Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (26-дарс). Хилоф ва ихтилофи фуқаҳо китоблари (давоми)

21:10 / 27.03.2019 4569 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Зайд Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асосчиси экани ҳақида аввал ишора қилиб ўтган эдик. Бу машҳур имомнинг ватандошлари у кишининг ишларини шараф билан давом эттирдилар. Улар илмул хилоф бўйича ажойиб асарлар ёзиб, фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшдилар ва мусулмонлар оммасининг таҳсинига сазовор бўлдилар. Улардан баъзиларини мисол тариқасида эслаб ўтамиз.

1. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий.

У киши Имом Ҳодий номи билан машҳур бўлганлар, ҳижрий 373 санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилганлар. У киши илмул хилоф бўйича китобини «Мухталафур ривоя байна Аби Ҳанифа ва Молик ва Шофеъий» деб номлаган.

2. Шайхулислом, имом, ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазий.

Бу улуғ олим ҳақида «Тарихи Бағдод» китобида жумладан, қуйидагилар зикр қилинган: «Абул Аббос Муҳаммад ибн Усмон Самарқандий айтади: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Икки юз иккинчи йилда туғилдим. Шофеъий икки юз тўртинчи йили вафот қилди. Ўшанда мен икки ёш эдим. Отам Марвазий эди. Мен Бағдодда туғилдим. Найсобурда ўсдим. Бугун Самарқанддаман. Аллоҳ менга яна нимани насиб қилади, билмайман».

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазий ёшлигидан илм талабида кўп сафар қилди. Ўша вақтнинг кўзга кўринган олимларидан илм олди. Бир қанча илмларда пешқадам бўлди ва китоблар ёзиб, шогирдлар етиштирди.

Уламолар имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийни ўз китобларида кўп мақташган. Баъзилари у кишининг фиқҳда мутлақ мужтаҳид даражасига етганлигини таъкидлашган. Шунингдек, илмул хилофда ҳам кўзга кўринган олим эканини алоҳида зикр қилишган.

Хатиб Бағдодий: «У кўп китоблар ёзди. Илм талабида сафарлар қилди. Саҳобаларнинг ва улардан кейингиларнинг ихтилофи ҳақида одамларнинг энг билимдони эди», деган.

Имом Заҳабий айтади: «У имомлар ичида уламоларнинг ихтилофи ҳақида энг илми кўпи эди».

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазий ҳижрий 394 сана муҳаррам ойида, тўқсон икки ёшида Самарқандда вафот этди.

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг илмул хилоф бўйича китоби «Ихтилофул уламо» деб номланади. Бу китоб бизгача етиб келган, Субҳий Самарроий томонидан таҳқиқ қилинган ва чоп бўлган. Кейин Муҳаммад шайх Тоҳир Ҳаким ҳам таҳқиқ қилган.

Шунингдек, имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг «Таъзийми қадрис-солати» номли китоби ҳам ҳижрий 1406 санада чоп қилинди. У киши ҳақидаги маълумотларни худди шу китобдан олдик.

3. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший.

Бу имом ҳижрий 507 санада вафот этган. Шофеъий мазҳабида бўлган. Бир қанча китоблар ёзган. Илмул хилоф бўйича китоби «Ҳулятул уламо фий ихтилафил фуқаҳо» деб номланади. Бу китобнинг ибодатлар қисми доктор Аҳмад Иброҳим Даровка томонидан таҳқиқ қилиниб, ҳижрий 1400 йилда Аммонда чоп қилинган.

Мазкур китоб ҳақида «Кашфуз-зунун»нинг эгаси қуйидагиларни ёзади: «Бу китобни халифа Мустазҳир биллаҳи Аббосийга атаб ёзган. У бунга хурсанд бўлган ва шунинг учун бу китоб «Мустазҳирий» деб аталади. Ҳар бир масалада уламолар орасида воқе бўлган ихтилофни зикр қилган. Кейин «Мўътамад»ни тасниф қилди. У «Мустазҳирий»нинг шарҳи кабидир».

4. Имом Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад Насафий.

У киши «Самарқанд алломаси» лақаби ила машҳур бўлган. Ҳижрий 537 йилда вафот қилган. Имом Насафийнинг илмул хилоф бўйича назмий асари «Манзуматун-Насафий» деб аталади. Китоб икки минг олти юз олтмиш тўққиз байтдан иборат.

Муаллиф китобни ўн бобга тақсим қилган:

1) Имом(Абу Ҳанифа)нинг қавли.

2) Абу Юсуфнинг қавли.

3) Муҳаммаднинг қавли.

4) Имом билан Абу Юсуфнинг қавли.

5) У билан Муҳаммаднинг қавли.

6) Абу Юсуф билан Муҳаммаднинг қавли.

7) Улардан ҳар бирининг қавли.

8) Зуфарнинг қавли.

9) Шофеъийнинг қавли.

10) Моликнинг қавли.

Имом Насафий бу асарни ҳижрий 504 сана сафар ойи шанба куни тугатган. У кишининг бу асари Ислом оламида кенг тарқалган ва шуҳрат қозонган. Кўплаб уламолар «Манзуматун-Насафий»га шарҳлар ёзганлар. Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да мазкур шарҳлардан бир қанчасини зикр қилган. Биз улардан Мовароун-наҳрликларининг номларини эслаб ўтамиз.

– Абул Баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Мустасфо» деб аталади.

– Абул Маҳомид Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Довуд Бухорийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Ҳақоиқул Манзумати» деб аталади.

– Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Самарқандийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Ҳасрул масоил ва қасруд-далоил» деб аталади.

– Абул Мафохир Муҳаммад ибн Маҳмуд Сўғдийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Мултақол биҳор мин мунтақол абҳор» деб аталади.

– Имом Алоуддин Олим Самарқандийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Авнуд-дироя» деб аталади.

– Имом Али ибн Усмон Ўшийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Мухталифур-ривоя» деб аталади.

– Имом Қозихоннинг ҳам «Манзуматун-Насафий»га шарҳ ёзгани зикр қилинган.

5. Розиюддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Сарахсий Ҳанафий.

Бу киши ҳижрий 544 йили вафот этган. Илмул хилофда ёзган асари «Уюнул масоил» деб аталади.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Асабалар уч хил бўлади1. Ўзи асаба.Маййитга аёл орқали насаби қўшилмаган шахс.2. Бошқанинг сабабидан асаба.3. Бошқа билан бирга асаба.Ўзи асаба бўлганлар тўрт давоми...

2964 16:01 / 23.04.2019
Академиянинг таъсис санаси 1989 йил.Ўрни Нюделҳи, Ҳиндистон.Бош муассис Марҳум қози Мужоҳид Ислом Қосимий.Академия бош котиби Шайх Холид Сайфуллоҳ давоми...

4320 14:05 / 07.11.2019
Фиқҳий ихтилофлар бўлган ва ўзаро ҳамкорлик борасидаги ихтилофлигича қолаверадиЭнди, бизга берилган саволга жавоб беришлик учун тайёрлашимиз керак деб билган давоми...

3211 05:00 / 19.01.2017
Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида давоми...

3541 16:05 / 12.12.2019