1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунёни ғам-ташвишларга тўлдирган

18:14 / 15.01.2018 4969 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу дунёга меҳмон бўлиб келувчи инсон ҳаётнинг табиати (хусусиятлари) ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг зиммасига қоим қилган ишларни билиши лозим, токи кутилмаган нарсадан фожиа ясамасин ва турмуши Аллоҳ таоло тузиб қўйган йўналишда равон давом этсин.
Кўз очиб ҳаётни кўрган жуда кўп инсонлар ўзларини жаннатдаги кенг, соя-салқин жойларда яшаётгандек ҳис қиладилар. Мана шу хаёл уларнинг бахтсизлигига асосий сабаблардан бири бўлган.
Агар улар Аллоҳ таоло бу дунёни нима учун қоим қилгани билан дастлаб танишиб чиққанларида, ҳеч қачон бахтсизликка учрамас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қоим қилган нарсаларнинг ҳар бирида ҳикмат борлигини билар эдилар.
Билишимиз керак бўлган нарса шуки, бу дунё неъматга қанчалик тўлиб-тошса ҳам, албатта, бирор ҳикмат сабабли унинг неъматлари ғам-ғуссалар билан аралашиб келган.
Бугун ушбу ҳикматни эсга олиб суҳбатлашамиз.
Билишимиз лозимки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзида яхшиликларни ва ер юзидаги бандаларига неъмат бўладиган меваларнинг ўсиши учун сабабларни жамлаган ёз фаслини юборади. Бу фасл қаттиқ иссиқдан иборат машаққатларни ҳам олиб келиши аниқ.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмон баракаси ва набототларнинг ўсиши учун натижа қилган қиш фасли ҳам “чимчилаб олувчи” қаттиқ совуқларни олиб келишини унутмаслигимиз лозим.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаётимизнинг биринчи шартига айлантирган ҳаво ҳам айрим пайитларда бўрон ва офатлар сабабига айланишини билишимиз лозим.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ердан чиқарган ёки осмондан туширган таом, бўйсундириб қўйган кўплаб чорва моллари бир вақтнинг ўзида инсонга ғам-ғуссаларни ҳам келтириши мумкин.
Инсоннинг яшаётган ҳаёти бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтмай, ўзгаришсиз туриши мумкин эмас.
Ҳаётининг дастлабки босқичидаги болалик завқи инсонни ажаблантирган бўлса, тез орада бу ёш ўспиринлик даврига инади.
Уни саломатлик, офият ва жўшқин туйғулар кўринишидаги ўспиринлик даври ажаблантирган бўлса, бу ҳам тез орада қалбини ғам-ғусса ва хотираларга тўлдирадиган етуклик ёшига ўтиши аниқ.
Етуклик ҳам, албатта, тугайди ва қарилик келади.
Бир пайтлар уни саломатлик ва офият ҳайратга солган эди, энди иложсиз дарду аламлар ва касалликлар навбати ҳам етади.
Инсон бу дунё шундай эканлигини билиши лозим. Шунингдек, одамнинг кучи қанчалик кўпайса ёки озайса, бойлиги қанчалик ортса ё камайса – буларнинг ҳаммаси дунёнинг ишлари шундай эканини тушуниб етиши учундир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзини ўқимаганмисиз:
“Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз” (Бақара, 155).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми;
“Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин Китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир” (Оли Имрон, 186).
Бу дунёга меҳмон бўлиб келувчи инсон ҳаётнинг моҳияти шулардан иборат экани ва бу низомни ўзгартиришнинг ҳеч қандай йўли ҳам, имкони ҳам йўқлигини билиши лозим.
Аммо бунинг ҳикмати нима?
Бу ерда ҳар бир инсон билиб олиши зарур бўлган муҳим ишлар яширинган.
Аллоҳ таоло қоим қилган ҳаётни биз санаган низом ва услублар билан ўтиш инсонни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг меҳру-шафқатига яқинлаштиради.
Бу Аллоҳ таоло буюк раҳматининг нозик кўринишидир.
Аллоҳ таоло ҳаётни ҳақиқий қароргоҳга ўтиш учун йўл қилган. Умрни фақат туриш жойидангина иборат қилмаган.
Аллоҳ бу дунёни инсон ўтадиган ва ўзига таклиф этилган вазифаларни бажарадиган кенг майдон қилган. Инсон бу вазифалар орқали қалбидаги Аллоҳга иймонини ва Аллоҳнинг олдидаги ўзининг бандалик моҳиятига бўйсинаётганлигини ёки буларнинг тескариси бўлган Аллоҳга куфрона жавоб қилиши ва Унга бандалик мазмун-моҳияти олдидаги қайсарлигини намоён қилади.
Аллоҳ таоло бу дунёни инсон ўтадиган бир майдон қилган. Бу ўтиш майдони орқали инсоннинг қалб тубида бекитган нозик нарсалари ҳам очилиб кўринади ёки намоён бўлади.
Ичида юки бор машинани кўрганмисиз? У олдингиздан ўзи ташиётган нарсаларни намойиш қилиб ўтади. Айнан шунингдек ҳаётингиз ҳам сизда нима бор эканини кўрсатиб, Аллоҳга бўйсунганингиз ёки унга итоат этмаганингизни намойиш қилиб ўтади.
Бу дунё ҳаётидир, бу ҳаёт ўтиш йўли бўлиб, доимий тўхтаб туриш жойи эмасдир.
