1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бошланғич диний таълим ҳақида

11:22 / 13.01.2018 12801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу масала юзасидан мен ҳам ўз мулоҳаза ва таклифларимни керакли тарафларга бергандим анча бурун ва ўшандан бери уларни сизларнинг муҳокамангизга ҳам ташлашни қасд қилиб юргандим. Бугун шу масала кўтарилган экан, ўша фикр мулоҳазаларни кенг оммага тақдим этишни лозим топдим. Ҳамфикр бўлганлар қўллаворсалар, натижа ҳам яхшироқ бўлар балки.

Илм-фан қанчалар равнақ топмасин, майдони қанчалар кенгаймасин, у барибир инсонлар учун хотиржамлик, саодат руҳини, бир сўз билан айтганда, чин инсонийликни рўёбга чиқариб беришга қодир эмас. Чунки бу илм ҳаётнинг фақат моддий томонини ривожлантиради, узоқни яқин қилиб, узун муддатни қисқартириб беради. Шунинг учун ушбу биз яшаётган асрни «тезлик асри», «масофаларни кесиб ўтиш асри» деб номлашди. Лекин бирор киши бу асрни «фазилатлар асри», «хотиржамлик асри» ёки «инсоният учун саодат асри» дея оладими? Йўқ, ҳозиргача бу гапни биров айтолмади.

Руҳий-диний чанқоқлик ҳар бир соғлом инсонда бўлади. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ушбу «чанқоқлик»ни «мусаффо зилол сув» билан қондирилмаса, одамлар «лойқа сув»га бўйин чўзиб қолиши табиийдир. Шунинг учун диний таълим борасида жиддий ўйлаб кўриш ва шуғилланиш керак.

Халқнинг диний таълим олишда муаммоларга дуч келиши, турли тўсиқларга учраши уларнинг ички оламида зиддиятларни келтириб чиқаради, норозилик кайфиятини уйғотади. Айниқса, ёши ўтганда Қуръон ўқишни истаганда, бошига турли ташвишли ҳолатлар тушиб, мусибат етган чоғда дуолар қилишни қўмсаганда саводсизликдан алам чекиш ҳар қандай одамни афсус-надомат гирдобига тортади. Ҳаж-умра ва бошқа мақсадлардаги сафарлар асносида, оинаижаҳон орқали бошқа мусулмонларнинг Қуръонни қўлга олиб, бемалол, гўзал тарзда ўқиб ўтиришини кузатиш кўпчиликнинг қалбида ўксиклик пайдо қилади. Буларнинг барчаси норозилик туйғусини кучайтиради.

Бошланғич диний таълим борасида янгича, замон талабида иш кўриш жуда ҳам муҳим. Бунга халқнинг эҳтиёжи жуда ҳам катта. Зеро, инсон эътиқодсиз, диний тушунчаларсиз яшай олмайди. Бу эҳтиёжни тартибли равишда, керакли йўсинда, назорат билан қондирилмаса, кишилар уни ўзлари истаган тарафдан уддалашга мажбур бўлишади. Бунинг қандай ёмон оқибатларга олиб келишини тавсифлаш шарт бўлмаса керак.

Бизда диний таълим ҳақида гап кетса, «Мана, мадраса ва институтлар борку», деган маънода жавоб беришади. Тўғри, бу билим юртларининг борлиги жуда катта ютуқ. Аммо бу даргоҳларда диний илмларда мутахассис бўлиб етишмоқчи бўлганлар ўқийди. Биз мутхассис бўлмоқчи эмас, балки аслида касби бошқа, соҳаси бошқа, аммо динидан нималарнидир ўрганмоқчи бўлган кишиларни ҳам ўйлашимиз керак. Бошқача қилиб айтганда, мазкур олигоҳлардан масжидларга имом домлалар етишиб чиқади холос, лекин жамоат динни қаердан ўрганади, мана шуни мулоҳаза қилиш лозим.

