1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Рўзанинг қабул бўлиш аломатлари

05:00 / 19.01.2017 3534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бизларга рўза тутишни фарз қилиб, рўзани Ислом рукнларидан бири қилган Аллоҳга ҳамду санолар, Роббисига энг яхши ибодат қилган: намоз ўқиган, рўза тутган ва кечаларни таҳажжуд билан бедор ўтказган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг ...

(Ҳой банда), тутган рўзангиз ва ўқиган намозларингиз билан Қиёмат кунида Роббингиз даргоҳига келганингизда ибодатларингизни қабул қилмай савобсиз қолиш, ибодатларингизнинг пучга айланиши ва шунга кўра Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишдан қўрқинг! Чунки Аллоҳ таоло:


﴿وَقَدِمْنَا إِلَى مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاءً مَنْثُورًا﴾


«(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23), демоқда.


«Тафсирул Қосимий»да шундай дейилади: «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб»: яъни, улар бировлар кўрсин ёки эшитсин дея риёкорлик қилган ва ўзлари учун обрў деб билишган амалга келиб: «уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз»: яъни, арзимас ва фойдасиз бўлган, ҳаволарда учиб юрган чанг–тўзон каби қиламиз.


Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қанча рўзадор борки унинг рўзасидан очликдан бошқа нарса қолмас. Кечалари таҳажжуд ўқиган қанча одам борки таҳажжудидан бедорликдан бошқа нарса қолмас» (Имом Бухорий 3488).


«Қанча рўзадор борки унинг рўзасидан очликдан бошқа нарса қолмас». Айрим уламоларнинг фикрича, у одам ҳаром нарса билан оғзини очади ёки одамларнинг гўштларини ғийбат қилиб ейди ёхуд узвларини гуноҳлардан сақламайди.


«Кечалари таҳажжуд ўқиган қанча одам борки таҳажжудидан бедорликдан бошқа нарса қолмайди». Яъни, у одам кечаларини таҳажжуд билан ўтказади, бироқ намозларини тортиб олинган уйда ёки жамоатга узрсиз чиқмаган ҳолда ўқийди ва савобсиз қолади (Тийбий «Файзул Қодийр»).


Ҳой оқил, бундай ачинарли ва ҳасратли ҳолатга тушишдан илгари бу дунёда солиҳ амалларнинг қабул бўлиш шартлари ҳақида изланинг ва у шартларни бажо келтириб қувонинг ва рўзангиз билан бахтиёр бўлинг. Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рўзадорнинг иккита қувончи бордир: оғзини очганида ифтори билан қувонади, Роббисига дуч келганида рўзаси билан» (Имом Бухорий 1904; Имом Муслим 2700).  


Қиёмат кунидаги қувонч Аллоҳ таоло тутган рўзангизнинг савобини далиллари кучли бўлган ҳимоячи суратида намоён қилади ва у сизни Оламлар Подшоҳи азза ва жаллла ҳузурида ҳимоя қилади. Натижада Аллоҳ таоло рўзанинг ҳомийлигини қабул қилиб, сиз, Раҳмоннинг ижозати билан, жаннатнинг Райён дарвозасидан соғ–омон кириб кетасиз. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рўза ва Қуръон бандага Қиёмат кунида шафоат қилади. Рўза: Роббим, мен уни овқатланишдан ва шаҳватларидан тўсганман ва мени унга ҳомий қил, деса, Қуръон: Мен уни тундаги уйқуларидан тўсганман, мени унга ҳомий қил!,– дейди. Натижада, у иккиси шафоат қиладилар» (Саҳиҳут Тарғиб 984).


 Биз энди рўзанинг қабул бўлиш аломатлари ҳақида баҳс юритамиз. Улардан:


1 – Ибодатни Аллоҳ учун холис қилиш


Аллоҳ таоло Баййина сурасида:


﴿وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ﴾


«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5) ва Анъом сурасида:


﴿قُلْ إِنَّ صَلَاتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ﴾


«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир»– дейди (Анъом: 162).


Абу Умома разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло амаллар ичидан Ўзига холис ва Юзи талаб қилинганинигина қабул қилади» (Имом Бухорий 1856).


