1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари

19:54 / 28.04.2017 3795 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анасга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?» – дедим. 

«Сочлари тўлқин сифат – жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди», – деди».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари елкаларига уриб турарди».

Бир ривоятда:

«Қулоқларининг ярмига»,

бошқа бир ривоятда:

«Икки қулоқларининг юмшоқ ерига», дейилган.

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари, янги олдирилган ва ўсган пайти эътиборидан, баъзи вақтларда қулоқларининг уст қисмида, баъзи вақтда қулоқларининг юмшоқ жойига баробар ва баъзида елкаларига тегиб турадиган ҳолатлар бўлгани келиб чиқади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аҳли китоблар сочларини тушириб юрар эдилар. Мушриклар эса, бошларидан фарқ очар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар. Кейинроқ фарқ очдилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бутпараст мушриклар ва аввал самовий китобга эга бўлган яҳудий ва насронийлар билан алоқада бўлар эдилар. Баъзи ишларда мазкур икки томондан бирини танлаш зарурати туғилиб қолар эди. Шунда мусулмонлар доимо аҳли китоблар томонини олар эдилар. Мисол учун, Рум ва Форс давлатлари уруш қилсалар, аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар румликларнинг тарафини олар эдилар. Чунки, Ислом ҳам ўша аҳли китоблар ишининг охирги ва мукаммал нуқтаси эди. Ўша вақтдаги аҳли китоблар дийнлари ва илоҳий китобларини бузган бўлсалар ҳам, мусулмонларга мушриклардан кўра яқинроқ эдилар. Шунинг учун ҳам, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар».

Албатта, Аллоҳдан амр келган ишларда бош¬қа¬ларнинг қилмишига ҳеч қандай эътибор йўқ. Аммо баъзи ишларда Аллоҳнинг амри йўқ бўлса, худди ўша ишни мушриклар бир хил, аҳли китоб¬лар бошқача қиладиган бўлсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларнинг услубини танлар эдилар. Жумладан, сочни тарашда:

«Аҳли китоблар сочларини тушириб юрар эдилар».

Яъни, аҳли китоблар пешоналаридан фарқ очмай сочларини олдинга тушириб юрар эдилар.

«Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар.»

Яъни, пешонадан фарқ очиб, сочни икки ён томонга тараш мушрикларнинг иши эди. 

Бу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга амр ҳам келмаган эди.

«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар.»

Бу билан аҳли китобларга мувофиқ иш тутиб, мушрикларга хилоф қилдилар. Вақти-соати етиб, у зотга Аллоҳ таолонинг амри келганда эса,

«Кейинроқ фарқ очдилар».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятлар келган.


Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмай қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. Ул зотнинг соқоллари қалин эди».

Бир киши:

«Юзлари қилич мисоли эдими?» – деди. 

«Йўқ. Қуёш ва ой мисоли бўлиб, думалоқ эди», – деди у».

Муслим ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди обҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният давоми...

4671 16:00 / 28.04.2017
. .Асҳоби суффалардан бўлган Жарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга ўтирдилар. Соним очиқ давоми...

4100 12:01 / 12.01.2020
. .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур,, дедилар,. давоми...

3318 14:00 / 31.01.2021
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар жунубликдан, Жумъа куни, қон олдирган ва давоми...

4646 16:09 / 22.12.2019
Аудиолар

213478 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар