1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳимматлар қадар қўрғонини теша олмас

14:42 / 30.06.2019 4255 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзувчи ҳимматлар қадарлар қўрғонларини теша олмас.

Ушбу учинчи ҳикмат ўзидан олдинги иккинчи ҳикматнинг узвий давомидир. Иккинчи ҳикматда Аллоҳ таоло инсонни сабаблар ичида турғизиб қўйганда уларни ишга солиши кераклиги айтилган эди. Банда бир нарсани сабабият қонуни асосида кўп такрорлайверса, ўша нарса сабаблар орқали бўлади, деган хаёлга бориб қолади. Аммо мазкур сабаблар чуқурроқ ўрганилса, уларнинг ҳаммаси бориб, бош сабабга – Аллоҳ таолонинг Ўзига тақалиши кўрилади. Мисол учун, доимо қорни очганда таомланса тўяверганидан кейин, қорнимни таом тўйдирмоқда, деган хаёлга боради. Аслида эса уни Аллоҳ таоло тўйдириши эсидан чиқиб қолади. Бошқа барча сабаблар ҳам шундай бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом ақийдасидан бехабар кишилар сабабларга берилиб кетиб, ҳақиқий мусаббиб Аллоҳ таоло эканини унутиб қўядилар.

Бу ҳикматда ўша хатога йўл қўймасликка чақирилмоқда. Балки қадар қай тарафга айланса, ҳимматларнинг ўзиши ҳам ўша тарафга бурилиши таъкидланмоқда.

Ҳиммат бирор мақсадга эришиш учун нафснинг интилиш қуввати эканини аввал билиб олган эдик.

Уламолар инсондаги ҳиммат уч турли бўлишини айтадилар:

1. Чала ҳиммат.

Унда одам бир нарсани қилишга азму қарор қиладию, унинг учун ҳаракат ҳам, амал ҳам қилмайди.

2. Ўртача ҳиммат.

Унда азм қилганда амал қилади ва қарор қилганда охирига етказади. Одамлар ўзларининг фаолиятлари давомида ушбу турдаги ҳимматларига қараб натижаларга эришадилар.

3. Ўзувчи ҳиммат.

Бунда инсоннинг нафси ўз-ўзидан таъсир ўтказиш қувватига эга бўлади ва у тўхтамасдан таъсир ўтказади. Мисол учун, кўзи бор одамнинг бошқаларга кўзи тегиши. Сеҳргарнинг сеҳрининг таъсири. Авлиёларнинг кароматлари.

Ушбу ҳимматларнинг ҳеч бири Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари деворини тешиб ўта олмайди. Яъни Аллоҳ таолонинг азалий илмидаги нарсадан бошқа тарафга ўз кучи билан ўтиб кета олмайди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида сеҳргарларнинг сеҳри борасида қуйидагича марҳмат қилади:

«Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар» (102-оят).

Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Илми калом уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қиладилар. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку. Хулласи калом, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У Зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида, Аллоҳ таолонинг амри ила у олов Иброҳим пайғамбарни куйдирмаган.

Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилаверишади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар.

Ушбу нозик маъноларни аниқ англаб етишимиз учун аввало қазо ва қадар ақийдасини яхшилаб англаб олишимиз зарур. Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.

Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чегарасизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.

Қазои қадарнинг воқе бўлиши икки хил бўлади.

Биринчиси – Аллоҳ таолонинг яратиши билан бўлиб, унда инсоннинг ҳеч қандай дахли бўлмайди. Бу турга ўлим, бало-офатлар, зилзила, тўфон ва сув тошқинларига ўхшаш нарсалар киради.

Иккинчиси – инсоннинг дахли бор нарсаларда бўлади. Бу турдаги қазои қадарга одам боласи олиб борадиган барча фаолиятлар ва қиладиган ибодатлар киради.

Шу билан бирга, иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари дейилади. Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари дегани эса ҳар бир нарса У Зотнинг илми ва яратиши ила жорий бўлади деганидир. Инсоннинг ихтиёри ва мажбурланишига бунинг ҳеч қандай алоқаси йўқдир.

«Унда сабабларни ишлатмасдан юриш керак экан-да?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Саволнинг жавобида: «Йўқ, сабаблар керак жойда, илоҳий қоида асосида ишлатилади ва керакмас жойда, илоҳий қоидага зид бўлган жойда ишлатилмайди», дейилади.

