1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ёмғир сўрашнинг йўли ва хавфли касалликларга қарши ҳимоя

16:24 / 09.01.2018 4582 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикмати буюк Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини доимо хавфу ражо (қўрқинч ва умид) билан тарбиялаб келади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган ҳар бир нарсада Ўзининг хавфу ражосини эслатиб турадиган нарса бор.
Азоб ва ҳалокат хатаридан холи бўлган раҳмат кўринишларини топа олмайсиз. Ражо ва раҳматдан холи бўлган ҳалокат кўринишларини ҳам учратмайсиз. Буларнинг бари инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган нарсаларни кўрган вақтда, уларни ражога боғлаш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хавфига жалб қилиш учундир.
Аллоҳ таоло сувни ҳаётнинг сабабчиси қилди.
Буюк қудрат эгаси айтади:
«Сувдан ҳар бир тирик нарсани (пайдо) қилганимизни билмайдиларми (Анбиё, 30).
Сувни ҳаёт учун, наботот ва ризқ учун сабаб қилди. Шу билан бирга, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сувни Ўзи хоҳлаган пайтда ҳалокат ва вайронагарчиликларга ҳам сабаб қилган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсоннинг атрофида эсиб турувчи шамоллар яратди. Бу шамолларни инсон ҳаёти давомийлигининг сирларидан қилди. Аллоҳ азза ва жалла бу шамолларни ҳаёт ва тикланиш учун сабаб қилган бўлса-да, баъзида Ўзи истаган вақтда фалокат ва вайронагарчиликлар учун ҳам сабаб қилган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ернинг ҳар томонига нурини сочаётган қуёшни сиз билганингиздек ҳаётнинг сир-асрорларидан бири қилган. Лекин буюк ва қудратли Аллоҳ инсон олдига қуёш ҳароратини икки қурол қилиб қўйган. Баъзида яхшилик ва манфаат қуроли, баъзида эса ҳалокат ва вайрон этиш қуролига айлантиради.
Буларнинг ҳикмати нима, эй дўстларим?
Ҳикмат шуки, инсон айнан моддий нарсаларнинг ўзига боғланиб қолмасин. Сувнинг моддасига боғланиб, ҳаётнинг сири айнан сувнинг ўзида деб ўйламаслиги лозим. Инсон ер ва осмон орасида айланиб юрган шамолларга боғланиб, бу шамоллар ҳаёт учун ёки доимо вайрон қилиш учун сабаб деб ўйламаслиги керак.
Инсон нафсини ерга, унинг ҳаракати ва ўрнашиб туришига боғлаб, албатта, ер унинг устидаги инсон ҳаёти учун ва қўним топиб яшаши учун сабаб деб ўйламаслиги лозим. Балки биз айтиб ўтган оламдаги ҳамма нарсалар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўл остидаги хизматчилар эканини тушуниб етиши керак.
Шаррос қуйиб ёғаётган ёмғир, эсаётган шамол, айланаётган ер ва нурини сочаётган қуёш – буларнинг ҳар бири ёлғиз ўзи бирор нарса беролмайди, ололмайди, фойда ёки зиён ҳам етказа олмайди. Лекин улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўл остидаги хизматчи ва аскарлардир.
Инсоннинг хизматчилар ҳаракатига эътибор қилиб, уларга топшириқ бераётган ва уларни қайтараётган Зотга бепарволиги нодонликдир.

«Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдир. Ва у (дўзах) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмасдир»(Муддассир, 31).
Нодон инсон уловда кетаётган киши эьтиборини олдига қаратгани каби, эътиборини моддий нарсанинг ўзига қаратади, тикланиш ва ҳаёт сирини ёки ҳалокат ва вайрон қилиш сабабини айнан шу нарсанинг ўзида деб билади.
Ким шундай хаёлга боради? Иш ундай эмас, агар Аллоҳ хоҳласа, сенинг ҳаётинг учун сабаб бўлган нарсани бир сониянинг ўзида ҳалокатинг сирига айлантириб қўяди. Шунинг учун сен оламни идора қилиб турган ва сенинг тикланишингга сабаб бўлган нарсани ҳалокатингга сабаб қилиб қўювчи зотга нисбатан бундай муносабатда бўлмагин. Сен доим Аллоҳга боғлан.
Аллоҳ таоло Каломида айтади;
«Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман»(Зарият, 50).
Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссалом қавмини ҳалок қилиш йўли қандай бўлганлиги ҳақида айтган сўзига эьтибор беринглар, унда Аллоҳ нима дейди:
«Албатта, Биз сув туғёнга келган пайтда сизларни кемада кўтарганмиз». (Ал-Ҳаққо, 11).
Сув ҳаёт сири, Аллоҳ Каломида айтган:
«Сувдан ҳар бир тирик нарсани (пайдо) қилганимизни билмайдиларми?» (Анбиё, 30).
Аллоҳ таоло ўз топшириғини сувга йўналтирганида, сув туғёнга келиб ҳаддидан ошди. Ҳаёт учун белгиланган чегарадан чиқди ва ҳаёт сабаби бўлган нарса ҳалокат сабабига айланди.
«Албатта, Биз сув туғёнга келган пайтда сизларни кемада кўтарганмиз». (Ал-Ҳаққо, 11).
Сув туғёнга келган пайтда вайрон қилиш сабабига айланади. Сув хасис ва қизғанчиқ бўлганида (ёмғир ёғмаганида) ҳам, вайрон қилиш сабабига айланади. Буйруқ бўлган пайтда эса ҳаёт ва раҳмат сабабларига айланади.

