1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши турлари (1-қисм)

17:54 / 28.12.2017 5052 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим оятларининг бир-бири орқали насх бўлиши ҳақида баҳс олиб борган уламоларнинг баъзилари бу хилдаги насх қуйидаги турларга тақсимланишини айтадилар:

1. Оятнинг ҳукми ва тиловати баробар насх бўлиши.

2. Оятнинг ҳукми  қолиб, тиловати насх бўлиши.

3. Оятнинг ҳукми насх бўлиб, тиловати қолиши.

Ушбу тақсимдаги ҳар бир ҳолатни мисоллари билан илмий асосда ўрганиб чиқилса, бу борадаги гап-сўзлар ҳам аввалги ўтган гаплар каби ўта аниқлик билан айтилмаган фикрлар экани аён бўлади. Қуйида мазкур илмий таҳлилнинг мухтасарини тақдим этамиз.

1. Оятнинг ҳукми ва тиловати баробар насх бўлиши.

Бу тақсимга кўра, бир оят нозил бўлиб, у орқали шаръий ҳукм собит бўлади. Кейинроқ, оятнинг тиловати ҳам, у орқали собит бўлган шаръий ҳукм ҳам насх бўлади. Яъни, оят тиловат этилмайдиган ва унинг ҳукмига амал қилинмайдиган ҳолат юзага келади.

Бу хилдаги насхнинг жоизлигини ким айтгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо уни насх ҳақида сўз юритган барча китобларда зикр қилинади. Уларнинг асосий далили қуйидаги ҳадиси шарифдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Қуръонда нозил қилинган нарсалардан, ўн маълум эмизиш ҳаром қилиши эди. Сўнгра улар беш маълум билан насх қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида улар Қуръондан ўқилаётган нарсалар ичида эди». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятга амал қилиб, шаръий эмизиш собит бўлиши учун беш марта тўйиб эмиш керак, дейишган.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса, бу ривоят ўта мушкул ривоят, дейишган. Чунки, Қуръонда ўн эмиш ҳақида ҳам, беш эмизиш ҳақида ҳам ҳеч қачон оят бўлмаган. 

Сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўқилиб турган бўлса, нима учун ҳозир ўқилмайди? Бунга ўхшаш саволлар жуда ҳам кўп. 

Агар «Бу ривоятда айтилган маънода Қуръон ояти бор эди» дейилса, Қуръонга ўзгариш киритилган бўлиб қолади. Бу эса, ботилдир. 

Иккинчидан, бу – оҳод хабар, у билан Қуръон собит бўлиши мумкин эмаслиги аён.

Уламолар ушбу ривоят ҳақида кўп баҳс юритишган. Охири «Ушбуга ўхшаш иборалар ўша вақтда саҳобаларнинг ўзларига маълум нарсалар бўлган, лекин ҳозирда тушунилиши қийин масала» деган хулосага келганлар. 

Бизнингча, Оиша розияллоҳу анҳонинг бу гаплари «Ушбу насх Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сал олдинроқ бўлган, шунинг учун уни кўпчилик билмай қолган» деган маънода айтилган. Яъни, аслида Қуръонда ўн эмиш ҳақида ҳам, беш эмиш ҳақида ҳам оят ҳеч қачон бўлмаган. Бу масаладаги ҳукм ва насх Қуръон нозил бўлиб турган вақтда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида бўлгани учун Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай деган бўлишлари мумкин.

Агар диққат билан назар солинадиган бўлса, насхнинг ушбу қисми айнан мана шу ривоят учун ташкил қилингани англанади. Бас, бу гапни кўпайтирмаган маъқул бўлади.

2. Оятнинг ҳукми  қолиб, тиловати насх бўлиши.

Бу тақсимга кўра, бир оят нозил бўлиб, у орқали шаръий ҳукм собит бўлади. Кейинроқ, оятнинг тиловати насх бўлиб, Қуръон сифатида ўқилмайдиган бўлади. Аммо у орқали собит бўлган шаръий ҳукм насх бўлмайди. Яъни, унинг ҳукмига амал бўлаверади.

