1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аҳдга вафо

15:02 / 25.01.2018 4238 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла бандалари қаршисида Ўзининг олий Зотига мажбурият олиб бандаларига ҳам бажаришлари учун мажбурият топширди.
Буюклиги чексиз бўлган Зот бандалари олдида ўз зиммасига олган мажбуриятнинг вафосини бандалари учун топширган мажбуриятнинг вафосига боғлиқ бўлишини ҳукм қилди.
Аллоҳ азза ва жалла айтди:
«Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Ва мендангина қўрқинг» (Бақара 40).
«Ва мендангина қўрқинг». 
Агар қайсидир замонда атрофингизда қўрқитиш, хавф солишнинг бирор кўринишини сезсангиз, фақат мендан қўрқинг.
«Ва мендангина қўрқинг».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна айтди:
«Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкид қилинганидан сўнг бузманг. Батаҳқиқ, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз-а! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур». (Наҳл, 91).
Аллоҳ азза ва жалла шу тарзда Ўзининг олий Зотига мажбурият олган. Лекин У бир вақтнинг ўзида бандаларига ҳам вазифа юклаган. Унинг қаршисида турган чоғимизда бизга ҳам мажбурият топширган. 
Биринчисини иккинчисига боғлиқ қилган.

Бажаришимиз учун бизга вазифа қилиб топширган мажбурият нима? 
Бизга вазифа қилиб топширган мажбурият Аллоҳ азза ва жалланинг рўпарасида ўзимиз эълон қилган даъвони тасдиқ этувчилардан бўлишимиздир.
Биз Аллоҳ азза ва жаллани устимиздан ҳукмрон эканига иймон келтирган мўминлардан эканимизни эълон қилганмиз. Шунингдек, биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаси эканимизни ҳам ошкор этганмиз. 
Биз ҳар намознинг бошида«Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз (Фотиҳа, 5)»,  деймиз-ку.
Бундан ташқари«Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир (Анъом,162)» дегувчилардан эмасмизми?!
Даъво ана шу эди, эй Аллоҳнинг бандалари. Аллоҳ таоло уни тасдиқ қилишимизни истайди. Аллоҳ таоло уни ҳаётимизга татбиқ этишимизни хоҳлайди.
Агар биз айтган нарсамизни тасдиқлаб, қилган даъвоимизни ҳаётга татбиқ этишимизни тушунтириб берсак, бу Аллоҳ таолонинг бизга топширган вазифасига вафо қилиш бўлади.
Ана шунда Аллоҳ азза ва жалла ҳам Ўзининг олий Зотига олган мажбуриятга вафо қилади. 
Яратган Мавлойимиз субҳанаҳу ва таоло айтади«Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билинки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз». («Ҳаёт берадиган нарса» –иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин, у ўзини ўнглай олмайди. Инсон ўз қалбига молик бўла олмай қолади. «Тафсири ҳилол».)
«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир» (Анфол, 24-25). 
Аллоҳ таоло бизга: «Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг»  деганини кўрдингизми?

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг олдида зиммангизга олган вазифанинг вафоси бўлмиш бу таълимотларни амалга оширинглар.
Ваъдага вафо қилишингиз Мавлойингизга бирор яхшилик олиб келмайди, ҳамма яхшилик ўзингизга қайтади.
«Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг».

«Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл, 97).

