1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Воизлик (дарслар)

Тилга эътибор ‒ Динга эътибор ёхуд Воизлик масъулияти

10:26 / 24.10.2017 6051 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расули муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламга дурудлар бўлсин!

Республикамизда Ўзбек тилига давлат мақоми берилган кундан бери милодий сананинг 21 октябри атрофида она тилимиз ва унга тегишли муаммолар ҳақида фикр-мулоҳазалар ўртага ташланади, муҳокама қилинади. Бу жуда яхши. Зотан, муаммоларни ёки долзарб мавзуларни одамлар уни муноқаша қилиб турган пайтда, ўша иш ҳамманинг назарида турган вақтда ўртага ташлаш фикр етказишдаги энг самарали услублардан ҳисобланади. Мен ҳам шу муносабат билан тилга доир фикрларни, айни пайтда ўз соҳамдан келиб чиқиб, ваъз қилишга оид айрим мулоҳазаларни шу кунларда кўпчилик билан ўртоқлашгим келди.

Воизлик жуда катта масъулиятли ишдир. Зеро, маъруза ва мавъизалар нафақат халқнинг тафаккури ва дунёқарашида, балки тилнинг шаклланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зотан, тил тинглаш орқали ўзлаштириладиган ҳодиса бўлгани учун маърузалар тилнинг ривожланишида жуда катта рол ўйнайди. Шу боис, ҳар бир воиз ўз нутқида тил қоидалари ва меъёрларига жиддий эътибор бериши лозим. Чунки унинг сўз юритиши, талаффузи, нутқи ва гап тузиши истеъмолдаги тилга бевосита таъсир ўтказади, тингловчиларда нутқ малакасини шакаллантиради.

Мен нотиқлик даъвосидан йироқман. Ўзимни хатоба илмида пешқадам ҳам демоқчимасман. Оддий бир тингловчи сифатида, ўзим кўриб, кузатганларим асосида хотирада жамланиб қолган айрим мулоҳазалар ва шахсий фикрларимни айтмоқчиман, холос.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда жамиятимизда тўй бўлсин, маърака бўлсин, барча йиғинларда бирор аҳли илмдан ваъз эшитмоқдамиз. Бу жуда ҳам қувонарли ҳолат, албатта. Эътибор берилса, кўпчилик имом-хатибларимизнинг маърузалари анча юқори савияда, бу маърузаларнинг сифати ҳам борган сари яхшиланиб бормоқда. Бироқ, ислоҳ қилиш лозим бўлган камчиликлар ҳам учраб турибди. Биз ана ўшалардан айримларини эслаб ўтамиз.

1. Нутқ товушларини нотўғри талаффуз қилиш. Арабчадан хабари бор кўпчилик имом-домлаларимиз тилимизга араб тилидан кириб, тўлиқ ўзлашиб кетган сўзларни ҳам атайин ёки беихтиёр араб тилига хос талаффуз қилишади. Айниқса «ъайн», «са» ундошларида шундай. Мисол учун, «савоб», «ҳумду сано» деганда «са» ундошини чуччилатиб, махражидан чиқариш, «ажри азим», «зиёфат» сўзларида «з» ундошини йўғонлатиш, «илм»ни «ъилм», «амал»ни «ъамал», «умр»ни «ъумр» деб айтиш, «ҳаким», «ҳикмат», «ҳамд» сўзларида «ҳ» ундошини арабча қилиб, бўғиз ўртасидан талаффуз этиш, «неъмат», «меъёр» каби калималарни «ъайн» билан айтиш каби ҳолатлар учрайди. Бу нарса баъзиларда табиий равишда кечса, айримлар бу билан ўз нутқига салобат бахш этишни ёхуд араб тилидан хабардорликни изҳор қилишни кўзлаб қолади. Аслида эса бундай талаффуз нутқнинг сифатини туширади, уни тингловчидан узоқлаштиради. Энг муҳими – бу ҳолат тилга эътиборсизлик, ҳатто уни бузиш ҳисобланади. Буни яхши тасаввур қилиш учун ўзбек тилида русча талаффуз, яъни акцент билан маъруза қилган одамни кўз олдингизга келтиринг, қанчалар ғалати, ёқимсиз бўлади. Араб тилидан бехабар кишилар қулоғига арабча талаффуз ҳам худди шундай беўхшов бўлиб урилади.