Сабабларни ишга солиб, ношаръий, ҳаром йўл билан ризқ талаб қилаётган одамнинг «Аллоҳ таоло мени сабаблар орасида турғизиб қўйди. Ўша сабабларни ишга солиб, ҳимматим ила ризқимни териб емоқдаман», дейишга ҳаққи йўқ. Чунки сабабият қонунини жорий қилиб қўйган Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалол ризқ топишни, ҳаромга зинҳор яқинлашмасликни ҳам амр қилган. Банданинг ризқини Ўзи беришини Қуръони Каримда айтиб қўйган.

Инсоннинг сабабият қонуни асосида фаолият юритишига боғлиқ икки ҳолат бор.

Биринчи ҳолат – шариатда рухсат берилган сабабларнинг барчаси инсондан узоқда, унинг фаолиятига ва ҳаракатига бўйсунмайдиган ҳолат. Бу ҳолатда одам сабаблар орасида эмас, тажрид ҳолатида турган бўлади. Ундан таслим бўлиш ва кутиб туриш талаб қилинади. Ношаръий сабаблар кўпайса ҳам, худди йўқдек ҳисобланади. Банда ўзини худи уларни кўрмагандек тутиши ва улардан узоқлашиши матлубдир.

Иккинчи ҳолат – шариатда рухсат берилган сабаблар инсоннинг ҳузурида ва атрофида турган ҳолат. Бу ҳолатда инсон ўша сабабларни ишга солиши матлубдир.

Демак, инсон бу дунёда Ўзини яратган Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсунган ҳолда ва У Зот жорий қилган низомга риоя қилиб яшамоғи керак.

Аллоҳ таоло бизни оч қолганимизда таомланишга, чанқаганимизда сув ичишга, хастланганимизда даволанишга, зарарлардан четланишга амр қилган. Шу билан бирга, барча нарса Ўзининг қазоси ва қадари ила бўлишига иймон келтиришимизга амр қилган. У Зот бизларни сабабларни ишга солишимизга амр қилган ва шу билан бирга, ўзувчи ҳимматлар қадарлар қўрғонларини теша олмаслигига иймон келтиришимизни амр қилган.

Ушбу ҳақиқатни яна ҳам чуқурроқ англаб етишимиз учун Қуръони Каримдан мисоллар келтирайлик.

Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади:

«Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» (42-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бемор ҳолдаги Ўз набийси Айюб алайҳиссаломга: «Оёғинг билан ерни тепгин», деди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёқлари билан ерни тепган эдилар, у ердан сув чиқди. Шунда Аллоҳ таоло:

«Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», деди.

Демак, бу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам.

Уламоларимиз шу жойда ўта нозик бир жиҳатга эътибор берадилар. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга тайёр сувни кўрсатмасдан,

«Оёғинг ила тепгин!» – деди. У киши ерни тепганида, сув чиқди. Сўнгра Аллоҳ:

«Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» деди.

Бундан Аллоҳ таоло ҳамма нарсани тайёрлаб бермайди, балки банданинг ўзида ҳаракат бўлса, ёрдам беради деган маъно англашилади. Шунинг учун банда ҳар бир нарсада, жумладан, дардга даво излашда ҳам Аллоҳдан ёрдам тилаган ҳолида ўзи ҳаракат қилиши керак. Мана шу банданинг сабабларни ишга солгани бўлади. Шу билан бирга, банда ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари билан бўлишини зинҳор унутмайди. Банданинг сабабларни ишга солиши Аллоҳ таолонинг қазо ва қадарининг юзага чиқишига хизмат қилади деб эътиқод қилади.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзувчи ҳимматлар қадарлар қўрғонларини теша олмаслигига аниқ ишонадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин.

"Хислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга мактуб ёзди .Ўғлим, Аллоҳга тақво қил Ким Аллоҳга тақво қилса, Аллоҳ уни асрайди. Ким Аллоҳга шукр қилса, Аллоҳ унга давоми...

3567 08:45 / 23.01.2019
Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир. Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида марҳамат қилади .Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар давоми...

4232 16:10 / 30.10.2018
Абдуллоҳ ибн Фалон айтади .Иброҳим ибн Адҳам анжир кўтариб кетаётган бир боланинг олдидан ўтиб қолиб, .Бир тангага анжир берасанми, деди. Бола анжирни бир тангага давоми...

2263 08:00 / 28.04.2020
Аллоҳ таоло сизни Ўзига қайтариш учун касал қилади. Агар Унга қайтсангиз, касалликни аритади. Ахир, энди унга ҳожат йўқкуСизни тавозели бўлишингиз учун бемор давоми...

4146 08:35 / 09.06.2019