1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Абдулқуддус амакининг сабоқлари (13-қисм)

05:00 / 16.02.2017 4291 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулқуддус амакининг сабоқлари (13-қисм)

ОТА-ОНАНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

 

Ассалому алайкум, менинг жажжи мусулмон биродарларим!

Ўтган машғулотларда топширган сабоқларимни эсдан чиқариб қўймаяпсизларми? Энг аввал қайси калималарни ўрганган эдик? Тўғри «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм». Ундан кейин-чи? «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ». Барокаллоҳ! Ана шу калиманинг маъноси қандай эди? «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг элчиси, расулидир». Тўппа-тўғри!

Бугун сизларга ота-онани ҳурматлаш ҳақида гапириб бераман. Ҳаммамизнинг ота-онамиз бор. Нега уларни ҳурмат қилишимиз керак, биласизларми? Шунинг учунки, Аллоҳ таоло бизга уларни ҳурмат қилишни буюрган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ота-онасини рози қилмаган, уларни хафа қилган одам жаннатга кирмайди, деганлар.

Мана ўзингиз ўйлаб кўринг. Онангиз янги туғилган укангизни кўтариб юрибди. Уни туққунча росаям қийналган. Туққандан кейин ҳам сира ундан бўшамайди. Ҳар бир-икки соатда эмизиб овқатлантиради. Тагини ҳўллаб қўйса, кийимларини янгилайди. Терлаб қолса ҳам кийимини алмаштиради. Уйқуси келса, бешикка белайди. Тебратиб, алла айтади. Уйғонса, ечиб олади. Соғлом, бақувват ўссин деб баданини уқалайди. Тез-тез чўмилтиради. Сал тоби қочса-ку, қўяверинг. Овқат, уйқу, дам олиш – ҳаммаси эсдан чиқади. Тузатиб олгунча бутунлай ороми йўқолади. Сал катта бўлса, гапиришга ўргатади, ҳарф танитади. Мана шундай машаққат, азоблар билан умрининг охиригача «болам, болам» деб ўтади. Бизга шунчалик меҳр кўрсатиб, ҳамма нарсасини бериб, катта қилган онамизни ҳурматламай бўладими?

Бир доно бободан бир киши шундай деб сўраган экан:

«Мен онамни овқатлантираман, кийинтираман. Опичлаб таҳоратга олиб чиқаман. Нима десалар, бажараман. Ҳатто елкамда кўтариб Маккага обориб ҳаж қилдириб келдим. Ана шу билан онамни ризо қилдимми?» Шунда бояги доно бобонгиз шундай жавоб қайтарибдилар: «Йўқ, шунча хизматинг билан бир кеча оромини бузганининг ҳаққини адо қилибсан». Кўрдингизми, дўмбоқчаларим, оналар қандоқ улуғ бўлишаркан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Жаннат – оналарнинг оёғи остидадур», деб бекорга айтмаганлар. Демак, жаннатга кираман деган одам онасини рози қилиши, дуосини олиши керак экан.

Худди шунингдай сизни туғилиб, вояга етишингизда отангизнинг ҳам хизмати катта. У сиз туғилишингиз билан яхши исм қўяди. Қўй сўйиб, ақиқа тўйи қилиб беради. Сиз ейдиган ҳамма овқатларни топиб келади. Сут дейсизми, печенье дейсизми, шоколаду мевалар дейсизми – ҳамма нарсани муҳайё қилади. Қандай кийим ёки ўйинчоқни хоҳласангиз, бозордан олиб келади. Сизга тарбия, илм, ҳунар ўргатади. Аввал мактабга, кейин олий мактабга ўқишга беради. Хулласи бир умр сизнинг бахту камолингиз деб ҳаракат қилади. Оталар ана шундай ғамхўр, сахий, меҳрибон бўлишади. Шунинг учун уларни доимо ҳурмат қиламиз. Дилларини оғритмаймиз. Чунки отанинг ғазабига учраган одам Аллоҳнинг ғазабига учрайди.

