1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг зарарлари (2-қисм)

19:17 / 11.04.2018 3590 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи зарар: амаллар китобидаги яхшиликлар сони камайиб кетиши.

Ривоят. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу айтади: «Қиёмат куни бир бандага амаллар китоби берилса, унда ўзи қилмаган яхшиликларни кўриб, «Роббим, булар китобимга қаердан келиб қолди?» дейди. Шунда унга: «Бу сен билмаган ҳолда одамлар сени ғийбат қилгани учун», дейилади».[1]

Ҳикоя. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳга: «Фалончи сизни ғийбат қилди», дейишган эди, у киши ўша фалончига бир товоқ хурмо жўнатди ва: «Ўз яхшиликларингнинг бир қисмини менга ҳадя қилганингни эшитгач, сени мукофотлашни хоҳладим», деб айтиб юборди.[2]

Ҳадис. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «(Қиёмат куни) бир кишининг китоби очиқ ҳолда берилади. У: «Роббим, қилган фалон-фалон яхшиликларим қаерда? Саҳифамда йўқ-ку?!» дейди. Шунда Парвардигор: «Одамларни ғийбат қилганинг учун ўчириб юборилди», дейди».[3]

Оят. «Аллоҳ зарра миқдорича ҳам зулм қилмайди».[4] Кимда кимнинг ҳаққи қолган бўлса, уни тўлатиб беради. Жумладан, бир кишини бошқаси ғийбат қилган бўлса, унга ғийбат қилувчининг яхшиликлари олиб берилади.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис (касодга учраган киши) ким эканини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Биз муфлис деб на дирҳами, на матоҳи бор одамни айтамиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг муфлиси қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади. Лекин бировни сўккан, бировни зинода айблаган, бировнинг молини еган, бировнинг қонини тўккан ва бировни урган бўлади. Унга ҳам, бунга ҳам унинг яхшиликларидан олиб берилади. Зиммасидаги нарсалар тугамасидан бунинг яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, бунинг устига ташланади, сўнг у дўзахга улоқтирилади», дедилар.[5]

Шарҳ. Бу ҳадис бандаларнинг ҳаққини поймол қилувчи киши охиратда кечирилмаслигига ва унга ҳатто шафоат ҳам фойда бермаслигига ишора қилмоқда. Имом Нававий айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу муборак ҳадиснинг хулосаси шуки, умуман олганда, одамлар қўлида мол-давлати, пули бўлмаган ёки бўлса ҳам, жуда кам бўлган кишини муфлис деб биладилар. Аслида эса ҳақиқий муфлис ҳадисда зикр этилган кишидир. Дунёвий мол-давлатга эга бўлмаган кишини ҳақиқий муфлис дейиш тўғри эмас. Зеро, молу давлат ҳамда пулнинг муфлислиги юзаки ва вақтинчалик бўлиб, нари борса ўлим билан якунига етади. Аксинча, ҳаётда муфлис бўлиб қолган кишиларнинг яна қайта бойликка эга бўлиши кўп учраган. Ҳадисда зикр этилган муфлислик эса абадий ҳаётга тегишлидир. Бундай муфлисликка дучор бўлган кишининг барбод ва ҳалок бўлиши аниқ».[6]

