1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Сизлардан аввал ўтган умматларда...

06:30 / 15.11.2017 3937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Сизлардан аввал ўтган умматларда бир подшоҳ бор эди. Унинг бир сеҳргари бўлиб, ёши улғайганида подшоҳга қуйидагича мурожаат қилди: «Мен қариб қолдим. Менга бирор ёш бола юборгин. Унга сеҳргарликни ўргатаман». Подшоҳ унга бир болани сеҳр ўргатиши учун юборди. У боланинг ўтадиган йўлида бир роҳиб (ибодат қилувчи) бор эди. Кунларнинг бирида бола унинг ҳузурида ўтириб, сўзларини эшитиб, ҳайратда қолди. Бола агар сеҳргар олдига борса, роҳибга ҳам учраб, унинг ҳузурида бироз ўтирар эди. Бир куни сеҳргар ҳузурига борганида, у (кеч қолгани учун) болани урди. Бола эса бу ҳолдан роҳибга шикоят қилди. Роҳиб: «Агар сеҳргардан қўрқсанг, аҳлим мени ушлаб қолгани учун (кечикдим), дегин. Агар аҳлингдан қўрқсанг, сеҳргар мени ушлаб қолгани учун кечикдим, дегин», деди. Кунлар шу алфозда давом этди. Бир куни бола катта бир жониворни учратди. У жонивор кишиларнинг йўлини тўсиб олган эди. Шунда у: «Бу кун сеҳргар афзалми ёки роҳиб афзалми, биламан!?» деб бир тошни олди-да, «Аллоҳим, агар роҳиб иши Сенга сеҳргарнинг ишидан маҳбуброқ бўлса, бу жониворни ҳалок қилгин, кишилар ўтиб олишсин», деди. Бола тошни отиб уни ўлдирди ва кишилар ўтиб кетишди. Бола роҳибга келиб, бу ҳақда хабар берди. Роҳиб болага: «Эй болам, сен бугун мендан ҳам афзалсан. Сен бир мақомга етдинг. Сен тез кунларда (ҳар хил синовлар билан) балоланасан. Агар шундай ҳолат бўлса, мени ҳеч кимга кўрсатмагин», деди. У бола туғма кўр, песларни тузатиб ва кишилардаги бошқа касалликларни даволар эди. Подшоҳнинг шерикларидан бирининг кўзи ожиз бўлиб қолиб, бу бола ҳақида хабар топди. Боланинг ҳузурига кўп ҳадялар билан келиб, «Агар менга шифо берсанг, буларнинг ҳаммасини сенга бераман», деди. Буни эшитган бола: «Мен бирор кишига шифо бера олмайман. Шифони Аллоҳнинг Ўзи беради. Агар Аллоҳга иймон келтирсанг, Унга дуо қиламан, сенга шифо беради», деди. У киши Аллоҳга иймон келтирди. Ва Аллоҳ таоло у кишига ҳам шифо берди. Бир куни у киши одатдагидек подшоҳ ҳузурида ўтирганида, подшоҳ унга: «Кўзингни ким даволади?» деди. Шериги: «Раббим даволади», деди. Шунда подшоҳ: «Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?» деганида, у: «Раббим – сенинг Раббинг Аллоҳдир», деди. Подшоҳ уни ушлаб, азоблашда бардавом бўлди. Охири у киши болани кўрсатиб берди. Бола келтирди. Подшоҳ унга: «Эй бола, сен сеҳргарликда шу даражага етибсанки, туғма кўр ва песларни тузатиб, ундай ва бундай ишларни қилаётган эмишсан?» деди. Бола: «Мен ҳеч кимни тузатаётганим йўқ. Албатта Аллоҳ шифо беряпти», деди. Подшоҳ уни ушлаб, азоблади ва бунда бардавом бўлди, у роҳибни кўрсатиб қўйди. Роҳиб ҳам (подшоҳ ҳузурига) келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. Роҳиб бош тортди. Арра олиб келиниб, унинг боши ўртасига қўйиб арраланди, бош иккига бўлиниб кетди. Кейин подшоҳ шериги келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Арра бошининг ўртасига қўйилиб тортилганида, бўлиниб, икки тарафга тушди. Сўнгра болани келтириб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Подшоҳ болани бир неча аъёнларига бериб, «Буни фалон, фалон тоққа олиб боринглар. Ва тепасига чиқинглар. Агар чўққига етсангиз (бир насиҳат қилиб кўринглар), динидан қайтса, қолдиринглар. Агар қайтмайдиган бўлса, уни ўша ердан улоқтириб юборинглар», деди. Аъёнлар (подшоҳ айтган) тоққа бориб, юқорига чиқдилар. Бола эса: “Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қилгин”, деб илтижо қилганида, тоғ бир силкинди. Улар ундан қулаб тушишди. Бола (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деди. Бола: «Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилди», деб айтди. Подшоҳ яна бир нечта аъёнларига болани топшириб, «Уни бир катта кемага ортинглар-да, денгиз ўртасига олиб боринглар. (Бир насиҳат қилиб кўринглар) агар динидан қайтса, қолдиринглар. Бўлмаса, уни (денгизга) ташлаб юборинглар», деди. Улар болани олиб боришганида, яна у: “Аллоҳим хоҳлаган нарсанг билан уларга Ўзинг кифоя қилгин”, деди. Кема бирдан тўнтарилди-да, улар чўкиб кетишди. Бола яна (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима қилди?» деди. Бола: «Аллоҳ уларга Ўзи кифоя қилди, албатта сен мен буюрган нарсани қилмагунингча ўлдира олмайсан», деди. Подшоҳ: «У нима?» деди. Бола: «Одамларни бир тепаликка жамлаб, мени бир хурмо танасига осиб, ўқдонимдан бир ўқни олиб, уни камоннинг ўртасига қўйиб, “Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан”, деб менга отасан. Агар мана шу айтганимни қилсанг, мени ўлдира оласан», деди.

