1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Диннинг ўрнини босувчи нарса йўқдир

05:00 / 19.01.2017 3512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларнинг орасида баъзан замонавий илм – фан билан кифояланиб диндан беҳожат бўлиш мумкинлигини тасаввур қиладиган кишилар ёки баъзан янги ғоявий қарашлар “идеология” билан кифояланиб,  диндан беҳожат бўлиш мумкинлигини тасаввур қиладиган кишилар бордир. 

Ҳар иккала тасаввур ҳам хатодир.


Зеро, ҳеч нарса (кишини) диндан беҳожат қилмаслиги ва инсоннинг ҳаётидаги улкан вазифасини адо этишда унинг ўрнига ўтмаслигини нотиқ воқелик баён қилиб бергандир.


Илм – фан диннинг ўрнини босолмайди:

Аммо илм – фан  ҳеч бир ҳолатда дин ва имоннинг ўрнини босмайди. Чунки, илмнинг ўрни диннинг ўрнидан бошқадир. Мен бу ўринда “илм” деганимда унинг ғарбдаги тушунчаси чекланган илмни назарда тутаяпман. Коинотнинг  айрим зоҳирий томонларини билиш ва борлиқнинг улкан ҳақиқатларини билишни яъни дунё илми ва дин илмини ўз ичига қамраб оладиган кенг қамровли тушунчадаги исломдаги илмни эмас. Зеро у нафақат моддани ва унинг хусусиятларини билиш илми, балки коинот, ҳаёт, инсон ҳамда уларнинг Холиқи – субҳаанаҳу – га тааллуқли бўлган илмдир.

Ғарбдаги тушунчаси билан бўлган илм диннинг ўрнига ўта олмайди. Чунки, ушбу илмнинг вазифаси инсонлар учун тирикчилик воситаларини осон қилиб беришдир. Унга  ҳаётнинг сир – асрорини тушунтириб бериш эмасдир. Илм ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишда инсонга ёрдам беради. Бироқ борлиқнинг муаммоси, унинг улкан масалаларини ҳал этишда унга ёрдам бермайди.

Шунинг учун ҳам биз ҳозирги давримизда илм – фанда энг илғорлаб кетган ва уни ўзига асос қилиб олган мамлакатларнинг аҳолисини маънавий бўшлиқдан, руҳий нотинчликдан, фикрлашдаги чалкашликдан, доимий тарзда натижасизликни, умидсизликни ва йўқотишни ҳис қилишдан  шикоят қилаётганларини кўрамиз. Улардаги ёшларнинг агарчи ўзлари тўғри манҳаж ва тўғри йўлга томон йўл топа олмаётган бўлсаларда  ҳаёт механизмига, ҳазоранинг моддийлигига қарши ғазаб қилган ҳолларида турли хил янги ғоявий ва ахлоқий янгиликлар орасида кезиб юрганларини кўрамиз. 

Бутун  олам (одамлар) уларни “гўнгқўнғизлар” ёки “ХИППИчилар” деб атаётган ҳайратдаги ёшларнинг ва ҳаётдаги натижасизликдан сиқилган, ўзлари қучоғида вояга етган бўлсалар ҳам ғарбнинг ҳазорасига қарши исён кўтарган кишилардан иборат бўлган уларга ўхшаганларнинг турмуш тарзларида кўраётган қинғирлик, нотўғрилик ва оғишишликнинг сирри ана шудир. 

Албатта замонавий илм – фаннинг имконияти чекланган, қудрати чекланган, ўрни чекланган.

Илм – фаннинг имкониятида инсонга воситалар ва асбобларни тақдим қилиш бор. Бироқ унга ғоялар ва мақсадларни тақдим қилиш унинг имкон доирасида эмас, унинг ваколатига ҳам кирмайди. Агар инсонда йиртқичларнинг душманликдаги мақсадлари ёки ҳайвонларнинг еб – ичишу бузғунчиликдаги мақсадларидан бошқа ўзининг мақсадини, ҳаётининг қийматини билмасдан туриб воситалар тўпланиб қоладиган бўлса, у нақадар бахтсиз! Аммо инсоннинг иқтидорига, инсоннинг хусусиятига ва инсоннинг  кароматига ярашадиган юксак мақсад эса бундай эмасдир.

Фақат  дин – ана шунинг ўзигина  инсонга ҳаёт учун олий мақсадларни, борлиқ учун юксак ғояларни тақдим қилади.  Унинг учун ҳаётда вазифа ва топшириқни, унинг ҳаёти учун қиймат ва эътиборни яратиб беради. Шунингдек, унга ахлоқий қадриятларни, уни ёмонликдан тўсиб қоладиган ва нақд қўлга тегадиган ҳеч бир моддий манфаат умидисиз яхшилик қилишга ундайдиган юксак намунани тақдим қилади.