Бунинг маъноси шудир: Солиҳ амалларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг даргоҳида шериксиз Аллоҳнинг Ўзи учунгина қилинса қабул қилинади. Акси тақдирда рад этилади ва қабул қилинмайди ҳамда қилган одамни кичик ширк – риёкорлик қилганлар қаторига қўшади. Бундай ширкдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!


Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қилган барча амаллари Одам фарзандининг ўзиникидир ва савоби ўн баробари билан етти юз баробаригача берилади. (Лекин) Аллоҳ таоло: Рўза бундан мустаснодир. У Мен учундир ва Мен унга мукофот бераман: (Бандам) Мени деб таомини, шаробини, лаззатини, хотинини тарк қилади, деди» (Имом Бухорий 1894; Имом Муслим 1151).


Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қадр тунини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказган одамнинг ўтмиш гуноҳлари мағфират қилинади. Рамазонни иймон билан ва савоб умидида тутган одамнинг ўтмиш гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Бухорий 1901; Имом Муслим 759).


Ҳой мусулмон, ҳар бир ибодатдан илгари олдингизга қўйган шиорингиз: «Аллоҳга ишониб ва савоб умидида» бўлсин. Яъни, «Роббим, қилган бу амалим Сенинг Карим юзинг учун ва савобинг илинжидадир. Шунинг учун буни мендан қабул қил!».


2 – Сиру ошкорада Аллоҳдан тақво қилиш


Аллоҳ таоло:


﴿إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ﴾


«Аллоҳ фақат тақводорлардангина (амалларини) қабул қилур»–  деди  (Моида: 27).


Аллоҳ таоло рўзани биз Аллоҳнинг назорати остида чиниқиб, тарбия олишимиз, тоату ибодатларни кўпайтиришимиз, гуноҳу тойилишлардан йироқ туришимиз учун машруъ қилди. Яъни, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилинг! Агар Сиз Уни кўрмасангиз, У сизни кўриб туради! Бу – тақвонинг хулосасидир.  


Тақвонинг катта аҳамияти борлиги учун ҳам, Аллоҳ таоло муқаддас китоби – Қуръон Каримнинг икки юз элликдан ошиқ жойида уни зикр қилди. Аллоҳ таоло рамазон рўзаси ҳақидаги оятларнинг бошида тақвони:


﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾


«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183) деган бўлса, Бақара сурасидаги рўза оятларининг охирида ҳам тақвони таъкидлади:


﴿كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ﴾


«Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).


3 – Узвларнинг гуноҳ қилишдан тийилиши


Агар мусулмон одам рўзадорлик кунларида узвларини гуноҳ қилишдан тия олмаса, тутган рўзасининг фойдаси нима бўлади?! Масалан, кўз ҳаромга нигоҳ ташламайди, меъда, таносил аъзоси ва бошқа узвлар ҳаром нарсаларни қилмаслик ва улардан йироқ туришга ҳаракат қилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ёлғонни ва ёлғонга амал қилишни ташламаган одамнинг таоми ва ичимликларини ташлашига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ» (Имом Бухорий 1903). «Ёлғон»дан мақсад маълум бўлсада, «унга амал қилиш»дан мақсад алдамчиликдир.


Ибн Мунаййир «Ҳошия»да шундай дейди: «Бу – қабул қилинмаслигидан киноядир. Бу, ғазабнок одамнинг талаб қилган нарсаси муҳайё қилинмагани маҳал: «Қўявер, унга эҳтиёжим йўқ!», деган гапига ўхшайди. Бу гапдан мақсад ёлғон аралашган рўзани қабул қилмай, ёлғонсиз рўзани қабул қилишдир. Бунга Аллоҳ таолонинг:


﴿لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلاَ دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ﴾


«Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» (Ҳаж: 37) ояти мисол бўлади олади. Бунинг маъноси: Қабул қилишга ундайдиган Аллоҳнинг розилигига етиша олмайди, демакдир».


Ибн Арабий айтди: «Мазкур ҳадисда зикр қилинганларни қилган одам, тутган рўзаси учун савобсиз қолади. Бунинг маъноси: Рўзанинг савоби ёлғончилик ва ҳадисда зикр қилинган бошқа амаллар билан мутаносиб келмайди». 