Диний таълимни тартибли равишда йўлга қўйишда асрлар оша синалган ва бугунги дунёда ўзини оқлаб келаётган тажрибалар мавжуд. Ана ўшалардан фойдаланган ҳолда ҳозирги шароитимиз ва келажагимизга мос равишда диний таълим тизимини шакллантириш керак.

Бир қатор мусулмон мамлакатларда мактабда диннинг тарихи, айримларида диний таълим ҳам мажуд. Мисол учун, БАА амирлигида кўп мактабларда Қуръони Карим ва бошқа диний илмлардан бошланғич таълим берилади. Шунингдек, ҳар қандай хусусий мактаб, қайси миллат ёки дин вакилларига тегишли бўлмасин, энг камида ҳафтада бир марта Ислом дини ҳақида дарс киритиши талаб қиланади. Биздаги ҳозирги шароитда мактабда дин тарихи, одобнома каби дарсликлар киритиш имкони бўлса-да, диний таълим бериш борасида турли ноқулайликлар бор. Аммо халқнинг диний таълимга эҳтиёжи катта. Шу боис, ушбу эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, бу борада асосан иккита йўналишни таклиф қилиш мумкин:

1. Масжидларда диний таълим ташкил қилиш. Мисол учун, «Қуръон сабоқлари», «Тавжвид сабоқлари» «Намоз сабоқлари», «Ҳадис сабоқлари», «Турмуш сабоқлари» каби тўгараклар уюштириш орқали.

2. Махсус курслар ташкил қилиш. Бунда ҳам юқоридагига ўхшаш тўгараклар қилинади.

Одатда диний ташкилотлар низомида диндан таълим бериш хизмати ҳам бўлади. Чунки динни тўғри ўргатишнинг энг самарали усулларидан бири шу. Бизда бу вазифани масжидлар бажара олади. Бунинг бир қанча сабаблари бор:

1. Масжидлардаги имом ва ноиби имомлар Ўзбекситондаги диний муассасаларда таълим олган, Диний идора тизимидаги ходимлар ҳисобланади ва шу марказдан бошқарилади. Улар бу борада энг ишончли кишилардир.

2. Одамларнинг диний ишларда масжидга мурожаат қилишлари табиий. Улар диний таълим соҳасида ҳам айни шу бир манбага суянсалар, тафриқалар ва бошқа кўнгилсизликларнинг олди олинади.

3. Масжидлардаги таълимни назорат қилиш мумкин. Ким нима ўқияпти, нима ўқитяпти, ҳаммаси равшан бўлади.

4. Масжидларда диний таълим бериш, айни пайтда, энг анъанавий усул ҳамдир. Минг йиллар оша, яқин-яқинларгача бизнинг юртимизда ҳам бу ҳол давом этган.

Ҳозирда араб диёрлари, Индонезия, Малазия каби аҳолисининг аксари мусулмон бўлган мамлакатларни қўйинг, Европада ҳам, Кореяда ҳам, Америкада ҳам, Россияда ҳам, қўшни жумҳуриятларда ҳам масжидларда диний таълим бериш бор ва бу оддий ҳол. Кўпчилик ватандошларимиз чет элга ушбу имконитялардан фойдаланиш учун ҳам чиқиб кетмоқда. Бундай таълимни хатарли деб тушуниш, ваҳима қилишга ҳожат йўқ. Бу иш ҳамма жойда бор, ҳеч қаерда бу таълим усули муаммо келтириб чиқармаган. Қаерда бу маънода бирор ёмон ҳолат юзага келган бўлса, бу ўша ерда тизимни тўғри шакллантирилмагандан бўлади. Қўшни Қозоғистон, Қирғисизтон республикаларида ёзги таътилда болаларга диний таълим бериш ҳукумат мутсаддилари тарафидан топширилади ва бу билан болаларнинг турли жиноятларга, ёмон гуруҳлар домига тушишдан асраш назарда тутилади. Шунда ҳам ҳамма ўқиб юбормайди, фақат қизиққанлар ҳаракат қилади ва айнан уларнинг динни нотўғри тушунишлари олди олинади.