Мезонни бу тарзда тутиб турган ким? Осмондан ерга тушаётган сувни мўътадил равишда оқизган, ҳатто уни туғёнга келтириб ёки хасис ва қизғанчиқ қилиб ҳалокат сабабига айлантирмаган ким?
Бу ўлчов кимнинг қўлида эканига эътибор беринглар ва Унга қочиб, Ўзига илтижо қилинглар.
Кечагинда кўрфазнинг қайсидир томонида сув туғёнга келиб, у ерни нима қилди? Ҳалок қилганини ҳалок қилди, нима бўлса вайрон қилди.
Аммо бу ерда эса сув йўқ, Аллоҳ унинг хасис ва қизғанчиқ бўлишини хоҳлади.
Ҳа, Аллоҳ азза ва жалла бизни синаб имтиҳон қилаётгани сабабли биз ҳалокат арафасида турибмиз.
Сувнинг хасислиги оқибатидан келиб чиқадиган ҳалокат биргина эмас, унинг турлари кўп. Бу турлар ҳақида гапирадиган бўлсак, маъруза чўзилиб кетади.
Юқумли касалликлар ана ўшанинг сабабларидан биридир.
Демак, сув хизматчи аскар бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сувнинг туғёнини Ўзи хоҳлаган кишини ҳалок этиш учун қурол қилган. Худди шунингдек, сувнинг хасис ва қизғанчиқлигини ҳам Ўзи хоҳлаган пайтда ҳалокат қуроли қилган.
Мен буни айтиш билан Аллоҳ таолога бўлган қалбимиздаги имонни ёки имонимизнинг оз бўлса-да, қолган қолдғини излайман. Мен ичимизда қолдиқ имондан фойдаланаётган кишилар бор деб ўйламайман.
Бу шаҳар тўлиқ ва мукаммал имондан фойдаланадиган кишиларни ёки қолган озгина имондан фойдаланадиган кишиларни ўз бағрига олганига ҳеч шубҳа йўқ.
Мен ҳозирда биз ўтиб бораётган бундай босқичда заиф имоннинг уйғониб кучайишини тасаввур қила олмайман.
Мана у! Мисол учун сиз кузатаётганингиздек, шахримизда ғарбдан шарққа, шарқдан ғарбга сузиб юрган булутлар аста-секин зичлашиб, жуда қуюқлашади. Ҳатто, буларни пойлаб турган мутахассислар кўпинча:
«Бир неча соатдан сўнг у ёқ-бу ёқдан келаётган булутлардан ёмғир ёғади»- дейдилар.
Лекин булутлар ўтиб кетади. Ёмғирлар сабаби амалга ошди, аммо ёмғир тўсилди. Бошимиздан ўтказаётган биргина ана шу ҳолатга эътибор беринглар.
Кўринг, кимга илтижо қиламиз.
Моддага ибодат қилаётганлардан сўранг, бизга ёмғир бериши учун осмондан ёмғир ёғишини сўрашимизнинг йўли қандай? Ичимиздаги хавфли касалликларга қарши сақланишимиз учун илтижо қилишимизнинг йўли қандай? Ва яна бизларга огоҳлантирилган ўша хавфли касалликлардан ўзимизни ҳимоя қилиш учун кимга ёлворишимиз керак? Бунинг йўли қандай, сўранглар улардан?
Жавоб йўқ. Модданинг жавоби модда бўлади. У туғёнга келиб вайронгарчиликка сабаб бўлмоқда, у хасис бўлиб ҳалокатга олиб келмоқда. Моддани – у ёмғирми ёки ҳаракатдаги ерми – мўътадил ўлчовга бўйсунувчи қилган ким? Ерни унинг устида инсон туриши учун мувофиқ шаклда ҳаракатланиши қандай бўлмоқда? Моддапарастлардан сўранг, жавоби нима экан? Ҳеч қачон жавоб беролмайдилар...
Ҳамма вақт жаранглаб эшитиладиган илмий жавоб, Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзидир:
«Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман»(Зарият, 50).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўз бандаларини тарбиялайдиган йўллари бор.
Ана шу йўлларидан уларни машаққатлар ва хавф-хатар сабаблари билан тутиб туради.
Қани, ўзларига келадими? Ухлаб ётганлари уйғонадими? Ғофиллари тушуниб етадими? Йўлдан тойганлари тўғриланадими? Осий ва гуноҳкорлари тавба қиладими? Ёки бошларини кўтариб мағрур юраверадими?
Аллоҳ уларни шу тарзда ушлаб туради.
Агар улар Аллоҳга тавба қилиб қайтсалар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳам уларга неъматни қайтариб беради.
Агар қайтмасалар, уларни имтиҳон қилиб синашда давом этаверади.
Агар улар Аллоҳ азза ва жалла билан ўзлари ўртасидаги алоқани узганларини эълон қилсалар, бундай ҳолатда Аллоҳ таоло Ўзининг одатига кўра икки иш қўллайди. Кўплаб умматларни ҳалок қилгани каби уларни ҳам ҳалок қилади ёки уларга ҳадсиз-чегарасиз неъматлар эшигини очиб қўяди. Лекин бу ўзлари билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмати ўртасидаги охирги йўлни ҳам бекор қилишдир.
Кошки биз Қуръондаги Аллоҳнинг амалиётлари ҳақида ўйлаб кўрсак эди. Аллоҳ азза ва жалланинг сўзига эьтибор беринглар:
«Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз. (Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам Пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган. Бундан шоядки бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва имон йўлига юрса деган мақсад кўзда тутилган.)
Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди.
Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар
»(Анъом, 42-44).
(Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Аммо имонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Кофир-мушрикларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади. «Тафсири ҳилол».)

