1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Насх тўғрисида қўшимча маълумотлар

18:07 / 28.12.2017 3703 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламолар: ижмоъни ижмоъ билан, Қуръон ва суннатни қиёс билан насх қилиб бўлмайди, деганлар. Бу борада ихтилоф йўқдир. 

Насх бир қанча турларга бўлинади:

– Насх бир ҳукмни бекор қилиб, ўрнига бошқа нарса келмайди. Мутъа никоҳи насх бўлгани бунинг мисолидир. 

Лекин бу ҳам насхнинг таърифига тўғри келмайди. Бу насх эмас, ҳукмнинг бекор бўлишидир. Демак, «насх» сўзи баъзи пайтда ҳукмни бекор қилишга ҳам ишлатилган экан. 

– Бир ҳукмни насх қилгандан кейин унинг ўрнига янги ҳукм келадиган бўлса, мана шу ҳукм мансухдан енгил ёки у билан баробар ёхуд мукаллафнинг нафсига оғир ботадиган бўлиши ҳам мумкин.

Бир ҳукмни насх қилиб, ўрнига бошқа ҳукм келтиришга мисол: ота-она ва қариндошларга васият қилиш вожиблиги меъросни тақсимлаш ҳукми билан алмаштирилган. 

Иккинчи мисол: ўн олти ой давомида қибла Байтул Мақдис тарафга бўлиши ҳукми насх қилиниб, Каъбаи Муаззамага юзланиш амр бўлди. Демак Байтул Мақдисга юзланиш бадалига Каъбага юзланиш жорий бўлди. 

Яна: аввал аёллар бир йилгача идда тутиши ҳақида гап бор эди. Унинг ўрнига «Эри ўлган аёллар тўрт ой ўн кун идда тутсин» деган бадал келди. 

– Байтул Мақдисни қўйиб, намоз вақтида Каъбага юзланиш ҳақида бўлган насхда носих билан мансух амалий жиҳатдан тенгдир. 

– Эри ўлган аёл бир йил идда тутиши тўрт ойу ўн кунга алмаштирилганда бадал енгил бўлиб келяпти.

– Бир нарсани насх қилиб, ўрнига оғирроқ, шиддатлироқ бадални келтириш жумҳур наздида жоиздир. Яъни, мансухнинг ўрнига келган носих мансухдан кўра оғирроқ ва шиддатлироқ бўлиши жумҳур наздида жоиздир. Чунки, шариатнинг ҳукмидан кўзланган манфаат баъзи бир вақтларда енгил ҳукмдан кейин оғирроқ ҳукмни тақозо қилиб қолиши мумкин. 

Мисол учун, мутъа никоҳига аввал рухсат берилиб, кейин насх қилиниши енгилдан оғирга ўтиш маъносини англатади. 

Ошуро рўзасини насх қилиб, Рамазон рўзасини фарз қилиш ҳам енгилдан оғирга ўтиш ҳисобланади. 

Мана шуларнинг барчасида носих аввалги ҳукмдан оғирдир, лекин шундай бўлса ҳам, бунда мукаллафларнинг фойдаси кўзда тутилгандир. Бу ҳақийқат Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган.

Яллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

 «Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?» («Бақара» сураси, 106-оят).

Бу ердаги «ундан яхшиси» шиддатлироқ ёки ўзи билан тенг ёки енгилроққа ўтказиш билан юзага чиқиши мумкин.

Насх очиқ-ойдин ёки зимний бўлади.

– Очиқ-ойдин насхда шариат Соҳиби олдинги ҳукмни бекор қилганини очиқ-ойдин эълон қилади. 

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: 

 «Сизларга сирли суҳбатингиздан аввал садақа бериш оғир келдими?! Агар бажармасангиз, (майли) Аллоҳ афв қилди. Бас, намоз ўқинглар ва закот беринглар. Ва Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» («Мужодала» сураси, 13-оят). 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам суннатда собит бўлган насхни очиқ-ойдин баён қилганлари ҳақида ривоятлар бор.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки, у дунёдан зоҳид қилади ва охиратни эслатади», – дедилар». 

Ибн Можа ривоят қилган.