Ўзбекча сўзлаганда соф ўзбекча гапириш, арабча сўзларни ҳам муомалага кирган шаклида талаффуз қилиш керак. Оят-ҳадисларнинг матнини ўқиганда, арабча иқтибос келтирганда эса бошқа гап. Марҳамат, ана шунда араб талаффузини дўндириб қўйинг. Аммо уларнинг ўзбек тилига ўгирмасини айтишда соф ўзбекча сўзланг, мана шу ҳақиқий маҳорат, ҳақиқий нотиқлик бўлади.

Тўғрисини айтганда, араб тилини билган, Қуръони Карим ва унинг тажвидидан бохабар одам бўлсам ҳам, ана шундай айн-ғайнли маърузаларни эшитганимда қийналиб кетаман. Худди қулоғимга қандайдир қаттиқ нарса урилгандек, завқимни нимадир эговлагандек туюлади. Бир тарафдан тилимизга ачинсам, бир тарафдан тингловчиларга раҳмим келади, уларнинг суҳбатдан нари бўлаётганидан афсусланаман. Бу ҳолат тилимизга ҳам, динимизга тажовуздир.

Араб тилида кўп адабиёт ўқиган одамларда, айниқса, арабча гаплашиб юрган кишиларда бу каби ҳолат табиий равишда, беихтиёр юз бериб қолиши мумкин, аммо бу баҳона бўлмайди, унинг олдини олишга ҳаракат қилиш керак.

2. Шевага ҳаддан зиёд берилиб кетиш, жаргон сўзларни ишлатиш. Ҳар қандай одамга болалигидан кўникма бўлиб, сингиб кетган шевасида сўзлаш осон. Унинг тили беихтиёр шунга кетиб қолаверади. Аммо нотиқ воизлик масъулиятини унутмаслиги, шундан келиб чиқиб, шевани ишлатганда ҳам меъёрни билиши лозим. Аслини олганда, нутқ одобларидан бири ‒ адабий тилда сўзлашдир. Бу жуда кўп жиҳатдан муҳим ва манфаатлидир. Аммо баъзан шева аралашганда ҳам адабий тилдан узоқлашиб кетмаслик керак. Жаргон сўзларни ишлатиш эса, баъзилар учун гапнинг тушунарсиз бўлишига олиб келиши билан бирга, кўп ҳолатларда диний суҳбатдаги файзу маҳобатни кетказиб қўяди. Айрим жойларда эркатой маърузачилар минбарга, воизлик мақомига муносиб бўлмаган гап-сўзларни ҳам ишлатиб юборишади. Натижада суҳбатдаги маърифий қувватга путур етади, унинг нури кетади.

3. Сўзларни нотаниш, номақбул маъноларда қўллаш, шунингдек, мазмуни одамларга тушунарли бўлмаган сўзларни ишлатиш. Айрим хатибларнинг маърузаларида мана шундай ноқулайлик ҳам учраб туради. Баъзи воизлар буткул арабча сўзларни қўллаб қолишади. Ҳолбуки, ўша сўзнинг таржимасини ҳам топиш мумкин ёки унинг ўрнига ўша маънони ҳамма тушунадиган бошқа сўз билан ҳам ифода этса бўлади.

Мисол учун, «Олим буни ўз тазкирасида келтиради» демай, «Олим буни ўз хотираларида ёки ёдномларида келтиради», деб айтилса, «Бу ҳадисдан уламоларимиз қуйидагича истинбот қилганлар» дейиш ўрнига «қуйидагича хулоса чиқарганлар», «ушбу ҳукмни олганлар» дейилса, тушунарлироқ бўлади, гапни ҳамма бирдек англайди. «Жаддоту уммаҳотларини раҳматингга олгин» ибораси ўрнига «онаю момоларини» деган маъқулроқ. «Азвожи мутаҳҳарот» дейиш ўрнига «покиза жуфти ҳалоллари», «арвоҳи тоййиба» ўрнига «руҳи поклари», «мутаваффолари» бадалига «ўтиб кетган азизлари» дейиш ўзбек тингловчилари учун тушунарлироқ бўлади.