Аллоҳ азза ва жалла қаршисида турган чоғимизда Унинг бизга топширган мажбуриятининг қайтиш жойи бизнинг фойдамиз учун ҳамда дунё ва охиратдаги саодатимиз учундир, эй Аллоҳнинг бандалари.
Бизларга келган бу фитна катта ҳикмат билан келганига ишонганимиз каби уни тез орада биздан катта ҳикмат билан жўнаб кетишига ҳам ишонамиз.
Бу фитна ортидан Аллоҳ азза ва жалла бизни бир қанча вазифаларни бажаришга чақиради. Улардан бири Аллоҳ таолонинг бизларга вазифа қилиб тоширган мажбуриятига вафо қилишдир.
Аллоҳ таоло бизларга айтади«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни қўрқитасиз» (Анфол, 60).
Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳнинг «бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни қўрқитасиз» деган сўзи устида тўхталинглар.
У Зот бизга аниқ ибора билан айтмоқда: жиноий йўл билан қўрқитиш ва одамларга хавф солиш (террор)нинг муолажаси (охиратда) жазо бериш (Аллоҳнинг иқоби) билан қўрқитишдир. Жиноий қўрқитишга бошқа қўрқитиш билан хавф солинглар. Лекин у (охиратдаги Аллоҳнинг) иқобидир. Кимки бу иккисининг ўртасини аралаштириш, бир-бирига қўшиб юбориш ҳақдаги ўз фикрини ўзгартирмаса, гуноҳкор ва жиноий қўрқитишнинг (террорнинг) тарафдори саналади.
Аллоҳ ўз баёнотида жиноятни бартараф этиш учун жиноий қўрқитиш билан ўзимизга қурол қилиб олишимиз лозим бўлган жазо қўрқитиши (Аллоҳнинг иқоби) ўртасини жуда аниқ ажратиб беради. Бу Аллоҳнинг бизга вазифа қилиб топширган аҳдига вафо қилишнинг бир қисмидир.
Келинглар, қолган бошқа қисмлар билан ҳам танишиб чиқамиз.
Аллоҳ таоло айтади«Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз» (Анфол, 45). 
Аллоҳни зикр этиш талаб қилинган ишлардандир, лекин зикр уммат мусибатга дучор бўлган вақтда инсонни алоҳида, ўзига хос тарзда қўллаб-қувватлайди.
Аллоҳга иймон келтирган мусулмон уммати ўзини, қадриятларини ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини пойлаб ётган душманлари туфайли мусибатга дучор бўлганда, уларни Аллоҳ таолонинг зикри қўллаб-қувватлайди.
«Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг».
Саботли бўлиш йўли ва унинг усули қандай? Саботли ва чидамли бўлишимиз ҳамда биздаги қўрқинч шамоллари кучаймаслигининг йўли қандай? 
Бунинг йўли Аллоҳнинг зикрини кўпайтириш ҳамда иймон, муҳаббат, қўрқинч ва ҳайбат зикри билан қалбингизни Аллоҳга йўналтиришингиздир. 
Ана шунда Аллоҳ таолонинг сизларга ёрдам бериши аниқ.
«Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз».

Жарлик ёқасига келиб қолганлар энг аввал Аллоҳнинг зикрини қилиши керак бўлган кишилар. Умматни ҳимоя қилиш ва уларнинг қадриятларини қўриқлаш шарафига муяссар бўлганлар, биринчи навбатда, Аллоҳнинг зикрини қилишлари лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтганидек, ана шулар энг аввал Аллоҳнинг зикрини қилишлари керак!
Имом Муслим ўзининг саҳиҳида ривоят қилган Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг сўзини эшитинглар: «Бошбошдоқлик – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир».

Яъни фитналар кўпайиб, қотил нима учун ўлдираётганини, ўлдирилган нима учун қурбон бўлганини билмаган ҳолида қатл тегирмони Аллоҳнинг бандалари устида айланаётган вақтда Аллоҳнинг зикрини қилиш, унинг ибодатини бажариш ва буйруқларини лозим тутиш ҳамда қайтариқларидан узоқда бўлиш Расулуллоҳ саҳобаларни Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларига буюрган вақтдаги ҳижрат савобига тенгдир.
Ҳа, эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло умматга тоширган аҳдга умматнинг вафоси шудир. Агар биз бу аҳдга вафо қилсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳам аҳдига вафо қилади.

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билинки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз» (Анфол, 24). (Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин, у ўзини ўнглай олмай қолади. Инсон ўз қалбига молик бўла олмай қолади. «Тафсир ҳилол».)

Аллоҳ таоло кейин яна Ўзининг олий Зотига олган топшириқ аҳдига вафо қилишни таъкидлаб айтади: «Бу одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир. Бўшашманглар! Хафа бўлманглар! Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар». (Эй мусулмонлар! Ҳеч бўшашманглар, заифлашманглар, сизга етган мусибатларга, бошингизга тушган оғирликларга хафа бўлманглар. Сизлар дунёда ҳаммани ҳидоятга даъват қилувчиларсиз. Улар зулматга, залолатга чақирувчилардир. Сизлар икки дунё саодатига эгасиз. Улар икки дунё бадбахтлигига эгадирлар. «Тафсир ҳилол».)
«Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмас. Токи Аллоҳ мўминларни поклаши ва кофирларни ҳалок қилиши учун». (Оли Имрон, 138–141).