Бу ерда насхнинг ҳикмати матннинг ўзида очиқ-ойдин айтилган.

– Зимний, яъни, очиқ-ойдин бўлмаган насхда унинг ҳикматини шариат Соҳиби очиқ-ойдин айтмайди. Лекин собиқ ҳукмига тескари ҳукмни жорий қилади. Бас, кейингиси олдингисига зимний насх қилувчи бўлади. 

Мисол учун, мерос қолдирувчининг ота-она ва қариндошларга васият қилиши ҳақидаги ҳукм мерослар ояти ила насх қилинган. Икки ҳукм бир-бирига қарама-қарши. Бас, васият ҳақидаги ҳукм меърос ояти билан зимний насх бўлди. 

Насх умумий ёки жузъий бўлиши мумкин. 

– Жузъий насхда шариат Соҳиби олдинги ҳукмнинг баъзи ҳолатларини ёки баъзи афродларга нисбатанини ботил қилади. Аввал умумий ҳукмни шариатга киритади. Сўнгра, бир муддат ўтиб баъзи афродларга хос бўлган ёки баъзи бир қайдлар билан қайдланган ҳукмни жорий қилади. 

Мисол учун, бировни зинода айблаганларнинг жазосини  жорий қилиш борасида «Нур» сурасида келган оятда Аллоҳ таоло шундай деб буюради:

 «Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир» (4-оят).

Мана шу оятда ҳар бир покиза аёлни зинода айблаган бўҳтончи тўртта гувоҳ келтира олмаса, умумий тарзда саксон дарра урилиши кераклиги амр қилинган. 

Кейин Аллоҳ таоло эр-хотинлар орасида зинода айблов содир бўлган ҳолатда лиъон ҳукмини жорий қилиб, уларга алоҳида ҳукм чиқарди. Мана шуни «жузъий насх» дейилади. 

Демак, эр хотинини зинода айбласа, унга дарра урилмайди, балки хотини билан мулоъана қилиши талаб қилинади. (Бу насх эмас, тахсисдир.)

– «Куллий насх» собиқ ҳукмнинг барча мукаллафлар учун бутунлай бекор қилинишидир. Мисол учун, ота-онага ҳамда қариндошларига васият қилиш вожиблигини мерос ҳукмини баён қилувчи оятлар куллий насх қилинган.

Шунингдек, бир йил идда ўтириш ҳақидаги ҳукмни тўрт ойу ўн кун идда ўтириш ҳукми ила насх қилинган.

Бу ерда куллий насх бўлди – бир йил тўғрисидаги ҳукм кетди, ўрнига тўрт ойу ўн кун келди.

Насхнинг маҳалли

Яъни, насхни қабул қиладиган ва қабул қилмайдиган нарсалар. Абадий ва вақтинчалик бўлмаган барча шаръий ҳукмлар насхнинг маҳаллидир. Шунга биноан, барча ҳукмлар ҳам насх бўлавермайди. Яъни, ҳамма ҳукм ҳам насхни қабул қилувчи эмас. 

Ҳукмларнинг ичида насхни қабул қиладигани ва қабул қилмайдигани бор. 

Яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам замон ўзгариши билан ўзгарадиган ҳукмлар насхни қабул қиладиган ҳукмлардир.

Насхни қабул қилмайдиган ҳукмлар уч хил бўлади: 

– Биринчиси: абадийликни ифода қилувчи лафзлар билан келган насслар.

Мисол учун, оят «холидийна фийҳа абадан» «унда абадий, бардавом қолурлар» деб тугаган бўлса, насх бўлмайди. 

«Вала тақбалуу лаҳум шаҳаадатан абадан» «Ва улардан абадан гувоҳликни қабул қилманглар» деганга ўхшаган абадийликни ифодаловчи насс(матн) бўлса ҳам, насх бўлмайди. 

– Иккинчиси: ўтган ишларнинг мазмунидан хабар бўладиган бўлса ҳам, насхни қабул қилмайди.

– Учинчиси: шариатнинг асосий ҳукмларидан бўлиб, яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам замон ўзгариши билан ўзгармайди. 

