Буларнинг ўзлари гапларига муносиб. Айтганларига амал қилмоқдалар. Шундай кишиларга эргашмасангиз, бошқа кимга эргашасизлар.

22. Менга нима бўлибдики, ўзимни яратган зотга ибодат қилмайин?! Унгагина қайтарилурсизлар.
Менинг бунчалар куюнаётганимга ажабланманглар. Мен мўмин одамман, Аллоҳга ибодат қилувчи бир бандаман.
«Менга нима бўлибдики, ўзимни яратган зотга ибодат қилмайин?!»
Барчани яратган Аллоҳга ибодат қилишлик ҳар бир банданинг бурчидир. Мен ҳам бурчимни адо этиб, ўзимни яратган зотга ибодат қиламан. Агар Аллоҳга ибодат қилмасам, демак менга нимадир бўлган. Яратганга шукрки, менга ҳеч нарса бўлгани йўқ, мен Аллоҳга ибодат қилмоқдаман. Сизлар ҳам:
«Унгагина қайтарилурсизлар».
Шунинг учун Унга иймон келтиришга, ибодат қилишга шошилинглар!

23. Мен Уни қўйиб, бошқа илоҳлар тутайми?! Агар Роҳман менга бирор зарарни ирода қилса, уларнинг шафоати менга ҳеч фойда бермас ва улар мени қутқара олмаслар.
Қани, айтинг-чи, ўзимни яратган зот турганда:
«Мен Уни қўйиб, бошқа илоҳлар тутайми?!»
Қўлидан ҳеч иш келмайдиган ҳар хил бўлар бўлмас нарсаларни ўзимга худо қилиб олайми?
«Агар Роҳман менга бирор зарарни ирода қилса, уларнинг шафоати менга ҳеч фойда бермас...»
Агар Аллоҳ таоло менга бирор зарар етказишни хоҳласа, у сохта худолар ҳаммалари тўпланиб ҳам, менга шафоатчилик қила олмаслар озгина бўлса ҳам, фойда етказа олмаслар. Бу нарса аниқ ва равшан. Ақлли инсон ўзига зарар келтирадиган ишга қўл урмайди. Аллоҳдан бошқани илоҳ тутишим учун ақлдан озган бўлишим керак.
«...ва улар мени қутқара олмаслар».
Ўша сохта худолар мени Аллоҳ ирода қилган зарардан қутқара олмаслар. Шундай экан, Аллоҳни қўйиб, уларни худо қилиб олишим ғирт ақлсизлик бўлади.

24. Албатта, у тақдирда мен очиқ-ойдин адашувда бўлурман.
Шунинг учун ҳеч қачон Аллоҳни қўйиб бошқа нарсаларни илоҳ қилиб олмайман.

25. Албатта, мен Роббингизга иймон келтирдим. Бас, мени тинглангиз», деди.
Эшитиб, билиб қўйинг, мен сизнинг ва ўзимнинг Роббим бўлмиш Аллоҳга иймон келтирдим!
Кейинги оятлар сиёқидан маълум бўладики, бу мухлис мўмин бандани мазкур шаҳар аҳолиси ўлдирганлар ва унга:

26. «Жаннатга кир», дейилди. У: «Кошки қавмим билсалар эди. 
27. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди.
Ўша мўмин мухлис банда ўлганидан кейин, унга:
«Жаннатга кир», дейилди».
Иймони ва ихлоси туфайли Аллоҳ таоло Ўз фазли ва карами ила у бандани жаннатга ҳукм қилди. У банда жаннатга кириб, нозу неъматларни ва иззат-икромни кўриши билан дарҳол қавмини эслади ва:
«Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди».
Роббим мени мағфират этди. Роббим мени ҳурматга сазовор бўлганлар қаторидан қилди. Шу мартабаларни қавмим билса эди, шояд тавба қилиб, тўғри йўлга тушармиди, иймон йўлини танлаган бўлармиди?
Энди қиссага хотима ясалади:

28. Биз унинг қавмига ундан кейин осмондан бирор қўшин туширмадик ва туширувчи эмас ҳам эдик.
Биз ўша иймонли ва ихлосли бандадан кейин унинг қавми бўлмиш мазкур шаҳар аҳолисига осмондан азоб фаришталарини қўшин-аскар қилиб тушириб ўтирмадик. Туширмоқчи ҳам эмас эдик.

29. Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлмади. Бирдан улар сўниб қолдилар.
Ортиқча ишга йўл қўйилмай, у нобакор қавм ҳалок этилди. Аллоҳ таоло уларни азоблаш учун алоҳида азоб фаришталаридан иборат лашкар тушириб ҳам ўтирмади.
«Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлмади».
Аллоҳ таолонинг амри билан улар устига бир қичқириқ келди.
«Бирдан улар сўниб қолдилар».
Ёниб турган ҳаёт чироқлари сўнди. Ўчиб қолишди. Ўша биргина қичқриқ билан бирдан сўнишди. Ҳоллари шу экан, ҳовлиқиб нима қилардилар.
Қизиғи шуки, улардан олдингилар ҳам шундай ҳолатга тушган эдилар, аммо ибрат олмадилар.

30. Бандаларга ҳасратлар бўлсин! Ҳар қачон уларга Пайғамбар келса, уни фақат истеҳзо қилар эдилар.
Қадимдан шундай бўлиб келган. Қачон, қаерга, қайси Пайғамбар келса, бандалардан маълум қисми ўша Пайғамбарларни масхара қилишга киришар эди.

31. Ахир улар ўзларидан олдинги қанча асрларни ҳалок этганимизни ва, албатта, ўшалар уларга қайтмасликларини кўрмайдиларми?!
Ахир кўзларини очиб қарамайдиларми? Қараб кўрсинлар, ахир? Ўтган асрларда қанчадан-қанча кофирларни ҳалок қилганимизни билмайдиларми? Ана ўшаларнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетди. Энди уларнинг ҳузурига қайтиб кела олмасликларини ҳам билмайдиларми? Лекин бу дегани, улар тамоман унутилдилар, чириб, тупроққа қўшилиб кетдилар, шу билан ҳаммаси тамом бўлди, дегани эмас.

32. Албатта, барчалари тўпланган ҳолларида ҳузуримизга ҳозир қилингайлар.
Ҳа, албатта, ўтганлар ҳам, ҳозиргилар ҳам, кейингилар ҳам, барчалари маҳшар куни Бизнинг ҳузуримизга ҳозир қилингайлар. Ана ўшанда Биз уларга Ўзимиз билиб муомала қиламиз.
Ҳозир эса, улар ўзларича куфр келтирадилар. Ўзларига юборилган Пайғамбарни инкор этадилар. Туширилган ваҳийни ёлғон дерлар Ўлгандан кейин қайта тирилишни афсонага чиқарадилар. Лекин вақт борида ўнглансалар, ўзларига яхши бўларди. Ўлгандан кейин тирилишга, Бизнинг бу ишга қудратимиз етишига кўз олдиларида ҳужжат ва далиллар турибди.