Ота-оналаримиз ана шундай ҳурматга сазовор одамлар. Шунинг учун уларни доимо эъзозлашимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шуни буюриб қўйган. Пайғамбаримиз ота-онани ҳурматлаш ҳақида жуда кўп ҳадислар (насиҳатлар) айтиб қолдирганлар.

Хўш, ота-онани қандоқ қилиб ҳурматлаймиз? Бу тўғрида Ислом динимиз қандай йўл кўрсатган? Энди, азиз ширинтойларим, сизларга ана шуни тушунтириб бераман, хўпми?

Энг аввало уларга ширинсўз бўлиб, айтганларини дарров қилишингиз керак. Бирор иш буюришса, асло «Уф» деманг, гап қайтарманг. Улардан рухсат сўрамай, ҳеч қаерга борманг. Ҳатто ўйнагани кўчага чиқсангиз ҳам ижозат олинг. Уларнинг насиҳатига қулоқ солинг. Бирор ишни «қилма» дейишса, асло қилманг. Чунки улар бунинг ёмонлигига ақллари етиб туради. Уларни кўрганда дарров ўрнингиздан туринг. Олдиларига кирганда салом билан киринг. Кўчада кетаётганда доимо улардан орқада юринг. Уйда улардан пастда ўтиринг. Олдиларида оёғингизни узатиб ўтирманг ёки ётманг. Уларнинг номини атаб чақирманг. Ҳазил-мазах қилманг. Уларга хўмрайиб қараманг. Чақиришса «Лаббай» деб, дарров боринг. Уларга юмшоқ гапиринг, овозингизни кўтарманг. Асло сўка кўрманг, чунки бундай қилсангиз, албатта, дўзахга тушасиз.

Катта бўлиб ишга кирганингизда биринчи маошингизни ота-онангизга олиб келиб беринг. Кейин ҳам уларнинг кўнгли хоҳлаган нарсаларни сотиб олиб беринг. Чунки Аллоҳ таолонинг буйруғига кўра бола нима мол-давлат топса, ўша ота-онаники ҳам бўлади. Чунки улар ҳам сизни катта қилиш, тарбиялаш учун ҳамма топганларини сарфлашган-да, тўғрими?!

Юқоридаги топшириқларим кўзингизга жуда кўп кўриниб кетмасин. Биринчидан, булар унчалик қийин ишлар эмас. Иккинчидан, ота-онангиз шунақанги азиз, табаррук инсонларки, улар учун бу хизматларингиз жуда арзимас нарсалар. Учинчидан, сиз ёш, куч-қувватингиз жойида бўлади. Улар эса кун сайин кексайиб, кучлари камайиб, сизга муҳтож бўлиб боришади. Ана шунинг учун уларнинг хизматларини қилиб, рози этишга, хурсанд қилиб, дуоларини олишга сира-сира эринманг!

Гапларимни яхшилаб уқиб, бугунданоқ уларни мамнун қилишга шошилинг! Агар бирор гапингиз ёки ишингиз билан ранжитиб қўйган бўлсангиз, дарров кечирим сўранг. Бўйниларидан қучоқлаб, юзларидан ўпиб энди сира хафа қилмасликка сўз беринг. Чунки Аллоҳ ота-онасини рози қилмай, уларни ранжитган болани асло яхши кўрмайди. Жаннатга ҳам киргизмайди.

Ана энди нега ота-онамизни ҳурмат қилишимиз кераклигини тушуниб олдингизми, менинг ширинтойларим?!

 

O’N UCHINCHI SABOQ

OTA-ONANGIZNI HURMAT QILING

 

Assalomu alaykum, mening jajji musulmon birodarlarim!

O’tgan mashg’ulotlarda topshirgan saboqlarimni esdan chiqarib qo’ymayapsizlarmi? Eng avval qaysi kalimalarni o’rgangan edik? To’g’ri «Bismillahir rohmanir rohiym». Undan keyin-chi? «La ilaha illallohu Muhammadur rasululloh». Barokalloh! Ana shu kalimaning ma’nosi qanday edi? «Allohdan boshqa iloh yo’q, Muhammad (a.s.) Uning elchisi, rasulidir». To’ppa-to’g’ri!