Демак, Аллоҳ таоло Ўз адолати билан ҳар бир даъвогарни (унга золимнинг яхшиликларини олиб, ҳақларни ундириб бериш билан) хурсанд ва рози қилар экан. Золимнинг ибодатлари, яхшиликлари тугаганидан кейин ҳам ҳақдорлар қолса, уларнинг ёмонликлари ўша золимнинг зиммасига юклатилиб, унинг номаи аъмоли даъвогарларнинг ёмонликлари билан қора қилинади. Охири мазлумлар ўз ҳақларини олиб жаннатга, золим эса жаҳаннамга киради. Ҳақиқатда ҳам, тоғдек савоблар билан келиб, жаннатга кириш ўрнига, аксинча тоғдек гуноҳларни елкасига юклаб, жаҳаннамга улоқтириладиган кишидан ортиқ муфлис, қашшоқ киши бўлиши мумкин эмас. Чунки дунёда молиявий жиҳатдан муфлис бўлган инсонларга у қадар кулфат етмаслиги мумкин. Одатда унинг ҳолидан бошқа мусулмонлар хабар олишади. Лекин қиёматда ҳамма «ўзим-ўзим» деб турган бир пайтда, қайнаб турган жаҳаннамнинг товуши қулоқларга эшитилиб турганда, ҳар одам ўзи билан ўзи овора бўлиб турганда ҳеч ким бир-бирига мададкор, ёрдамчи бўла олмайди. У кунда одам ҳатто ота-онасидан, ака-сингилларидан, эр эса ўз хотинидан қочади. Биров бировнинг яқинига бормайди. Одам ҳатто отасида қолиб кетган ҳаққи бўлса, ўшани ҳам ундириб олишга ҳаракат қилади, унинг яхшилигини олиб, ўз номига ёздириб олишни хоҳлайди. Оддий одамларни қўйинг, ҳатто пайғамбарлар ҳам «ўзим-ўзим» деб шафоатдан қўл кўтарган, яъни ҳеч кимни шафоат қила олмайман деб, фақат ўзим қутулиб қолсам бас, дейдиган ташвишли ҳолатда бўладилар. Ҳамма ўзининг хатоларига надомат қилиб турган бўлади, чунки у кунда Парвардигори оламнинг ғазаб дарёси ҳам жўш уради. Барчанинг ҳуши учади. Бутун борлиқни бошқача бир кайфият қоплайди. Амаллар тарозига тортилганда эса қўрқувдан одамларнинг рангида ранг қолмайди. Ҳамма қайси палла оғир келишига мунтазир бўлиб, эсанкираб ҳайрон қолади. Кейин барча одамлар ҳисоб-китобга чақирилади. Бу пайтда ҳар бир банданинг, ҳаттоки пайғамбарларнинг ҳам баданлари қалтирайди. Аллоҳ таоло ҳақ эгаларини чорлаб, Ўз адолатини кўрсатади. Ўша пайтда одамлар: «Қанийди дунёда одамларни ғийбат қилмаганимда, кошки бирор кишига озор бермаганимда, кошки менинг ёмонликларим бошқаларга берилиб, уларнинг яхшиликлари менга берилса эди», деб орзу қилади.

Насиҳат. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир куни Суфён Саврийга: «Эй Абу Абдуллоҳ, Абу Ҳанифа ғийбат қилишдан мунча ҳам узоқ бўлмаса! У киши ҳатто душманини ҳам ғийбат қилганини эшитмаганман», дедим. Шунда Суфён Саврий: «У киши (Абу Ҳанифа) ўз яхшиликларини яхшиликларни барбод қилувчи нарсага топшириб қўйишдан ақллироқ», дедилар.[7]

Ақлли киши бировни ғийбат қилиб қўйса, яхшиликлари унинг ҳисобига ўтиб кетишини жуда яхши билади.


«Ғийбат ўзи нима?»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Танбеҳул ғофилин»; «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб».

[2] «Нузҳатул мажолис».

[3] «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб».

[4] Нисо сураси, 40-оят.

[5] «Саҳиҳи Муслим», 6522-ҳадис, «Сунани Термизий», 2420-ҳадис.

[6] «Мазоҳири Ҳақ», 5-жилд, 630-бет.

[7] «Вафаётул аъён».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Учинчи зарар амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар .Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда давоми...

4004 14:44 / 14.04.2018
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривояи қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Дуо ndash ибодатдир, сўнг ушбу оятни қироат қилдилар .Роббингиз давоми...

4022 17:24 / 08.06.2018
.Шубҳа, сўзи луғатда .ўхшаш, маъносини билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром давоми...

6336 17:20 / 14.09.2017
5. Ҳолидан хабар топиш учун ғийбат қилиш. Мен айтаманки, одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини олим, зоҳид, имом ёки пайғамбар каби улуғ зотлар олдида булар давоми...

4074 17:45 / 21.02.2018