33. Улар учун ўлик ер оят-белгидир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар.
Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилаётганлар
«...учун ўлик ер оят-белгидир».
Ҳаётдан асар ҳам бўлмаган қуриб-қақшаб ётган ерга осмондан ёмғир ёғдириб,
«...уни тирилтирдик»
Сув туширганимиздан кейин ер тирилиб, нафас ола бошлади. Унда ўсимликлар ўсишига имкон ҳам туғилди.
«...ва ундан дон чиқардик».
Ўша ўлик ерни тирилтириб, дон чиқардик. Бу дон унинг тирилганининг аломатидир. Ўлгандан кейин қайта итрилишни инкор қилаётганлар,
«Бас, ундан ерлар».
Улар ҳач бўлмаса, ўзлари еб турган нарсаларни ўлик ер қайта тирилтирилганидан кейин етишганини ўйласалар, ўзлари ҳам қайта тирилишларига ишонар эдилар.

34. Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик.
Ўша ўлиб ётган ерни тирилтириб, унда:
«хурмо ва узум боғлари яратдик...»
Бу ишлар ҳам унинг тириклигининг аломатидир, ҳам сизга ризқдир.
«...ичидан булоқларни чиқардик».
Ўлиб ётган ерни тирилтирганимиздан кейин, унинг бағридан булоқлар отилиб чиқа бошлади. Бу ҳол ҳам унинг тириклигининг аломатидир, ҳам сизга ризқдир.

35. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукр қилмайдиларми?!
Ўлиб ётган ерни тирилтириш, унда инсонлар ейдиган донни чиқариш, ер юзида хурмо ва узум боғларини яратиш, булоқларни оқизиб қўйишдан мақсадимиз инсонлар:
«унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун»дир.
Агар биз ерни тирилтирмаганимизда, ундан дон, боғ-роғлар ва сув чиқармаганимизда инсонлар унинг мевасини ҳам тановвул этолмас, қўллари билан турли таомлар тайёрлай олмас эдилар. Шуни кўра билиб туриб ҳам:
«Шукр қилмайдиларми?!»
Ўша неъматларни берган зотга иймон келтирмайдиларми? Унинг Пайғамбарига эргашмайдиларми? Китобига амал қилмайдиларми?

36. Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган зот пок бўлди.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма мавжудотларни жуфт қилиб яратгани ҳақидаги улкан ҳақиқат баён этилмоқда.
«Ер ўстирадиган нарсалардан...»
Ўсимлик дунёсидан саналувчи барча мавжудотлар жуфт қилиб яратилгани илмга яқинда маълум бўлди. Ҳозирги замон илмининг бу кашфиёти Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини яна бир бор тасдиқлади. Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма халқ жуфтга муҳтождир, фақат Аллоҳ таологина яккаю ёлғиздир.
«...уларнинг ўзларидан...»
Одамларнинг ўзларидан ҳам жуфтлар яратди. Улар ҳам жуфтсиз яшай олмайдилар. Авлодлар силсиласи узилиб қолади. Ҳа, инсонлар жуфтга муҳтождирлар. Фақат Аллоҳ таологина муҳтож эмас. Ёлғизлик У зотга хосдир.
«ва улар билмайдиган нарсалардан»
Одамларнинг билими чегараланган, улар кўп нарсаларни билмайдилар. Аммо ўзларига номаълум мавжудотлар ичида, жуфтсизлари ҳам бордир, деган хаёлга бормасинлар. Биз улар билмайдиганлардан ҳам жуфтлар яратганмиз. Дунёда фақат Аллоҳ таологина тоқдир. Ҳа, дунёдаги махлуқотнинг:
«...барчасидан жуфртларни яратган зот пок бўлди».
Холиқ Аллоҳ барча айб ва нуқсонлардан покдир. Нобакор бандалар унга чаплаётган нолойиқ сифатлардан покдир. Мушриклар келтираётган ширкдан ҳам покдир.
Энди Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига, У зотнинг ҳар қандай ишга, жумладан, ўлганларни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканига далиллар келтирилади:

37. Улар учун кечаси ҳам оят-белгидир. Биз уни кундуздан шилиб олурмиз. Бас, улар бирдан зулматда қолгувчилардир.
Ўлгандан кейин қайта тирилтирилишига иймон келтирмаётган инсонлар эътибор берсинлар, Бизда ўлганларни қайта тирилтиришимизга жуда кўп оят-белгилар бордир.
Жумладан:
«Улар учун кечаси ҳам оят-белгидир».
Кеча ҳақида тузукроқ ўйлаб кўрсалар, Бизнинг биру борлигимизга, ўлганларни қайта тирилтиришга ҳам қудратимиз етишига оят-белги топадилар. Кеча нима ўзи? Уни ким жорий қилади?
«Биз уни кундуздан шилиб олурмиз».
Яъни, Биз кечани кундуздан шилиб оламиз. Бу жумлада кечанинг кириши қўйнинг терисини шилиб олишга ўхшатилмоқда. Тери аста-аста шилиб олинганидек, кундуз ҳам кечадан ажратиб олинади. Шунда:
«Бас, улар бирдан зулматда қолгувчилардир».
Ушбу ҳақиқат Аллоҳ таолонинг бирлигига, борлигига ва ҳар нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишга оят-белги эмасми?! Кечани ўз вақтида келадиган қилиб қўйган, бутун дунёни бир зумда зулмат қўйнига чўмдирадиган зот ўлганларни қайта тирилтиришга ожизмиди?!

38. Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир.
Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг бирлигига ва борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига, жумладан ўликларни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканига бир оят-белгидир. Оятда қуёшнинг яратилиши, унинг улканлиги, таратиб турган зиёси ва бошқа хусусиятлари ҳақида эмас, балки ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши–ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда.
Авваллари олимлар, қуёш жойида собит туради, бошқа сайёралар унинг атрофида айланади, деб айтар эдилар. Кейинги кашфиётлар қуёш ҳам ҳаракат қилишини кўрсатди. Фалакиёт илми олимларининг айтишича, қуёш бир сонияда ўн икки мил тезлик ила ҳаракат қилар экан. У ўзига истиқрор қилинган манзил ва вақт томон доимий жараёнда экан. Фалакиёт илми яқиндагина кашф этган бу улкан ҳақиқатни Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари бир қисқа оятининг ярмида айтиб ўтган экан.
Хўш, шундай улуғ бир сайёрани ўз истиқрори томон жорий қилиб қўйган зот ўлганларни қайта тирилтира олмасми?!
«Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир».
Аллоҳ азиздир. Барчадан ғолибдир. Ҳар бир нарсага қодирдир. Ўта билгувчи зотдир. Қуёш ўша зот тақдир қилган жараёнда ҳаракатланади. Шунинг учун у вазифасини бекаму кўст адо этиб турибди. Худди ўша зот ўлганларнинг қайта тирилишини ҳам тақдир қилиб қўйган, вақти келганда бу иш ҳам бекаму кўст адо этилажак.