Bugun sizlarga ota-onani hurmatlash haqida gapirib beraman. Hammamizning ota-onamiz bor. Nega ularni hurmat qilishimiz kerak, bilasizlarmi? Shuning uchunki, Alloh taolo bizga ularni hurmat qilishni buyurgan. Payg’ambarimiz alayhissalom ota-onasini rozi qilmagan, ularni xafa qilgan odam jannatga kirmaydi, deganlar.

Mana, o’zingiz o’ylab ko’ring. Onangiz yangi tug’ilgan ukangizni ko’tarib yuribdi. Uni tuqquncha rosayam qiynalgan. Tuqqandan keyin ham sira undan bo’shamaydi. Har bir-ikki soatda emizib ovqatlantiradi. Tagini ho’llab qo’ysa, kiyimlarini yangilaydi. Terlab qolsa ham kiyimini almashtiradi. Uyqusi kelsa, beshikka belaydi. Tebratib, alla aytadi. Uyg’onsa, yechib oladi. Sog’lom, baquvvat o’ssin deb badanini uqalaydi. Tez-tez cho’miltiradi. Sal tobi qochsa-ku, qo’yavering. Ovqat, uyqu, dam olish – hammasi esdan chiqadi. Tuzatib olguncha butunlay oromi yo’qoladi. Sal katta bo’lsa, gapirishga o’rgatadi, harf tanitadi. Mana shunday mashaqqat, azoblar bilan umrining oxirigacha «bolam, bolam» deb o’tadi. Bizga shunchalik mehr ko’rsatib, hamma narsasini berib, katta qilgan onamizni hurmatlamay bo’ladimi?

Bir dono bobodan bir kishi shunday deb so’ragan ekan:

«Men onamni ovqatlantiraman, kiyintiraman. Opichlab tahoratga olib chiqaman. Nima desalar bajaraman. Hatto yelkamda ko’tarib Makkaga oborib haj qildirib keldim. Ana shu bilan onamni rizo qildimmi?» Shunda boyagi dono bobongiz shunday javob qaytaribdilar: «Yo’q, shuncha xizmating bilan bir kecha oromini buzganining haqqini ado qilibsan». Ko’rdingizmi, do’mboqchalarim, onalar qandoq ulug’ bo’lisharkan, Payg’ambarimiz alayhissalom: «Jannat – onalarning oyog’i ostidadur», deb bekorga aytmaganlar. Demak, jannatga kiraman degan odam onasini rozi qilishi, duosini olishi kerak ekan.

Xuddi shuningday sizni tug’ilib, voyaga yetishingizda otangizning ham xizmati katta. U siz tug’ilishingiz bilan yaxshi ism qo’yadi. Qo’y so’yib aqiqa to’yi qilib beradi. Siz yeydigan hamma ovqatlarni topib keladi. Sut deysizmi, pechenye deysizmi, shokoladu mevalar deysizmi – hamma narsani muhayyo qiladi. Qanday kiyim yoki o’yinchoqni xohlasangiz, bozordan olib keladi. Sizga tarbiya, ilm, hunar o’rgatadi. Avval maktabga, keyin oliy maktabga o’qishga beradi. Xullasi bir umr sizning baxtu kamolingiz deb harakat qiladi. Otalar ana shunday g’amxo’r, saxiy, mehribon bo’lishadi. Shuning uchun ularni doimo hurmat qilamiz. Dillarini og’ritmaymiz. Chunki otaning g’azabiga uchragan odam Allohning g’azabiga uchraydi.

Ota-onalarimiz ana shunday hurmatga sazovor odamlar. Shuning uchun ularni doimo e’zozlashimiz kerak. Alloh taolo Qur’oni karimda shuni buyurib qo’ygan. Payg’ambarimiz ota-onani hurmatlash haqida juda ko’p hadislar (nasihatlar) aytib qoldirganlar.

Xo’sh, ota-onani qandoq qilib hurmatlaymiz? Bu to’g’rida Islom dinimiz qanday yo’l ko’rsatgan? Endi, aziz shirintoylarim, sizlarga ana shuni tushuntirib beraman, xo’pmi?

