1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши турлари (2-қисм)

18:02 / 28.12.2017 4007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана шу тарийқа улар қуйидаги оятлар носих (насх қилувчи) ва мансух (насх қилинган) эканини аниқлаганлар: 

1. «Бақара» сурасидаги қуйидаги оят:

 «Сизлардан бирортангизга ўлим келганда, агар у бойлик қолдираётган бўлса, ота-онаси ва яқинларига тўғрилик билан васият қилиш тақводорларнинг бурчи сифатида фарз қилинди» (180-оят). 

Ушбу оят «Нисо» сурасидаги «Мерослар ояти» номи ила машҳур бўлган қуйидаги оят билан насх қилинган:

 «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насийбасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир, у қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу, Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир» (11-оят).

«Бақара» сурасидаги биринчи оятнинг ҳукмига биноан, агар ўлаётган одам мол-мулк қолдирадиган бўлса, ўша молдан кимга қанча берилишини васият қилмоғи лозим бўлди. Бу васият ота-она ва яқин кишиларга бўлади. Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал тушган. Унинг ҳукмига бир муддат амал қилинган. 

Кейинчалик «Нисо» сурасидаги «Мерослар ояти» тушиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар. Аввалги оят насх бўлди.

Ушбу эътибордан, энди, ҳеч ким «отамга молимдан шунча берилсин, онамга бунча берилсин», деб васият қила олмайди. Шунингдек, мерос оятида ҳаққлари баён қилинган бошқа яқинларига ёки бегоналарга ҳам.

2. «Бақара» сурасидаги қуйидаги оят:

 «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» (184-оят).

Ўша сурадаги қуйидаги оят билан насх бўлган:

«Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (185-оят).

Ушбу ҳақийқатни қуйидаги ривоятдан билиб олишимиз жуда ҳам осон:

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У(рўза)ни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти нозил бўлганда, ким хоҳласа оғзи очиқ юрар ва фидя берар эди. Бу ҳол, то ундан кейинги: 

«Бас, сиздан ким шу(Рамазон) ойда ҳозир бўлса, унинг рўзасини тутсин» ояти нозил бўлгунча давом этди. Бас, шу билан олдинги оятни насх қилди».

Ушбу ривоятда рўза тутиш дастлаб жорий қилинганда Ҳакийму Хобийр бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан кишиларни бу ибодатга аста-секин тортиш учун қўлланган баъзи чоралардан бири ҳақида сўз кетмоқда. 

Рўза аввал жорий қилинганда, мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга бўлган эканлар. Хоҳласин, рўза тутсин. Хоҳласин, рўза тутмай, бир мискинни тўйдирсин. Демак, бир мискинни тўйдириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган. Маълум вақт ўтиб одамлар анча ўрганиб қолишгандан кейин, бу ихтиёрийлик бекор қилиниб, қодир бўлган ҳар бир кимса рўза тутиши мажбурий бўлгани ҳақида оят нозил бўлган. 

Фақат, ўта қариб қолгани ва сурункали, тузалишидан умид йўқ беморликка мубтало бўлгани учун рўза тута олмайдиган шахсларга нисбатангина фидяга рухсат берилган.

3. «Бақара» сурасида қуйидаги оят:

 

«Сизлардан вафот этганда жуфтларини қолдираётганлар хотинлари чиқмасдан бир йилгача фойдаланишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ азийз ва ҳакийм зотдир» (240-оят).

Ўша сурадаги қуйидаги оят билан насх қилинган:

«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ойу ўн кун кутарлар» (234-оят).

Ушбу икки оятнинг бири иккинчисини насх қилганининг далили қуйидаги ривоятда келган:

Икримадан ривоят қилинади:

«У зот азза ва жалланинг «Сизлардан вафот этганда жуфтларини қолдираётганлар хотинлари чиқмасдан бир йилгача фойдаланишини васият қилсинлар» деган қавлини «Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ойу ўн кун кутарлар» насх қилди».

Молик ривоят қилган. 

4. «Анфол» сурасидаги қуйидаги оят:

 «Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир» (65-оят).

Ўша сурадаги қуйидаги оят билан насх қилинган:

«Энди, Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгадир. Аллоҳ сабрлилар биландир» (66-оят).

Ушбу икки оятнинг бири иккинчисини насх қилганининг далили қуйидаги ривоятда келган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир» нозил бўлганида мусулмонларга бир киши ўнтадан қочмаслиги машаққат бўлди. Бас, енгиллик келди ва «Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир» келди. Қачонки, Аллоҳ ададни енгиллаштирганда, сабрдан ҳам енгиллик миқдорича камайди».

Бухорий ривоят қилган.

5. «Мужодала» сурасидаги қуйидаги оят:

 «Эй, иймон келтирганлар! Агар Расул билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, сирли суҳбатингиздан аввал садақа беринг» (12-оят).

Ўша сурадаги қуйидаги оят билан насх қилинган:

 «Сизларга сирли суҳбатингиздан аввал садақа бериш оғир келдими?! Агар бажармасангиз, (майли) Аллоҳ афв қилди. Бас, намоз ўқинглар ва закот беринглар. Ва Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» (13-оят).