Дарҳақиқат илм – фан инсондаги моддий томонни максимал даражада қувватлаган. Бироқ ундаги маънавий томонни минимал даражада кучсизлаштириб юборган. 

Илм – фан инсонга қушнинг икки қанотини бергани учун фазога учиб чиқди. Илм – фан инсонга китнинг бурунларини берди учун сувнинг қаърига шўнғиб кирди. Лекин илм - фан инсонга инсоннинг қалбини берган эмас!

Инсон ҳаётда “инсоннинг қалби”дан бошқа нарса билан яшар экан унинг қўлидаги илм – фан асбоблари ўлдирадиган ва қўрқитадиган чангаллар ва қозиқ тишларга айланади. Қўпорадиган ва вайрон қиладиган чўқморлару миналарга айланади.

Имл – фаннинг асбоблари ядро қуролларига, напалм бомбаларига, заҳарли газларга, ишлатилганда ўлим ва харобаликни тарқатадиган, ҳали ишлатилмасдан бурун хавфу хатар ҳамда ваҳимага соладиган  кимёвий ва бактериологик қуролларга айланади.

Ҳа, инсон Ойнинг сатҳига қадам қўйишга эришди. Аммо у ўзининг вужудидаги сирга, ўз ҳаётининг ғоясига қўлини қўйишнинг уддасидан чиқмади!

Дарҳақиқат инсон илм – фан воситасида кўп “нарсалар”ни кашф қилди. Лекин у ўз нафсининг ҳақиқатини кашф қилмади. Йигирманчи аср илм – фани уни Ойга олиб борди. Лекин уни Ернинг устидаги саодат ва хотиржамликка олиб бормади! Уёқдан айрим тошлар ва тупроқларни олиб тушди. Лекин у ерда ўзи турган юлдуздаги бахтсизлик, ҳадиксираш ва йўқотишдан уни чиқариб қўядиган бирор нарсани топмади!

Илм – фан инсоннинг ташқи томонини ислоҳ қилиб, унинг ботинини ислоҳ қилишдан ожиз қолди. У идрок қилгувчи ва англагувчи, ҳис қилгувчи ва сезгувчи, агар у тўғри бўлса инсоннинг ҳамма жойи тўғри бўладиган, агар у бузуқ бўлса, инсоннинг ҳамма жойи бузуқ бўладиган, у ҳам бўлса қалб ёки нафс ёда руҳ бўлмиш ўша “раббоний латифа”га кириб бора олмади.  Сиз уни истаганингиздек атанг. Зеро у инсоннинг ҳақиқатидир!

Илм – фан йигирманчи аср инсонига қурол – яроқ бердики, унинг ёрдамида табиатнинг айрим кучлари устидан ғалабага эришди. Унга ўз нафсининг устидан: ўз шаҳватлари, шак – шубҳалари, хавотири, қўрқуви, типирчилаши, ички ва ижтимоий курашининг устидан ғалабага эриштирадиган бирор нарсани бермади. 

Дарҳақиқат замонавий тиббиёт ва жарроҳлик ушбу асрда ўзларининг энг олис сарҳадларига қадар ривожланди.  Шифокорлар: “Илм – фан ўлим ва қариликдан бошқа барча касалликларни даволашнинг уддасидан чиқади!!” дейишга тушдилар. Лекин касалликлар кўпаймоқда, фавқулодда тезлик билан кенг тарқалиб, шаҳобчаланиб бормоқда. Шулар жумласидан “асаб касалликлари” ва “руҳий ҳасталиклар”идурки, улар шахслар ва жамият бошидан ўткараётган кучли “қарама - қаршилик”нинг аломатлари ва натижаларидандир. Бунинг сири шундаки, моддий илм – кенглиги ва кашфиётларига қарамасдан – моддани ва унинг қонунларини билгану аммо ўз нафсини билмаган инсоннинг ҳақиқатини билмади. Илм – фаннинг қутбларидан бири “Алексис Каррель” ўзининг машҳур китобида: “Инсон – номаълум (зот)дир” дея ёзиб кетгани ҳайратланарли иш эмасдир. 

Шунинг учун замонавий илм – фан   инсоннинг жисмида жойлашган моддий томонларига барча моддий томонларни едиришга уринади. Бироқ у инсоннинг ҳис – туйғуси, орзу – ҳаваси ва иродаси бор бўлган нафсини тўйдирмади. Унинг якуни эса узун қоматли, мушаклари кучли бир жисм бўлди. Аммо бошқа томон – у ҳам бўлса инсоннинг асли – ечими йўқ бўлган кескинликлардан азоб чекишга тушди.

