1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Яхшилик нима?

16:27 / 19.10.2017 7349 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир.

Одатда одамлар яхшилик матлуб экани ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима экани ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун турувчи жиҳат белгилаши керак.

Ислом динида яхшилик – Аллоҳ яхши, деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир», – демоқда.

Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон.

«...Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтиган...»

Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун нозил қилинган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан, ҳаммасига иймон келтириш.

Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди, бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.

2. Мол-дунёсидан нафақа қилиш.

«...молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган...»

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

3. Намоз ўқиш.

«...намозни тўкис адо этган...»

Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи – буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.

Закот бериш.

«...закотни берган...»

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

5. Аҳдига вафо қилиш.

«...аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар...»

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

6. Сабр қилиш.

«...йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлар...»

Инсон фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.

Сабрлилик ҳам иймонли мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар эканлар.

Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганлар:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», – деб таърифланмоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан «Иймон нима?» – деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди. Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», – деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, Исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб: «Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», – деганлар.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», – деганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол  китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ давоми...

5836 11:59 / 25.12.2023
.Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик,, деган Аллоҳ субҳанаҳу ва давоми...

4595 23:05 / 26.04.2017
Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича давоми...

5350 05:58 / 29.09.2018
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Одамлар олтин ва кумуш маъданлари каби маъдандирлар. давоми...

889 11:00 / 18.05.2023