Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (107-дарс). Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар

13:15 / 20.10.2020 3038 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


(тўртинчи мақола)

4. Мусулмон умматининг уламолари бу масалада иттифоқ қилган тўртинчи нуқта:

Оят ва ҳадисларда Аллоҳга ўхшашликни ифода қиладиган ҳар бир матнни сиртқи маъносидан бошқа тарафга буриш кераклиги. Сиртқи кўринишда Аллоҳга кейин пайдо бўлганлик сифатини берадиган ҳар қандай маънони кесиш кераклиги ва Аллоҳнинг қадим экани, кейин пайдо бўлган мавжудотларга мухолиф, улардан тамоман бошқача эканига иттифоқ қилиш лозимлиги.

«Ундай бўлса, Қуръонда, ҳадисда келган «Аршга истиво қилиш»дан мурод нима?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Агар биз матнларда, оят ва ҳадисларда келган ибораларнинг зоҳирига қараб, сиртқи маънони берадиган бўлсак, «Аллоҳ таоло Аршда қарор топган, унинг устига чиқиб ўтирган» деган маъно келиб чиқади. Чунки ушбу оятлардаги «истиво» сўзининг орқасидан келган ҳарфи жар (кўмакчи) – «ъала» сўзи мана шу маънони ифода қилади. 

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади: 

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ

 

«Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач…» (28-оят).

Бу ерда ҳам кемага чиқиб жойлашиш маъноси «истиво» феъли билан берилган.

Агар мана шу каби «истава аъла» шаклида келган оятларнинг маъносини «чиқди, ўтирди» деб таржима қилсак, Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг зотига лойиқ бўлмай қолади. Масалан, «Аллоҳ таоло кейин пайдо бўлган» (Наъузу биллаҳ!) дейишга тўғри келиб қолади ва бундан «кейин пайдо бўлган махлуқотларга боғланади» деган маъно, бундан эса «Арш кейин пайдо бўлган, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган, ана шу Ўзи пайдо қилган нарсанинг устига Ўзи чиқиб ўтиради», деган маънолар келиб чиқади. 

Шу билан бирга, агар ўтирадиган бўлса, Аллоҳ таоло жисмдан иборат бўлиб қолади, чегараланган бўлиб қолади, бир нарсанинг устида юрадиган, бир нарсанинг устига чиқса, ўша нарса Уни кўтарадиган ҳолга келиб қолади. 

Шунинг учун бу каби қуръоний лафзларга сиртдан, зоҳиран маъно беришнинг ҳеч қандай имкони йўқ, акс ҳолда Аллоҳ таолога нисбат бериш мутлақо мумкин бўлмаган маънолар келиб чиқади. 

Мусулмон умматининг аввалгию ҳозирги барча уламолари иттифоқ қилиб, «Шунга ўхшаш оятларга сиртидан маъно бермаслик керак», деганлар. Акc ҳолда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотига тўғри келмайдиган гаплар чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун буни қаттиқ кесиб, тўхтатиш лозим бўлади.

Бу оятлар маъноси ҳақида мусулмон уламолар икки мазҳабга бўлинганлар.

Биринчи мазҳаб аввал ўтган, қадимги уламоларнинг мазҳаби бўлиб, ушбу оят ва ҳадисларга қандай келган бўлса, шундай тарзда таслим бўлинади. Ундан нимани мурод қилганини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига тафвийз – ҳавола қилинади ва шу билан бирга, У Зот таолони Ўзига лойиқ бўлмаган барча сифатлардан поклашга ҳаракат қилинади.

«Истиво» тўғрисида мана шу мазҳабни тутиб ўтган уламоларнинг баъзи бир сўзлари ҳам нақл қилинади:

Умму Салама розияллоҳу анҳодан нақл қилинган қавлга кўра, у киши: «Истиво – номаълум эмас, лекин унинг кайфияти маъқул эмас, яъни номаълум, унга ақл етмайди. Аммо истивога иқрор бўлиш иймондир, уни инкор қилиш куфрдир», деган эканлар.

Робиъа ибн Абдурраҳмондан сўрабдилар:

«Аршга истиво қандайдир?»

У киши айтибдилар:

«Истивонинг борлиги мажҳул эмас, унинг кайфи маъқул эмас (яъни қандай кайфиятда экани ақлга сиғмайди). Аллоҳнинг зиммасида пайғамбарни юбориш, пайғамбарнинг зиммасида етказиш, бизнинг зиммамизда таслим бўлишдир».

Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади:

«Биз Моликнинг ҳузурида эдик. Бас, бир одам кирди ва қуйидагиларни айтди:

– Эй Абу Абдуллоҳ, «Роҳман Аршга истиво қилди». Қандай истиво қилди?

Бас, Молик бошини қуйи солиб турди, уни титроқ босди. Сўнгра бошини кўтариб:

– Роҳман Аршга истиво қилди. Ўзи уни қандай сифатлаган бўлса, шундай бўлди. «Қандай бўлди?» деб сўралмайди. Унинг кайфияти маълум эмас. Сени бидъатчидан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Олиб чиқинглар буни, деди».

Бошқа бир ривоятда имом Молик шундай деганлар:

«Истиво маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтирмоқ вожиб, у ҳақда савол сўрамоқ бидъатдир. Мен сени аҳли залолатдан деб биламан», деди ва уни ҳайдаб чиқаришга буйруқ берди.

