1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абдували қори Али қори ўғли

09:43 / 27.12.2017 10661 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Абдували қори Али қори ўғлининг уйларига ташриф буюрдик. Қори домланинг ўғиллари Ғайбуллоҳ ака билан устознинг ҳаётлик даврларини ёдга олдик. Сиз азизлар билан Абдували қори Али қори ўғлининг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.



Абдували қори Али қори ўғли

ТАҚДИМ

Абдували қори Али қори ўғли 1927 йил 25 декабрда Тошкентда таваллуд топган. Ёшлигидаёқ Қуръони каримни ёд олиб, шаръий илмлардан ҳам яхшигина хабардор бўлган. Ўша пайтдаги Тошкентнинг етук уламоларидан Фозил қози, мулла Муҳиддин домла, Сулаймон қори, мулла Нофеъ домладан таҳсил олган. Кўп йиллар Кўкчадаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида имом ноиби бўлиб хизмат қилган. Умр бўйи Кўкча атрофидаги ўнлаб маҳаллалар аҳолисига Қуръон ва диний билимларни ўргатиб, устозлик қилган. 2017 йил 4 сентябрда Тошкентда вафот қилди, қабри Шайх Зайниддин қабристонида. 

 


Тошкентнинг фозил кишиларидан Муртазохоннинг уч ўғли бўлиб, булардан Али исмли ўғиллари мураттаб қори бўлган эди. Ана шу Али қорининг хонадонида бир ўғил фарзанд туғилиб, унга яхши ниятда Абдували деб исм қўйишди. Бола солиҳ инсонлар хонадонида улғайгани учун тез орада Аллоҳнинг Каломига ошно бўлди, Қуръони каримни ёд олди. Бошқа диний илмларга ҳам иштиёқи зўр эди.

Абдували ўн учга кирганида отаси фоний оламдан боқийлик диёрига кўчди. Ёш ўсмир эшик олдида таъзияга келувчиларни кузатиб турганида атрофдаги яқин қўшнилар унга “Масжидга чиқинг, отангиз кетиб, сафимиз бўшаб қолди”, дейишди. Динга қарши кураш авжига чиққан замонлар эди. Ўғил волидаи меҳрибонига маслаҳат солди. Онанинг ўзига хос соддагина, аммо ҳикматга тўла насиҳати ўғилга бир умр асқотди: “Болам, одамлар айтаётган бўлса, масжидга чиқақол. Сенга маслаҳат бергани менда илм йўқ. Фақат бир нарсани уқтирмоқчиман: фақат кўпчиликка қараб иш тут, кимни мақташса, ўшанга эргаш, нимани ёмон дейишса, ўша ишдан нари юр!”.

Онанинг шу насиҳатига амал қилиб, ёш Абдували фақат яхши инсонларга ўхшашга интилди. Ўша даврнинг таниқли олимларидан Фозил қози домла, мулла Муҳиддин домла, Нофеъ домлалардан таҳсил олиб, илмини бойитди. Асрорқул аканинг қилган қироатини тасмали магнитофонга ёзиб келиб, эртадан-кечгача ана шу қироатни ўрганарди. Кейин масжидда жума намозидан сўнг чиройли қироат қилиб берар, бу билан қанча одамнинг қалбида Аллоҳнинг Каломига бўлган муҳаббат учқунларини алангалатарди.

Бир муддат Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида ўқиди, айниқса у ердаги устози Мирзамаҳмуд қори аканинг сабоқларини кейинчалик ҳам ажиб бир меҳр билан эслаб юрди. Мадраса ёпилиб қолгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасига боришни мўлжаллади, аммо оилавий шароити бунга йўл қўймади.  

Абдували қори 1980 йиллардан бошлаб кўп йиллар Шайх Зайниддин жомеъ масжидида таниқли имом-хатиблардан Нуруллохон қори ва Раҳматуллоҳ қори Обидовларга ноиб бўлиб, масжид намозхонларига ваъз-иршодлар қилди, уларга сабоқ берди, тўғри йўлга чорлади. Унинг жума намозларида қилган мавъизаларини қавм ҳозиргача фахр билан эслаб юради.

