1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабилаларга ўзларини таништиришлари

16:01 / 02.01.2018 4782 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исро ва Меърождан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ўзларини очиқ-ойдин таништиришни бошладилар. 

Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж мавсуми эди. Ҳажга атроф-жавонибдаги қабилалар ҳар йили гуруҳ-гуруҳ бўлиб келар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одам кўп тўпланадиган жойларга бориб, уларни Исломга чақирар, Қуръони Каримдан тиловат қилиб берар эдилар. У зот:

«Эй Бану фулон! Мен сизларга Аллоҳнинг Расулиман. Сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, У зотга бирор нарсани шерик қилмасликка амр қилинганман. У зотдан бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизни тарк қилишга чақираман. У зотга иймон келтиринг! Мени душманлардан ҳимоя қилинг. Токи У зот юборган нарсани баён қилиб берай», дер эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзларини тугатишлари билан Абу Лаҳаб ўрнидан туриб:

«Эй Бану фулон! Албатта, манави сизларни Лот ва Уззони ва сизларга ошно бўлган жинларни бўйинларингиздан отиб ташлашга даъват қилмоқда. Ўзи келтирган бидъат ва залолатга чақирмоқда. Унга итоат қилманглар. Унга қулоқ османглар», дер эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларини ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, ана шундай ҳолда давом эттирар эдилар.

Пайғамбарлик келганига ўн бир йил тўлди. Яна ҳаж мавсуми келди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўзларини қабилаларга таништира бошладилар.

 

Ясрибликлар билан учрашув

 

У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибда истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бўлган бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан: Асъад ибн Зарора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳлардан иборат эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан:

«Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар.

«Хазражликлармиз», дейишди.

«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. 

«Хўп», деб, ўтиришди. 

У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар. Қуръони Каримдан тиловат қилиб бердилар ва Исломга чақирдилар. 

Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга кириш тайёргарлиги бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Яҳудийлар аҳли китоб бўлганлари учун кўп нарсаларни билар эдилар. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга:

«Бизнинг пайғамбаримизнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашамиз ва сизларни Од ва Ирамга ўхшатиб, қатл қиламиз», дер эдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қараб:

«Билдингизми?! Бу яҳудийлар васф қиладиган пайғамбарнинг худди ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дедилар.

Уларнинг барчалари иймонга келдилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. У қавм каби адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват қиламиз. Уларга сиздан қабул қилган динни арз қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан иззатли одам бўлмайди», дедилар.

Сўнгра келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳ ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Омонатдор мусулмон 517. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Омонатдор мусулмон хазиначи ўзига буюрилган давоми...

4170 15:00 / 21.05.2021
.Эй қалбларни айлантирувчи Зот Қалбимни динингда собит қил,Шаҳр ибн Хавшаб розияллоҳу анҳу Умму Салама розияллоҳу анҳога .Эй, мўминларнинг онаси Расулуллоҳ давоми...

7848 18:07 / 19.09.2017
1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди .Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

13726 10:46 / 17.08.2018
АлҲакам ёки Ибн алҲакам отасидан ривоят қилади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бавл қилдилар, сўнгра таҳорат қилдилар ва фаржларига сув давоми...

5569 13:35 / 20.10.2019
Аудиолар

213191 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар