1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Шаръий далил сўраш ва келтиришга қанчалик ҳаққингиз бор?!

05:00 / 19.01.2017 3482 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муаммога кириш

 Бугунги кунда исломий муҳит яхшиланиб, одамларнинг ўз динини билишга, диний манбалардан хабардор бўлишга қизиқишлари ортиб бораяпти. Одамлар гуноҳ ва савоб, ҳалол ва ҳаром, шаръий нуқтаи назардан яхши ва ёмонни ажратишга бўлган урунишлари ортиб, бир-бирларидан мазкур масалалар бўйича савол-жавоблар қилишлари кўплаб учрамоқда. Ана шу ҳодисалар асносида умумэътироф қилган, халқ ўртасида таниқли ва шуҳрат қозонган ҳақиқий уламолар билан бирга ҳар хил одамларнинг билар-билмас гаплари, чала-чулпа “фатво”лари халқ орасида тарқаб, турли-туман гап-сўзларга, фитналарга, кўнгилни хира қилувчи ҳолатларга сабабчи ҳам бўлмоқда.

Дин душманларининг мутлақ эркинлик, ҳар кимнинг эркин фикр юритиш ва ўз ўйлаганини ошкора айтиш ҳуқуқи ҳақидаги сафсаталари мусулмонлар орасида ҳам ёйилиб бормоқда. "Нима учун фатво бериш ҳуқуқи фақат уламоларда бўлиши керак? Домлалар шаръий фатволар беришни ўзлари эгаллаб олиб, бошқаларга йўл бермаяптилар. Ҳар кимнинг Қуръон ва ҳадис ўқишга ҳаққи бор бўлганидек, улардан гапиришга ва уларни таҳлил қилишга ҳам ҳаққи бор", деганга ўхшаш фисқу фасодлари муслмонлар орасида ҳам тарқатилмоқда. Бунинг натижасида:

Баъзилар тўғридан-тўғри Қуръонга мурожаат қилиб, ундан “ижтиҳод” қилиб, ҳукмлар чиқариб айта бошладилар, бошқалари эса ҳадисларни ўқиб олиб, ҳатто арабча матнини эмас, балки тўғри-нотўғри таржималарини кўриб олиб, “Бухорий ёки бошқа манбада ундоқ ҳадис бор экан, мундоқ ҳадис бор экан”, деб айни ҳадисдан ҳукм чиқара бошладилар.

Яна бировлар эса араб тилини бир неча ой ёки бир неча йил ўқиб-ўрганиб, гарчи тил билиш бу ҳуқуқни бермаса ҳам, Қуръон оятларини таржима қиладиган, ҳадисларни таржима қилиб айтаверадиган, аниқроғи, уларнинг зоҳирий матнидан ҳукм олиб, фатво берадиган бўлиб қолдилар. Энг ачинарлиси, таржима қилишни мутлақо билмайдиганлар ҳам оят-ҳадис келтираверадиган бўлдилар.

Айрим кимсалар эса шаръий илмлардан мутлақо бехабар бўлса-да, далил сўрашга ҳақлари бўлмаса ҳам: “айтилган масалага далилингиз борми?”, “айтган ҳадисингиз саҳиҳми?”, деб сўрайдиган бўлиб қолдилар.

Бу хилдаги ишларнинг ҳаммаси асрлар давомида қораланиб келган, олиму уламолар ва уларга эргашганлар бу хилдаги ишлардан жуда эҳтиёт бўлиб келганлар. Бугунги кунда оят ва ҳадислардан далил келтиришнинг исломий одоби ўзини билган, устоз кўрган аҳли илмлар орасида сақланиб турибди. Бироқ, мазкур масала бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас, бу масалани илмий равишда кўриб чиқишга эҳтиёж бор. Чунки, кўпчилик чаламуллалар ва авомлар мазкур одоблар ҳақида ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдилар.

Шу долзарбликдан келиб чиқиб, ушбу мақолага қўл урилди.    

 

Фатво беришдан эҳтиёт бўлиш

 

Фатво бериш ниҳоят даражада масъулиятли иш бўлиб, шариат манбаларида алоҳида қайд қилинган, бу ҳақида алоҳида мақолалар, асарлар битилган. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган:

من أفتى الناس بغير علم ، لعنته ملائكة السماء وملائكة الارض

“Кимки илмсизлик билан фатво берса, осмон ва ер фаришталари унга лаънат айтади” (“Жамъ ул-жавомеъ”, 1/4137).

            Ушбу ҳадиси шарифни қувватлайдиган бошқа ривоятда қуйидагича огоҳлантирилган:

من أفتى الناس بغير علم كان إثمه على من أفتاه

“Кимки одамларга илмсизлик билан фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кимсага бўлур” (Ҳоким, 1/436. У саҳиҳ деган).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон (р.а.) бундай деган:

قَالَ حُذَيْفَةُ إِنَّمَا يُفْتِى النَّاسَ أَحَدُ ثَلاَثَةٍ رَجُلٌ عَلِمَ نَاسِخَ الْقُرْآنِ مِنْ مَنْسُوخِهِ - قَالَوا وَمَنْ ذَاكَ قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ - قَالَ أَوْ أَمِيرٌ لاَ يَجِدُ بُدًّا أَوْ أَحْمَقُ مُتَكَلِّف

“Одамларга уч нафар кимсадан бири фатво беради. Қуръоннинг носих ва мансухини биладиган кимса”. Шунда "Ким улар?", деб сўрадилар. Ҳузайфа (р.а.) айтишича, чаҳорёри изомлардан бири Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.): “Парвоси йўқ бошлиқ ёки такаллуфли аҳмоқ ҳам”, деб қўшимча қилган (Доримий, 1/177-178).

Саҳобаларнинг энг улуғ ва машҳурларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) бундай деган:

عن ابن مسعود قال ان الذي يفتي الناس في كل ما يستفتى لمجنون

“Ҳар бир сўралган нарса борасида одамларга фатво бераверадиган кимса жиннидир!” (Доримий, 1/176; Табароний, 9/8923-8924). 

Яъни, шариат илмларидан мукаммал ва тизимли билим олмаган, сўралган нарсасига шаръий китоблардан эмас, балки ўз ақли ва дунёқарашига қараб фатво ва жавоб бераверадиган одамнинг гаплари жиннининг сўзлари каби эътиборсиздир.