Статистик маълумотларнинг таъкидлашича, Америкадаги катта шаҳарларнинг 80 % беморлари бир томондан руҳий ва иккинчи томондан асабий кескинликлар ортидан келиб чиқадиган ҳасталиклардан азоб чекадилар.

Замонавий психология шундай дейди: ана шу руҳий ҳасталикларнинг энг асосий илдизлари – ёмон кўришлик, кек ва адоват, қўрқув, қон тўкиш, ноумидлик, пойлаб юришлик, шубҳаланишлик, худбинлик ва атрофдагилардан хотиржам эмасликдир. Ана шу аломатларнинг барчаси Аллоҳга имон келтиришдан маҳрум қолган ҳаёт билан бевосита тааллуқлидир.


Фалсафа диннинг ўрнини босмайди:

Дарҳақиқат, замонавий илм – фаннинг одами –бу, илм – фан унинг қаърини ўрганишга, унинг ҳақиқатини танишга ҳамда унинг ич – ичига кириб боришга қурби етмаган, Алексис Каррель, Рене Дюбуа ва бошқалар айтганидек, ўша “номаълум зотдир”. Илм – фан жамодотларни ёки моддани билди, уни таҳлил қилди ва унинг қонунларини кашф қилди ҳам. Лекин у инсонни танишдан ожиз қолди. Чунки инсон шу даражада мураккаб ва чигалки, уни фақат уни яратган ва мутаносиб қилиб қўйган Зотгина билади: “Яратган зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор зотдир”.

Модомики илм – фан инсонни билмас экан унга тўғри йўналиш ва  яхши тарбия беришини ҳамда унинг учун қонун чиқариб беришини ундан умид қилинмайди.  Аксинча, бугун шу нарса аён бўлдики, - аниқроқ ибора билан айтганда: унинг технологик тадқиқотлари – инсоннинг фитрати учун, инсоннинг муҳити учун хатарга айланиб қолди.

“Фалсафа инсони” илм – фан инсонидан кўра бахтиёрроқ эмасдир. Фалсафа инсонга эътибор беришига қарамасдан – “Суқрот” уни самодан ерга олиб тушганидан ва инсоннинг ақлини ўз зотини кашф қилишга уриниб кўришга йўналтирганидан бошлаб – инсонга қилган қарашида бир фикр устида тўхтаган эмас: у руҳми ёки модда? Фано бўладиган жисмми ёки боқий қоладиган руҳ? Ақлми ёки шаҳват? Малакми ёки шайтон? Ундаги асл яхшиликми ёки ёмонлик? У биз кўриб турганимиздек инсонми ёки ниқоб кийган бўри?  У худбинми ёки ўзгалар ғамини егувчи? У шахсиятпарастми ёки жамиятпараст? У турғунми ёки тараққий топгувчи? Уни тарбия қилса наф берадими ёки бермайди? У эрк эгасими ёки мажбур қилинган?

Ана шу саволларга жавоб беришда фалсафалар ихтилофга борган ва ўзаро қарама – қаршидир. Шунинг учун ҳам ундан бирор фойда билан чиқишингиз имконсиздир. Ҳатто устозимиз доктор Абдул Ҳалим Маҳмуд – у киши  дин асослари куллиётида фалсафа фани устозидир – Азҳарнинг шайхи бўлишидан олдин шундай деган эди: “Фалсафанинг ўз фикри йўқдир. Чунки, у бир фикрни айтиб унинг аксини ҳам айтади. Бир қарашни айтиб унинг тескарисини ҳам айтади”. 

Ана шу ерда биз илоҳий фалсафанинг моддий фалсафа билан, идеалистик фалсафанинг амалий фалсафа билан  қарама – қарши эканини, вожиблик фалсафасининг манфаат ёки лаззат фалсафаси билан тўғри келмаслигини ва ҳоказо фалсафа соҳасида биз билган бошқа қарама – қаршиликларни кўрамиз. Зотан, буниси исбот қилса, униси инкор этади. Буниси бунёд қилса, униси барбод қилади.  

Ана шу нуқтаи назардан ҳам инсонни бирор йўлга бошлашга ёки унинг “чанқоғини қондириш”га ёхуд унга ўзи суянадиган ва таскин топадиган, ўз ҳаётини ўша асосга барпо қиладиган бирор манҳажни беришга биргина фалсафанинг ўзининг қурби етмайди.

Фалсафалар ичида инсонни йўлга бошлаш ва уни бахтиёр қилишдан энг олисда бўлгани - бу, моддий фалсафадирки, борлиқнинг илоҳи борлигини ёки инсоннинг руҳи борлигини, бу дунёнинг ортида охират борлигини инкор қилади. Ана шундай фалсафаларнинг бошида тургани: диалектик материализмга асосланган, айрим моддиюнчи файласуфларнинг: Аллоҳ инсонни яратган эканлиги нотўғридир!!, аксинча, инсон Аллоҳни яратган!! экани тўғридир, деган фикрини қабул қилган  марксча фалсафадир.  