Подшоҳ одамларни бир тепаликка тўплади. Болани бир хурмо танасига осиб, сўнгра унинг ўқдонидан бир ўқни олиб, камоннинг ўртасига қўйди, кейин “Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан”, деб отганда, ўқ боланинг чаккасига тегди. У чаккасига қўлини қўйиб вафот этди. Шунда одамлар: «Боланинг Раббисига иймон келтирдик», деб айтишди. Подшоҳ нозик томонидан ушлангач, унга: «Сен ўзинг хавфсираётган нарсага нима дейсан? Аллоҳга қасамки, сен хавфсираётган нарса юзага келдику? Дарҳақиқат одамлар иймон келтирди», дейишди. Подшоҳ кўчаларнинг оғзига чуқур кавлатишни буюрди. Чуқурлар кавлаб, унга ўт ёқилди. Ва у: «Кимки динидан қайтмаса, унга ташланг», (ёки чуқурга ўзингни отденглар” деди. Бу буйруқни бажардилар. Бир пайт қўлида ёш гўдаги бор бир хотин келди. У хотин ўтга тушишдан ўзини тортаётган эди. Ҳалиги гўдак: «Эй онажоним, сабр қилинг. Чунки, сиз ҳақ йўлдасиз», деди…», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сиздан бирортангиз мен унга отаонасидан, боласидан ва давоми...

1256 08:12 / 04.08.2019
. ,. . Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Киши ўз яхши кўрган кишиси билан биргадир,, дедилар,.Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

1862 09:58 / 29.07.2019
У кишидан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Киши намозхонада таҳоратини синдирмай ўтирар экан, фаришталар унинг ҳаққига .Аллоҳим, мағфират давоми...

3322 16:35 / 26.03.2018
Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ Аллоҳ молдунё бергану, уни давоми...

3142 06:00 / 27.09.2018