«Маишат» сўзи бугунги кунда асосан «айш-ишрат», «кайф-сафо» мазмунида қўлланадиган бўлиб қолган. Аммо араб тилида у ҳаёт кечириш, кун кечириш, рўзғор юритишни англатади. Сўзнинг ўша арабча мазмунидан келиб чиқиб, «маишатига барака берсин!» десангиз, омма тингловчилар онгида сиз кўзлаган маъно эмас, балки айш-ишрат ҳолати гавдаланади. Бу эса сўздан мақсад рўёбга чиқмади демакдир.

Баъзан маърузаларда «муътараф», «муҳтамал», «иқоб», «машруъ» каби ҳамма ҳам тушунавермайдиган сўзларни эшитиб қоламиз, бу ҳам омманинг суҳбатни яхши тушунмай қолишига, мавзудан узоқлашишига сабаб бўлади.

Тўғри, айрим арабча атамаларни таржима қилиш имконсиз, айниқса, шаръий истилоҳларни бир сўз билан ифода этиш мушкул, уларни ўз ҳолича айтишдан бошқа чора йўқ, аммо шунда ҳам уларни аввало ўзбекча талаффузда айтиш ва содда тилда изоҳлаш керак.

Айрим вилоятларда бошқа миллатлар билан қўшни яшаганлик таъсирида маърузаларда ўша тиллардаги ибора ва сўзларни кенг қўллаш ҳам кузатилади. Аммо бу ишда меъёрдан чиқиб кетилса, бу ҳам тилга эътиборсизлик, тингловчиларга ҳурматсизлик бўлади.

4. Ўзбек тили грамматикасига риоя қилмаслик. Бу ҳолат асосан гапни хато тузиш, гапнинг бўлаклари тартибини, эга-кесимини нотўғри қўллашда кўп кузатилади. Бунга келишикларни хато қўллаш (жумладан, «нинг» билан «ни» қўшимчасини фарқламаслик), гапдаги сўзлар тартибини бузиш каби ҳолатларни ҳам мисол қилиш мумкин. Айниқса, бир гапни тугатмай кейингисига ўтиб кетиш жуда кўп маърузачиларда учрайди. Гапнинг бир қисми нотиқнинг хаёлида қолаверади, аммо тилига чиқмайди, гўё тингловчилар қолганини ўзлари ясаб олишлари керак. Бунда зийрак одам сўзловчи нима демоқчи бўлганини тушуниб етса-да, гапнинг ўзини олиб қарасангиз, унинг кесими ё тўлдирувчиси ёки қайсидир бўлаги тушиб қолган бўлади. Натижада, фикр тўлиқ ифода бўлмай қолади ва тингловчиларда ҳам ана шундай узуқ-юлуқ тасаввур ҳосил бўлади. Энг ачинарлиси, ана шундай ҳаккам-дуккам ўйлаш ва сўзлаш услуби тингловчиларга ҳам аста сингиб, кўникмага айланиб кетади. Қолаверса, бундай тушунарсиз нутқ тингловчининг зеҳни, ақлий қуввати ва вақти беҳуда сарфланишига олиб келади. Бу ҳам воизлик масъулитига зид ҳолатдир.

5. Ўта узун гап тузиш. Ҳа, айрим маърузаларда гапнинг кесимини, хулосасини кутиб, бошини йўқотиб қўясиз, гап нимадан бошланганини ҳам билмай қоласиз. Қўшма гаплар қаторлашиб келаверганидан бош гапни тополмай ҳам қоласиз. Маърузадан намуна: «Мана, бугун ушбу хонадон фарзандларининг тўйлари муносабати билан табриклаш учун бутун атроф-жавонибдан ушбу кошонага яхши ниятлар, эзгу тилаклар билан жамланган эканмиз, ёшларга Аллоҳ азза ва жалладан бахту саодат тилаймизки, бу хурсандчиликларни бардавом этиб, неъматларини мўл қилиб, кўзларига қувонч айлашини илтижолар қилиб дуога қўл очар эканмиз, бу дуоларимизни Роббим таоло қабул айласин ва ижобатини кўриш бахтини ҳаммамизга, хоссатан, бу тўй соҳибларига насибу рўзий айласинки, бундай саодатни ҳар бир банда орзу қилар экан ва...»