Ўшанган ўхшашлари: абсурд, нигилизм (ҳар қандай норма, принцип ва қонунларни инкор этадиган назария) ва скептицизм (объектив  ҳақиқатни, дунёни билиш мумкинлигига шубҳа билан қаровчи идеалистик фалсафий оқим) фалсафасидир. Уларнинг барчаси бунёд қилмасдан барбод қиладиган, ҳаёт бермасдан ўлимга олиб борадиган фалсафалардир.

Устозимиз доктор Дарроз фалсафа билан диннинг ўртасидаги фарқни баён қилади. Унинг фикрича, фалсафа совуқ ва сокин тушунчадир. Аммо динга келсак, у қўзғатувчи, қаттиқ таъсир этувчи, ижодкор қувват бўлиб,  коинотдаги бирор нарса унинг йўлига чиқадиган бўлса, уни писанд қилмайди ва ўз мақсадига эришади.

Ана шу – фалсафа билан диннинг ўртасидаги фарқдир. Фалсафанинг ғояси танимоқлик, диннинг фалсафаси ишонмоқлик. Фалсафанинг талаби жонсиз сувратда гавдаланадиган қуруқ мафкура, диннинг талаби интилувчан руҳ ва ҳаракатланувчи қувватдир. 

Биз кўпгина одамлар деганларидек: фалсафа ақлларга хитоб қилади, дин бўлса ҳар қандай шароитда токи унга қалбнинг хотиржамлиги қўшилмагунича озми кўпми ақлнинг ишидан қаноатланмайди, деб айтмаймиз.

Фалсафа, демак, нафснинг қирраларидан бирида иш қилади. Дин унинг барча қирраларини қамраб олади. Ана  шу жойдан фалсафа билан диннинг ўртасидаги дақиқ фарқ чиқариб олинади:

У ҳам бўлса фалсафанинг ғояси ҳатто амалий қисмига қадар назарийдир. Диннинг ғояси ҳатто илмий тарафига қадар амалийдир. Фалсафадаги талабларнинг энг юқориси ҳақиқат ва яхшиликнинг нима эканини, уларнинг қаерда эканини билишимиздир. Ана ундан сўнг у билган ҳақиқатга ва у белгилаб берган яхшиликка бўлган бизнинг муносабатимиз уни қизиқтирмайди. Энди динга келадиган бўлсак, у бизга нафақат билиб қўйишимиз учун, балки унга ишонишимиз, севишимиз ҳамда улуғлашимиз учун ҳақиқатни ўргатади. Биз мукаммал тарзда адо этишимиз, уни амалга ошириш билан нафсларимизни мукаммаллаштиришимиз учун бизга бурчимизни ўргатади.

Сўнгра, устозимиз баён қиладики, дин умумий халқ (демократик) ҳаракати ва фалсафа хусусий (аристократ) ҳаракатдир. Бинобарин дин ўз табиатига кўра кенг тарқалишга ҳаракат қилади. Фалсафа узлатга моил бўлади. Диннинг даъватчиси ҳалоиқнинг ўртасига чақиради ва фалсафанинг одами ўзининг фил суягидан ясалган минорасига чақиради. Шунинг учун сиз ўзининг мазҳабига даъват қилаётган бирор файласуфни кўриб қолсангиз демак, у ўзининг вазиятини ўзгартирган, унинг мафкураси имонга айланиб қолган бўлади. агар бирор мўминни фақат ўзи учун ғамхўрлик қилаётганини кўрсангиз демак, ундаги имоннинг олови кулга айланиб қолган бўлади.


Доктор Ю. Қаразовийнинг “Исломни танишга кириш” китобидан.

Алоуддин Хофий



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозни бузмайдиган нарсалар 1 .2 3 4 .1. Намоз ўқиётган кишининг намоз асносида бирор ёзувга қараб, уни тушуниши.2. Тишлари орасида қолиб давоми...

7141 09:35 / 18.04.2020
Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб олингани арабчада .Базоъа, дейилади. У луғатда тилдаги рост бўлса ҳам аччиқ ва бешарм гапдир.Уламолар уни қуйидагича давоми...

3043 05:00 / 17.02.2017
. .Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозининг биринчи икки ракъатида .Фотиҳатул давоми...

4120 18:30 / 24.03.2022
Қиём .Қиём, сўзидан .тик туриш, англанади. Намозда тик туриш фарздир. Бу ҳукмнинг далиллари қуйидагича Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Ва Аллоҳ учун чин дилдан, давоми...

2969 19:00 / 18.11.2021