Бу турдаги насх ҳақидаги гаплар ҳам худди аввалги «оятнинг ҳукми ва тиловати баробар насх бўлиши» борасидаги гапларга ўхшашдир. Оятнинг ҳукми  қолиб, тиловати насх бўлиши ҳақида сўз юритганларнинг энг машҳур далиллари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб: 

«Албатта, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаққ ила юборди ва у зотга Китобни нозил қилди. Бас, у зотга нозил қилинган нарсалар ичида ражм (тошбўрон) ояти ҳам бор эди. Биз уни қироат қилдик, англаб етдик ва ақлимизга сингдирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошбўрон қилдилар ва биз ҳам у кишидан сўнг тошбўрон қилдик. Мен замон ўтиши билан баъзи одамлар «Аллоҳнинг китобида ражм(тошбўрон)ни кўрмаяпмиз» деб Аллоҳ нозил қилган фарз амални тарк этиб, залолатга кетишларидан қўрқаман. Агар эркак ва аёллардан оила кўрганларидан зино қилганларига ҳужжат ва далил қоим бўлса, ҳомила бўлса, ёки эътироф қилса, тошбўрон қилишлик Аллоҳнинг китобидаги ҳаққдир», – деди». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ривоят турли шаръий илмлар уламолари орасида кўплаб баҳс ва тортишувларга сабаб бўлган. Бу ривоятга нафақат муҳаддис ва фақиҳлар, балки, Усулул фиқҳ ва Улумул Қуръон мутахассислари ҳам қайта-қайта мурожаат қилганлар.

Кўпчилик уламолар ривоятнинг сиртини эътиборга олиб, уни қуйидагича шарҳлайдилар: бир вақтлар зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида оят тушган. У оятни тиловат ҳам қилинган, унга амал ҳам қилинган. Сўнгра, мазкур оятнинг тиловати насх қилинган. Яъни, Қуръон оятлари орасидан чиқарилган, Қуръон сифатида тиловат қилинмай қўйилган. Аммо, унга амал қилиш боқий қолган. 

«Ўша оят қайси оят эди?» деган саволга: «Қари чол ва қари кампир зино қилсалар, икковларини албатта тошбўрон қилинглар. Бу, Аллоҳнинг азобидир. Аллоҳ азийзу ҳакиймдир» деган оят эди», дейдилар.

Аммо, ушбу ҳадиси шарифни ва бу масалага тегишли бошқа маълумотларни синчковлик билан чуқур ўрганган Улумул Қуръон мутахассислари бошқача фикр айтадилар.

«Тошбўрон ояти» деб номланган мазкур оят ҳақида ушбудан бошқа ривоят йўқ. Битта ҳадис билан «Қуръонда у бор эди, бу бор эди», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир эмас, бир қанча ҳадис бўлса ҳам, Қуръон кучига эга бўла олмайди. 

Бунинг устига, агар ушбу гапни қабул қиладиган бўлсак, Қуръон оятларидан баъзилари чиқариб ташланган, деган нотўғри фикр вужудга келади. Бу эса, мутлақо бўлмаган нарса.

«Тошбўрон ояти» деб айтаётган нарсаларида қари чол ва қари кампир ҳақида сўз кетмоқда, шариат ҳукмида эса, оила кўрган зинокорларнинг ҳаммаси – ёшу қариси тошбўрон қилинади. Шунинг учун, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларини ўша замоннинг истилоҳлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб тушунмоқ керак. 

Жумҳур мусулмонлар қадимдан, нобикр зинокорларни тошбўрон қилиш Қуръон билан эмас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган ҳукм эканига иттифоқ қилиб келаётганлари маълум ва машҳур.

Шу билан бирга, гоҳ вақтларда «Аллоҳ таолонинг китоби» деганда, Қуръонга қўшиб, суннат-ҳадис ҳам тушунилиши маълум. Чунки, оят ҳам, суннат ҳам ваҳийдир. 

Бунга мардикор йигит ҳадисида ҳам мисол бор. Ўша ҳадисда мардикор йигит билан зино қилган хотиннинг эри ҳам, йигитнинг отаси ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Ё Расулуллоҳ, бизнинг орамизда Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қилинг», – дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга: «Албатта, иккингиз орангизда Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қиламан», деб туриб: 

«Сенинг ўғлингга юз дарра ва бир йил сургун. Эй Унайс, манавининг хотини олдига бор. Агар эътироф қилса, уни тошбўрон қил», – дедилар».

