1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мударрис Абдураҳмон қори

17:39 / 09.12.2022 2307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

XIX аср охири ва XX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган машҳур мударрис, Қуръон ҳофизи Абдураҳмон қори 1894 йил Наманган шаҳри «Сардоба» даҳаси (ҳозирги «Тўрақўрғон» кўчаси)да ҳунарманд тикувчи оиласида дунёга келди. Отаси Муҳаммад  Иброҳим (вафотлари тахминан, 1947 йили) ва бобоси Муҳаммад Шарифлар аҳли илмларни ўзига дўст тутган камтар, самимий ва тақводор кишилар бўлишган.

Оила муҳитида исломий таълим-тарбия олиб улғайган Абдураҳмон падарибузрукворининг кўрсатмаси билан тўрт ёшида машҳур мударрис Иззатуллоҳ (Тўқмулла) қорига шогирд бўлиб боради ва қорихонада илк диний таълимни бошлайди. Олти ёшида эса арабий-туркийдан хат-саводи чиқиб, Қуръони Каримни ёдлашга киришади. Ўн икки ёшида мужаввид ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишади ва таровеҳ намозларида хатми Қуръонга ўта бошлайди. Илм йўлида бардавом бўлган Абдураҳмон қори кейинчалик Собитхон тўра ва Самарқандлик Ургут эшон ҳазратларидан дарс олади.

Шу ўринда қорихона атамасига изоҳ бериб ўтсак. Қорихона — яқин тарихдаги мусулмонларнинг диний ўқув юрти. Нуфузи бўйича мактабдан юқори, мадрасадан қуйи бўлган даргоҳ. Унда қорилар тайёрланган. Дастлаб, араб мамлакатларида, кейинроқ Ўрта Осиёда пайдо бўлган. Қорихоналар одатда мактабхоналар, мадрасалар қошида ва катта мозорлар, қабристонлар ёнида очилган.[1]

Тадқиқотларга кўра, ҳалим, нозиктаъб ва гўзал хулқ эгаси Абдураҳмон қори мударрис Иззатуллоҳ қорининг энг охирги шогирдларидан бўлган. Устоз қори домла ёш ва салоҳиятли шогирди Абдураҳмонни ўзига ёрдамчи (халифа) мактабдор қилиб олади. Айтишларича, қорихонага келган талабалар Иззатулллоҳ домланинг назоратлари остида Абдураҳмон қоридан сабоқ олиб, ҳофизи Каломуллоҳ рутбасини олганлар. Шу тариқа, ўспиринлик давридаёқ Абдураҳмон қори ҳофизи Қуръон ва мударрис бўлиб танилади.

Қатағон даврида шаҳримиздан Саудия Арабистонига ҳижрат қилиб кетган Абдулваҳҳоб, Неъматуллоҳ ҳамда Умарали қорилар айнан Абдураҳмон қори домланинг хизматларини қилиб, у зотнинг таълимларини олган кишилардир. Қолаверса, Наманганлик кўплаб аҳли Қуръонлар, яъни булардан, Абдуссалом, Абдуқаҳҳор (укаси), Бобо Муҳаммад (Мажнунтол-Янгиободлик) Бойдада, Ибодуллоҳ, Нажмиддин, Неъматуллоҳ (Дамбоғлик) каби ҳофизи Каломуллоҳлар қори домланинг шогирдларидандир.

«Отам раҳматли «Шоҳи зинда» масжидида уч йил бош имом хатиб лавозимидан бошлаганлар. Сўнгра, Наманган вилояти Косонсой туманидаги масжидлардан бирида узоқ вақт фаолият олиб борганлар. 1920 йилдан 1928 йилгача эса Тўрақўрғон кўчасидаги «Маҳмудхон тўра» масжидида имом-хатиб ва мактабдор бўлиб, Ислом дини хизматида, халқимизга илм-маърифат тарқатдилар. Ҳазрат қори домла охирги саккиз йил масжидда беш вақт намозга имомликка ўтадиган бўлсалар, ғуслсиз ўтмаган эканлар. Боиси, олим ва фақиҳ Собитхон тўра Абул Маъонийдек улуғ зотнинг ҳузурларида имомликка ўтиш қийин, деганларини эшитганман» - дея сўзлайди ўғиллари Мусохон ака.