Саҳобаларнинг улуғларидан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) эса бундай деб марҳамат қилган эди:

كان عبد الله بن عمر رضي الله عنهما يقول : يا أيها الناس إليكم عني إني كنت مع من هو أعلم مني ولو كنت أعلم أني أبقى حتى يفتقر إلي لتعلمت لكم ، إليكم عني

“Эй, одамлар! Мен ўзимдан ҳам олимроқ киши билан бирга бўлганимда, менга мурожаат қилишдан сақланинглар! Агар мен олимроқ бўладиган бўлсам, фақат менгагина муҳтож бўлиб қоладиган бўлинса, мен ўзим сизга ўргатиб қўяман. Шунинг учун менга мурожаат қилаверманглар!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ал-Матолиб ал-олия, 3/3057).

Яъни, мурожаат қилиниши мумкин бўлган ўринларда олимроқ одамдан фатво сўралади, қолганлар ўзлари фатво беравермасдан одамларни ўша олимроқ одамга мурожаат қилинишини тавсия қилишлари керак бўлади. Бунга қуйидаги ривоятни келтириб ўтиш мумкин:

Тобеъинларнинг улуғларидан Абдурраҳмон ибн Абу Лайло (р.ҳ.): “Мен ансорий саҳобалардан бир юз йигирма нафарчаси билан учрашганман. Улардан бирортасидан бир масала сўралса, униси бунисига, буниси эса унисига мурожаат қилишни ҳавола қилар эдилар, ҳатто биринчи сўраганга қайтиб келиш ҳам мумкин эди”, деган (Имом ан-Нававий. Одоб ул-фатво. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдор ус-солис, 2006. – 1/14).

Имом ан-Нававий (р.ҳ.) келтиришича, буюк тобеъинлардан бўлмиш Суфён ибн Уйайна (р.ҳ.): أجسر الناس على الفتيا أقلهم علما – “Одамларнинг фатво беришга журъатлироғи уларнинг илми озроғидир!”, деган.

Имом Молик (р.ҳ.)дан бирор даврада элликтача масала сўралса-да, бирортасига жавоб бермаган онлари бўлган экан. У зот: “Кимки бирор масалага жавоб бермоқчи бўлса, аввал ўзини жаннат ва дўзах орасига солиб кўрсин. Дўзахдан қандай халос бўлишини ўйласин, сўнг жавоб берсин!”, дер эдилар. Имом Молик (р.ҳ.)дан масала сўралганда, “Буни билмадим”, десалар, сўровчи: “Э, бу осон ва енгил масала-ку!”, деб қолса, ул зот қаттиқ ғазабланар ва “Илмда асло енгил нарса бўлмайди!”, дер эдилар.

Имом ас-Саймарий (р.ҳ.) ва Хатиб ал-Бағдодий (р.ҳ.) бундай деганлар:

من حرص على الفتيا وسابق إليها وثابر عليها إلا قل توفيقه واضطرب في أمره وإن كان كارها لذلك غير موثر له ما وجد عنه مندوحة وأحال الأمر فيه على غيره كانت المعونة له من الله أكثر والصلاح في جوابه أغلب

            “Кимки фатво беришга ҳарисманд бўлса, унга қизиқиб, шошиладиган бўлса, унинг тавфиқи оз бўлади, ишлари изтиробли бўлади. Агар фатво беришни ёқтирмайдиган бўлса, унга чопмайдиган бўлса, унга таъналар қилинмайди, фатво беришни бошқага ҳавола қиладиган бўлса, Аллоҳдан унга кўпроқ ёрдам бўлади, жавобларида эса тўғрилик ғолиб бўлади”.

Юқоридаги ривоятларнинг барчаси фатво иши ниҳоятда масъулиятли эканлигини билдиради. Чунки, шаръий фатво бериш ҳалол ва ҳаром, гуноҳ ва савобни фарқлаш учундир. Ҳалолни ҳаромга ва савобни гуноҳга ёки аксинчага айлантириб қўйиш инсонни имонидан айириши аниқ. Бинобарин, фатво берувчилар буни яхши ва чуқур англашлари лозим, зотан, ушбу масъулиятни англамаган киши олим ҳам эмас.

 

Фақат муайян зотлар фатво бермоғи лозим

Саҳоба ва тобиъинлар даврида халифа одамлар ҳар хил фатволарни эшитиб, ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари учун ўзи таъйинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган. Ана ўша саҳоба ва тобиъинлар даврида Маккаи мукаррамада фатво бериш фақат тобиъинларнинг улуғлари Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.) ва Мужоҳид (р.ҳ.)га топширилган эди (Ибн Халликон. Вафийёт ал-аъён. 3-жилд. – Байрут: Дори содир, 1968. – Б. 261; Ибн Имод. Шажарот аз-заҳаб. 2-жилд. – Байрут: Дору Ибн Касир, 1988. – Б. 70).

Халифанинг жарчиси одамлар орасида юриб, ана шу икки имомдан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чақирганлиги тарихий ҳақиқатдир. Ҳеч ким – на саҳобийи киромлар ва на тобиъини изомлар – бу таклифга эътироз билдирмасдан, шу икки зотнинг фатвосига рози бўлиб, узоқ вақт амал қилиб келганлар.

Бунинг асосий сабаби одамлар ихтилофлар гирдобига тушиб қолмаслик, жанжал ва мунозараларнинг олдини олиш, мусулмонларни ҳайрат ва изтиробларга гирифтор қилмаслик ҳамда фитналар кўзини очмаслик эди.

Ана шу сабаблар орадан қарийб ўн беш аср ўтганидан кейин – бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас:

Саҳоба ва тобиъинларга ўхшаб, ихтилоф ва фитналардан сақланиш мақсадида мусулмонлар бугун ҳам тўғри келган кимсадан фатво сўрамасликка қатъий амал қилишлари лозим бўлади.

Ҳар бир одам салгина ва тартибсиз, чала ўқиб олиб, фатво беришдан, масала айтишдан, оят ва ҳадисдар далил келтириб ҳукм қилишдан сақланиши лозим.

Умумэътироф қилмаган, аҳли илм бўлмаган кимсанинг бўлар-бўлмас фатволар бераверишини маънавий жиноят деб баҳолаш керак бўлади.

Қадим подшоҳлик ва хонликлар даврида ҳам шу анъана қатъий амалда бўлган. Тарихдан маълумки, Бухоро амирлигида расмий фатво берувчи муфтийлар сони етти ёки ўн бир нафардан иборат бўлган, булардан бошқаларнинг фатволари расман ва амалан қабул қилинмаган. Зотан, Имом Молик (р.ҳ.) ҳам: “Менинг фатво беришим мумкинлигига давримнинг буюк олимларидан етмиш нафари рухсат бермагунча мен асло фатво бермадим!”, деган.

 

Фатволарда оят ва ҳадислар бўлмаслиги керак

Фатвога далил бўладиган бирламчи манбалар – оят, ҳадис ва ижмоъ фатво берилаётганда ёки айтилаётганда кўрсатилмаслиги лозим. Оят ва ҳадислар фақат фатво сўровчи қатъий ва узрли ҳолда сўраган тақдирдагина кўрсатилади. Бу анъана асрлар давомида сақланиб келган бўлиб, ҳозиргача аҳли суннат ва жамоанинг ҳақиқий уламолари давом қилдираётган қадриятдир. Уламолар сўралган савол ва фатволарга фақат “бўлади”, “бўлмайди” тарзида ўта қисқа ва лўнда жавоб бериб келганлар (Бу ҳақида қаранг: Имом ан-Нававий. Одоб ул-фатво. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдор ус-солис, 2006. – 1/52).

Мусулмон оламида амалда бўлиб келган, қозихоналарда расман эътироф қилинган тарихий ҳужжатлардан бири “фатво ривоятлари” деб аталади. Уларда сўралган саволларга фиқҳий манбалардан иқтибослар олинган ҳолда муфтий ва аъламларнинг жавоблари берилган бўлади. Муфтий ва аъламлар уларга муҳр босадилар. Бугунги кунда архивларда сақланиб келаётган ана шу тарихий ҳужжатларда ҳам саволларга берилган жавобларда оят ва ҳадислардан далиллар учрамайди. Улар саволларга оят ва ҳадисдан далилларни келтиришга ҳаракат қилмаганлар. Зотан, шаръий далиллар таҳқиқи аҳли илмларнинг ўзаро кўриб чиқадиган, авомдан узоқда тутадиган, фақат ўз ўрталаридагина кўтариладиган масалалар жумласидандир.

Тобеъинларнинг улуғларидан Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) сўралган нарсанинг фақат ўзигагина жавоб берарди, ортиқча тафсилотларга тўхтаб ўтирмас эди:

كان إبراهيم إذا سئل عن شيء لم يجب فيه إلا جواب الذي سئل عنه

“Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) бирор нарса сўралса, ўша сўралган нарсагагина жавоб қайтарар эдилар” (Доримий, 1/151).

Манбаларда келтирилишича, саҳобаларнинг буюкларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) бутунбошли маърузаларида бир-иккитагина ҳадис айтар, мабодо ҳадис айтадиган бўлса, қалтираб, овозлари ўзгариб кетар эди. Ёки, Имом Молик (р.ҳ.) ҳадис айтиш учун махсус тайёрланар, махсус таҳорат олар ва яхши кийимларини кийиб, виқор билан ўтириб олар эди. Бунинг сабаби ҳадиси шариф айтиш масъулиятининг нақадар катталигини ҳис қилганларидан бўлган.   

            Таниқли саҳоба Ҳузайфа ибн ал-Ямоний (р.а.) кўп ҳадис айтишдан ўзини олиб қочар, ҳадис айтишга кўп ҳам эътибор беравермас эди. У бир сафар бу борада бундай деганди:

عن حذيفة قال: والله لو شئت لحدثتكم ألف كلمة تبغضوني عليها وتجانبوني وتكذبونى

“Аллоҳга қасамки, агар хоҳласам, сизларга минглаб ҳадисни айтиб бера оламан, бу борада менга ғазаб қилишларингиз, мендан узоқлашиб кетишларингиз ва мени ёлғонга чиқаришларингиз ҳам мумкин”. Бу ҳадис иснодидаги ровийлар ишончлидир (Мажмаъ аз-завоид, 1/858).

 

Бугунги ҳолатга бир назар

Бироқ, бугунги кунда иш бошқачароқ бўлиб кетди!

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар араб тилидан бошқа турли тилларга таржима қилиб бўлинди ва таржималар давом қилдирилмоқда. Оят ва ҳадисларнинг илмий-академик нашрларидан ташқари кўпгина таржималари оммабоп эканлиги ўз-ўзидан маълум. Бу хилдаги ҳар хил таржималар билан омманинг савияси ўз-ўзидан ўсмоқда, дейиш мумкин: одамларда худди олимлар сингари далилини кўриб эргашиш малакаси шаклланяпти, бугун оммани қуруқ гапга унайдиган хонаси қолмаган. Уламолар ихтилоф чиқиши мумкин бўлган бундай ўринлардагина оят ва ҳадислардан далил келтирадилар. Шунинг учун ҳам одамлар фатвони ўзлари ишонган, бутун омма ва олимлар эътироф қилган зотлардан сўрашлари керак, акс ҳолда, олимнинг гапига ишонмасдан далилини сўраш бошланади, далил айтса, далилнинг ишончлилик даражаси сўралади, у айтилгани билан, унга ҳам шубҳа билдирилаверади. Натижада, олимларга ва китобларга нисбатан умумий ишончсизлик юзага келади. Бугунги кунда араб диёрларида ва яна қаерлардадир заиф ҳадисларга нисбатан ҳукмрон бўлган умумий ишончсизлик ана шу нарсанинг оқибатидандир. Ҳолбуки, заиф ҳадисларга ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари сифатида мусулмонлар асрлар давомида амал қилиб, ҳурмат кўрсатиб келганлар, ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадислар раъй ва қиёсдан устун туради!

Ҳар кимнинг оят ва ҳадисдан далил айтавериши, ҳар учраган одамдан фатво сўрайвериш, қўлга тушган китобни ўқиб олиб, унга амал қилавериш оқибати натижасида қуйидаги ҳолатлар бўлиб ўтмадими?!

Жиҳод ва ҳижрат фарз экан, ким жиҳод қилмаса, ҳижрат қилмаса кофир бўлади, деб ҳадисларни кетма-кет келтирмадиларми?!

Халифалик қуриш керак, халифасиз бўлиш кофирлик, деб ҳаммани кофирга чиқармадиларми?!

Иштон поччасини шимариб юриш керак, шимарилмаса, дўзахий бўлинади, деб ҳаммани овора қилмадиларми?!

Намозда ниятни тил билан айтиш залолатли бидъат; намозда оминни жаҳрий айтиш суннат, махфий айтиш эса ҳаром ва бидъат, демадиларми?!

Пайпоққа ҳам масҳ тортиш мумкин, деб ўзларича ҳадислар келтирмадиларми?!