Тажрибалардан маълумки, турли ёт оқимларга, жангари гуруҳларга қўшилган одамларни суриштирсангиз, дастлаб динни, Қуръонни, намозни ўрганмоқчи бўлишганини, кейин уларни йўлдан адаштиришганини кўрасиз. Агар биз ўша таълимни ўзимиз таъминласак, балки улар шу кўчага киришмас, ёмон ҳолатга тушишмас эди.

Масжидларда бошланғич ва умумий диний таълимни йўлга қўйишда қуйидагиларни эътиборда тутиш лозим:

1. Таълимни фақатгина Диний идора тизимидаги ходимлар: имом, ноиби имом ва муаззинлик вазифасидагилар амалга оширишлари мумкин. Диний таълимни йўлга қўйишда соҳанинг мутухассиси бўлмаган ёки бунга умуман алоқасиз томонларнинг аралашувига йўл қўймаслик керак.

2. Таълим учун керакли қўлланмалар тақдим қилинади. Бу борада ҳозирнинг ўзида анча-мунча манбалар бор, яна тайёрлаш мумкин. Уларнинг барчаси Диний қўмита ёки Диний идора тарафидан тасдиқланган бўлиши таъминланади. Ким нима хоҳласа ўқитавермаслиги керак.

3. Диний таълим зимнига одоб-ахлоқ, шарқона маданият, гўзал тарбия дарсликларини ҳам киритиш лозим.

4. Ёш болаларни қабул қилишда ота-онанинг розилиги ва назоратини шарт қилиш ҳам мумкин.

5. Бунда диний таълимни тадрижий йўл билан бошлаш лозим. Тошкент Ислом институтининг 1997-2004 йилларда амалга оширган «Тайёрлов» курсларининг тажрибаси бу борадаги энг маъқул йўл деб ҳисоблаймиз.

6. Ташкил этиш, назорат қилиш, доимий кузатиб бориш, сифат ва мазмунни ўрганиб боришни ЎЗМИ қошида тузилган махсус мутахассислар томонидан олиб борилишини қатъий асослаб қўйиш лозим.

7. Таълимнинг асосини минг йиллар давомида диёримиз мусулмонлари томонидан амал қилиб келинган диний қадриятлар, буюк аждодларимизнинг қолдирган бошқа мерослари асосида бўлишини қатъий таъминлаш даркор.

8. Масжидлар қошидаги курсларда дарс берадиган устозларга олдиндан қисқа муддатли бўлса-да, масалан, бир ҳафта, ўн кунлик малака ошириш ўқув курсларини ташкиллаштириш. Бунда мамлакатимизни минтақаларга тақсимлаб, ҳар бир минтақадаги устозларни қисқа муддатли ўқишини ўзининг жойига яқин ҳудудларда олиб бориш.

9. Малака ошириш курслари ўргатувчиларига дарс бериш учун тайёр мутахассис устозлардан иборат гуруҳ тузиш керак.

10. Ҳар хил тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида соҳага алоқадор ташкилотлар орасида мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш мумкин.

12. Курсни битиршда махсус шаҳодатнома беришни ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Масжидларда диний таълимни йўлга қўйишнинг қатор фойдалари бор:

1. Фарзандларимизга миллий-диний қадрятларимизни сингдириш, ўзлигимизни сақлаш осон бўлади.

2. Ёшларнинг турли буғзинчи тоифаларга, адашган оқимларга кириб кетишлари олди олинади.

3. Жуда кўпчилик юртдошларимиз болаларига таълим бериш илинжида чет элларда юрибди. Биз улар истаган нарсани ўз юртимизда ҳозирлаб берсак, уларнинг билиму қуввати, моддий-маънавий бойлигини шу ватанга сарфлатишимиз мумкин. Муҳими, улар ўз юртларига янада садоқатли руҳда улғаядилар.

4. Фарзандларимизнинг маънавий баркамоллиги кафолатланади. Жиноятларга қўл уриш, бузуқлик, ахлоқсизлик каби иллатларга шумғиб кетишлари олди олинади.