Абдураҳмон қори устози Иззатуллоҳ қоридан нафақат илм балки, ҳунар ҳам ўрганди. У устозидан гулчилик ва боғдорчилик сир-асрорларини ўрганиб, шу ҳунар ортидан оила тебратди. Қори домла собиқ вилоят шифохонасида оддий боғбон бўлиб ишлаб, нафақага чиқдилар. То кексайиб, оламдан ўтгунларича илм ўрганиб, зиё тарқатишдан тўхтамадилар. Дарҳақиқат, қори домламиз Рамазон ойларида халқимизнинг хонадонларида 3 ёки 5 кунлик хатмларга ўтиб, улуғларимизнинг дуо ва назарларни топганлар. Хусусан, Даштбоғ мавзесидаги Аҳмадали ака хонадонларида ҳам 25 йил хатмга ўтган эканлар.

Тахминан, 1950 йиллари оила ва рўзғор ташвиши билан овора бўлган Абдураҳмон қорининг ҳифзлари, яъни хотиралари бироз сусаяди. Қори домла дарҳол барча ишларни четга суриб, Косонсойдаги «Жим» мозорига бориб, қирқ кун ғорда чилла ўтириб, Қуръони Каримни такрорлайдилар. Аллоҳнинг раҳмату иноятидан ҳифзлари яна эски ҳолига қайтади. Шундан сўнг қори домла Қуръони Каримни ўқиб, такрорлашни кунлик вазифа қилиб оладилар.

Ҳазрат қори домла мулла Аҳмадали (1906-1994), Насимхон тўра (1892-1987), мулла Қодирхон тўра (1896-1971) Тоҳирхон тўра (1900- 1964) каби уламолар билан дўст-биродар бўлганлар. Юқорида санаб ўтган аҳли илмларимиз қори домланинг хонадонларида тез-тез учрашиб, илм суҳбатлари ўтказиб туришар экан.

Ўз даврининг маълум ва машҳур мударриси Абдураҳмон қори домла 1966 йил 72 ёшларида вафот этганлар. У зоти шариф «Мангулик» қабристонига қўйилган. Ҳозирда ҳазрат қори домланинг набира ва абиралари боболарининг издошлари бўлиб келмоқдалар.

Абдураҳмон қори домла Эгамберди эшон қизлари Убайдахон (1910-1988) ойим билан оила қуриб, икки ўғил ва бир қизнинг отаси бўлганлар. Фарзандлари Мусохон (1943), Исохон (1948) ва Азизахон (1941-2000) аялардир.[2]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] Дадабоев Я. Хўқанди латиф маноқиби. (Тазкира). — Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. — Б. 82.

 

[2] Ушбуларни ҳофизи Қуръон Абдураҳмон қорининг ўғиллари Мусохон ҳожи ота сўзлаб бердилар.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолар айтадилар.Агар бир одам намоздан лаззатланишни сезмай қолган бўлса ва уни кечикиб адо этиб дангасалик қилаётган бўлса, Қуръони каримни борган сари кам давоми...

5566 09:00 / 22.08.2021
Мулла Сулаймон Абдураҳмон эшон ўғли 1880 йил Наманган шаҳри, Авлиё домла маҳалласи ҳозирги Жийдакапа кўчасида тўқувчи хунарманд оиласида дунёга келди. Отаси давоми...

2985 11:33 / 24.10.2021
Касир ибн Яҳё отасидан ривоят қилади .Сулаймон ибн Абдулмалик Мадинага келди. У пайтда Умар ибн Абдулазиз у ерда волий эди. Сулаймон одамлар билан бирга пешинни давоми...

2839 19:00 / 26.11.2022
Абулқосим Заҳровий дорини беморнинг қонига аралаштириб томирдан юборилса, унинг таъсири тез бўлишини тажрибалар орқали кашф қилди. Шунинг учун у киши ҳозирги давоми...

2307 12:20 / 22.06.2021
Аудиолар

222269 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10564 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

141258 14:35 / 11.08.2021