Бу Аллоҳ таолонинг Каломи.
Биз бугунга келиб бунга эътироз билдирмоқдамиз. Балки биз Аллоҳ таоло айтаётган илоҳий амалиёт босқичидан ўтаяпмиз.
Мен бундай таҳликали кунларда яшар эканман, ахборот агентликлари бераётган гапларини эшитиб қоламан. Улар жамиятларимизга таҳдид солаётган турли юқумли касалликлар тўғрисида гапирадилар.
Мен ҳамма жамиятлардаги гапираётган оғизлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога мурожаат этиб Унинг олдида тавба қилиш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бўлган муносабатларни яхшилаш тўғрисида гапиришларини, эслатишларини ва унга даъват қилишларини истар эдим. Лекин мен бундай мурожаатларни эшитганим йўқ.
Эътиборсизлик билан бепарво юрган кишиларга назар солиб, улар ҳамиша дилхушликлари ва хатолари билан машғул эканлигини кўраман. Аллоҳдан узоқлаштирувчи турли бемаза ва бузуқ, шармсиз қўшиқлар айтаётганларга эътибор бериб, уларнинг ҳали ҳам ўша адашиш ва йўлдан урадиган нарсалар билан машғулликларини кўраман.
Улар ҳалокатни кўраяпти, улар ўзлари ўтказаётган бу ҳолатларни билаяпти, Аллоҳнинг: «Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди!» – деган сўзини эшитаяпти. Энди улар бошларига келаётган балоларни кўрган вақтда ўзига келиб, тавба-тазарру ила Аллоҳга мурожаат қилмайдиларми?

Аллоҳ таоло бандалари ёмғирдан тўсилиб қолган пайтда, уларни Ўзига илтижо қилишга чақиради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига буюрган кўрсатмаларидан бири шуки, кўпчилик жамоат ҳаммалари биргаликда бир жойда жамланадилар ва Аллоҳ таолога ёлвориб, фиқҳ китобларида кўрсатилганидек, истисқо намозини ўқийдилар. Бу тўғрида алоҳида боб бўлиб, у «истисқо намози боби» дейилади. Бу Аллоҳнинг динидан хабари бор кишига маълум ва машҳур нарсадир. Лекин ҳозир шариатнинг бу кўрсатмаси гўёки инсонлар хотирасидан ўчириб ташлангандек кўринади.

Мен бугун муҳим бир давога, балки биз бошимиздан ўтказаётган бу мусибат олдида инсонларга шифо бўладиган ягона малҳамга эътиборимни қаратдим, билингки, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатиб кетган йўл орқали Аллоҳга юзланиб Унга мурожаат қилишдир.
Ишонаманки, агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган нарсани бажарсак, Аллоҳ бизни Ўзининг раҳмати билан иззат-икром қилади ва биздан азобини кўтаради.
Аммо эътиборсизлик билан бепарво юришда давом этсак, бу ёмонликлар ортидан қўшимча унданда ёмонроқ қийинчиликлар бўлишидан қўрқаман.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.
1 декабр 1995 йил.

Тошкент шаҳар 

Эшонгузар жоме масжиди имом хатиби 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Зайтун ёғи таркибида тўйинмаган ёғ кислоталари ndash олеин кислотаси бор. У инсон организмидаги холестеринни парчалайди, қон томирлари деворини давоми...

9866 11:00 / 19.08.2022
Динимизда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш фарз амаллардан саналади. Ёмон ишни кўрганда қудрати етган киши уни қўли билан тўхтатиши, бунга кучи етмаса, уни давоми...

962 13:25 / 14 август
Бугунги кунда дунёда 500 миллиондан ортиқ одам бангилик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, жаҳонда содир давоми...

1085 09:07 / 27 июнь
Д.Жеффри Ланг Американинг Канзас университетида математикадан дарс беради. У 1954 йил Бридге Порт шаҳрида туғилган ва католик оиласида ўсган, шунингдек, католик давоми...

11704 16:38 / 04.01.2018