5. Ота-онага яхишилик қилиш, эл-юртга муҳаббат, ватанпарварлик каби ижобий хислатлар чин маънода, ҳақиқий инсоний фазилат, виждон иши сифатида сингдирилади.

6. Муқаддас динимиздаги илмга бўлган муносабат ёшларнинг илм-фан чўққиларини забт этишларида толмас қанот, битмас қувват бўлиб хизмат қилади. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Биз бу билан замонавий дунёда ўзлигимзни намойиш эта оламиз.

7. Ҳозирда диний таълим фақат мадраса ва исломий институтларда олинмоқда. Бу дегани диний соҳа вакиллари 10-11 йиллик мактабдан сўнг таълим олишга киришади демакдир. Бу эса диний соҳани яхши эгалламоқи бўлганлар учун жуда ҳам кеч. Бу ҳолатда соҳа бўйича етук олимлар етишиб чиқиши мушкул. Чунки бу ҳолатда талабалар 17, 18 ёшдан кейин бошланғич диний таълим олади. Бу ёшдан кейинги таҳсилнинг ҳолати қандай бўлиши эса кундек равшан. Агар улар масжид орқали бошланғич таълим берилса, мадраса чин маънода ўрта-махсус билим юрти бўлади ва институтларимиз соҳага оид олийгоҳлар билан беллаша олади.

Диний таълимда мазкур ва бошқа ижобий натижаларни қўлга киритиш учун мутхассислар билан бамаслаҳат ва режали равишда иш кўриш керак. Акс ҳолда, кўзланган мақсадлар рўёбга чиқмай қолади.

Масжидларда бошланғич диний таълимни йўлга қўйишда айтарли салбий ҳолат йўқ, деб ўйлаймиз. Чунки бу услуб бутун дундёда кенг қулоч очган ва асрлар оша тажрибадан ўтиб келаяпти. Биз буни муҳокама қилаяпмиз, аммо бошқа жойларда бу иш оддий ҳол ҳисобланади.

Бошланғич диний таълим учун махсус курслар очишга келсак, бу борада ҳам масжид имомларини масъул қилиш керак. Чунки улардан бошқа диний илм мутахассислари етарли ва қониқарли эмас. Шу билан бирга, назорат учун ҳам ушбу тизим қулай.

Бундай курсларни масжид қошидаги биноларда олиб бориш ҳам, бошқа жойларда ўтказиш ҳам мумкин. Ҳар бир масжид ўз ҳудудидаги курсларга масъул бўлади. Уларда ҳам худди масжиддаги тартиб, имтиёз ва талаблар жорий қилинади ва ўша қўлланмалардан фойдаланилади.

Диний илмлар билан замонавий фанларни бир-бирига қарама қарши қўйиш эскича қолип, бир ёқлама қарашдир. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, бу тутум мусулмон бўлмаган халқларга тегишли, чунки уларнинг диний қарашларида бунга сабаб бўлувчи омлилар бор. Аммо Ислом динида бу зиддият йўқ, у ҳеч қачон ёмонликка чақирмайди, фақат эзгуликни таълим беради, илм-маърифатга чорлайди, ватанпарварликни ўргатади.

Япония, Корея ва бошқа қатор Осиё давлатларида мактабгача таълимда ахлоқ-одоб, миллий-диний урф-одатларни ўргатиш йўлга қўйилган. Ҳатто айрим черковларда ҳам бу усул бор.

Илм ва маълумот борган сари кенгайиб, чуқурлашиб, мурккаблашиб боради. Демак, уларни ўзлаштириш ҳам кўп муддат талаб қилади. Шу боис, таълимни эртароқдан бошлаш керак. Бунинг учун, Президентимиз таъкидлаётганидек, диний таълимнинг узуликсизлини таъминлаш керак.