Бундай мураккаб гап, очиғи, ҳар қандай тингловчини чарчатади. Умумий қоида шуки, гап қанча қисқа бўлса, шунча тушунарли бўлади. Шу боис, воиз гапларни лўнда-лўнда қилиб, алоҳида-алоҳида тузишга ҳаракат қилиши керак.

6. Мавзу ва мақсадни тайин қилиб олмаслик. Жуда кўп маърузаларда хатибнинг қайси мавзуни ёритишни, суҳбатдан кўзланган мақсадни белгилаб олмагани натижасида ярим соатлик маърузадан тингловчи ҳеч қандай фойда олмайди. Баъзан гап шунақа чалкаш бўлиб кетадики, тингловчини қўйинг, маърузачининг ўзи ҳам гапни қаердан бошлаганини эслолмай қолади. Қўпол қилиб айтганда, айрим кишилар маросим қандай бўлишидан қатъий назар, шу бугун ёки кеча ўзи кўрган ҳодисалар, сўзлаш пайтида хаёлига келиб қолган гаплар билан маросимга якун ясаб қўя қолади. Унинг бу гапи мажлис аҳлига ёки сабабига мос тушадими, тушмайдими, улар учун тушунарли ва аҳамиятлими ё йўқми, уёғи билан умуман иши йўқ, одатдагидек гапиради-қўяди. Бу ҳолатларнинг барчаси ўта кетган масъулиятсизликдир.

7. Муносиб мавзу танламаслик. Бу ҳолат ҳам кўп учрайди. Айрим маърузачилар азбаройи тартиб йўқлигидан баъзан ўтганларни йўқлаб қилинаётган йиғинда никоҳдан сўйлаб, тўйда ўлимдан, мотамхонада эса бозордан сўзлаб қоладилар. Табиийки, бундай суҳбат ҳеч қандай ижобий самара бермайди, одамларнинг онгу шуурини ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. Шу боис, ҳар бир йиғинда жамланган одамларнинг зеҳнияти, уларнинг айни пайтдаги кайфияти албатта инобатга олиниши лозим. Мисол учун, никоҳ тўйига келган одамларнинг диққат марказида никоҳ мавзуси ўрнашган бўлади. Уларга никоҳдан сўзласангиз, тайёр қолипга ғишт қуйгандек бўласиз. Акс ҳолда, уларнинг онгида янги «қолип ясаш» керак бўлади, бўлмаса, сўзингиз сувга қўйилган хом ғишдек йўқ бўлиб кетади. Бировни хотирлаб қилинган маросимда ҳамма шу руҳда бўлади, бу ерда ушбу руҳиятга муносиб сўзлар айтиш лозим, маъруза ҳам оғир-босиқ оҳангда бўлиши керак. Фарзанд шукронаси учун қилинган тадбирларда ҳар бир қатнашчининг хаёлида ўз фарзанди ва унга доир хотиралар ҳукмрон бўлади. Бундай пайтда фарзанд ва унинг тарбиясига доир мавзулардан сўз олинса, тингловчиларга яхши сингади.

Фақат тўй ёки мотам эмас, ҳар қандай маросим, тадбир ёки учрашувга жиддий тайёрланиш, берилиши мумкин бўлган саволларга жавоб топиш, аудитория учун фойдали бўлган маълумотларни тўплаш керак. Ҳар бир суҳбатдан кўзланган асосий мақсад динимизни, миллий қадриятларимизни танитиш, яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш бўлиши керак.