Ушбу икки оятнинг бири иккинчисини насх қилганининг далили қуйидаги ривоятда келган:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг китобида бир оят бор, унга мендан аввал ҳеч ким амал қилмаган ва мендан кейин ҳам ҳеч ким амал қилмайди. Муножот ояти: «Эй, иймон келтирганлар! Агар Расул билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, сирли суҳбатингиздан аввал садақа беринг». Бир дийнорим бор эди. Уни ўн дирҳамга майдаладим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан муножот қилдим. Ҳар сафар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан муножот қилишимдан аввал бир дирҳам садақа қилдим. Сўнгра оят насх этилди. Бас, унга бирортаси ҳам амал қилмади. «Сизларга сирли суҳбатингиздан аввал садақа бериш оғир келдими?!» ояти нозил бўлди».

Ҳоким ривоят қилган.

6. «Муззаммил» сурасидаги қуйидаги оятларни:

 «Эй, ўраниб ётувчи. Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ. Ярмида ёки ундан бироз қисқароғида (бедор бўл). Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил» (1–4-оятлар).

Худди шу сурадаги қуйидаги оят насх қилган:

 «Албатта, Роббинг сенинг кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир  тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас, (энди) Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топарсизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир» (20-оят).

Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларга биноан фарз қилинган кечаси қоим бўлишни насх(бекор) қилди. Шундан сўнг кечаси фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди. 

Оятда нима учун аввалги буйруқ бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Ушбу ояти кариманинг бошида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказиш фарз қилингани очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда. 

«Албатта, Роббинг сенинг кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир  тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир.»

Уларга кечанинг учдан биридан оз ва учдан иккисидан кўп бўлмаган қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. 

«Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас, (энди) Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.»

Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқишни фарз қилган эди. Энди эса, У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга енгилликни қайтарди. Энди кечасининг маълум қисмини бедорлик-ла, ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди. Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди, Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.

Оятнинг давомида эса, кечасининг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси: «беморлик», «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишлик» ва «ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтариш» зикр қилинади. 

Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб, ибодат-ла машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса, Ўз бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди.

«Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)».

Аллоҳ таоло ушбу оятдаги «Бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)» жумласида Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчилар билан Аллоҳнинг фазлини ахтарувчилар, яъни касбу кордагиларни тенглаштирмоқда.

Шунинг учун ҳам, саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб, ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса: «Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги энг яхши ўлим, ер юзида Аллоҳнинг фазлини ахтариб юриб, юкларим орасида ўлишдир», деганлар.

«Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топасизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир.»

Бу икки оят орасидаги насхнинг баёни қуйидаги ривоятда келган:

Саъд ибн Ҳишомдан ривоят қилинади:

«...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», – дедим. 

«Йаа айюҳал муззаммил»ни ўқийсанми?» – дедилар. 

«Шундай!» – дедим. 

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Бас, Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Аллоҳ унинг охирини туширмай ўн икки ой осмонда ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди. Кечалари қоим бўлишлик фарзликдан ихтиёрий амалга айланди», – дедилар...»

Муслим ривоят қилган.

Бу узун ҳадисдан олинган иқтибосдаги суҳбат ровий Саъд ибн Ҳишом билан Оиша розияллоҳу анҳо ораларида бўлиб ўтган.

7. «Нур» сурасидаги қуйидаги оят:

 «Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу, мўминларга ҳаром қилинмишдир» (3-оят).

Худди шу сурадаги қуйидаги оят билан насх қилинган:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақийр бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (қамрови) кенг, ўта билгувчи зотдир» (32-оят).

Аввалги оятда зинокор шахс фақат зинокорга ёки мушрик шахсга никоҳланиши мумкинлиги ҳақида ҳукм жорий бўлган эди. Кейинги оят билан мазкур ҳукм насх бўлди ва зинокорга мўмин ва зино қилмаган шахс ҳам никоҳланиши мумкин бўлди.

Мазкур икки оят орасидаги насхнинг баёни қуйидаги ривоятда келган:

Яҳё ибн Саъийддан, у Саъийд ибн Мусаййабдан ривоят қилинади:

«Аллоҳ азза ва жалланинг «Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур» деган қавли ҳақида у(Саъийд)нинг «Ушбу оят ўзидан кейинги оят ила насх бўлган» деганини эшитдим. Сўнгра у «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг»ни қироат қилди».  

Молик ривоят қилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳкитобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳумайд асСоъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини давоми...

2826 20:30 / 24.02.2022
Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4291 05:00 / 17.01.2017
1. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, .Азийз,, .Карим,, .Муҳаммад,, .Аҳмад,га ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни давоми...

3076 16:16 / 22.04.2021
Тўрт дона туяси бор одамга закот фарз бўлмайди. Агар эгаси ўзи хоҳлаб берса, ўзининг ихтиёри. Туяларнинг номлари изоҳи қуйидаги жадвалда келади. Бинти Мухоз давоми...

630 19:00 / 01 август