Абдували қори ниҳоятда камтар, ихлосли, Аллоҳдан қўрқадиган, умр бўйи илм ва унинг аҳлини бошига кўтариб ардоқлаб ўтган фозил инсон эди. У киши фарзандларини ҳам ўзларига ўхшаш тақволи, солиҳ, обид ва зокир инсонлар қилиб тарбиялади. Қори аканинг ўғли Ғайбуллоҳ аканинг бир умр ҳалол касб билан рўзғор юритгани, ибодатда пешқадамлардан бўлгани, оталарига ўхшаб ҳамиша илм мажлисларига ошиққани бунга ёрқин мисолдир. У киши фарзандларига насиҳат тарзида назмий машқларни ҳам қолдирганларки, шулардан кичик бир намуна келтириб ўтсак бўлади:

“Бисмиллоҳ” ҳар доим иш бошинг бўлсин,

“Таъаввуз” шайтондан паноҳинг бўлсин.

Устоз насиҳати ҳамроҳинг бўлсин,

Нафсингга эргашма, огоҳ бўл, ўғлим!

 

Динда фирқачилик ботил одатдир,

Фитналар шайтонга зўр зиёфатдир.

Жамоатдан ажраш айб, касофатдир,

Бундай иллатлардан йироқ бўл, ўғлим!  

 

Абдували қорининг келинлари у киши ҳақида шундай самимий дил сўзларини изҳор этади: “Дадажонимиз имонда, Исломда кексайдилар. Кунлари ва тунлари ҳамиша Аллоҳнинг зикрида, У Зотга тасбеҳ ва ҳамду сано билан ўтарди. Рамазон ойида кексаликнинг “сўзи”га кириб, бирор куннинг рўзасини қазо қилганларини эслай олмаймиз. Ҳатто таровеҳ намозларида ҳам охиригача бардам турар, Қуръон хатмидан катта завқ-шавқ билан қайтардилар. У киши ибодатга ана шундай “полвон” киши эдилар. Биз, келинларга, набираларга жуда меҳрибон эдилар, ҳамиша ширин сўз айтардилар, асло қаттиқ тегмасдилар. Фақат ибодатга бепарво бўлиб қолганларнигина тергардилар. Фарзандларим Аюбхон ва Миразизлар ҳар куни боболарини эслаб, дуоларида йўқлашади, насиҳатларига амал қилишга уринишади. Дадажонимиз қалбимизда ҳамиша ана шундай фазилатли инсон сифатида яшаб қоладилар”.

Абдували қори насиҳатларидан бирида шундай деган эди: “Бу дунёда ҳамма бир кун вафот этади, фақат икки ном: яхши ва ёмон номгина барҳаёт қолади. Ажаб саодат эрур яхшилик билан қолса номинг”. У кишининг ўзи ана шу шиорига садоқат билан яшаб ўтди ва зурриётларига ҳам шуни тайинлади. Ҳақиқатан Абдували қори дин йўлида камтарона меҳнати билан, одамларга илм тарқатишдаги хизматлари билан ўз номини яхшилар қаторида бўлишига замин тайёрлаб кетди. Бунга у Қуръон ўргатган, динидан таълим берган юзлаб, минглаб шогирдлар охиратда гувоҳ бўлғусидир, иншаллоҳ!

Аҳмад МУҲАММАД.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мисрлик Халил Саййид бўйра тўқиш билан шуғулланарди. Шунинг учун .Бўйрачи, лақабини олган эди. У бўйра солинмаган ёки шолипоя солинган масжидни кўриб қолса, дарҳол давоми...

3881 17:30 / 22.12.2022
Булғор ислом академияси Илоҳиёт кафедраси ўқитувчиси Сайф ибн Али ибн Муҳаммад Али алАсрий 1975 йилда Яманнинг Ҳаж вилоятида таваллуд топган. 1979 йилда оиласи билан давоми...

224 15:55 / 10 октябрь
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм азЗобий анНисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиулаввал ойининг учинчи куни таваллуд давоми...

3848 21:58 / 27.04.2017
ШЕЙХ МУХАММАД САДЫК МУХАММАД ЮСУФ РАХИМАХУЛЛАХВсевышний Аллах сказал .Поистине, боятся Аллаха из Его рабов лишь ученые знающие, Сура Фатир, аят 28.Посланник давоми...

29613 15:54 / 09.11.2017
Аудиолар

135088 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55366 14:35 / 11.08.2021