Таровеҳни йигирма ракъат ўқиш бидъат, уни саккиз ракъат қилиб ўқиш вожиб демадиларми?!

Оддий ва ўзларининг дунёвий-ҳирсий ҳамда дамолиш сафарларида "жамъи солат", яъни икки вақтдаги намозни (пешин билан асрни ҳамда шом билан хуфтонни) қўшиб бир вақтда ўқиш мумкин ва шундай қилиш суннат, деб ота-боболаримиз ҳам эшитмаган гапларни гапирмадиларми?!

Сафарга чиққанда суннат намозлари ўқилмайди, ким ўқиса гуноҳкор бўлади, деб оламга жар солмадиларми?!....

Бу хилдаги гап-сўзларни мусулмонлар ўтган уламолардан, олимларидан эшитмаганлар, ота-боболар ўз авлодларига бу хилдаги ҳадислар борлигини тушунтирмаганлар. Жумладан, Марказий Осиёда яшовчи халқлар ҳадиси шарифларда қизларни хатна қилиш мумкинлиги, эркаклар ҳам кунора кўзга сурма қўйиш кераклиги ҳақидаги ривоятларни эшитмаганлиги ва миллий урф-одатларга мос келмаганлиги боис амалга оширмайдилар. Чунки, Имом Муслим (р.ҳ.) ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муқаддимасида буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг қуйидаги гапини келтирган:

أن عبدالله بن مسعود قال ما أنت بمحدث قوما حديثا لا تبلغه عقولهم إلا كان لبعضهم فتنة

“Сен бирор қавмга ақллари етмайдиган ҳадисни айтувчи муҳаддис бўлмагин. Шундай қилсанг, уларнинг айримларини фитнага солиб қўясан!” (Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож. Саҳиҳу Муслим / Нашрга тайёрловчи: Абу Қутайба ал-Форёбий. – Риёз: Дору Таййиба, 2006. – Б. 6).  

Шунинг учун бўлса керак, Восила ибн ал-Асқаъ (р.а.) ҳадиснинг матнини айтгандан кўра, унинг маъносини айтганимиз маъқул, деганлар:

عَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الأَسْقَعِ قَالَ إِذَا حَدَّثْنَاكُمْ بِالْحَدِيثِ عَلَى مَعْنَاهُ فَحَسْبُكُمْ

“Қачон сизларга бирор ҳадиснинг маъносини айтсак, ўша етарлидир!” (Доримий, 1/321).

Пайғамбарлардан кейинги инсониятнинг энг афзали бўлмиш, саҳобаларнинг энг улуғлари бўлмиш икки зот – Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) ҳамда Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) кабилардан жуда озгина ҳадис ривоятлари етиб келган, холос. Ҳолбуки, аслида, ушбу зотлар Расулуллоҳ (са.в.) билан бирга энг кўп бўлган ҳамда Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳадисларни энг кўп эшитган, ҳадисларнинг маъноларини ҳаммадан кўра энг кўп билган буюк олимлар эдилар.

Яъни, кўп ҳадис айтавериш, юзаки ҳадис айтишга ўта даражада берилиб, қизиқиб кетиш илмга ҳам, динга ҳам, дунёга ҳам яхшилик бўлмас экан, балки ҳақиқий яхшилик оз ҳадисга кўп амал қилиш билан бўлар экан.

 

Ҳадисларни кўп айтавериш ёки кўплаб далил сўрайвериш одоблари

Аҳли суннат ва-л-жамоатдан ажралган, адашган фирқа ва оқимларнинг ўзига хос хусусияти ва аломатларидан бирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай  кўрсатиб кетганлар:

يَأْتِى فِى آخِرِ الزَّمَانِ قَوْمٌ حُدَثَاءُ الأَسْنَانِ سُفَهَاءُ الأَحْلاَمِ يَقُولُونَ مِنْ قَوْلِ خَيْرِ الْبَرِيَّةِ يَمْرُقُونَ مِنَ الإِسْلاَمِ كَمَا يَمْرُقُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ لاَ يُجَاوِزُ إِيمَانُهُمْ حَنَاجِرَهُمْ

"Охирзамонда бир қавм чиқиб келади, ёшлари кичик, ақллари эса аҳмоқона бўлади. Инсониятнинг яхшиси бўлмиш зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини гапирадилар. Лекин, ўзлари  исломдан худди камондан ўқ чиқиб кетгани каби чиқиб кетадилар. Уларнинг имонлари бўғизларидан нарига ўтмайди" (Бухорий, 4/3611; 6/5057; 9/6930-6931; Абу Довуд, 4/4769; Аҳмад, 1/616, 912, 1086; Ибн Абу Шайба, 10/30823).

Шориҳлар ҳадис матнидаги "йақулуна мин қавли хайри-л-барийя"ни: "Қуръони карим ёки ҳадиси шарифдан гапирадилар", деб изоҳлаганлар. Таниқли ҳадисшунос олим Бадриддин ал-Айний (р.ҳ.) уни Муҳаммад (с.а.в.)нинг гапларини гапирадилар, деган. (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори шарҳ "Саҳиҳ ал-Бухорий". 16-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 199). 

Саҳиҳ бўлмиш мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилган оқим вакилларининг хусусияти кичик ёшли аҳмоқ ўсмирлар бўлиб, илм-фандан узоқ, илмга қизиқмайдиган, одоб-ахлоқи мутлақо йўқ бўлиши айтиляпти. Аҳмоқлиги сабабли ўз фикрига эга бўлмаган, дунёқараши тор бўлади. Бироқ, шундай бўлса-да, улар: "анови ҳадисда бундай дейилган", "манови ҳадисда ундай дейилган", "бу борада бундай ҳадис бор", "бунга далилингиз борми?", "бу борада саҳиҳ ҳадис борми?", "сиз айтган ҳадис саҳиҳми, ўзи?" каби гапларни кўп сўзлайдиган ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилувчилар бўлишади.  Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўзларининг ҳадисларини гапирувчи бўладилар, деб билдирмоқдалар. Яъни, ҳадеб ҳадис гапиравериш, ҳадис ҳақида сўрайвериш, далил ва ҳужжат талаб қилавериш, амал қилмасдан қуруқ "аҳли ҳадис" бўлиш имонсизлик нишонаси бўлиб қолар экан. Аллоҳ асрасин!