Ушбу жумладаги ҳукмлар ичида бикр зинокорни юз дарра уриш Қуръони Каримда бор. Аммо, бир йил сургун ва тошбўрон Қуръони Каримда зикр қилинмаган. Шундоқ бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қиламан», демоқдалар.

Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам нобикр зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми аҳамиятли эканини таъкидлаш учун юқорида келтирилган ривоятдаги оҳангда гапирган бўлишлари мумкин. Бу истилоҳ ва маъноларни ўша пайтда ҳамма тушунган бўлганидан, ҳеч ким у кишига эътироз билдирмаган. 

Шунинг учун, бу ривоятни «саҳобалар истилоҳидаги маълум иборалар билан айтилган гап» деб тушунишимиз яхши бўлади. 

Қуръон Набий алайҳиссаломга нозил бўлган ваҳий, лекин лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳники. Суннат, айниқса, шариат ҳукмларини баён этувчи суннат ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳийи. Лекин, суннатнинг маъноси Аллоҳдан, лафзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан.

Уламоларнинг «Тошбўрон ояти» деб аталган жумла тўғрисида мулоҳазалари кўп.

Аввало, ўша «Тошбўрон ояти» деб аталаётган жумла саҳиҳ суннатда собит бўлмаган. Уни Насаийдан бошқа ҳеч бир имом келтирмаган. Чунки, бу жумла уларнинг ишончига сазовор бўлмаган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар узундан-узоқ сўз юритиб ўтган.

Иккинчидан, мазкур «Тошбўрон ояти» қайси сурада эканини ҳам биров айтмаган. 

Учинчидан, саҳиҳ ҳадис даражасига етмаган ривоятни қандай қилиб Қуръони Каримга тенглаштириш мумкин?!

Демак, бу турдаги «Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши, ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз ёки асоси бўш гап дейишга ҳаққлимиз.

3. Оятнинг ҳукми насх бўлиб тиловати қолиши.

Бунда Аллоҳ таоло Қуръонда оят нозил қилиб, шаръий ҳукмни жорий қилади. Унга бир муддат мусулмонлар томонидан амал ҳам қилинади. Кейинроқ Аллоҳ таоло бошқа оят нозил қилиб, аввалги оятнинг ҳукмига амални бекор қилади. Аммо аввалги оят, унинг ҳукмига амал қилиш тўхтаса ҳам, Қуръонда тураверади. Унинг тиловати давом этаверади, ўзи мусҳафларга ёзилаверади.

Худди шу турдаги насхгина Қуръони Каримда бор. Унинг ҳақида баҳслар олиб борилган ва китоблар ёзилган. Мазкур илмий баҳслар ва китобларни диққат билан ўрганилса, уламолар ушбу турдаги насх тўғрисида уч тоифага бўлинганлари кўрилади.

1. Абу Муслим Асфиҳоний бу хилдаги насх «ақлан жоиз, шаръан жоиз эмас» деган. Унинг бу гапи илмий эмас. У насх билан тахсисни аралаштириб юборган ва унинг гапини биров эътиборга олмайди ҳам.

 2. Бу турдаги насхда муболағага кетганлар тоифаси. Бу тоифага мансуб кишилар «Қуръондаги насх ақлан ҳам, шаръан ҳам жоиз» дейиш билан бирга насхнинг чегарасини билмаганлар ва насх бўлмаган нарсаларни ҳам унга қўшиб юборганлар. Шу билан бирга, бу тоифадаги тадқиқотчиларнинг ҳар бири ўзича мансух оятларни белгилайверганлар. Буни қуйидаги маълумотлардан билиб олинса ҳам бўлади.

1. Имом Абдурроҳман ибн Али ибн Жавзий 235 оятни мансух деган. 

2. Имом Абулқосим Ҳибатуллоҳ ибн Салома 230 оятни мансух деган.