8. Навбатчи ва паразит сўзларни кўп қўллаш. Айрим жойларда маърузачилар эҳсон соҳибини обдон таърифлаб, таништиришга, бўлаётган маросимни баён қилишга берилиб кетиб, кўп вақтни зое қилишади. Ваҳоланки, ўтирганларнинг ҳаммаси мезбонни яхши танийди ва йиғин қандай мажлис эканини ҳам яхши билади. Уларга буни чўзиб баён қилиш сафсата сотишдек гап. Бунинг ўрнига бирорта керакли маълумотни етказиш ўринлидир.

Шунингдек, ҳамду санони ўта чўзиб юборадиганлар ҳам бор. Бир жойда ўзим гувоҳ бўлдим: маърузачи домла ҳамду санони бошлаб туриб, ундаги сўзлар баёнига киришиб кетди. Мен маъруза бошланиб кетди деб ўйладим. Ёлғон бўлмаса, орадан 5‒7 дақиқа ўтгандан сўнг салавот айтиб қолди. Уни ҳам шунақа чўзди. Кейин «аммо баъд» деб қолди. Шундан мен ўтган гапларнинг ҳаммаси ҳамду сано эканини билдим.

Баъзи воизлар «демак», «шундай экан», «шу билан бирга», «яъни», «мана шу», «айнан» каби паразит сўз ва ибораларни ишлатавериб, тингловчини зериктириб юборади ва вақтни беҳуда кетказади. Бу ҳам ёқимсиз ҳолатдир.

9. Суҳбат муддатида меъёрни ушламаслик. Баъзи жойларда маърузачи вақтни умуман унутиб, чарчагунича гапираверади, ҳатто ўзи ҳам зерикиб кетади, гап тополмай қийналиб кетади, аммо сўзни тўхтатай демайди. Ваъз ҳар қанча сермазмун, долзарб бўлмасин, тингловчиларнинг тоқатидан ортиқ узоқ бўлса, унинг манфаати, аҳамияти қолмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, одатда инсон диққатини 20-25 дақиқа бир жойга жамлаб тура олади. Ундан ортиғи ё қулоғига кирмайди, ёки олдинги маълумотларни ўчириб юборади. Шу боис, маросимларда 20‒30 дақиқа атрофида суҳбат етарли, ундан кўпи кўп. Хос ўтиришларнинг ҳолати бошқа, уларда талабга қараб қанча суҳбат қилса бўлаверади.

10. Асоссиз гаплар, тўқима ривоятлар айтиш. Бу ҳолат ҳам кўп кузатилади. Айниқса, чекка шаҳар ва қишлоқларда айрим маърузачилар уйдирма ривоятлар, асоссиз гапларни бор ҳақиқат сифатида уқтиришади. «Китобларимизда бор», «Ривоят қилинишича» деган қуруқ даъво билан ўз хоҳишини илгари сурадиганлар ҳам топилади. Қайси китобда ким ривоят қилгани ҳақида эса ҳеч гап йўқ. Ҳолбуки, диндан гапирган одам равшан далилга суянмай, шариатдан асосини зеҳнда ҳозирламай туриб сўзлаши дуруст эмас.

Баъзи воизлар ғиж-биж тўқима маълумотларга тўлган китобларни маҳкам ушлаб олиб, ўшандан нарига чиқмайди. Мусаффо дин турганда, мўътабар манбалар, саҳиҳ ҳадислар, очиқ-ойдин шаръий ҳукмлар денгиздек мавж уриб турганда, бундай асоссиз гапларни истаб топиб гапиришга нима мажбур қилади, тушунмайсиз. Агар арабча китоб ўқий олмаса, бугун ўзбек тилида ҳам ишончли диний адабиётлар тўлиб-тошиб ётибди, йўқ, уларни ҳам ўқимайди.  Бу ишлар шариатга, динга нисбатан оғир жиноят, ҳаддан ортиқ журъатдир.