Биласизларми, агар Аллоҳ таоло мен сизларга кўприк ва ўтиш йўли деб айтган қисқагина бу ҳаётни ташвишсиз, фақат неъматларнинг ўзи билан тўлдирса, нима бўлар эди? Инсон буларга қаттиқ боғланиб, бу дунёнинг ўзигагина ошиқ бўлиб қолар эди.
Унинг орзу-умидлари кейин келувчи нарсадан тўсилиб, ғам-ташвишсиз дунё неъматларидан иборат бўлган ушбу майдондаги ўй-хаёллар билан чегараланиб қолар эди. Бирор касаллик ёки осмондан тушувчи офатлар ва ердан келадиган балолар ҳамда одамларни бир-бирлари билан синаб имтиҳон қилишлар бўлмаганида, инсон шу дунёнинг ўзигагина боғланиб қолар эди.
Лекин бу ҳаёт ўтиш йўли ва кўприк бўлиб, доимий ўрнашиб турадиган қароргоҳ эмас. Қайсидир бир кун чақирувчи фаришта уни охират сафарига чорлаши аниқдир.
Биласизми, агар қалбингиз бу ҳаётга боғланиб, унга бирор неъмат туфайли ошиқ бўлиб қолса, сиз у билан хайрлашаётган вақтда қанчалик алам чекасиз? Фаришта: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога йўлиқиш вақтинг келди”, – деган вақтда қанчалик азоб чекиб қийналишингизни биласизми? У вақтда сиз солиҳлардан бўласизми, ярамас баджаҳл бўласизми, тўғри йўлда юрувчи авлиёлардан ёки йўлдан адашган кишилардан бўласизми – барибир худди илдизлари ер остига тарқалган дарахт ердан қўпориб олингани каби ўзингизнинг бу ҳаётдан суғуриб олинаётганингизни албатта ҳис қиласиз. Бу дарахтни суғуриб чиқаришга кучингиз етмайди, чиқармоқчи бўлсангиз ҳам, унинг томирлари у ер-бу ердан узилиб кетади. Инсоннинг иши ҳам худди шундай.
Бу Аллоҳнинг ўз бандаларига меҳрибонлиги кўриниши бўла оладими?!
Аллоҳ таоло кўпчилик ҳаётини кексалик билан якунлашини ирода этганига эътибор беринглар. Нима учун аввал қарилик, кейин ёшлик даврини бермади?
Бунинг ортида аниқ-равшан ҳикмат турибди.
Инсон ёшлиги билан видолашиб, қарилик даврига кирганида, бир кун зерикиш ҳис қилади. Ҳаёт жонига тегиб, малол келиб қолади. Мана шу Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлиги бир кўринишидир.
Аммо агар инсон ҳаёти ёшликда интиҳо топиб, шу даврда ўлим фариштаси олдига келса, унинг аламлари қанчалар қаттиқ ва оғир бўлар эди?!
Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу дунёни неъматлар билан тўлдиргани каби, ғам-ғусса ва ташвишлар билан ҳам тўлдирган. Инсон бу дунёнинг ўзига боғланиб қолмаслиги учун унисини буниси билан аралаштириб қўйган.
Бу дунёга меҳмон бўлиб келувчи ҳар бир инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қоим қилган низомини билиши лозим, токи улар бало ва бахтсизлик ҳодисасидан фожиа ясамасин ва ундан қўрқиб кетмасин. Токи у неъматлар ёки синовлар ичига тушган вақтда, ортида Аллоҳ таолонинг рахмати ва ҳикмати борлигини билсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни неъматлар билан икром этгани аниқ бўлгани каби, уни ғам-ташвишлар билан синаб имтиҳон қилгани ҳам аниқдир.
Агар инсон мана шу маънони тушуниб етса, ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматини унутмайди. 
У доим Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яхшилик ҳамда саховатида яшайди. 
Инсон ўтиб бораётган кўприкнинг хусусияти шудир.
Олайлик, хизматдан уйларига қайтаётган одамлар қоронғу кечада кўприкдан ўтадилар, гоҳида ўтиш уларга оғирдек туюлиб, гоҳида қийинчиликлар туғдиргандек бўлади. Агар бу қийинчилик ҳақида кимдир сўраса: “Қийин жойи йўқ, бу ўтирадиган ёки инсон қўним топиб яшайдиган жой эмас, оддий бир кўприк-да  деб жавоб беради. Ҳаётимиз ҳам шу каби. 
Шундай экан, Аллоҳга иймон келтирган ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи маъносини тушуниб етган одам доим саодатда ва шодликда яшайди.
Биз ер юзидаги нарсаларни уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун зебу зийнат қилиб қўйганмиз. Албатта, Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантиргувчимиз”. (Каҳф, 7-8).

Ҳа, агар унга офият берилса, Аллоҳга шукр қилиб, ҳамд айтади. Агар бемор бўлса, биладики, бу ўтиб кетади, яна Аллоҳга шукр қилиб, Уни мақтайди.
Шунда ҳам биз Аллоҳдан офият, бизни афв қилишини сўраймиз.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.
22 декабр 1995 йил.

Тошкент шаҳар Эшонгузар жоме масжид имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади.ndash Жоҳиллик илмнинг тескариси, давоми...

3595 17:49 / 25.03.2018
Мазкур сабаблар ўнтадир1. Қуръони Каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ давоми...

3852 22:09 / 20.04.2018
Тўртинчи тақсимЁмонланаётган одамнинг қайси жиҳати зикр этилаётганига қараб ғийбат олти қисмга бўлинади.1. Бадан ғийбати. Бадан ғийбати дейилганда кишининг давоми...

5984 18:36 / 15.01.2018
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

5797 19:24 / 08.08.2017