Байзовий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Рўзани машрулаштиришдан мақсад очлик ва ташналикнинг ўзигина эмас. Балки, улардан кейин келган шаҳватнинг синиши, ёмонликни қилишга ҳозиру нозир бўлган нафсни осуда нафсга айлантиришдир. Агар бу ҳосил бўлмаса, Аллоҳ таоло тутилган рўзага қабул кўзи билан қарамайди. «Аллоҳнинг унга эҳтиёжи йўқ» дейиш қабул қилмасликдан киноядир. Аллоҳ сабабни рад этди ва шундай қилишни хоҳлади» («Фатҳул Борий» 4/140).


Сиз рўза – қоринни оч қўйиш, таносил аъзосини шаҳватдан тийишгинадир, деб ўйламанг. Бундай тушуниш хатодир. Тўғриси эса, Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул қилинадиган рўза – узвларни Аллоҳга ҳам, одамларга ҳам осий қилмасликдир.


Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рўза – ейиш ва ичишдангина тийилиш эмас. Рўза – беҳуда ва ҳаёсиз нарсалардан ҳам тийилиш, демакдир. Агар биров сизни ҳақорат қилса ёки сизга жоҳиллик қилса: Мен рўзадорман! Мен рўзадорман!,– деб айтинг!» (Имом Бухорий 1082).


4 – Ибодатлар қабул бўлиши учун дуо қилиш


Рамазон ойи Аллоҳ азза ва жалла муждалаганидек, дуолар ижобат бўладиган ойдир:


﴿شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ • وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ﴾


«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз. Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара: 185, 186).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам рамазон ойи дуолар ижобат бўладиган ой эканининг муждасини бердилар. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Рамазон ойининг) ҳар кун(и) ва тун(и)да Аллоҳ таолонинг (жаҳаннамдан) қутқарадиган қуллари бордир. Ҳар бир мусулмоннинг (рамазон ойининг) ҳар куни ва тунида мустажоб дуоси бордир» («Саҳиҳут–тарғиби ват–тарҳиби» 1002).


Сиз бундан кейин яна нимани хоҳлайсиз?! Шундай экан, рўзадорлик пайтингизда, йўқ, ҳар замон кўп дуо қилинг! Хусусан, пурмаъно дуоларни қилинг! Аҳқоф сурасидаги ушбу дуо ҳам энг пурмаъно дуолар қаторига киради:


﴿حَتَّى إِذَا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَبَلَغَ أَرْبَعِينَ سَنَةً قَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَصْلِحْ لِي فِي ذُرِّيَّتِي إِنِّي تُبْتُ إِلَيْكَ وَإِنِّي مِنَ الْمُسْلِمِينَ • أُولَئِكَ الَّذِينَ نَتَقَبَّلُ عَنْهُمْ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَنَتَجاوَزُ عَنْ سَيِّئَاتِهِمْ فِي أَصْحَابِ الْجَنَّةِ وَعْدَ الصِّدْقِ الَّذِي كَانُوا يُوعَدُونَ﴾


«Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффак этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди.


И з о ҳ: Ушбу ояти каримада яна ҳар бир инсонни ота-онага яхшилик қилишга буюрилди. Табиий бир савол туғилиши мумкин: Нега Қуръонда бот-бот ота-онага меҳр-мурувват кўрсатиш вожиб эканлиги уқтирилади-ю, фарзандларга меҳрибонлик қилишга буюрилган оятлар деярли учрамайди? Каломуллоҳни синчиклаб ўқиб-ўрганган киши ундан юқоридаги саволга жавоб топа олади: Қуръонда бирон беҳуда жумла ёки суз йўқдир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни комил инсон қилиб тарбиялаш учун қайси фармонни неча марта такрорлаш лозим бўлса уни шунча марта нозил қилган. Негаки Яратган Ўз бандаларининг жисмоний жиҳатларидан ҳам, руҳоний хусусиятларидан ҳам жуда яхши огоҳдир. Масалан У зот ота-онага, хусусан онага ўз фарзандларига нисбатан шундай меҳр ато этганки, она учун энг оғир, хатто таҳликали давр бўлган ҳомиладорлик ва кўз ёриш даври ҳамда чақалоқни эмизиб, тарбиялаш йиллари ота-она ҳаётидаги энг бахтли дамлардир. Бинобарин ота-онани (албатта улар агар инсоний маънавиятдан ажраб ваҳшийлик даражасига тушиб кетмаган бўлсалар) фарзандга яхшилик қилишга буюраверишнинг ўзи ортиқча бир ишдир. Аммо фарзандлар эса ёшликларига бориб ёки ўзларининг ўғил-қизлари билан овора бўлишиб ортларидаги ота-оналарига бепарво бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун Қуръон фарзандлари тез-тез ота-она олдидаги бурчларини адо этишга даъват қилади.