Мутахассислар айтишича, боланинг асосий шаклланиши 7-8 ёшгача бўлар экан, аниқроғи, унинг 70 фоиз хислати шу ёшгача шаклланар экан. Бу даврдан унумли фойдланиш лозим. Соф эътиқод, одоб-ахлоқ айнан ёшликдан сингдирилиши керак. Шунда фарзандларимиз бошқа йўлларга чалғимайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Имом Бухорийнинг даврларида омматан 5 ёшда болалар хат таниган экан. У киши ҳам ўша ёшдан мадрасага, устозлар ҳузурига қатнай бошлаганлар. Бу ҳолатни барча буюк аждодларимизда кузатиш мумкин.

Буюк аллома Абу Алий Ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ «Сиёсат» номли асарида фарзанд тарбияси ҳақида сўзлаб туриб: «Тили равон бўлиши билан унга биринчи бўлиб Қуръон ўргатилади. Сал ақл танигач, тил-адабиёт, фиқҳу ҳадис ва бошқа илмлар таълим берилади», дейди.

Қўшни мамлакатларда фарзандларга диний-дунявий илмларни бирга ўргатиш борасида анча яхши қадамлар ташланмоқда. Тез орада уларда етук олимлар, устозлар етишиб чиқиши кутилмоқда. Биз ҳам тездан ҳаракатни бошлаб, ўз ишмизни режалаштирмасак, яқин кунларда халқимиз ўзимизнинг олимларимиздан қониқмай, бошқа жойдагиларга интилиб қолади. Зеро, илм шундай нарса, ким уни кўпроқ эгалласа, ўсаверади. Инсоннинг кўнглига ҳукмронлик қилиб бўлмайди, чунки инсон ўзи ўз кўнглига ҳукм ўтказа олмайди. Шундай экан, одамлар илми ва билими чуқур одамларнинг сўзига қулоқ солади. Бундай етук мутхассисларни етишитиришда ҳозир дунёда кимўзар ўйналмоқда, десак, хато бўмлайди. Биз ҳам бу борада ўз кучимизни ишга солишимиз керак. Бу эса бошқа соҳалар қатори, диний илмларни эртароқдан бошлашни тақозо этади.

Бугун юртимизда ҳар жабҳада янгиланиш, ўсиш жадал бормоқда. Жуда кўп муҳим қарорлар, ташаббуслар бўй кўрсатиб, кутилмаган даражада ютуқлар кўзга ташланяпти. Аммо диний таълим борасидаги муаммолар ҳозирча ҳал этилгани йўқ. Биз ҳозир ушбу мавзуга эътиборни қаратмоқчимиз.

Бошланғич диний таълим борасида янгича, замон талабида иш кўриш жуда ҳам муҳим. Бунга халқнинг эҳтиёжи жуда ҳам катта. Зеро, инсон эътиқодсиз, диний тушунчаларсиз яшай олмайди. Бу эҳтиёжни тартибли равишда, керакли йўсинда, назорат билан қондирилмаса, кишилар уни ўзлари истаган тарафдан уддалашга мажбур бўлишади. Бунинг қандай ёмон оқибатларга олиб келиши тарихдан маълум, буни бугунги воқелик ҳам кўрсатиб турибди.

Очиғини айтганда, Қуръон ўқишни ўрганиш борасида бизга ҳар куни, кун ора мурожаат бор. «Қуръон ёдламоқчиман, қандай ўргансам бўлади?», «Тажвидни қайси устоздан ўрганайлик?», «Боламга Қуръон ўргатгим келади, кимга мурожаат қилай?», «Илтимос, менга Қуръон ўргатинг», «Фарзандим ҳар тарафлама илмли бўлишини истайман, мусулмон фарзандимиз, боламиз Қуръон ўқишни ўрганиши керак, аммо ҳар хил одамнинг қўлига тушиб қолмасин деб қўрқамиз, шунга сиздан маслаҳат сўраяпмиз, нима қилсак бўлади?» каби илтимослар, сўров ва мурожаатлар бизни жуда ҳам қаттиқ ҳижолатга солмоқда, ўйлантириб қўймоқда, буларнинг ҳар бири елкамизга улкан масъулиятни юкламоқдаки, уни адо этмагунча кишида ҳаловат бўлмаслиги табиий. Бу бир менга бўлаётган ва ҳозир биров хусусий равишда диний таълим бермаслиги ҳаммага равшан бўлиб турган ҳолда келаётган мурожаатлар. Қолганини ўзингиз ўйлайверинг... Тўғриси, бу мурожаатлар одамни чарчатади ҳам. Бу талаб ва истакларга ўз ўрнида ва керакли даражада жавоб бериш жуда ҳам долзарб бўлиб турибди. Бунга жиддий қараш ва бир ёқадан бош чиқариб, бугунимиз ва келажагимиз учун, элимиз ва ватанамиз учун манфаатли йўлни тутишмиз жуда ҳам муҳим.