Қуйидаги ҳадиси шарифларга эътибор беринг, уларда бизни огоҳлантириш бор:

تحدثون في آخر الزمان بأحاديث لم تسمعوا أنتم ولا آباؤكم فإياكم وإياهم

"Охирзамонда сизларга сизлар ва оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни айтишади. Бас, улардан узоқ бўлинг ва улар ҳам сиздан узоқ бўлсинлар!" (Бухорий, "Тарих ал-кабир", 7/1167).

Мазкур ҳадиси шариф бошқа муҳаддислар томонидан бу тарзда бошланган:

سيكون في آخر الزمان ناس من أمتي

"Яқин орада, замона охир бўлганда, умматим орасидан бир гуруҳ одамлар пайдо бўлади..." (Муслим, 6; Ҳоким, 351; Абу Яъло, 11/6384; Аҳмад, 2/8580).

Имом Муслим (р.ҳ.) бу хилда ривоят қилган:

يكون في آخر الزمان دجالون كذابون يأتونكم من الأحاديث بما لم تسمعوا أنتم ولا آباؤكم فإياكم وإياهم لا يضلونكم ولا يفتنونكم

"Охирзамонда “дажжол”, каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталаринггиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!"(Муслим, 1/7).

Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоятида уларнинг ривоят қилган ҳадислари ажойиб экани таъкидланган:

يحدثونكم ببدع من الحديث

"Сизларга ҳадислардан ажойибларини гапириб берадилар"(Аҳмад, 2/8580).

Мазкур ривоятлардан шу нарса маълум бўладики, замона охирга яқинлашган сайин ҳар хил ҳадислар эшитила бошлайди: улардан айримларини Расулуллоҳ (с.а.в.) айтмаган, мутлақо тўқима ва сохта ҳадислар бўлса; баъзиларини Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар-у, бироқ, бошқа маънони ирода қилган, лекин буни айтувчилар уларни нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳақ ва анъанавий йўлдан чалғитаётган бўлади. Яъни, узоқ даврлар мобайнида кўпчилик эшитмаган, уламолар оддий халққа эшиттиришни истамай келган, халқнинг онгги ва дунёқарашига ҳамда миллий анъаналари ва қадриятларига мос келмайдиган ҳадиси шарифларни ушбу гуруҳ вакиллари гапириб, одамларни чалғитиб, ихтилоф ва фитналарга сабаб бўладилар.  

Воқеълик ҳам шундай бўлмадими?! Буни юқорида кўриб ўтдик.

Шунинг учун ҳам бешинчи рошид халифа деб тан олинган буюк тобеъин Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ.) бундай деган:

قَالَ عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ إِذَا رَأَيْتَ قَوْماً يَنْتَحُوْنَ بِأَمْرٍ دُونَ عَامَّتِهِمْ فَهُمْ عَلَى تَأْسِيسِ الضَّلاَلَة

“Қачон бирор гуруҳнинг оммадан четга чиқиб бирор ишни қилаётганини кўрсанг, демак, улар залолатни таъсис қилиш устида бўлиб чиқади!” (Доримий 1/313).

Имом Муслим (р.ҳ.) ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муқаддимасида келтиришича, шайтон одам суратида келиб, одамларга ҳадис айтиб беради. Бу ҳадис одамлар орасида тарқаб кетади. Сўнг "Бу ҳадисни кимдан эшитдинг?", дейилса, "Бир одамдан эшитдим, юзини танийман-у, исмини (ўзини) танимайман", деб жавоб беради. Мазкур манбада шайтонларнинг бир гуруҳи чиқиб, одамларга Қуръон ўқиб беради, деган ривоят ҳам келтирилади. Яъни, одамлар ҳадисларни чала ўқиб ёки эшитиб ёки чала ва хато тушуниб олиб ҳам бир-бирларига айтиб юраверадиган бўлиб кетади. Ушбу ҳадис аниқ шу айтилаётган маънодами, ўша ҳадисни аниқ муайян шахс айтганми, бунисига эътибор сусайиб кетади.

 

Қуръон ва ҳадис маъноларини айтаверишнинг хатари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўпгина саҳобалари ҳадис ривоят қилаверишни ёқтирмаганлар. Улар амалга кўпроқ эътибор қаратганлар. Жумладан, Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) ва Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)дан оз ҳадис ривоятлари етиб келганлигининг бирдан-бир сабаби ҳам шудир. У зотлар ҳадис айтишдан кўра эшитишни мақбул санаганлар, билган ҳадисларини ҳам айтмасдан бошқаларнинг айтганига эътибор қаратиб ўтирганлар.

Чунки, Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича ривоятлар етиб келган:

اتقوا الحديث عني إلا ما علمتم فمن كذب علي متعمدا فليتبوأ مقعده من النار ومن قال في القرآن برأيه فليتبوأ مقعده من النار

“Мендан ҳадис айтишдан қўрқинглар, тақво қилинглар! Фақат билганларингизни айтсангизгина майли. Кимки менинг номимга ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан тайёрлайверсин! Кимки Қуръонни ўз фикрича айтса, бас, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин!” (Термизий, 4/2951; Аҳмад, 1/2675, 2976, 3025; Абу Яъло, 4/2338; 5/2721).  

Имом Насоий (р.ҳ.) ривоятида мазкур ҳадис матни бу тарзда келтирилган:

من قال في القرآن برأيه أو بما لا يعلم فليتبوأ مقعده من النار

            “Кимки Қуръонга ўз фикрига ёки билмаган нарсасига асосланиб тафсир айтса, бас, жойини дўзахдан тайёрлайверсин!” (Насоий, 4/8085).

من قال في القرآن بغير علم فليتبوأ مقعده من النار

“Кимки Қуръонга илмсиз маъно айтса, жойини дўзахдан ҳозирласин!” (Термизий, 4/2950; Насоий, 4/8084; Табароний, 12/12392; Баззор, 2/4757, 5083; Ибн Абу Шайба, 6/30101; Имом ат-Термизий уни ҳасан-саҳиҳ, деган). Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) ҳадис айтмас экан, ундан: “Сиздан фалончи, фалончиларга ўхшаб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларини айтганингизни эшитмадим, бунинг сабаби нима?”, деб сўралибди. Шуда ул зот: “Тўғри, мен мусулмон бўлганимдан бери Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ажралган эмасман. Бироқ, ул зоти шарифнинг: “Кимки менинг номимдан ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан ҳозирласин!”, деганларини ҳам эшитганман”, деган (Али ал-қори. ал-Асрор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа. – Байрут: ал-Мактабат ал-исломий, 1986. – Б. 40).