Мисол учун, дийннинг аслига боғлиқ бўлган ҳукмлар, эътиқодий масалалар, ибодатлар, Исломнинг катта асослари, «шўро», «адолат» каби тушунчаларни насх қилиб бўлмайди. 

Шунингдек, фазийлатларнинг онаси бўлган гаплар, уларга тенг бўлган нарсалар, садоқат, омонат, иффат, ёлғон, хиёнат, фаҳш тўғрисидаги гаплар ҳам ҳеч қачон насх бўлмайди. 

Бундай нарсаларнинг насх бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Чунки, улар чиройли, яхши ёки қабиҳ нарсалар бўлиб, ҳар замонда бирдай ҳолатда туради.

Матнга зиёда қилиш билан насх қилиш 

Уламолар «Мавжуд матнга зиёда бўлиши ила насх бўладими ёки йўқми?» деган масалада икки хил фикр айтишган. 

Жумҳур: зиёда тахсисдир, насх эмасдир, дейди. 

Ҳанафийлар: насхдир, тахсис эмасдир,  дейишади.

Буларнинг фарқли қараши қуйидагича: матндан чиққан ҳукмга мустақил бўлмаган зиёда боғланади ва у кейин келган аввал йўқ эди. 

Мисол учун, тоҳарат қилиш пайтида ниятни шарт қилиш ҳақидаги масала. Жумҳур мазкур ҳолатда «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир» ҳадисига биноан ниятни шарт қилади. Бунда тоҳарат ҳақидаги оятда «ният қилинглар» деган гап йўқ бўлса ҳам, унга ниятни зиёда қилинди. 

Жумҳур мана шундай зиёдани «тахсисдир, насх эмас», дейдилар, Ҳанафийлар эса, ҳар қандай зиёдани «насхдир, тахсис эмас» дейишади. 

Шунингдек, оятда бикр (уйланмаган йигит ёки қиз) зинокорни дарра уриш келган. Убода ибн Сомитнинг ҳадисида эса, дарра уриб бўлгандан кейин бир йил сургун қилиш ҳақида зиёда келган. Оятдаги дарра уриш ҳақидаги ҳукмга зиёда тарзда сургун қилиш қўшилмоқда. 

Байтуллоҳни тавоф қилишда тоҳаратни шарт қилмоқ ҳам юқоридагига ўхшаш зиёдадир. Оятда «тоҳаратлик бўлсин» деган гап йўқ. Лекин ҳадисда: «Байтнинг тавофи намоздир», дейилган. Намозга тоҳарат керак бўлгани каби, тавофга ҳам тоҳарат керак бўлади. 

Юқорида зикр қилинган мисолларни жумҳур «тахсис ёки қайдлашдир, насх эмас» десалар, ҳанафийлар «насх» дейдилар. 

Жумҳур билан ҳанафийларнинг бу борада қилган хилофларининг фойдаси қуйидагича зоҳир бўлади: 

Оят ёки ҳадисга зиёда бўлиб келаётган нарсалар насх бўлмаслиги оҳод хабар ёки қиёс билан баён этилмоқда. Ҳанафийлар ана шу зиёдани «насх» деб қабул қиладилар. Чунки, зиёда оҳод хабар ёки қиёс билан собит бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, оҳод хабарнинг ҳам, қиёснинг ҳам мутавотирни, Қуръонни насх қилишга кучи етмайди. 

Мана шунга биноан, ҳанафийлар тавоф пайтида тоҳарат қилмоқ, зиҳорнинг каффороти ва қасамнинг каффороти учун озод қилинадиган қулнинг мўмин бўлиши, тоҳарат қилганда ният қилиш каби амалларни «шарт эмас» деганлар. 

Жумҳур мазкур зиёдани «насх эмас» дейдилар. Зиёда оҳод хабар билан ёки қиёс билан ёки иккаласидан бошқа йўл билан келади. Буларнинг барчаси «зонн»ни ифода қилади. 

Мисол учун, разоънинг собит бўлиши учун, шофеъийларнинг наздида, беш марта эммоқ керак. Оятда эса, у гап айтилмаган. Шофеъийлар беш марта эмишни шарт қилиб қўйишади, чунки ҳадисда бу нарса бор. 

