1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ҳаё яратилишда бўладими ёки кейин касб қилинадими?

15:34 / 24.10.2017 4429 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги хулқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилганлар.

Улардан баъзилари: «Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади. Ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», дейишган.

Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса: «Инсон туғилганида ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади. Унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», дейишган.

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса: «Инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларнинг хамиртуруши онасининг қорнида ҳомила бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида унга ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб, ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Ота-боболаримиз ушбу ҳақиқатлар асосида ўзларида яхши хулқларни шакллантириб, уларнинг самараларидан баҳраманд бўлганлар. Шу билан бирга, ёмон хулқларга барҳам бериб, уларнинг касофатидан қутулганлар. Ушбу сатрларда ёдга олинаётган бу улкан ҳақиқатни тўлароқ англаб етиш учун бир оз ҳаракат қилиб кўришимиз барчамиз учун фойдалидир. Келинг, бу борадаги баъзи маълумотларни биргалашиб ўрганиб чиқайлик.

Яхши хулқ фазилати ва ёмон хулқ мазаммати ҳақида.

Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. «Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал», дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. Хулқдан мурод ички сурат, халқ­дан мурод ташқи суратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир.

Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл-шамойили, чиройли ва хунук сурати бор.

Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни улуғлаган:

«Албатта, Мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (Ҳижр сураси, 28-29-оятлар).

Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга, руҳ эса Ўзига мансублигининг хабарини берди.

Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз, енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, «яхши хулқ» деб, ёмон бўлса, «ёмон хулқ» деб аталади.

Дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган баъзи бир кишилар: «Худди ташқи суратни ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўзгартиришни тасаввур қилиб бўлмайди», дейишади.

Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмайдиган бўлса, ваъзу насиҳатлар қилишнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳайвонига айланаётганини кўриб туриб, қандай қилиб ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.

Баъзилар, аввал айтиб ўтилганидек, асли яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди, деган хаёлда бўладилар. Билиш керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас, балки риёзат чекиб уринишдан мақсад шаҳватларни ифрот (ортиқчалик) ва тафрийт (нуқсон)нинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас.

Зотан, асл яратишда шаҳват фойда учун зарур бўлгани учун яратилган. Мисол учун, таом шаҳвати кесилса, инсон ҳалок бўлиши, жинсий шаҳват қирқилса, насл кесилиши турган гап. Агар ғазаб бутунлай йўқ бўлса, одам ўзини ҳалок қиладиган нарсадан ҳам ҳимояланмай қўяди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:

«Ва ғазабни ютадиганлар», деган (134-оят).

«Fазабни йўқотадиганлар» деган эмас.

Шунингдек, таом шаҳватида ҳам, баднафслик билан ўта чимхўрлик орасидаги мўътадиллик матлубдир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг», деган (31-оят).

Фақат билиб қўйиш керакки, муршид шайх ўз муридида ғазаб ёки шаҳватга мойилликни кўрса, уни мўътадиллика қайтариш учун мазкур икки нарсани ёмонламоғи керак.

Нафс риёзатидан мурод мўътадиллик эканига далиллардан бири шуки, сахийлик шариатда талаб қилинган хулқ бўлиб, у ўта мумсиклик билан исрофчиликнинг ўртасидаги бир ҳолдир.

Аллоҳ таоло уни мадҳ этиб, Фурқон сурасида:

«Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар», деган (67-оят).

Ушбу мўътадиллик гоҳида Аллоҳ таоло берган комил табиат ила ҳосил бўлади. Кўп болалар биров ўргатмаса ҳам ростгўй, сахий ва ҳалим бўлиши шундан. Гоҳида мазкур мўътадилликни касб қилиб топиш керак бўлади. Бунда нафсни кўзланган хулқни жалб қилувчи амалларни бажаришга мажбурлаш керак бўлади.

Бас, ким олийҳимматлик хулқини ҳосил қилишни ирода қилса, бир нарсаларни сарфлашда олийҳимматлилар қиладиган ишларга ўзини мажбурласин, токи табиати ўша хулққа мослашсин.

Шунингдек, тавозели бўлишни истаганлар ўзини тавозелиларнинг ишини қилишга мажбурласин. Бошқа гўзал ахлоқлар ҳам шунга ўхшаш, чунки одатланиш ва бардавомликнинг бу ишларда таъсири кучли бўлади.

Аксинча, яхшиликни тарк этиш бардавом бўлса, у ҳам салбий таъсир қилиши турган гап.

Фазилатларга сабаб бўладиган нарсаларни қилиш ҳам инсон нафсига таъсир қилиб, унинг табиатини яхшилик томон буришга омил бўлиши мумкин.

Гоҳида фазл аҳлининг суҳбатида бўлиш ила яхши хулқлар касб қилинади, чунки инсон табиати яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам мойил бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.Ибн давоми...

3504 19:46 / 18.01.2018
Абу Нуъайм ўзининг .Ҳулятул авлиё,сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимдан ривоят қилади.Зуннун Мисрий ўз дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим.Аллоҳим давоми...

3390 20:32 / 16.07.2017
7. Муҳофаза ва ҳимоя қилиш ниятида ғийбат қилиш. Бир кишидан бошқаларга зарар етса ва улар ўша зарарнинг етишидан бехабар бўлишса, зарар етказувчини уларга давоми...

4315 20:02 / 28.02.2018
.Шубҳа, сўзи луғатда .ўхшаш, маъносини билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром давоми...

6334 17:20 / 14.09.2017