Юқорида келтирилган учта ҳадис саксон нафардан ортиқ саҳобалардан ривоят қилинган бўлиб, уларда Расулуллоҳ (с.а.в.)га нисбатан ёлғон тўқиш, у зотга сохта ҳадисларни нисбат қилишнинг хатари баён қилинган. Бу ҳолат ҳадиснинг маъносини айтишда ҳам рўй беради. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари хато таржима қилиниши ёки хато тушунилиши мумкин. Натижада мусулмонларга Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари нотўғри талқин қилинган ҳолда етказилади. Бу ҳам ул зоти шарифга нисбатан ёлғон тўқиш бўлиб, мазкур ҳадислардаги ваъидга мубтало бўлинади.

Тобеъинлар ва табъа тобеъинлар Қуръонни тафсир қилишдан қанчалик қўрқсалар, ҳадисни шарҳлашдан ҳам шунчалик қўрқар эдилар (Доримий, 1/438).

Муфассирлар султони бўлмиш буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) илмсиз равишда Қуръон маъноларидан гапирганни жуда ёмон кўрар эди (Ҳоким, 8/8803).

Зотан, қуйидагича хитоблар қилинган:

من قال في القرآن برأيه فأصاب فقد أخطأ

“Кимки Қуръонга ўз фикрича тафсир айтса, тўғри айтган бўлса-да хато айтибди!” (Термизий, 4/2952; Абу Довуд, 3/3654; Насоий, 4/8086).

Мазкур ҳадиснинг бошқа ривоятида бундай дейилган: ومن قالَ بِرأْيِهِ فأَخطأ، فقَد كَفَر – "Кимки Қуръонни ўз раъйича тафсир қилиб, хато қилса, муҳаққақки, у кофир бўлибди!" ("Жомеъ ал-усул", 1/469).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоба Муоз ибн Жабал (р.а.)ни Яманга юбораётганларида, уни тўхтатиб, бундай насиҳат қилганлар:

لا تصيبن شيئا بغير علم فانه غلول ومن يغلل يأت بما غل يوم القيامة لهذا دعوتك فامض لعملك

“Илмсиз бирор нарсага ҳукм чиқара кўрма, илмсиз фатво берма! Чунки, бу бир кишандир. Кимки кишанга ёпишса, қиёматда кишанланган ҳолда қолади. Сени шунга чақиргандим, энди эса ишга кириш!” (Табароний, 20/259; Баззор, 1/2673).

Бу хилдаги фатво масъулияти ва хатаридан имом бўлиш лавозими ҳам қутқара олмайди. Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) бундай деган:

إن من أشد الناس عذابا يوم القيامة إمام مضل يضل الناس بغير علم

“Қиёмат кунида одамлар ичида энг қаттиқ азобга қоладигани илмсиз равишда одамларни адаштирадиган, залолатга кетган имомдир!” (Табароний, 10/10497; Абдурраззоқ, 10/19487).

 

Унда ким фатво беради?

Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан қиёматга яқин даврларда аҳли илмлар озайиб кетиши, ҳатто йўқолиш даражасига бориб, ҳақиқий илм озайиши хабари берилган:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا يَنْتَزِعُهُ مِنْ الْعِبَادِ وَلَكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقَبْضِ الْعُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِمًا اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالًا فَسُئِلُوا فَأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا

“Албатта Аллоҳ таоло илмни бандаларидан бир дафъада тортиб олмайди. Лекин илмни олимларни дунёдан кетказиш ила тортиб олади. Ҳатто олимлар қолмаганидан кейин одамлар нодон одамларни бош қилиб оладилар. Улардан савол сўрайдилар, улар эса илмсизлик билан фатво берадилар. Бас, ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” (Бухорий, 1/100; Муслим, 4/2673).

إن الله لا ينزع العلم من الناس بعد أن يعطيهم إياه ولكن يذهب بالعلماء كلما ذهب بعالم ذهب بما معه من العلم حتى يبقى من لا يعلم فيضلوا ويضلوا

“Албатта Аллоҳ таоло одамларга илмни тортиқ қилганидан кейин улардан илмни тортиб олмайди. Бироқ, уламоларни кетказиб қўяди. Олим дунёдан кетган сайин у билан бирга илм ҳам кетади. Ҳатто илм биладиган одам қолмайди. Шунда улар адашиб кетадилар, бошқаларни ҳам залолатга етаклай бошлайдилар” (Насоий, 3/5908).

Имом Аҳмад (р.ҳ.) ривоятида мазкур ҳадис давоми қуйидагича бўлган:

فيتخذ الناس رؤساء جهالا فيستفتوا فيفتوا بغير علم فيضلوا ويضلوا

“... Шунда одамлар билимсиз жоҳилларни бошлиқ қилиб оладилар-да, улардан фатво сўрай бошайдилар. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Бас, улар адашиб кетадилар, бошқаларни ҳам залолатга бошлайдилар” (Аҳмад, 2/6896).

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар бошқа муҳаддислар томонидан ҳам ривоят қилинган (Термизий, 4/2652; Ибн Можжа, 1/52; Доримий, 1/245; Байҳақий, 10/20139; Ибн Ҳиббон, 15/6719; Баззор, 1/2423; Ибн Абу Шайба, 7/37590).

Шунинг учун ҳаммадан фатво сўралмайди, ҳамманинг ҳам ортидан эргашиб кетилавермайди. Ҳар кимнинг ҳам фатвосига ва шаръий ҳукмига, келтирган шаръий далилларига суянилмайди.

Бинобарин, Ҳазрати Али (к.в.) ва бошқалар томонидан бундай дейилган:

انظروا عمن تأخذون هذا العلم فإنما هو الدين

“Бу илмни кимдан олаётганингизга эътибор беринг, зотан, у диндир!” (“ал-Кифоя фий илм ар-ривоя”, 1/149).

عنْ مُحَمَّدٍ قَالَ انْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ هَذَا الْحَدِيثَ فَإِنَّهُ دِينُكُم

“Бу ҳадисни кимдан олаётганингизга қаранг, чунки, у динингиздир!” (Доримий, 1/437).

Фатво берувчи шахс ўз даврининг таниқли уламоларида таҳсил олган, умумэътироф қилган ва мутадовил китоблар ва дасрликлар асосида тизимли равишда ўқиган, расмий равишда ўқиганлиги ва олим бўлганлиги тан олинган, даврининг кўпчилик олимлари томонидан фатво беришликка рухсат берилган, ўзи илми, тақвоси ва обрўси ила танилган бўлмоғи лозим ва шарт. Бу қадимги даврлардан ҳозирги кунгача келаётган исломий одоб, илмий қоида ва маънавий бурчдир. Ана шу исломий одоб, илмий қоида, маънавий бурчга кўра, илм олиб олим бўлган уламолардан бошқаларнинг оят ва ҳадисдан гапиришга, одамларга фатво беришга, шаръий ҳукм айтишга ҳақлари йўқ.