Шунингдек, шофеъийларнинг наздида, ким намоз ўқиса, ўзи ёлғиз ўқийдими, жамоатда ўқийдими, «Фотиҳа» сурасини ўқимоғи намознинг шартларидан бир шартдир. 

Қуръонда эса, «Қуръондан муяссар бўлганингизча ўқинг» дейилган, «Фотиҳа» ўқилсин» деган гап йўқ. Лекин шофеъийлар «Фотиҳа»сиз намоз йўқ» деган ҳадисни оладилар. 

Ҳанафий мазҳаби ушбу қоидани тутишлари оқибатида кўп саҳиҳ оҳод ҳадисларни тарк қилганлар. Мисол учун, тоҳаратда ният шарт эмас, деганлар. Гарчи бу борада ҳадис бўлса ҳам. Шунингдек, намозда «Фотиҳа»ни тайин қилиб ўқиш шарт эмас, деганлар. Гарчи «Фотиҳа»сиз намоз йўқ» деган ҳадис бўлса ҳам. 

Ҳанафийлар бир дона гувоҳ ва етмай қолган битта гувоҳнинг ўрнига қасам ичса бўлаверади, деган гапни ҳам, зиҳор ва қасамхўрликнинг каффоротини адо қилиш пайтида озод қилинадиган қулнинг мўмин бўлишини ҳам олишмаган. 

Шундай бўлса ҳам, улар ҳамма ижтиҳодларида бирдек мана шу қоидага амал қилмаганлар. Баъзи жойларда бу қоидани тарк қилиб, ҳадисни олган ҳолатлари ҳам бор. 

Ҳанафийлар муомалот бобида Қуръон шарт қилиб қўймаган шартларни олишган. Мисол учун, бир киши байъ қилиб туриб, орқасидан шарт қўйса, қилган байъи ботил бўлади, дейишган. Бу ерда Қуръонга эмас, ҳадисга амал қилишган.

ХУЛОСА

Насх ҳақида ўрганиб чиққан маълумотларимиздан чиқадиган асосий хулосалардан бири шуки, Усулул фиқҳ олимлари ҳам бу мавзуда гапни чўзиб юборганлар ва кўпгина насх эмас ҳолатларни ҳам «насх» деб атаганлар.

Агар мазкур «насх» деб аталган ҳолатларни ҳамма иттифоқ қилган «Насх» шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишидир» қоидасига солиб чиқсак, насх эмаслиги аён бўлади.

Аммо, минг афсуски, кўп ҳолатларда мазкур қоида унутилиб, эски китобларда келган матнларга кўпроқ эътибор берилгани мулоҳаза қилинади.  

Маълумки, қадимда хослашни ҳам «насх» дейишган, аммо бу шаръий истилоҳдаги насх эмас, унинг маънолари бошқа, таъвийллари бошқадир. Саҳобаларнинг ўз истилоҳлари бўлган. Улардан кейинги авлодларнинг ҳам ўз истилоҳлари бўлган. Кўпинча «насх» сўзини турли маъноларга ишлатилган. Мисол учун, насхнинг «кўчириш» маъноси бор, «нусха олиш» маъноси бор ва бундан бошқа маънолари ҳам бор.

Лекин ҳақийқий шаръий истилоҳдаги насх бўлиши учун, шаръий ҳукм кейин келган шаръий далил билан амалдан қолиши қоидасига мувофиқ бўлиши керак. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадиси шарифда айтиладики .Поклик ndash имондандир,. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Яхшидир яхшиликни севади, Сахийдир саховатни севади, Покдир покликни севади. давоми...

3378 14:30 / 11.03.2021
Боши 258дарсда Сўнгра намозгоҳга чиқади. . . Абу Умайр ибн Анасдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш давоми...

1261 19:00 / 07.12.2023
. . . . . . Нифос болатуғилгандан кейин келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф давоми...

2773 13:00 / 18.02.2021
Билинг Дарҳақиқат, амримаъруф ва наҳиймункарнинг тўрт аркони борБиринчи рукн. Инкор этувчи шахс мукаллаф, мусулмон ва қодир бўлиши. Бу инкор этишнинг вожиб давоми...

3298 05:00 / 03.03.2017