11. Маърузадан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш. Афсуски, шунақа одамлар ҳам бор. Бировни ёқтирмайди, у билан шахсий адовати бор, нимасидир ғашига тегади, ундан алам олгиси келиб ичи қайнайди. Қараса, мажлисда ўша киши бор, дарров ақли ишлаб кетиб, минбар текканидан фойдаланиб қолай дейди-да, юзлаб одамларни ўтиргизиб олиб, ҳалиги одамни эзғилайди. Жамоат эса нега бу гаплар гапириляпти экан, деб ҳайрон. Баъзан ана ўшандай маърузачилар битта ёки унинг атрофидаги 4-5 та одамни кўзлаб 500 та одамнинг вақтини олади. «Уларга гапинг бўлса, ўзаро ўтириб гаплашиб ол, нима қиласан бизни овора қилиб?» дегинг келади. Шунингдек, уч-тўрт кишига тегишли муаммо ёки фақат илмлилар ўртасидаги бир илмий баҳсларни ҳам оммага чиқариш ноўрин, одамларнинг вақтини, ақлу идрокини беҳуда банд этишдир.

Мазкур ҳолатларнинг барчаси кишиларнинг тафаккурига, онгига таъсир қилиш баробарида фикр ифодаси бўлган тилга ҳам таъсир кўрсатади. Ушбу нуқсонларнинг борлиги тингловчиларда тил ҳодисасини нотўғри ўзанга йўналтирса, уларни бартараф этиб, тўғри шаклда маъруза қилиш тилнинг тараққиётига, унинг тўғри ривожланишига сабаб бўлади.

Юқоридаги камчиликлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Аммо гап чўзилмаслиги учун уни шу ерда тўхтатиб, воизлик масъулияти ҳақидаги айрим мулоҳазалар билан сўзимизга якун ясасак.

Исломда воизлик, хатиблик улуғ, ниҳоятда савобли ва масъулиятли амал ҳисобланади. Қуръони Карим ваъз ва хитобда бутун инсониятга энг олий намунани кўрсатган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу борада энг гўзал шахсий ўрнакни тақдим қилганлар. У зот алайҳиссалом ўзлари доимо фасоҳатли гапириш билан бир қаторда, бошқаларнинг ҳам тилга эътиборсизлик қилишига йўл қўймас, ваъз қоидасини бузган кишини танқид остига олардилар.

Саховати билан машҳур бўлган Ҳотам Тоийнинг ўғли Адий ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки киши кeлди. Уларнинг бири иймон кeлтирди ва: «Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди ҳамда ким Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилса…», дeди­да, тўxтаб, бир нафас олиб: «…у адашибди», дeди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Тур, сeн жуда ёмон маърузачи экансан», дeдилар».

Имом Муслим ривояти.

Бу ерда мазкур нотиқ тиниш қоидаларига риоя қилмагани сабабли гапнинг маъноси бузилган эди. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга танбеҳ бердилар. Бошқа ривоятларда келишича, Расулуллоҳ саоллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хатосини тўғрилаб ҳам қўйган эканлар.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз «Нафсим ифлос бўлди» демасин. Балки «Нафсим хира бўлди» десин», деганлар».

Бу ҳадисда мўмин киши бирор фикрни ифодалашда муносиб сўз топишга интилиши, ёқимсиз сўзларни ишлатишдан сақланиши лозимлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам воизликнинг одобларидандир.

Ушбу ва бошқа набавий иршодлар сабабидан Исломда хатоба илми ‒ нутқ маданияти фани ривожланиб, шаръий илмлар қаторидан жой олган. Бугун ҳам бу илм исломий олийгоҳларда таълим берилади, хусусан, даъват факултетларида чуқур ўқитилади.