Унда савол туғилади: амри маъруф ва наҳий мункар фарз бўлса, одамларни яхшиликка буюриб, уларни ёмонликдан қайтариш ҳар бир шахсга шаръан лозим бўладиган бўлса, олим бўлмаган одамнинг ҳам фатво бериши керак бўлади-ку?!

Йўқ, фатво бермайди, балки, у уламоларнинг берган фатволари бўйича, муайян бир олимнинг аниқ айтган гапини ёки авомларга мўлжаллаб ёзилган, ўзи ўқиган китобидаги гапни бошқаларга етказади, холос. У бу етказишда оят ва ҳадисларни ва уларнинг маъноларини “фалон оятда ундоқ экан, фалон ҳадисда бундоқ дейилган”, деб асло айтмаслиги керак; фақат бу нақл усулида: “фалон олим ўз суҳбати ва маърузасида фалон ишни қилсин ёки қилмасин, деди; фалон номли китобда ушбу масала бўйича қилинсин ёки қилинмасин, дейилган”, каби маъноларда етказилади.

Юқоридаги ривоятлардан маълум бўлмоқдаки, Қуръони карим оятлари ҳамда Ҳадиси шарифларни айтиб, маъносини гапириб ҳукм айтаверишда ниҳоятда эҳтиёт бўлмоқ керак экан. Уламолар бирорта мусулмонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривояти устоз орқали етиб келмас экан, унга "Расулуллоҳ ундоқ дебдилар, Расулуллоҳ бундоқ дебдилар", деб ҳадис айтиши ҳалол эмас, деганлар (Абу Саид ал-Ходимий. Бариқат ал-маҳмудия фий шарҳ Тариқат ал-муҳаммадия. 3-жилд. – Истанбул: Саҳҳофия, 1318. – Б. 363).

Саҳиҳ ҳадисни заифидан ажрата олмайдиган, бир-биридан фарқини илмий равишда билмайдиган кимсанинг саҳиҳ ҳадисни ҳам ривоят қилиб гапиришга ҳаққи йўқ ва бу унга тўғри иш эмаслиги қатъий таъкидланган. Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) айтишича, ҳадис илмидан махсус таълим олмаган кимса, ҳатто "Саҳиҳи Бухорий" ва "Саҳиҳи Муслим" китобларини устоз олдида ўқиб, махсус ижозат олмаган одамнинг ушбу китобларни ўзича ўқиб олиб, улардан ҳадис айтиши асло ҳалол эмас (Али ал-қори. ал-Асрор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа. – Байрут: ал-Мактабат ал-исломий, 1986. – Б. 74). Ҳатто Аллома Ибн Хайр (р.ҳ.) ҳатто ижозат олган бўлса-да, бироқ, ҳадис ривояти ровийлар орқали махсус етиб келмаган кимса ҳадис айтишга ҳаққи йўқ, деган.

Қуръони карим маъноларини гапириш ҳам шу қабилда бўлиб, оятлар маъносини махсус тафсирлар орқали устоз олдида ўтказиб олмаган кимсанинг оятлар маъносини гапириши тўғри эмас. Кимки Қуръоннинг зоҳирига қараб, араб тилининг луғатларига кўра маъно бериб, ундан ҳукм ола бошласа, у илмсиз Қуръонни тафсир қилганлар жумласидан саналади. Тобеъинлардан Мужоҳид (р.ҳ.): "Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бирорта кимсага Қуръон луғатларига олим бўлмайдиган бўлса, Аллоҳнинг китобидан гапириши ҳалол бўлмайди", деган. Баён ва маоний илмлар билимдони Имом ас-Саккокий (р.ҳ.) эса: "Маоний ва баён илмларида чўлоқ кимса тафсир қиладиган бўлса, унинг ҳолига вой бўлсин, яна вой бўлсин!", деган. (Иқтибос бундан: Абу Саид ал-Ходимий. Бариқат ал-маҳмудия фий шарҳ Тариқат ал-муҳаммадия. 3-жилд. – Истанбул: Саҳҳофия, 1318. – Б. 364).

Тафсир илмининг султони ҳисобланмиш саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) Қуръондан тафсир қилиб, одамларга маъруза қилаётган бир кимсанинг олдидан ўтиб қолибдилар. Уни оёғи билан туртиб, “Сен носих ва мансухни биласанми?”, дебдилар. У: “Носих ва мансух нимаси, мен уни билмайман”, дебди. Шунда Ибн Аббос (р.а.) унга қараб: هلكت و أهلكت – “Ҳалок бўлдинг ва ҳалок қилдинг!”, деганлар (Табароний, 10/10603).

Илм дарвозаси, дея таърифланган Ҳазрати Али (к.в.) ҳам бир қиссагўйнинг олдидан ўтиб қолиб, ундан: “Носих ва мансухни биласанми?”, деб сўраганлар. У: “Йўқ, билмайман”, деганида Ҳазрати Али (к.в.) унга: هلكت و أهلكت – “Ҳалок бўлдинг ва ҳалок қилдинг!”, деганлар (Байҳақий, 10/20147). Ҳазрати Али (к.в.) унинг куниясини сўраганда, у “Яҳёнинг отаси”, деган. Шунда Ҳазрати Али (к.в.): “Йўқ, сен “Билимсизлар отаси, бўласан”, деганлар (Абдурраззоқ, 3/5407).

Юқоридаги икки ривоятдаги икки нафар буюк саҳобанинг икки шаҳарда туриб, хитоб қилишлари саҳобалар даврида яшаган, тобеъинларнинг улуғлари ва буюк саҳобалар ҳали тирик вақтида одамларни йиғиб маъруза қила олиш даражасида бўлган кимсаларга қаратилган эди. Демак, ушбу маъруза қилувчилар ҳам оддий одамлар эмас, балки анча-мунча илми бор кимсалар бўлган. Бироқ, уларга ҳам тафсир қилиш ҳуқуқи берилган эмас. Бу эса Қуръони каримни тафсир қилиш, оятларнинг маъно таржимасини айтиш ниҳоятда масъулиятли иш эканини, жудда катта билим ва диний-илмий савия лозим эканлигини билдиради. Саҳоба ва тобеъинлар давридаги маъруза қилувчига бу ҳуқуқ берилмаган экан, ҳозирги кундаги таниқли устоз олдида ўқимаган, расмий равишда билимини оширмаган, халқ орасида олим ва уламо сифатида танилмаган кимсаларнинг Қуръони карим маъно- таржималарини айтишга асло йўл қўйилмаслиги керак бўлади. 

Қуръонни тафсир қилувчи кимсага араб тили ва қуръоний илмлардан 15 тасидан ва ҳатто ундан ортиқ илмлардан хабардор бўлмоғи шарт қилинади. Ана шу илмларни билмаган кимсанинг тафсир қилиши, тафсир ишига қўл уриши Қуръонни ўз раъйича, ўз билганича тафсир қилишга киради ва у ҳадиси шарифларда айтилган ваидга мубтало бўлади. Устоз олдида Қуръони карим тафсирларидан ўқиган, ҳадиси шарифлар маъноларини ўқиб-ўрганган кимса гарчи мазкур 15 та илмни мукаммал билмаса-да, унга тафсир китобларига таянган ҳолда Қуръони карим маъноларидан гапиришга, ҳадиси шарифлардан айтишга рухсат берилади. Чунки, тафсир ва ҳадис шарҳларига таяниб гапириш, фиқҳ китоблари асосида фатво бериб, ҳукм чиқариш, уни ўзича тафсир ва изоҳ қилишга, аниқроғи, асло мужтаҳидлик қилишга кирмайди. Балки, тафсир ва ҳадис китобларидан нақл қилишга киради.

Юқоридаги илмий таҳлиллардан маълум бўлдики, устоз олдида ўқиб-ўрганмаганлар бу хилдаги ишни қилмасликлари лозим ва лобуддир. Чунки, инсоннинг ақлий савияси, билим доираси, дунёқараши, фаҳм-фаросати, зеҳни ва хотираси ҳар хил бўлиб, устоз олдида ўқиб-ўрганмаган нарсасини янглиш тушуниши, нотўғри фаҳмлаб олиши мумкин. Шунингдек, эшитувда ҳам одамлар ҳар хилдир. Бирор маърузада айтилмаган нарсани айтилди, деган авомдан ўзининг диққатсиз эшитганига ёки нотўғри тушунганига асосланган хабарлари тез-тез эшитилиб туради.

 

Хулоса

Илм олиш барча мўъмин-мусулмонга фарз, ҳар бир инсон бешикдан то қабргача илм ўрганиб бориши лозим. Илм олишда тўхтаб қолмаслиги керак, ўрганиш, тадқиқ қилиш, илмий изланишни қайта-қайта давом қилдиравериши керак. Хайрли ишнинг кечи бўлмайди. Ҳар бир мусулмон Қуръони каримнинг маъноларини билишга, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан етиб келган ҳадиси шарифларни билишга ҳақлидир. Уларни ўқиб-ўрганишга ҳар бир кимсанинг ҳаққи бор.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг қилинаётган тафсир ва таржималари одамларни билим олишга қизиқтириш мақсадига қаратилган бўлади, улар бўйича ҳукм олиш ёки баҳсу мунозараларга киришиш учун эмас. Бинобарин, ўқиб-ўрганмай туриб, таниқли ва эътироф қилинган устоз олдида ўқиб-ўрганиб, дуо ва ижозат олмагунгача у мазкур илоҳий ва набавий манбалардан гапиришга ҳаққи йўқ, унинг мазкур манбалардан далиллар сўраб-суриштиришига ҳам ҳуқуқ берилган эмас. Чунки, билимсиз одамнинг муайян масала бўйича келтириладиган далилнинг ҳаққоний далил эканини билмагани боис унга далил айтишнинг фойдаси бўлмайди. Саҳобаларнинг орасида Расулуллоҳ (с.а.в.)га мўъжиза, исбот, далил сўрамасдан имон келтирган зотлар билан бошқа саҳобаларнинг ўртасида анча фарқлар борлиги маълум. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг бошқа барча саҳобалардан афзал ҳисобланиши, уни бутун инсоният орасида "Сиддиқ" дея тан олинишининг сабаби ул зотнинг далил сўрамасдан имон келтирганлари бўлса ажаб эмас. 

Илми етишмайдиган кимсаларнинг оят ва ҳадислардан иқтибослар келтириб, одамларга фатво беришлари ўта оғир оқибатларга олиб келади. Бунга охирги 150 йилда, айниқса, ХХ аср иккинчи ярмидан бошлаш содир бўлган ва бўлаётган воқеаларни мисол қилса бўлади. Ўтган уламоларга ва даврнинг таниқли олимлари сўзларига инонмасдан, ҳар кимнинг оят ва ҳадислардан ўзларича ҳукм олишлари натижасида келиб чиқаётган жаҳолат Ер юзида мислсиз фасодларни келтириб чиқарди. Аслида, аҳли илм бўлмаганларнинг бу илоҳий ва набавий манбалардан иқтибослар келтириб гапиришлари маънавий ва илмий жиноятлардир! Биз буни мазкур мақоламизда таҳлил қилишга уриниб кўрдик.

Кимнингки бирламчи муқаддас исломий манбалардан тўла хабардор бўлиш истаги бўлса, илм ўрганиш имкониятлари кенг, илму ирфон эшиклари унга ҳамиша очиқдир! Авомликдан, оми, билимсиз ва жоҳил бўлиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

Аллоҳ ҳар кимга инсоф ва тавфиқ берсин!

 

Ҳамидуллоҳ Беруний,

Масъудхон Эшон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абу Зайд Даббусий .Илмул хилоф, илмининг асосчиси экани ҳақида аввал ишора қилиб ўтган эдик. Бу машҳур имомнинг ватандошлари у кишининг ишларини шараф билан давоми...

4571 21:10 / 27.03.2019
. . . . . Намознинг фарзи таҳрима, қиём, фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш. Ўша бир давоми...

4254 19:00 / 04.11.2021
1. .АлФиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу,.Бу китобнинг муаллифи суриялик машҳур олим доктор Ваҳба Зуҳайлийдир. У киши Дамашқ университети шариат куллиясида фиқҳ давоми...

4468 20:00 / 14.06.2019
Аллоҳ таоло .Зинҳор бир нарсани .Буни эртага, албатта, қилувчиман,, дема, магар .Аллоҳ хоҳласа, дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни эсла ва .Шоядки, Роббим мени давоми...

4052 05:00 / 18.01.2017