Мен айтмоқчи бўлаётган икки иш қолди.
Биринчиси: келинглар, биздан илгари ўтган айрим зотларни ўзимизга ўрнак деб билиб, бундан овунамиз. Улар ўзларига етган бу каби фитна ва синовларга қандай ёндашган ва булардан қутулиш чораларини қандай қўллаган – шу нарсаларни ўрнак билиб ўзимизни юпатамиз.
«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз». (Анфол, 60).
Аллоҳга ҳақиқий илтижо қилиш ва Аллоҳнинг остонасида ҳақиқий тақводорлик билан ҳаёт кечириш алоҳида махсус ҳолларда йиғлашдир.
Узоққа бормайлик, мен сизларга шу муборак заминда ўтган зотларни эслатишни истайман: ушбу масжиднинг шарқий томонида ётган Салоҳиддин Айюбий ҳазратлари ва мажиднинг ғарбида ётган Нуриддин Зангий ҳазратлари. Бу икки зотлар муборак ушбу заминни салбчиларнинг ифлосликларидан қандай тозалаганларини биласизларми?
Франция мустамлакачилари Аллоҳнинг муқаддас ерларини овлаш учун келиб у ерларни талон-тарож қилганларини эслай оласизларми? Натижаси нима бўлди?
Аллоҳ бу босқинчиларни тўсди ва орқага қайтарди. Мусулмонлар ўзларининг раҳбарлари бўлган Нуриддин Зангий ва Салоҳиддин Айюбийларнинг бошқарувига вафо қилган вақтда Аллоҳ азза ва жалла ҳам Ўзининг аҳдига вафо қилди.
Нуриддиннинг таржимаи ҳолига мурожаат қилинглар. У зотнинг сахарларда қанчалар кўп йиғлаганлари ҳамда ўзининг тақводорлиги ва раҳмдиллиги сабабидан раҳматлар туширишини сўраб яратган Мавлосига қанчалар кўп муножотлар қилганига эътибор беринглар. Ўнг томонимизда ётган бу инсоннинг сийратларини бир ўйлаб кўринглар.
У зотнинг шогирди ва муриди бўлган Салоҳиддин Айюбийнинг сийратларига назар солинглар.
Бу каби, балки бундан ҳам кўп фитналарга дуч келган бошқалар ҳақида кўп гапиришни истамайман. Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилди, тилакларини рўёбга оширди ва кўз ёшларини зое қилмади. Уларни қўллаб-қувватлаб, зафар берди.
Мен айтмоқчи бўлаётган иккинчи иш шулдирки, қуйидаги сўзларимни Аллоҳга иймон келтирган мўмин бандаларнинг ҳаётларини арзон санаб, ўз ҳаётларининг ҳам баҳридан ўтаётганларга қарата айтаман. Улар ўз ҳаётларини бадаларнинг ҳаётларини ҳимоя қилиш йўлида эмас, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандалари ҳаётини вайрон қилиш йўлида қурбон қилмоқдалар. Мен уларга айтаман:
Агар инсонлар орасида бирор киши олдингизга келиб миянгизни «ювмоқчи» бўлса ва сизларга яқинлашиб келаётган нарса Аллоҳ таоло йўлидаги жиҳод деб тушунтирмоқчи бўлса, огоҳ бўлинглар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муслимнинг саҳиҳи, Ҳокимнинг Мустадраки орқали сизларга юборган рисолатни эшитинглар.
Сизларга Расулуллоҳ айтади:
«Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхшиси-ю ёмонини урса, улардан ўзини тиймаса ва умматим билан аҳдда бўлганларнинг (яъни аҳли китобларнинг) аҳдига вафо қилмаса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман».
Эшитдингизми, ҳой одамлар?! Ёки қайтаришимни истайсизларми?! Эҳтимол, сизлар Расулуллоҳнинг бу ҳадисларини билмассизлар.
«Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхшиси-ю ёмонини урса, улардан ўзини тиймаса ва умматим билан аҳдда бўлганларнинг (яъни аҳли китобларнинг) аҳдига вафо қилмаса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман».

Агар сизларга яқинлашиб келаётган нарса чўнтагингизни тўлдирадиган бойлик натижаси бўлса ва сизларни маст қилган ушбу бойлик сабабидан бу ишни қилишга чақирилган бўлсангиз, агар сизни худкушликка шу нарса ундаётган бўлса, огоҳ бўлинг. Сизларга ҳамда уларга айтган Аллоҳнинг ушбу сўзини эшитинг:

«Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфларлар. Бас, уларни сарфлайдилар-у, сўнгра ўзларига ҳасрат бўладир, кейин мағлуб бўларлар. Куфр келтирганлар жаҳаннамга тўпланурлар» (Анфол, 36).

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.
13 январ 2012 йил.

Тошкент шаҳар Эшонгузар жоме масжид имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Махлуқотларнинг сенинг хусусиятингни билмоғига орзуманд бўлишинг бандалигингда содиқ эмаслигингга далилдир.ndash Бандалик инсоннинг бутун борлиғини ва давоми...

3512 19:30 / 18.01.2018
Саккизинчи сабаб мазах қилиш.Одамларни мазах қилиш, уларнинг устидан кулиш ғийбатнинг сабабларидан биридир.Муолажа. Шуни билиш лозимки, дунёда мазах қилган, давоми...

3079 15:15 / 06.06.2018
Энди мазкур зикр калималарининг фазли ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз.4525. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

4943 20:28 / 10.05.2018
У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий давоми...

3663 17:59 / 17.07.2017