39. Ойни эса, токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз.
Ой ҳам, қуёш ҳам думалоқ шаклдаги самовий жисмдир. Инсоннинг кўзига қуёш доим бир хил суратда кўринади. Лекин ой бир ой давомида йигирма саккиз шаклга киради. Аввал кичик ҳилол бўлиб кўринади. Кундан-кунга катталашиб, тўлин баркашга айланади. Кейин яна аста-секин ҳилол ҳолига қайтади. Чунки Аллоҳ таоло ой учун манзиллар бичиб қўйгандир. Аллоҳ унинг учун йигирма саккиз манзилни бичиб қўйган. Ҳар куни ҳар хил манзилдан чиқади, ҳар куни ҳар хил ҳажмда кўринади.
Уламоларимиз ояти каримадаги
«токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар» деган жумлага алоҳида эътибор берадилар. Араб тилида хурмо мевасини тутиб турувчи шингил, аржун, дейилади. Оятда ой «худди эски аржун (ҳоли)га қайтаргунга қадар» деб васф қилинмоқда. Яъни, ойни охирида эски аржун ҳолига қайтарамиз, дейилмоқда. Меваси чиқариб олинган шингил ҳилолга ўхшаб қолар экан. Лекин ҳилол билан ҳилолнинг фарқи бор. Янги туғилган ҳилол тамоман бошқача бўлади. Унда янгилик, гўзаллик, ҳаёт аломатлари барқ уриб туради. Охирида ҳилол шаклига келган ой эса, эски аржун–қуриб қолган шингилга ўхшаб, кўримсиз бўлиб қолади.
Бу оятда ойнинг яратилиши, осмонда тутиб турилиши, инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйилиши ва унга тегишли бошқа мўъжизалар ҳақида эмас, унинг янгидан пайдо бўлиб, яна эски ҳолига қайтиши, сўнгра яна янгидан туғилиши ва бу ҳол бардавом эканлиги ҳақида гап кетмоқда.
Дунё бунёд бўлганидан бери ойни шундай бир низомга солиб қўйган зот ўлган одамларни қайта тирилтира олмасми?!

40. На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар.
Ҳеч қачон қуёш ойга етиб олиб, бемаҳалда бош кўтариб қолиши мумкин эмас. Улардан ҳар бири фақат Аллоҳ белгилаган вақтдагина чиқади. Бу, низом ҳатто дақиқаларигача аниқдир. Ундан кеч ҳам қолмайди, илгари ҳам кетмайди. Айни тайин қилинган вақтидагина чиқади. Бу жараён дунё бунёд бўлганидан буён давом этиб келмоқда. Бирон марта бирон дақиқага ўзгарган эмас. Ушбу жараённи тақдир қилган зот ўликларни қайта тирилтиришга қодир эмасми?!
«...ва на кеча кундуздан ўзиб кетар».
Бирон марта кечаси кундуздан ўзиб кетган эмас. Йил-ўн икки ойнинг ҳар туни қачон бошланиб, қачон тамом бўлиши, куни қачон бошланиб, қачон пойёнига етиши дақиқасигача аниқ. Дунё бунёд бўлганидан бери бу жараён ҳеч ўзгармай давом этиб келмоқда. Шу қоидани тақдир қилган зот ўликларни қайта тирилтира олмасми?!
Осмондаги қуёш, ой ва бошқа сайёраларнинг
«ҳар бири фалакда сузиб юрар».
Бу ҳам Аллоҳнинг биру борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишига оят-белгидир. Барча инсонлар буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқариб, Аллоҳга иймон келтиришлари, ўлгандан кейин қайта тириладиган куннинг тайёргарлигини кўришлари керак.
Энди Аллоҳнинг борлигига, ваҳдониятига, ҳамма нарсага қодир эканига далил қилиб, сувликдаги баъзи оят-белгилар зикр этилади:

41. Улар учун Биз уларнинг наслларини тўла кемада кўтарганимиз ҳам бир оят-белгидир.
Бу оятда инсоният тўфон балосидан Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасида нажот топгани эслатилмоқда. Бутун инсон насли қутқариб қолингани таъкидланмоқда. Тўфон балоси билан бутун оламни ҳалок этиш ирода қилинган эди. Шундай бўлди ҳам. Ҳамма жонзот ҳалок бўлди. Фақат Аллоҳ таолонинг амри ила Нуҳ алайҳиссалом ясаган кемага чиққанларгина қолиб, ўшалардан инсон насли яна қайтадан тарқалди. Демак, инсоният деярли бир бор йўқолиб, яна янгидан таралди. Шундай ишларга қодир бўлган зот ўликларни қайта тирилтира олмасми?!

42. Ва Биз улар учун унга ўхшаш минадиган нарсаларни халқ қилдик.
Яъни, Биз одамларга миниладиган кемага ўхшаш бошқа нарсаларни ҳам яратдик. Уларга улов бўла оладиган салоҳиятли хусусиятларни бердик. Шунинг ўзи ҳам одамлар учун Аллоҳнинг биру борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига, жумладан, ўлганларни қайта тирилтира олишига оят-белгидир.

43. Агар хоҳласак, уларни ғарқ этурмиз. Бас, уларнинг ёрдамчиси бўлмас ва улар қутқазилмаслар ҳам.
Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси ва унга ўхшаш уловларни яратган Аллоҳ хоҳлаган вақтида уларга қўшиб инсонларни ҳам ғарқ қилиши мумкин. Ўшанда:
«Бас, уларнинг ёрдамчиси бўлмас ва улар қутқазилмаслар ҳам».
Аллоҳ ғарқ қилишни хоҳлаган чоғда одамларга бирор ёрдамчи топилмас. Улар бу балодан қутқазилмаслар ҳам.

44. Магар издан бир раҳмат ва маълум муддатгача баҳраманд бўлиш бўлсагина (омон қолурлар).
Ўшанда фақат Аллоҳнинг Ўзи раҳмат назарини солиб, қутқариб қолиши мумкин. Ёки маълум муддатгача дунёнинг матоҳидан баҳраманд қилиш учун омон қолдириши мумкин. Бўлмаса, ҳеч ким эсон қолмас. Бунинг мисоли ҳаётда тез-тез такрорланиб ҳам туради. Инсонлар шуни ўйлаб, ибрат олиб, Аллоҳга иймон келтирсалар, ўлгандан кейин қайта тириладиган кунга тайёргарлик кўрсалар бўлмайдими? Нима учун шунча оят-белгилар турса ҳам, улар ғафлатда юрадилар? Аллоҳга куфр келтирадилар? Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этадилар? Нима учун?!

45. Уларга: «Олдингиздаги нарсадан ва ортингиздаги нарсадан қўрқинг. Шояд раҳм қилинсангиз», дейилганда.
46. Ва уларга Роббилари оятларидан бир оят келганда, фақат ундан юз ўгиргувчи бўлурлар.