Eng avvalo ularga shirinso’z bo’lib, aytganlarini darrov qilishingiz kerak. Biror ish buyurishsa, aslo «Uf» demang, gap qaytarmang. Ulardan ruxsat so’ramay, hech qayerga bormang. Hatto o’ynagani ko’chaga chiqsangiz ham ijozat oling. Ularning nasihatiga quloq soling. Biror ishni «qilma» deyishsa, aslo qilmang. Chunki ular buning yomonligiga aqllari yetib turadi. Ularni ko’rganda darrov o’rningizdan turing. Oldilariga kirganda salom bilan kiring. Ko’chada ketayotganda doimo ulardan orqada yuring. Uyda ulardan pastda o’tiring. Oldilarida oyog’ingizni uzatib o’tirmang yoki yotmang. Ularning nomini atab chaqirmang. Hazil-mazax qilmang. Ularga xo’mrayib qaramang. Chaqirishsa «Labbay» deb darrov boring. Ularga yumshoq gapiring, ovozingizni ko’tarmang. Aslo so’ka ko’rmang, chunki bunday qilsangiz, albatta, do’zaxga tushasiz.

Katta bo’lib ishga kirganingizda birinchi maoshingizni ota-onangizga olib kelib bering. Keyin ham ularning ko’ngli xohlagan narsalarni sotib olib bering. Chunki Alloh taoloning buyrug’iga ko’ra bola nima mol-davlat topsa, o’sha ota-onaniki ham bo’ladi. Chunki ular ham sizni katta qilish, tarbiyalash uchun hamma topganlarini sarflashgan-da, to’g’rimi?!

Yuqoridagi topshiriqlarim ko’zingizga juda ko’p ko’rinib ketmasin. Birinchidan, bular unchalik qiyin ishlar emas. Ikkinchidan, ota-onangiz shunaqangi aziz, tabarruk insonlarki, ular uchun bu xizmatlaringiz juda arzimas narsalar. Uchinchidan, siz yosh, kuch-quvvatingiz joyida bo’ladi. Ular esa kun sayin keksayib, kuchlari kamayib, sizga muhtoj bo’lib borishadi. Ana shuning uchun ularning xizmatlarini qilib, rozi etishga, xursand qilib, duolarini olishga sira-sira erinmang!

Gaplarimni yaxshilab uqib, bugundanoq ularni mamnun qilishga shoshiling! Agar biror gapingiz yoki ishingiz bilan ranjitib qo’ygan bo’lsangiz, darrov kechirim so’rang. Bo’ynilaridan quchoqlab, yuzlaridan o’pib endi sira xafa qilmaslikka so’z bering. Chunki Alloh ota-onasini rozi qilmay, ularni ranjitgan bolani aslo yaxshi ko’rmaydi. Jannatga ham kirgizmaydi.

Ana endi nega ota-onamizni hurmat qilishimiz kerakligini tushunib oldingizmi, mening shirintoylarim?!


Ahmad MUHAMMAD


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алийя ўзига бино қўйган мағрур қиз. Отасидан ажрагандан кейин бошқа қизлар билан қайта алоқа боғламади. Саройларининг боғида ўзи юриб, ўзи билан ўзи ўйнарди. Ён давоми...

3339 05:00 / 16.02.2017
ЎН ИККИНЧИ САБОҚИЛМ ЎРГАНИШ mdash ФАРЗАссалому алайкум, менинг суюкли дўмбоқчаларимБугундан бошлаб машғулотларимизда сизларга мусулмон болаларнинг бурчлари, давоми...

2892 05:00 / 15.02.2017
Расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ с.а.в. фарзандларни намозга ўргатиш борасида бундай деб марҳамат қилганлар quotБолаларингизни улар етти ёш давоми...

6414 05:00 / 15.02.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 4қисмКИТОБЛАР ҲАҚИДА Ассалому алайкум, менинг асалқанд фарзандларим Бугун сизларга Аллоҳнинг китоблари ҳақида сўзлаб бераман. давоми...

4365 05:00 / 16.02.2017