Имом Моликнинг бу гапларидан истиво – маълум нарса, яъни Қуръонда келган, хабари бор, ҳамма биладиган нарса экани тушунилади.

Имом Шофеъийдан қилинган ривоятда у киши айтган эканлар:

«Истиво зикр қилинган (яъни Қуръонда зикри келган). Лекин унинг кайфияти мажҳул. Унинг кайфияти қандай экани номаълум (яъни биз унинг маъносини билмаймиз, бундай нарсаларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади)».

Имом Аҳмаддан шу масала хусусида сўралганда, у киши:

«Истиво Аллоҳ қандай хабар берган бўлса, шундайдир. Кишиларнинг хотирасига келган нарса эмасдир», деган эканлар.

Имом Жаъфар Содиқдан бу ҳақда сўралганда, у киши:

«Ким «Аллоҳ таоло бир нарсанинг ичида», деса ёки «бир нарсадандир», деса ёки «бир нарсанинг устидадир», деса, батаҳқиқ ширк келтирган бўлади. Агар Аллоҳ таоло бир нарсанинг устида бўлса, кўтариладиган нарсага айланиб қолар эди. Агар бир нарсанинг ичида бўлса, атрофи ўралган нарсага айланиб қолар эди. Агар бир нарсадан бўлса, янги пайдо бўлган нарса бўлар эди», деганлар.

Зуннун Мисрийдан бу ҳақда сўралганда, у киши:

«Роҳман азалдан бордир, Арш янги яралгандир ва Арш Роҳманга тенглашгандир», деганлар.

Имом Шофеъийдан бу масала ҳақида сўралганда, у киши:

«Мен ўхшатмасдан, иймон келтирдим, мисол келтирмасдан, тасдиқ қилдим, уни идрок этишда ўзимни ожиз билдим ва бу масалага шўнғишдан ўзимни тутдим», деганлар.

Қуръони Каримда келган истиво тўғрисидаги оятларнинг маъноси ҳақида мусулмон уламоларининг иккинчи мазҳаби Халаф мазҳаби дейилади.

Бу кейин ўтган уламоларнинг мазҳаби бўлиб, унда «Ушбу оятлар далолат қиладиган маъноларга, яъни Қуръони Карим араб тилида тушганини эътиборга олиб, таъвил қилиш керак», дейилади. Аввал ўтган уламолар каби, ушбу мазҳабнинг уламолари «Бу маънони Аллоҳ таолонинг Ўзига тафвийз – ҳавола қилайлик», деган фикрни айтишмайди. Уларни бундай йўл тутишга мажбур қилган нарса ўша уламолар яшаб турган замонда йўлдан адашган баъзи бир фирқаларнинг мавжуд бўлганидир. Мисол учун, Аллоҳни Ўзи яратган махлуқотларига ўхшатувчилар, яъни Мушаббиҳа мазҳаби ва яна Аллоҳга жисм нисбатини берадиган Мужассима деган мазҳаблар бўлган. Ана шу мазҳабдагилар оятларга сиртдан маъно бериб, Аллоҳ таолонинг жисми бор, дейишгача бориб етишган. Улар залолатда бўлганлари учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Аллоҳнинг жисми бор ёки Унинг макони бор, деган маъноларни бериш мумкин эмаслигини тушуниб етмаганлар.

Чунки ҳар бир макон ҳам янги пайдо бўлган нарсадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса ёлғиз Ўзи қадимдир, барча мавжудотларни ижод қилганидан олдин ҳам бор бўлгандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўша мавжудотларни яратганидан аввал ҳам ундан олдинги сифатида ўзгармай қолгандир.

«Хўш, таъвилни қандай қиламиз?» деган савол қўйилганда, халаф уламолар, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Аршга истивоси ҳақидаги оятларни таъвил қиламиз, деган уламоларнинг баъзилари бир хил, иккинчилари бошқа хил фикрларни айтишган.

Ана шулардан биттаси: «Истивога «истийло», яъни «Аллоҳ таоло қаҳр билан, ғалаба билан тадбир қилиш учун эгаллади» деган маънони беришимиз керак», дейди. Бу худди бир юртга раҳбар бўлган одам ўша юртдаги барча ишлар тадбирининг эгаси бўлиши кабидир, дейишади, яъни истиво сўзи араб тилида «эга бўлиш» маъносидаги истийло деб ишлатиб келинганини далил қилиб келтиришади.

Яна бошқа бир уламолар: «Истийло маъносини эмас, истибно, яъни тугал қилиш маъносини олсак, яхши бўлади», дейишади. Мисол учун, улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кейин Аршни яратиб, охирига етказди, ундан кейин халқ қилинадиган нарса қолмади, деган маънони беришни таклиф қиладилар.

Аҳли сунна ва жамоанинг кўпчилиги истийло маъносини берганларини билиб қўйишимиз лозим бўлади.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Одам болалари Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси ndash ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг давоми...

5005 17:44 / 03.05.2018
Қуръон ndash Аллоҳ таолонинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръон билан қилган давоми...

10232 18:48 / 14.08.2017
Аллоҳ таоло охирги ва абадий дастури ndash Қуръони Каримда бошқа масалалар қаторида ҳалол ва ҳаром масаласини ҳам батафсил баён қилиб берди.У Зот Аъроф сурасида давоми...

3996 17:15 / 30.04.2018
83. Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларгина Фиръавн ва амалдорзодагонларининг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос. Албатта, Фиръавн ер давоми...

4395 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131375 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51867 14:35 / 11.08.2021