Нима сабабдан бундай йўл тутадилар ?! Нима учун?
«Уларга: «Олдингиздаги нарсадан ва ортингиздаги нарсадан қўрқинг. Шояд раҳм қилинсангиз», дейилганда».
Яъни, нима учун уларга, бу дунёдаги ҳаётингиз давомида куфрингиз, гуноҳингиз туфайли йўлиқиши мумкин бўлган турли бало ва офатлардан қўрқингиз, дейилса, қулоқ солмай, юз ўгириб кетадилар?! Ўлганингиздан кейин у дунёда охират азобларига дуч келиб қолишдан қўрқинг, дейилганида, нима учун қулоқ солмай, терсланадилар?! Нима учун:
«...уларга Роббилари оятларидан бир оят келганда»,
ундан ибрат олиб, хатоларини тўғрилаб, Аллоҳга иймон келтириб, ибодат қилиш ўрнига:
«фақат ундан юз ўгиргувчи бўлурлар?!»
Кофирлар булар билан кифояланиб қолмай, бошқа ишлар ҳам қиладилар, бошқа номаъқул гаплар ҳам айтадилар.

47. Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилинглар», дейилганида, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа, Ўзи таом берадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сиз очиқ-ойдин залолатдан бошқа нарсада эмассиз», дерлар.
Ҳаммага, жумладан, кофирларга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради. Мусулмон банда ўзига Аллоҳ таоло берган ризқдан Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиб туради. Кофирлар эса, бахиллик қиладилар. Улар Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишдан йироқлар.
«Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилинглар», дейилганда...»
Кофирлар қулоқ осмайдилар. Балки мўминлардаги «Барчага ризқни Аллоҳ беради», деган эътиқодни масхара қилишга ўтадилар ва:
«Куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа, ўзи таом берадиган кимсани биз таомлантирамизми?!» деб истеҳзо қиладилар.
Яъни, кофирлар: « Эй мўминлар, сиз ҳаммага ризқни Аллоҳ беради, дер эдингиз, энди нима учун Аллоҳнинг Ўзи ризқ бериб қўявермай, биз инфоқ қилишимиз керак экан?! «демоқчи бўладилар. Демак, Аллоҳ барчага ризқ беравермас эканда, баъзиларга биз берарканмиз-да, демоқчи бўладилар. Бу ишлари уларнинг нақадар жоҳил эканликларини кўрсатиб турибди. Шунга қарамасдан, улар мўминларни жоҳилликда, залолатда айблаб:
«Сиз очиқ-ойдин залолатдан бошқа нарсада эмассиз», дерлар».
Яъни, эй мўминлар, сиз Аллоҳ ҳаммага ризқ беради, деган залолатли эътиқоддасизлар, мана, биздан баъзи бир одамларга таом беришимизни сўрашиб туришингиз бунинг далили, демоқчи бўладилар.
Аслида эса, уларнинг тасаввурлари, гаплари айни залолатдир. Ҳеч қачон, ҳеч қандай инсон ўзига ҳам, бошқага ҳам ризқ топиб бера олмайди. Ҳаммага ягона зот Аллоҳ таологина ризқ беради. Ризқ топишга қобилият беради. Ризқ топишга имконият беради. Ҳамда ризқни сочиб қўяди. Аллоҳ таолонинг ризқи ҳар жойда ҳар хил бўлади, ҳар кимга ҳар хил берилади. Аллоҳ таоло бировнинг ризқини кенг, бировнинг ризқини тор қилиб қўяди. Ҳаммасини ҳикмат билан қилади. Ризқлар хазинасининг калити Раззоқи Оламнинг қўлида. Кимнидир пурризқ, кимнидир торризқ қилиб қўяди. Бандаларни синаш учун шундай қилади: қани, ризқи кенг этиб қўйилган шу ризқнинг шукрини келтирадими, йўқми? Ризқи тор қилиб қўйилган борига шукр этиб, сабр қиладими, йўқми? Аллоҳ таоло баъзи бандаларнинг ризқини тор қилган бўлса, у зотнинг бахиллигидан эмас. Аллоҳ таоло ризқи кенг бандаларини инфоқ қилишга амр этаётган экан, уларнинг молу дунёсига эҳтиёжи борлигидан эмас. Ҳаммаси бандаларни синаш учундир. Ҳаммага ризқ берувчи, ҳаммани таомлантирувчи, ҳаммани боқувчи Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Мен бировга ризқ беряпман, мен бировни таомлантиряпман, мен бировни боқяпман, деган одам кофир бўлади, очиқ-ойдин залолатга кетади.
Кофирларнинг мўминларга бундан бошқа нобакорлик билан айтадиган гаплари ҳам кўп. Мисол учун:

48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар.
Кофирлар мўминлардан истеҳзо билан: «Эй мўминлар қиёмат куни бўлади, деб айтиб юрибсиз,
«Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар».
Кофирларнинг бу саволига Аллоҳ таолонинг Ўзи қуйидаги жавобни беради:

49. Улар талашиб-тортишиб турганларида ўзларини бирдан оладиган биргина қичқириқдан бошқа нарсани кутаётганлари йўқ.
Бўлишини инкор этаётган, масхара қилаётганлари қиёматни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун ҳеч қийин иш эмас. Фақат бир қичқириқ бўлса, кифоя: қиёмат қоим бўлади қолади. Уни инкор қилаётганлар фақат бир қичқириқдан бошқа нарсани кутаётганлари йўқ. Асл табиати талашиб-тортишиш бўлган кофирлар талашиб-тортишиб турганларида бир қичқириқ ила адо бўладилар.

50. Улар на васият қилишга қодир бўларлар ва на ўз аҳлларига қайтарлар. 
Кофирлар ўзлари истеҳзо қилаётган ваъда келганида ҳеч нарсага улгурмай дилар. Турган жойларида тамом бўладилар. Улар бола-чақа, қариндош-уруғ ва дўст-ёрларига васият қилишга ҳам улгурмайдилар. Улар ўз турган жойларидан охирги марта биргина кўриб қолиш учун аҳлига ҳам қайтиб бора олмайди. Чунки, ваъда қилинган пайт келди.

51. Ва сурга пуфланди. Бас, улар бирдан Роббилари томон қабрлардан шошилиб чиқурлар.
Бу галгиси Исрофил фаришта алайҳиссаломнинг сурга иккинчи пуфлашларидир. Шунда бошқа барча ўликлар қатори ўша кофирлар ҳам қабрларидан шошилиб чиқиб, Роббилари томон чопадилар.

52. Улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғотди?! Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган Пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» дерлар.
Бошларига тушганида кўзлари очилиб, ҳушлари жойига келади. Исрофил алайҳиссалом сурга иккинчи бор пуфлаганидан кейин қабрларидан шошилиб чиққан кофирлар ҳайрон бўлиб:
«Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғотди?!»
Ўлиб, кўмилиб ётган жойимиздан ким чиқарди?! дерлар Бир оздан сўнг гап нимада эканлигини фаҳмлаб етиб:
«Бу Роҳман ваъда қилган...» нарса-ку.
Аллоҳ бизга ўлгандан сўнг тирилиб, қабрдан чиқишни ваъда қилган эди. Бу худди шунинг ўзи-ку!
«...ва юборилган Пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» дерлар».
Бизга келган Пайғамбарлар ҳам ўлгандан кейин тирилиш ҳақ эканини айтган эдилар, бу ишлар ўшанинг ўзгинаси-ку, дерлар.

53. Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлгани йўқ. Бас, улар бирдан тўпланиб, ҳузуримизда ҳозир қилингандирлар.
Бор гап шундан иборат. Фақат бир қичқириқ бўлди, холос. Ҳаммалари тўпланган ҳолларида ҳузуримизга ҳозир қилиндилар.

54. Бугунги кунда бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз.
Қиёмат кунида ҳеч кимга заррача зулм қилинмас. Чунки Аллоҳ таолонинг адолати мутлақдир. У зот ҳамма ҳисобларни заррача ўзгартирмай, аниқ олиб қўйган. Ҳар бир жонга бу дунёда қилганига яраша жазо ёки мукофот беражак.

55. Албатта, жаннат эгалари у кунда завқланувчилик ила машғуллар.
Бу дунёни иймон ва ибодат ила ўтказиб, у дунёда жаннатга эришган зотлар ўша кунда ўзларига завқ берадиган ишлар билан машғул бўладилар. Нима уларга завқ, шодлик, хурсандчилик берса, ҳаммаси у ерда муҳайёдир.

56. Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар.
Аслида, соя кишига роҳат бахш этиши учун яратилгандир. Лекин жаннатдаги соя бу дунёдаги соя каби фақат иссиқдан тўсадиган, салқинда танани жунжиктирадиган нарса эмас. У доимий роҳатбахшдир. Сўрилар ҳам жуда зийнатланган, усти ва атрофига парда тутилган бўлади.

57. Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалари бордир.
Аҳли жаннат учун жаннатда турли хил мевалар бордир. Улардан хоҳлаганларича еб, маза қиладилар. Аҳли жаннатлар нимани истасалар, жаннатда ўша нарса бордир. Кўнгиллари исташи билан олдиларида муҳайё бўлади. Яна уларга:

58. Раҳим бўлган зот Роббдан «Салом» сўзи бордир.
Шунча нозу неъмат, роҳат-фароғат, шавқу завқнинг устига ўзлари учун ниҳоятда раҳмли бўлган зот Роббилари Аллоҳ таоло томонидан «Салом» ҳам келади. Бу эса, энг юқори даражадаги тақдирлашдир.
Мўмин бандалар шунчалик иззат-икромда, нозу неъматда бўлиб турган бир пайтда, бошқа томонда бошқача манзара кўринади:

59. Эй жиноятчилар! Бугунги кунда сиз ажралингиз!
Эй кофирлар, эй гуноҳкорлар, қиёмат қўпган бугунги кунда сизлар алоҳида турингиз!

60. Мен сизларга: «Эй одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир,
61. Ва Менга ибодат қилинг, мана шу тўғри йўлдир», деб амр қилмаган эдимми?!

Ўша ажратилаётган жиноятчиларга- кофир ва гуноҳкорларга қараб Аллоҳ таоло қуйидаги итоб сўзларни айтади:
«Мен сизларга: «Эй одам болалари, шайтонга ибодат қилманг...» деб амр қилмаган эдимми?!
Шайтонга эргашманг, деб айтмаган эдимми?! Айтган эдим. Аммо сиз шайтонга эргашдингиз.
«...албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир», деб айтмаган эдимми?!
Айтган эдим. Мана, энди унинг сизга очиқ душманлиги аён бўлди. Унга ибодат қилиб, ҳолингиз вой бўлди.
«Ва Менга ибодат қилинг, мана шу тўғри йўлдир», деб амр қилмаган эдимми?!
Қилган эдим. Аммо сиз Менга ибодат қилмадингиз. Тўғри йўлга юрмадингиз. Мана, оқибати нима бўлди энди?!

62. Батаҳқиқ, у сизлардан кўпчилик авлодни адаштирди. Ақл юритувчи бўлмаган эдингизми?!
Шайтон сизлардан кўп авлодларни тўғри йўлдан адаштирди. Нима учун шундай бўлди? Ёки сиз ақл юритмадингизми? У юр деса, орқасидан кетавердингизми?!

63. Мана бу сизга ваъда қилинган жаҳаннамдир!
Аллоҳ таолонинг амрига итоат этмаганларга у дунёда жаҳаннам ваъда қилинган эди. Мана ўша ваъда қилинган жаҳаннам!

64. Куфр келтириб ўтганингиз туфайли бугунги кунда унга киринг!
Кофирлигингиз учун энди ўша ваъда қилинган жаҳаннамга киринг!
Шу ерда жиноятчи, кофир, мунофиқ ва гуноҳкор бандаларга Аллоҳ таолонинг хитоби тамом бўлади.
Келаси оятларда уларга қилинадиган муомала ҳақида сўз кетади:

65. Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур.
Мазкур жиноятчиларнинг жиноятини исбот этиш учун талашиб-тортишиб ўтириш шарт эмас. Бошқа гувоҳ олиб келишнинг ҳам ҳожати йўқ. Ёлғон гапиришни одат қилиб олган оғизларидан турли гапларни эшитиб ўтиришга ҳам биров муҳтож эмас.
«Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз».
Яхшиси, уларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади. Сўнг бошқа аъзолари шоҳидлик бера бошлайди.
«Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур».
Ҳар бир кофирнинг бу дунёда нима ишлар қилганини унинг ўз қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.
Имом Муслим, Имом Насаий ва ибн Абу Ҳотимлар Анас ибн Молик розяллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у зот розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот кулдилар. Тишлари кўриниб кетди. Сўнгра:
«Нимадан кулаётганимни билдингизми?» дедилар. Биз:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидирлар», дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни банданинг Робби ила тортишувидан. У:
«Эй Роббим, мени зулмдан сақламаганмисан?» дейди. Бас, У зот жалла жалалуҳу: «Оре», дейди. Банда:
«Мен ўзимга қарши фақат ўзимдан бўлган гувоҳнигина қабул қиламан», дейди. У зот жалла жалалуҳу:
«Бугунги кунда зиддингга ўз жонинг етарли ҳисобчидир. Кирому котибийн, (ёзувчи фаришталар) гувоҳликка етарлидир», дейди. Бас, оғзига муҳр урилади. Аъзоларига:
«Гапир», дейилади. Улар унинг амалларини гапирадилар. Сўнгра унга гапириш имкони берилади. У:
«Йўқолинглар! Ҳалокатга учранглар! Сизларни деб ҳаракат қилган эдим!» дейди».
Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар Абу Ҳурайра розяллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, жумладан бундай деганлар: «Сўнгра учинчига рўбарў келади ва:
«Сен нима дейсан?!» дейди. У:
«Мен Сенинг бандангман. Сенга, Пайғамбарингга, китобингга иймон келтирдим. Рўза тутдим. Намоз ўқидим. Садақа бердим», деб иложи борича мақтов сўзларни айтади. Унга:
«Зиддингга гувоҳимизни юборайликми?!» дейилади. У ичида ўзига қарши ким гувоҳлик бериши мумкинлигини ўйлаб турганида, оғзига муҳр урилади. Сўнгра сонига: «Сен гапир», дейилади. Бас, сони, гўшти ва суяги нима амал қилганини гапиради. Ана шу мунофиқ одамдир. Бу иш унинг узри ўзи билан бўлсин деб қилинади. Ана шу одам Аллоҳнинг ғазабига учрайдиган одам».
Имом ибн Жарир ал-Табарий келтирган ривоятда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган эдилар:
«Қиёмат куни мўмин киши ҳисоб-китобга чақирилади. Робби унга амалларини ўзаро икковлари биладиган қилиб арз қилади. У эътироф этади: «Ҳа, Роббим, қилувдим, қилувдим, қилувдим», дейди. Бас, Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилади ва беркитади. Ер юзидаги бирор махлуқ у гуноҳкорлардан ҳеч нарсани кўрмайди. Яхшиликлари эса, кўринади. У, одамлар ҳаммалари кўрсалар эди, деб орзу қилади.
Кофир ва мунофиқ ҳам ҳисоб-китобга чақирилади. Робби унга қилган амалларини арз қилади. У инкор этади ва:
«Эй Роббим, сенинг иззатинг ила қасамки, фаришта мен қилмаган ишни менга ёзиб қўйибди», дейди. Фаришта унга:
«Фалон куни, фалон жойда шундоқ қилмаган эдингми?!» дейди. У:
«Йўқ! Иззатинг ила қасамки, эй Роббим, мен буни қилганим йўқ», дейди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унинг оғзига муҳр солади. Менимча, энг аввал унинг ўнг сони гапиради», деб туриб Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу: «Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз...» оятини тиловат қилдилар».

66. Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар йўлга шошилурлар. Аммо, қандай ҳам кўрсинлар.
Аллоҳнинг иродаси билан ўша жиноятчиларнинг кўзлари йўқ қилиниб, ўрни ҳам қўйилмай текислаб юборилса борми, нима бўлади? Улар йўлга юрмоқчи бўлиб шошилишади, бир-бирларига туртиниб, олдинга интилишади, аммо кўрмаганлари учун ҳеч қаёққа бора олишмайди. Бу ҳол уларнинг оғизларига муҳр уриб, шарманда қилишнинг устига яна бир шармандаликдир. Маҳшарда барча халойиқнинг олдида гуноҳлари очилиб, аъзолари ўзларига қарши гувоҳлик бериб, тилларига муҳр урилиб турган бир пайтда кўзларининг ҳам текислаб қўйилиши, ҳеч нарсанини кўра олмай, ўзларини ҳар томонга уришлари хору зорликнинг энг чўққисидир. Аммо уларни хорлаш ҳали тугагани йўқ.

67. Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинга юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар.
Кофир ва осийларни жойларида қўғирчоққа ўхшатиб қотириб қўйилишлари ҳам катта хорликдир. Улар турган жойларида қотиб қоладилар. Олдинга ҳам юра олмайдилар. Ортга ҳам қайта олмайдилар.
Қолаверса, кофирларнинг бу дунёда узоқ қолишлари ҳам хору зорликдир.

68. Кимнинг умрини узоқ қилсак, уни хилқатида ночор қилиб қўямиз. Ахир ақл ишлатиб кўрмайдиларми?!
Одам боласининг умри қанча узайиб- чўзилса, у шунча қариб, заифлашиб боради. Бу эса, дунё ҳаёти ўткинчи эканининг, бақоси йўқлигининг ёрқин далилидир. Ақлини ишлатиб, бу ҳақиқатни англаб, иймонга келиб, ибодат билан ўтган мўминлар қариганлари сари роҳатлари кўпайиб боради. Ҳаётда қолишни ибодат қилиш ва савоб ишлаш учун фурсат деб хурсанд бўладилар. Жаннатга ва Аллоҳнинг розилигига етишиш умидида ўлимни хурсанд бўлиб кутиб оладилар. Кофирлар эса, ақлларини ишлатмаганлари учун бу масалада катта қийинчиликда қоладилар. Шунинг учун ҳам оятда:
«Ахир ақл ишлатиб кўрмайдиларми?!» дейилмоқда.
Агар узоқ умр кўриб, фақат ночорликка қайтиш мумкинлиги ҳақида ақл ишлатиб кўрсалар, иймонга келишлари керак эди. Аммо ақл ишлатмадилар. Кофирликларида қолдилар. Шу боис қариганларида бошларига қийин кун тушади. Қўлларидан бир иш келмай қолади. Ҳатто бор-йўғини сарф қилгани бу дунё ҳаётидан ҳам завқ ололмайди. Ҳаёт унинг учун азобга айланади. Ўлимни ўйлаш эса, азоб устига азоб бўлади.
Сураи кариманинг қолган оятларида ваҳий ва унинг хусусиятлари, Аллоҳнинг ягона маъбудлиги ва ўлгандан кейин қайта тирилиш масалалари янгитдан арз қилинади:

69. Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Бу унинг учун тўғри ҳам келмас. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас.
70. Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиш учундир.

Мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир, Қуръони Каримни шеър ҳам деганлар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу даъволарига кескин жавоб бермоқда.
«Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ».
Сизлар шеър билан Қуръоннинг фарқига бора олмаяпсиз. Шеър ички кечинмаларни инсоннинг ўзи вазнга солиб, байт қилиб айтишидир. Уни хоҳлаган инсон айтиши мумкин. Шеър турли бўлган-бўлмаган гапларни ҳам кўтараверди. Айниқса, арабларда бу нарса машҳур. Улар ҳақиқатни яхшилаб билиб олишлари лозимки, Қуръон Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийдир. У Аллоҳнинг каломидир. Уни ҳеч ким ўзидан чиқариб айта олмайди. Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир дейишлик мумкин эмас.
«Бу унинг учун тўғри ҳам келмас».
Шоирлик Пайғамбарлик мақомига ҳеч мос келмайдиган амалдир. Шунинг учун ҳам шоирлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида умуман йўқ эди.
Абу Заръа ар-Розий қилган ривоятда аш-Шаъбий: «Абдулмуттолибдан тарқаган болаларнинг ҳаммаси, эркаги ҳам, аёли ҳам шеър айтар эди, магар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар», дейилган.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шеърни таълим бермаганини, шеър ўқиш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғри ҳам келмаслигини айтганидан сўнг, Қуръони Каримнинг моҳиятини баён қилишга киришади:
«У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас».
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, эслашдир, Қуръондир–қироат қилинадиган каломдир. Бу илоҳий китоб бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир. Ҳамма учун тиловат қилинадиган илоҳий дастурдир. Уни Аллоҳ таоло маълум мақсад ила нозил этгандир. Унинг нозил қилиниши:
«Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиш учундир».
Оятда мўминларни «тирик»лар дейилмоқда. Кофирлар эса, ўликларга тенглаштирилмоқда. Иймонга келишга тайёр қалб ҳаётда тирик яшашга тайёр қалбдир. Куфрда қоладиган қалб эса, яшашга тайёрланмаган, ўлик қалбдир. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётга тайёрларни Қуръон билан огоҳлантирадилар. Ҳаётга тайёрланмаганларга эса, азоб калимаси ҳақ бўлганини эълон қиладилар. Демак, инсонлар Қуръонга бўлган муносабатларига кўра икки турга бўлинадилар. Биринчиси, унга иймон келтирганлар–тириклар. Иккинчиси, унга куфр келтирганлар–ўликлар.

71. Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимиз-ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик–эгадирлар-ку!
72. Биз уларга ўша(ҳайвон)ларни бўйинсундириб қўйдик. Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар.
73. Улар учун ўшаларда манфаатлар ва ичкиликлар бор. Ахир шукр қилмайдиларми?!

Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло бандалар учун чорва ҳайвонларини яратиб қўйганлиги, ўша ҳайвонларда уларга турли фойдалар борлиги, бунинг учун бандалар Аллоҳ таолога шукр қилишлари лозимлиги ҳақида сўз кетмоқда. Чорва ҳайвонлари арабчада «анъом» дейилади ва ундан туя, қора мол ва қўй, эчки каби ҳайвонлар тушунилаверади.
Дарҳақиқат, бандаларига ушбу ҳайвонларни Аллоҳ таоло яратмаганида бошқа ҳеч бир зот яратиб бера олмасди. Инсоннинг ўзи эса, мутлақо ярата олмайди. Дунё бунёд бўлганидан буён ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч қаерда бирорта чорва ҳайвонини ёки унинг бирорта аъзосини ярата олгани йўқ. Ушбу ҳайвонларни ижод этишининг ўзи Аллоҳ таолонинг биру борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига, шу жумладан, илоҳий китоб ҳам тушира олишига ёрқин далилдир. Одамлар бундан ибрат олмаганлари ҳақида ажабланиш саволи берилаётганинг сабаби ҳам шундан.
«Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимиз-ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?!»
Демак, Аллоҳ таоло чорва ҳайвонларини одамлар учун яратган. Ўз қўли билан яратган. Бундан бандалар ибрат олишлари, иймонга келиб, Аллоҳга ибодат қилишлари керак.
«Бас, улар ўшаларга молик-эгадирлар-ку!»
Одамларни ўша чорваларга Аллоҳнинг ўзи эга қилиб қўйган. Инсонлар эга сифатида улардан фойдаланадилар.
«Биз уларга ўша(ҳайвон)ларни бўйинсундириб қўйдик».
Биз чорва ҳайвонларига бўйинсуниш қобилиятини бердик. Ўша ҳайвонлар одамларга бўйинсуниб, нимага ундасалар, шунга юрадилар.
«Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар».
Одамлар ўша ҳайвонлардан маркаб–улов сифатида фойдаланадилар. Шу билан бирга, ўша ҳайвонларнинг гўшт ва ёғларини ейдилар.
«Улар учун ўшаларда манфаатлар» бор.
Одамлар учун ўша чорва ҳайвонларида турли манфаатлар бор. Териси, жуни, ҳатто суякларидан ҳам фойдаланадилар.
«...ва ичкиликлар бор».
Сут-қатиқларини ичадилар.
«Ахир шукр қилмайдиларми?!»
Ахир Аллоҳ таоло уларга бу ҳайвонларни яратиб бермаганида, ғизо учун гўшт ва ёғни қаердан олар эдилар? Яна бошқа фойдаларини-чи? Йўқ, ола билмасдилар. Бинобарин, ақлни ишлатиб, мазкур ҳайвонларни ўзлари учун яратиб берган зот Аллоҳ таолога иймон келтиришлари ва Унга ибодат қилиб яшашлари лозим. Бандаларнинг кўплари эса, ношукурчилдик қилдилар. Ўзлари учун бу ҳайвонларни яратган, уларни бўйинсундириб берган зотга куфр келтирдилар, осий бўлдилар.

74. Улар Аллоҳдан ўзга илоҳлар тутдилар. Гўёки улардан ёрдам берилар эмиш.
Аллоҳ берган неъматларга ношукурлик қилган бандалар Аллоҳга ширк келтириб, ундан ўзга худолар тутдилар. Гўёки ўша худолар томонидан уларга ёрдам берилар эмиш!

75. Уларнинг ёрдамига (худолари) қодир бўлмаслар. Улар эса, ўша(худо)лари учун ҳозир қилинган аскардирлар.
Мушрикларнинг «худолари» уларга ёрдам беришга қодир бўла олмайдилар. Лекин улар ўша «худолари» учун жон фидо қилишга тайёр турган аскарлардир. Улар учун турли хизматлар адо этадилар. Сохта худоларини ҳимоя қилиш учун ўзларини ўтга-чўққа урадилар. Булар қандай худолар бўлди?! Булар қандай бандалар бўлди? Бундай худолик ва бандалик қайси мантиққа тўғри келади?
Эй Пайғамбар!

76. Уларнинг гапи сени хафа қилмасин. Албатта, Биз нимани сир тутсалар ва нимани ошкор қилсалар, билурмиз.
Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтлар Ислом даъвати, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва мўмин-мусулмонлар учун ғоят оғир ва машаққатли пайтлар эди. Ўша даврда мушрикларнинг озорлари ва турли кирди-корлари авжга чиққан эди. Мазкур қийинчиликлар ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломга ва мўмин-мусулмонларга тасалли берадиган бирдан-бир нарса ўша пайтларда нозил бўладиган ушбунга ўхшаш ояти карималар эди. Ушбу оятларда ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ва у зот орқали мўмин-мусулмонларга тасалли бермоқда:
«Уларнинг гапи сени хафа қилмасин».
Яъни, кофир ва мушрикларнинг дину диёнатга, Қуръонга ва аҳли иймонга қарши айтаётган гапи сени хафа қилмасин.
«Албатта, Биз нимани сир тутсалар ва нимани ошкор қилсалар, билурмиз».
Шу жумладан, кофир ва мушрикларнинг сени хафа қиладиган гапини ҳам яхши билурмиз. Унга яраша жазоларини берурмиз.

77. Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?! Энди эса, у очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди?!
Ушбу ояти карима ва ундан сўнг келадиган оятлар ўлгандан кейин тирилтиришни инкор қиладиган ҳар бир инсонга хитобдир. Аммо бу оятларнинг тушишига сабаб бўлган киши мушрикларнинг каттаси Убай ибн Халаф эди.
Мужоҳид, Икрима, Урва ибн Зубайр, ас-Суддий ва Қатодалардан қилинган ривоятда: «Убай ибн Халаф (Аллоҳнинг лаънати бўлсин унга) қўлида чириган суякни тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва хокини ҳавога пуфлаб учириб туриб:
«Эй Муҳаммад, Аллоҳ мана шуни тирилтиради, деб гумон қиласанми?!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, Аллоҳ сени ўлдиради, кейин қайта тирилтиради, сўнгра эса, дўзахга киритади», дедилар. Шундан кейин: «Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?!» деб бошланувчи оятлар нозил бўлди», дейилган.
Ҳа, инсон ўз аслини билганида кофир бўлмас эди. Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қила олмас эди.
«Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?!»
Инсон ўзини бир томчи жирканч сувдан яратилганини билмайдими?! Ўзини ким деб ўйлайди?! Бунчалик ҳовлиқади?! Бунчалик осмондан келади?!
«Энди эса, у очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди?!»
Аллоҳ чиркин суякни қандай қилиб қайта тирилтиради, деб истеҳзо билан савол беради?!

78. У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. «Суякларни ким тирилтирур? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди.
Ҳаддан ошган, ўзидан кетган бу хусуматчи инсон қўлига чириган суякларни олиб:
«Бизга мисол келтирди...»
Мисол келтиришга келтирдию аммо:
«...ўз яратилишини унутди».
Агар у ўз яратилишини унутмаганида, ўлгандан кейин қайта тирилишга шубҳа қилмас, уни инкор этмас эди. Ўша кофир инсон сенга қараб, эй Пайғамбар, бу:
«Суякларни ким тирилтирур? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди.

79. Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтиради ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт.
Кофирнинг, суякларни ким тирилтиради, деган саволига нима деб жавоб беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг Ўзи ўргатмоқда. Эй Пайғамбар:
«Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтиради...» дегин.
Йўқдан бор қилган зот учун борни қайта тирилтириш жуда ҳам осондир. Уни қандай амалга оширишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
«...у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт».
Ҳар бир махлуқнинг ҳар бир хусусиятини ҳам яхши билади. Шунинг учун уларнинг ҳар бирини худди ўзидек қилиб, ҳатто бармоқ учларини ҳам ўз ҳолига қайтариб тирилтиради. У зот ҳар нарсага қодирдир.

80. У зот сизларга яшил дарахтдан олов қилиб бергандир. Энди эса, сиз ундан олов ёқмоқдасиз.
У зот шундай қудратли зотки, баъзи нарсаларни ўзига қарама-қарши томондан ҳам чиқараверади. Мисол учун, ям-яшил дарахтни олайлик. У ҳўл бўлади. Таркибида сув бор. Сув эса, оловни ўчиради. Аммо Аллоҳ таоло оловга терс бўлмиш ҳўл дарахтни бир-бирига ишқаса, ўт чиқарадиган ҳолга келтириб қўйгандир. Оловга ёқилғини ҳам ўша дарахтнинг ўзидан қилиб қўйгандир. Бу улкан бир мўъжизага одамлар эътибор бермайдилар. Агар эътибор берсалар, Аллоҳ таолонинг биру борлигига, ҳар бир ишга, жумладан, ўликларни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканига очиқ-ойдин далилни кўрар эдилар.

81. Осмонлару ерни яратган зот уларга ўхшашни яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У ўта яратгувчи, ўта билгувчи зотдир.
Осмонлару ерни яратган зот учун, шунчалик улкан, катта, мураккаб, бепоён махлуқларни яратган зот учун уларнинг олдида заррача ҳам келмайдиган одамни қайта тирилтириши қийин эканми?!
«Йўқ!»
Албатта, У қодирдир. Унга бу иш қийин эмас. Чунки:
«У ўта яратгувчи, ўта билгувчи зотдир».
Ҳар қандай нарсани ярата олади. Ҳар қандай нарсани билади. Яратиш Унинг учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.

82. Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур.
Ирода қилинган нарса нималигининг фарқи йўқ. Хоҳ у бепоён осмон бўлсин, хоҳ у ер бўлсин, хоҳ бошқа махлуқлар бўлсин, уни яратиш Аллоҳ учун иш эмас. Унинг иши фақат «бўл» дейиш, холос, у бўлаверади. Шунингдек, ўликларни тирилтириши ҳам «бўл» дейиш билан бўлади. Бунга ҳеч шубҳа қилмаслик керак. Ким шубҳа қилса, хато қилади. Ўзига жабр қилади.

83. Бас, барча нарсанинг том эгалиги қўлида бўлган зот покдир. Унгагина қайтарилурсизлар.
Гап шундай экан, демак дунёдаги барча нарсаларнинг тўла эгалиги ва тасарруфи қўлида бўлган Аллоҳ таоло покдир. Барча айб ва нуқсонлардан, жумладан, кофир ва мушриклар, ўлганларни қайта тирилтира олмайди, деб тақаётган нуқсондан ҳам покдир. Ва билиб қўйинглар:
«Унгагина қайтарилурсизлар».
Ҳамма-ҳаммангиз охир-оқибат унга қайтиб борасизлар. Бошқага эмас. Демак, ўша кунга тайёгарлик кўринглар. Аллоҳга иймон келтириб, Унга ибодат қилинглар, Унинг ҳузурига қайтиб борганингизда шарманда бўлиб қолмасликнинг чорасини ахтаринглар.
Мана, Йасин сурасини ўрганиб ҳам чиқдик. Нима учун бу сураи карима «Қуръоннинг қалби» деб аталгани, нима учун унинг фазли ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлгани англаб олингандир.
Сурада мўъжаз калималар билан Аллоҳ таолонинг биру борлиги, ҳар бир нарсага қодирлиги, Пайғамбарлик ва ваҳийнинг ҳақлиги, кишилар Пайғамбар етказган ваҳийни ўзларига дастур қилиб яшамоқлари лозимлиги, ўлгандан кейин қайта тирилиш каби масалалар муолажа этилди. Булар ҳар бир кишининг қалбида туриши лозим бўлган масалалардир. Ҳар бир киши эртаю кеч эслаб туриши зарур бўлган масалалардир. Ушбу масалаларни ўз ичига олган Йасин сурасини ҳар бир киши иймон билан ўқиса, гуноҳлари мағфират бўлишига лойиқдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

5137 15:50 / 18.06.2019
.Фи риҳабиттафсир, ndash Абдулҳамид КишкШайх Абдулҳамид Кишк бу тафсирни ёзишни 1981 йилда бошлаган. Ёзиб битирилган жузларни нашрга бериб, қолганларини ёзишда давом давоми...

2096 17:00 / 29.06.2021
.Ҳозир усмоний мусҳафлар қаерда, деган савол туғилиши табиий.Ушбу саволга етарли жавоб топиш мушкул. Ҳозирда бир нечта Усмоний мусҳафлиги даъво қилинаётган давоми...

4253 19:05 / 03.12.2019
Ҳалимий шундай дейди.Ҳар ўн ёки беш оятни ажратувчи белгилар, сураларнинг исмлари ва оятларнинг сонларини Қуръонга ёзиш .Қуръонни холи тутинглар, деган қавлга давоми...

5643 14:00 / 10.03.2020