Мазкур ҳадислардан ҳам маълум бўладики, хатиблик улкан масъулиятли ишдир. Аммо кўп ҳолларда буни ҳис этилмаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Бироз оғир бўлса ҳам, тўғрисини айтиш керак, айрим маърузачи домлаларда тўйларни олиб борадиган ўртакашларчалик лаёқат йўқ. Гапида тартиб ҳам йўқ, тайинли мазмун ҳам йўқ. Нима демқочи бўлганини тушунолмай гаранг бўласиз. Қўлидан микрофонни олиб, ҳайдаб юборгингиз келади. Ўзим гувоҳи бўлган бир маросимда бир домла узундан-узун гапирди, очиғи, ҳамма зерикди. Маърузасида на илм бор, на бир тартиб ва гўзаллик бор. Ундан сўнг маҳалланинг бир зиёли оқсоқоли сўз олган эди, унинг суҳбати ҳалиги асосий маърузачининг гапидан илмий жиҳатдан ҳам, нутқ маданияти жиҳатидан ҳам яққол устун бўлиб қолди. Баъзи жойларда хатиб домлаларда ўша оддий одамлар, даврабошиларчалик нутқ маданияти, нотиқлик маҳорати йўқлигидан, бу борада камчиликларни ислоҳ қилиш, ўз устида ишлаш, юксалиш ташвиши ҳам йўқлигидан ўксиниб қоламан. Ҳеч бир иш меҳнат-машаққатсиз бўлмайди. Сўзнинг қуввати ўткир, бугун у орқали улуғ ишлар қилиш имкони бор экан, ҳар бир аҳли илм бу фурсатдан унумли фойдаланиб қолиши ва бунинг учун ўз устида жиддий ишлаши лозим.

Тил қанча равон бўлса, фикр ва маъно шунча тушунарли, таъсирли бўлади. Сўзловчи қанча халқчил сўзласа, унинг гаплари жамиятнинг шунча кўп қатламига кириб боради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, тил меъёрларига риоя қилиш шаръий талаб, динга эътибор бериш сарасига киради. Дин-диёнат учун ғам ейдиган, илм зиёсини таратиш ташвишини қилган одам сўзлаганда тилга эътибор бериши, унинг меъёрларига риоя қилиши лозим. Шариатни ҳурмат қилган нотиқ диндан гапирганда ўз сўзлари орқали шариатнинг олийлигини гавдалантира олиши даркор. Бу эса тил қоидаларига амал қилишни тақозо этади.

Айримлар тўй-маросим кундалик иш бўлгани учун воизлик уларга оддий туюлиб, енгил қараб қолишлари мумкин. Аслида эса ҳар бир йиғин зиё таратиш, динни соф етказиш учун катта бир имконият, Аллоҳдан ажру савоб олиш, охират мақомини касб этиш учун энг қулай фурсатдир. Бундан унумли фойдаланиш лозим. Бунинг учун ҳар бир йиғинга алоҳида эътиборли бўлиш, тайёргарлик кўриш лозим.

Икки-уч юз, баъзан беш юз одамни оғзига қаратиб гап бошлаган одам шунча тингловчининг вақтини, эътиборини ҳурмат қилиши керак! Воиз одам уларга қўлидан келганича илм-маърифат улашишга интилиши лозим. Бошқа халқларда бир-икки юзта одамни тўплаб, уларга ўз фикрини етказиш анча катта ҳодиса ҳисобланади. Бунинг учун одамлар қанчадан-қанча меҳнат қилиб, жон куйдиради. Бизда эса тайёр 400‒500та одам жамланиб, имом-хатибдан бир нима эшитиш учун жон қулоғини бериб ўтирибди. Буни ғанимат билиш, хизмат қилиб қолиш даркор.

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳмутллоҳи алайҳ сўнги йиллари деярли ҳар куни икки-уч жойга амри маъруфга борардилар. Аммо ҳар бир суҳбатларида янги бир фикрни, долзарб бир муаммони ўртага ташлардилар. Бир мавзуни бир неча бор гапирсалар ҳам ҳар гал масалага ўзгача ёндашишга ҳаракат қилардилар. У кишининг яна бир хислатларини кўп кузатганман: маросимга кетишда машинага ўтириб, аввал улов минганда ўқиладиган дуоларни қилардилар-да, кейин йиғин нима муносабат билан эканини сўраб олардилар. Баъзан мезбонни ҳам аниқлаб олардилар. Кейин то манзилга етиб, суҳбат қилгунча гаплашмасдилар. Маърузадан кейин эса бемалол суҳбатлашардилар, келгунча йўлда гаплашиб келардик. Мен дастлаб буни тушунмай, «Нега гапирмаяптилар экан, бирор ташвиш бўлдимикин ёки биздан камчилик ўтдимикин», деб ўйлаб юрдим. Кейин билсам, у киши йўлда маъруза қилишга ўзларини тайёрлаб, фикрни тартиблаб борарканлар. Маъруза қилиш ҳар кунги ишлари бўлса ҳам, мавзу танлаш у кишидек илмий захирага эга инсон учун муаммо бўлмаса ҳам, воизлик масъулиятини чуқур ҳис этганларидан, ундан унумли фойдаланишни ҳеч қачон унутмаганларидан ана шундай қилар эканлар. Бу ҳам бизга ибратдир, албатта.

