1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Ота масъулияти

11:51 / 06.01.2018 8531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тирик эканман, бир куни Аллоҳ раҳмат қилгур отамдан олган дарсимни ҳеч унутмайман. Ўша куни нотўғри иш қилиб қўйган эдим. Ўртоқларим билан ўйинга берилиб, отам билан бир муҳим учрашувимиздан кеч қолиб кетдим. Отам нега кеч қолганимни сўраганида ҳақиқатни айтишдан қўрқиб, ёлғон гапирдим. Отам кеч қолишимнинг ҳақиқий сабабини билар эди. Энди мени қаттиқ койиб, оғир жазога тортса керак, деб кутдим. Лекин Аллоҳ раҳмат қилгур отам менга муҳаббат билан қараб, шундай деди: «Ўғлим, мен сендан узр сўрайман, чунки менга ёлғон гапиришингга мажбур қилдим. Қачондир сенга қилган муомалам туфайли менга очиғини айтишдан қўрқадиган қилиб қўйган бўлсам керак. Ҳечқиси йўқ, ўғлим. Бугун ўзимга жазо сифатида уйга пиёда қайтаман. Ўзимни сарҳисоб қилиб, хатоимни топаман. Сен хижолат бўлма, сен эмас, мен масъулман».

Мен ўша куни масъулиятни кўтаришни амалий ўргандим.

Аллоҳим, ўтиб кетган оталаримизга Ўзинг раҳм айла, тирикларини эса ҳифзу ҳимоянгда асра!


Ота хом узум еса, фарзанднинг тиши қамашади ёхуд ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейди


Бола барибир бола-да, баъзан бироз шўхлик қилиб қўяди, ундан нотўғри хулқ-атвор ёки хатти-ҳаракат содир бўлиб қолади. Ана шунда кўпчилик ота-оналар бу муаммонинг пайдо бўлишига аввало ўзлари сабабчи эканини унутиб қўйишади. Фарзандлар кўзгу, холос. Уйда ва мактабда олинган тарбия уларда акс этади. Доно халқимиз буни «қуш уясида кўрганини қилади» дейди.

Тарбиячилар болага ўз ҳукмини ўтказиб, унга ортиқча босим ўтказиб юборса, унинг катта-ю кичик ҳар бир ишига аралашаверса, бола шахсияти заиф, мустақил фикри йўқ одам бўлиб ўсади. Натижада санаб бўлмайдиган даражада нафсий муаммоларга йўлиқиши тайин бўлиб қолади.

Мураббийлар болани керагидан ортиқ ҳимоя қилиб, эркалатиб юборса, шамолдан ҳам, қуёшдан ҳам тўсаверса, болада ўзига ишонч йўқолади. У доим кимгадир суянишга муҳтож бўлиб қолади, ҳар нарсадан ҳадикда, хавфда ўсади.

Худди шунингдек, бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, унинг таҳсинга сазовор ишлари мукофотсиз қолдирилса, шижоатлантирилмаса, мақталмаса, ўқишга, ишга бўлган қизиқиши, ғайрати йўқолади. Оқибатда бола дангаса, лоқайд бўлиб қолади.

Агар мураббийлар бола тарбиясида лоқайдлик қилишса, уни талтайтириб юборса, айтганини муҳайё қилаверса, бола манман, худбин, беэътибор, бефарқ бўлиб ўсади.

Мураббийлар болага қаҳр-ғазаб қилаверса, куч ишлатса, жисмоний ва руҳий азобласа, бола қўрқоқ, қатъиятсиз бўлиб ўсади. Бундай мураббий боланинг юрагига ҳиқду ҳасад, нафрат келтириб чиқарадиган энг хавфли омилни – қўрқувни қалбига эккан бўлади.

Агар мураббий болага ҳадеб эътироз билдираверса, тинмай панд-насиҳат қилаверса, уларни бола малолланадиган даражада кўпайтириб юборса, айтилаётган ўгитлар ўз маъносини, аҳамиятини йўқотади. Бола эшитаётган барча панд-насиҳат ва ҳикматларини жиддий қабул қилмай қўяди, пинагини бузмай, тепса-тебранмас бўлиб қолади.

Агар тарбия жараёнида мураббийда изчиллик бўлмаса, боланинг қилган ишига қараб ҳар сафар турлича тасарруф қилса, гоҳ мукофотлаб, гоҳ жазоласа, гоҳ бақириб, гоҳ эркалатса, гоҳ таҳдид, дўқ-пўписа қилса, бола доимий хавотирда юрадиган бўлиб қолади, яхши билан ёмонни, тўғри билан хатонинг орасини ажрата олмай қолади.

Ота-она фарзандларига бирдай муомала қила олмаса, бирини ҳадеб уришиб, бирини доим мақтайверса, бир-биридан афзал кўрса, уларда ғайирлик, нафрат ва ўч олиш ҳисси уйғонади.

Шунинг учун доим ёдда тутингки, боланинг тиши қамашса, демак, ота-она хом узумни кўп еб қўйган бўлади…


«Болаларимиз бамисоли жавҳар, лекин биз темирчимиз»

китобидан Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарс Аллоҳнинг китобидан, ҳадиси шарифдан, зикру дуолардан ва АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ёдланганларини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота .Сизлардан муҳим бир давоми...

4077 12:08 / 29.12.2017
Азиз болалар Қурбон ҳайитини нима учун байрам қиламиз, биласизларми Баъзиларингиз биларсизлар, аммо кўпчилигингиз билмайсиз. Билганларингиз ҳам тўлиқ айтиб бера давоми...

4648 05:00 / 15.02.2017
Маҳмуд отаси билан масжидга аср намозига борди. Улар уйга қайтганларида Маҳмуднинг онаси ва Фотима уларни кутиб турардилар. Шунда яхшилик ва барака дарси давоми...

4178 10:45 / 06.12.2017
Агар бир киши илгари билмаган ва кўрмаган бирон бир мураккаб замонавий жиҳоз сотиб олгудек бўлса, албатта, уни ишлаб чиқарувчилар тарафидан тайёрланган каталог давоми...

15930 19:35 / 02.08.2017