Бутун дунёда илм ёшаряпти, ихтисослаштириш ёшармоқда. Аждодларимиз Қуръон ёдлаш ва бошланғич диний таълимни, ахлоқ-одобни жуда ёш ўзлаштиришган ва шу учун даҳо бўлиб етишишган. Бугун ривожланган мамлакатларда айнан шундай усул қўлланмоқда. Ҳолбуки, буни биз минг йиллар оша ўз ҳаётимизда синаб ўтганмиз. Қайси бир буюк олимимизни, кашфиётчимизни, улуғ адибимизни олсак, ёшлигида Қуръон ёдлаган ва диёнатда пешқадам бўлганини кўрамиз. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

Мактабгача бўлган таълим муассасаларида ҳам қуръоний савод чиқариш, одоб-ахлоқ дарсликларини ўтишни йўлга қўйиш мумкин. Бу борада керакли тажриба ва қўлланмалар бор. Иқтидорли болаларни мактабача Қуръон ҳофизи этиш усуллари мавжуд. Айримлар болалар қийналмайдимикин, эзилиб қолмайдимикин, деан ташвишни қилади. Агар тўғри йўл тутилса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, буни бошқа жойларда жуда яхши олиб бориляпти ва борада ҳам синовдан ўтган усуллар етарли.

Бу борада кўп гапириляпти, фикр билдириляпти, аммо амалий ҳаракат сезилмаётир. Бу ердаги гаплар ҳам шундайлигича қолиб кетмаслиги учун амалий чорага ўтиш керак бўлади. Мақолани оммага эълон қилишдан мақсад ҳам шу. Бу кўпчиликнинг фикри, ташаббуси билан бўладиган иш. Шу учун ушбу соҳага қарайдиган мутасадди ташкилот ва раҳбарларга қатъий, аниқ таклиф билан мурожаат қилинса, яхши бўлади. Ҳозир давлатимиз халқнинг ҳамма дардини эшитяпти ва қўлдан келганча талаблар бажариляпти. Мусулмонлар фақат қорин ғамини эмас, дин-диёнат, келажак ғамини ҳам ейиши керак. Аллоҳ Ўзи муваффақ айласин!


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади.Зикр мажлисларида қўлимда икки юз минг киши тавба қилди. Қўлимда икки юз киши исломга кирди. Ваъзларимдан қалби тош инсонларнинг давоми...

3972 09:00 / 05.05.2022
Тарбия масъулияти жуда ҳам катта иш. Буни ҳаммамиз биламиз. Аммо баъзилар бунга ҳафталаб эътибор бермайди, ҳатто йилда бирор марта оиласига эътибор давоми...

1361 16:08 / 14 август
Ўрта ёш юртдошларимиз ва ёши улуғларимиз жуда яхши эслашса керак бундан 25ndash30 йил аввал кундалик эҳтиёжларимиз учун фойдаланадиган буюмларимизнинг асосий давоми...

2421 16:00 / 20.02.2023
Ксенофонт Суқротнинг шогирдларидан бири эди. У илм, маърифатни севсада урушни ҳам қаттиқ яхши кўрар эди. Ксенофонтда фикрий асос пойдевор деярли кўринмас эди. У давоми...

2649 10:55 / 02.12.2021