Бугунги кунда имом-хатибларнинг жуда иши кўп, юмушлари бисёр. Шу боис, ҳар куни бир неча маросимга обдон тайёргарлик кўриш осон эмас. Бироқ, воизлик масъулияти ҳар қандай ҳолатда ҳам керакли тадорикни кўришни тақозо этади. Машҳур воизларнинг китобларини ўқиб-ўрганиб, анча маълумот тўпласа бўлади. Агар арабча мутолааси етарли бўлмаса, ўзбекча манбалар ҳам сон-саноқсиз. Ўшалардан фойдаланиб ҳам элга маърифат улашса бўлади. Фақат қунт бўлиши ва масъулиятни ҳис этиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, воиз қуйидагиларга эътибор бериши даркор:

‒ ният холис бўлиши, мақсад илм таратиш, Аллоҳнинг розилигига эришиш бўлиши;

‒ суҳбатни холис қилиш, бировни қасд қилмаслик;

‒ тингловчиларга юқоридан туриб сўзламаслик, уларга дўқ-пўписа қилмасик, бирор камчиликни ислоҳ қилиш учун сўзлаганда ҳам шафқат туйғуси билан сўз юритиш;

‒ одамлардан ўзини айри фаҳмламаслик, ўзини улар билан бир қаторда ҳис этиш. Зеро, воиз халққа қанчалар ўзини яқин олса, унинг сўзи тингловчиларга шунча яхши сингади;

‒ имкон қадар таҳоратли ва зикрда бўлиш;

‒ қайси тилда сўзласа, ўша тил меъёрлари ва қоидаларига риоя этиш. Тил бир восита, у орқали фикр изҳор этилади. Восита қанча қулай бўлса, маълумот шунча осон етади ва яхши ўрнашади.

‒ ҳар бир маърузани алоҳида бир имконият, ғанимат фурсат деб билиш ва унга муносиб тайёргарлик кўриш.

‒ Аллоҳ таолодан мадад сўраб, тазарруъда бўлиш, У Зотнинг эшитиб, кўриб турганини ҳис этишга ҳаракат қилиш.

Парвардигори олам ҳаммаларимизга тавфиқу ҳидоятини ёр айласин. Воизларимизнинг сони ва сифатини зиёда қилсин! Омин!


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 22.10.17

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Воиз учун Қуръони Карим ва Суннати набавияни билиш шарт. Шунингдек, Набий алайҳиссалом ва хулафои рошидийн розияллоҳу анҳумларнинг ҳамда ушбу умматнинг салафи давоми...

4350 16:56 / 14.02.2018
1.Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз.2.Ёлғон тўқувчининг жойи дўзах.3.Омонатдорлик амалларнинг сараси.Нотиқликда омонатдорлик катта аҳамият касб этади. Ҳар бир давоми...

4046 11:52 / 18.04.2017
1.Ақлсизлар.2.Илм ва ақл тақозоси.3.Ҳиссиёт.quotЎзида йўқ одам бировга беролмайдиquot деган инкор қилинмайдиган қоида бор. Нотиқдаги иймон ҳарорати заифлашгани сари давоми...

4273 11:51 / 18.04.2017
1.Матонат.2.Қатъият.Бирорта фанни ёки жаҳон тилларидан бирини ўрганиш учун ҳаракат қилаётган одам муваффақиятга эришиши учун кўп вақт даркор эканлигини билиши давоми...

3164 11:43 / 18.04.2017