3. Имом Муҳаммад ибн Баракот ибн Ҳилол 218 оятни мансух деган.

4. Имом Маръий ибн Юсуф Мақдисий Карамий 214 оятни мансух деган.

5. Имом Муҳаммад ибн Ҳазм Зоҳирий 214 оятни мансух деган.

6. Имом Абдуллоҳ ибн Атийя Ажҳурий 213 оятни мансух деган.

7. Имом Ибн Хузайма Форисий 202 оятни мансух деган.

8. Имом Абу Жаъфар Наҳҳос 138 оятни мансух деган.

9. Имом Абдулқоҳир Бағдодий 66 оятни мансух деган.

10. Имом Жалолуддийн Суютий 20 оятни мансух деган.

Насх қилинган оятлар тўғрисидаги ушбу рўйхатнинг энг оз сони имом Жалолуддийн Суютийга тегишли экани кўриниб турибди. Аммо кейинги уламолар ўша энг оз йигирма оятнинг кўп қисми ҳам мансух эмаслигини исбот қилганлар. Уларнинг вакили доктор Иброҳим Абдуллоҳ Руфайда раҳматуллоҳи алайҳи мансух оятлар ҳақида муболағага кетишнинг қуйидаги сабаблари борлигини таъкидлайди:

– Муболағачилар ўтганларнинг «насх» сўзини кенг маънода, жумладан «тахсис» маъносида ҳам ишлатганларига эътибор бермаганлар. Имом Қуртубий ўз тафсирида: «Аввал ўтганлар тахсисни ҳам «насх» деганлар», дейди.

– Муболағачилар аввал бирор сабабга кўра шариатга киритилиб, кейин сабаби йўқ бўлган нарсаларни ҳам насхга қўшганлар. Шунинг учун ҳам, сабрга ва озорларга чидашга чақирувчи оятларни қитол оятлари билан насх қилинган, деб айтишган. Аслида эса, ундай эмас.

– Муболағачилар Исломнинг жоҳилият урф-одатларини ботил қилиши борасидаги ишларни ҳам насхдан деб билганлар. Отанинг аёлига уйланиш, опа-сингилни жамлаб никоҳига олиш, талоқнинг учтадан ошмаслиги, бир эр киши тўрттадан ортиқ аёлга уйланиб бўлмаслиги каби ишлар.

– Муболағачилар, гарчи баъзи оятларни жамлаш имкони бўлса ҳам, орада қарама-қаршилик бор Дея, уларни насхга ҳукм қилиб юборганлар. Мисол учун, нафақа қилиш ҳақидаги оятлар закотнинг вожиблиги ҳақидаги оят билан насх бўлган, дейишади.

Тажрибанинг кўрсатишича, насхнинг таърифида айтилган «Шаръий ҳукмнинг кейин келган шаръий далил билан бекор қилиниши насхдир» деган жумлага алоҳида эътибор бермаслик оқибатида бу масалада хатога йўл қўйилади. Агар бу қоидага диққат билан амал қилинса, насхнинг ҳақийқатини англаш жуда осон бўлади. 

3. Насхда мўътадиллик йўлини тутган уламолар тоифаси.

Бу тоифадаги уламолар илмий асосда чуқур баҳс юритиб, шариат қоидаларини ишга солиб, ҳар бир ҳолатни «Шаръий ҳукмнинг кейин келган шаръий далил билан бекор қилиниши насхдир» деган тарози ила тортиб иш кўрганлар.

Улар насхни билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки саҳобийдан ривоят қилинган, очиқ-ойдин равишда «фалон оятни пистон оят насх қилган» деган нақлга суяниб иш кўрганлар.

Улар насхда овом тафсирчилар ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодига аҳамият бермаганлар. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

4054 16:07 / 02.04.2020
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда кавушларига масҳ давоми...

3084 13:00 / 07.01.2021
Бунда қайси намознинг қай вақтда ўқилиши, беш вақт фарз намозларнинг ҳар бирининг аввалги ва охирги вақтлари, қай вақтда намоз ўқиш жоиз эмас, қай вақтда макруҳ давоми...

4115 13:30 / 20.05.2021
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси давоми...

1485 00:00 / 21.10.2022