Юқоридаги оятнинг давомида камолот ёши бўлмиш қирқ ёшга етган мусулмони комил киши учун Аллоҳ таолодан қандай тилак-истаклар сўраш лойиқ эканлиги баён қилинди. Энди қуйидаги оятда ана шундай хислат эгалари бўлган мўмин-мусулмонларнинг келажак-оқибатлари ҳақида хабар берилади.


Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гуноҳларидан ўтиб юборурмиз. (Бу) уларга ваъда қилингувчи ҳаққирост ваъдадир» (Аҳқоф: 15, 16).


Қатода разияллоҳу анҳу Анас разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси дуони кўпроқ қилар эдилар?,– деб сўради. Анас разияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар ато эт ва жаҳаннам азобидан сақла!» дуосини кўп қилар эдилар,– деб жавоб берди (Имом Бухорий 4522; Имом Муслим 2690).


Салаф солиҳ Аллоҳ таолога олти ой давомида ўзларини рамазон ойига етказишини тилаб, қолган олти ой давомида дуоларини қабул қилишини сўраб илтижо қилишар эди (Ибн Ражаб «Латоифул маъориф», 298– бет).


5 – Рамазон ойидан сўнгра солиҳ амал қилишга давом этиш


Рамазон – рўза, Қуръон тиловати ва қариндошлар билан алоқа қилиш ойидир. Ушбу солиҳ амаллар сизга қарши ҳужжат бўлади. Уларнинг қабул бўлиш аломати рамазон ойидан кейин уларни қилишга давом этиш билан маълум бўлади. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: «Биров бирон ибодатни қилиб ундан бўшаган бўлса, у ибодатнинг қабул бўлиш аломати уни бошқа ибодатларга боғлашидир. Қилинган ибодатнинг рад этилганининг аломати эса, ўша ибодат ортидан гуноҳни қилишдир. Ёмонликдан кейинги ёмонликни ювиб кетган яхшилик қандай яхши яхшилик ва яхшиликдан кейинги яхшиликни ювиб кетган ёмонлик қандай ёмон ёмонлик!


Рамазон ойидан кейин рўза тутишга одатланиш, рамазон рўзасининг қабул бўлганига аломатдир. Аллоҳ таоло банданинг бирон амалини қабул қилса, уни ундан кейин ҳам солиҳ амал қилишга муваффақ қилади. Сизлар Аллоҳ таолодан вафот этгунча ибодатда устивор қилишини сўранглар! Аллоҳга қалбларнинг бошқа ҳолатга ўтиб қолишидан сиғининглар! Ибодатнинг азизлигидан сўнгра келган маъсият даҳшати жуда ҳам ёмондир!» (Ибн Ражаб «Латоифул маъориф», 316– бет).


Аллоҳ таолодан вафот этгунча ибодатда устивор қилишини сўраймиз!


Шайх Салоҳ Абдулхолиқ


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу тоифадаги китобларда давлат сиёсатини қандай юритиш ҳақида сўз юритилади.1. .Алаҳкомуссултонийя вал вилоятуддинийя,.Сиёсатушшаръийя китоблари ичида энг давоми...

5170 13:40 / 06.03.2019
Имом жума ва икки ийдда, шунингдек, бомдодда, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида намозни вақтида адо қилса ҳам, қазо қилса ҳам овоз чиқариб қироат қилади. давоми...

3673 19:05 / 02.06.2022
Аллоҳ таоло .Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган давоми...

5313 05:00 / 17.02.2017
1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни қайтарувчидир. 2. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг давоми...

3189 14:00 / 13.05.2021