1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ота–она ва асабанинг мероси (давоми)

16:01 / 23.04.2019 2964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асабалар уч хил бўлади:

1. Ўзи асаба.

Маййитга аёл орқали насаби қўшилмаган шахс.

2. Бошқанинг сабабидан асаба.

3. Бошқа билан бирга асаба.

Ўзи асаба бўлганлар тўрт жиҳатдан бўлади:

1. Ўғиллик жиҳатидан.

Бунга маййитнинг ўғиллари ва ўғилларининг ўғиллари кирадилар.

2. Оталик жиҳатидан.

Бунга маййитнинг отаси ва отасининг отаси кирадилар.

3. Ака-укалик жиҳатидан.

Бунга туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар, туғишган ака-укаларнинг ўғиллари, ота бир ака-укаларнинг ўғиллари кирадилар.

Она бир ака-укалар ва уларнинг ўғиллари кирмайди. Чунки улар маййитга она томондан улашгандирлар.

4. Амакилик жиҳатидан.

Бунга ўз амакиси, ота бир амакиси, ўз амакисининг ўғли ва ота бир амакисининг ўғиллари кирадилар.

Ўзи асаба бўлганлар юқорида зикр қилинган тартибда меросга даъвогар бўладилар. Улардан бирортаси бўлса, фарз эгалари бўлмаса, мероснинг ҳаммасини оладилар. Агар меросга қолган мол фарз эгаларидан ортмаса, асаба ҳеч нарса олмайди.

Мисол учун: Бир аёл вафот этди. Орқасидан эри, туғишган синглиси ва ота бир акаси қолди. Унинг қолдирган меросининг ярмини эри, ярмини туғишган синглиси олади. Ота бир акага ҳеч нарса тегмайди. Чунки фарз эгаларидан ҳеч нарса ортиб қолмади.

Агар маййитнинг ортидан бир нечта ўзи асаба бўлган қариндошлар қолса, уларни бир-биридан устунлигини ажратишнинг ўзига хос услуби бор.

Биринчи – маййитга асабалик жиҳатидан устунлигини аниқлаш.

Бунда олдин ўғиллик, кейин оталик, ундан сўнг ака-укалик ва ниҳоят, амакилик жиҳатлари туради.

Мисол учун, маййитнинг ортидан ўғли, отаси, туғишган укаси ва амакиси қолди. Бу ҳолатда асаба ўғил бўлади. Ота фарз эгаси сифатида олтидан бир ҳиссани олади. Ўғил асаба сифатида қолганини олади. Туғишган ука ва амакига ҳеч нарса тегмайди.

Иккинчи – асабаликни даражага қараб аниқлаш.

Агар маййитнинг асабалари кўп бўлиб, бир жиҳатдан асаба бўлганлар ҳам бир нечта бўлиб қолса, уларнинг устунлиги даражаларига қараб аниқланади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан ўғли ва ўғлининг ўғли қолса, ўғил яқин бўлганлиги учун асаба ҳисобланади.

Учинчи – қариндошлик қуввати билан устун қўйиш.

Маййитнинг қариндошлари ҳар томонлама тенг бўлиб қолса, яқинлиги қувватлироқ бўлгани асаба ҳисобланади.

Мисол учун, бир киши вафот этди. Ортидан туғишган – ота бир, она бир укаси ва ота бир, она бошқа укаси қолди. Булар иккови ҳам асаба, асабалик жиҳати ҳам бир – иккиси ҳам ука. Аммо мероснинг ҳаммасини туғишган ука олади. Чунки ота бир, она бошқа укадан кўра бунинг яқинлиги кучли. Бундай солиштириш фақат ака-укалик ва амакилик жиҳатларида бўлади, холос.

Оталик ва ўғилликда бу маъно бўлмайди.

Бошқанинг сабабидан асаба бўлиш

Бундай асаба тўрт хил бўлиб, ҳаммалари аёллардир:

1. Сулбдан (ўз пуштикамаридан) бўлган қиз ўз акаси сабабидан асаба бўлади.

2. Ўғилнинг қизи ўз акаси ёки амакисининг ўғли сабабидан асаба бўлади.

3. Туғишган сингил ўз туғишган акаси сабабидан асаба бўлади.

4. Ота бир сингил ота бир ака-укаси сабабидан асаба бўлади.

Ушбу тўрт тоифа аёл меросхўрлар ўз ака ёки укаларига қўшилиб, асаба бўладилар ва улар билан биргаликда меросни «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидасига биноан бўлишиб оладилар.

Бу асабадаги аёлларнинг бошқанинг сабабидан асаба дейилиши улар маййитга яқинликлари сабабидан эмас, балки бошқа, ўзи асаба бўлган шахснинг сабабидан асаба бўлганликларидандир.

Бошқа билан бирга асаба бўлиш

Бундай асаба бўлиш фақат туғишган ва ота бир опа-сингилларга хосдир. Мерос қолдирувчининг туғишган ва ота бир опа-сингиллари фақатгина унинг қизлари билан бирга асаба бўладилар, холос.

Бунга Абу Мусо ал-Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум орасида бўлиб ўтган маййитнинг орқасидан бир қиз, бир сингил ва бир қиз набира (ўғилнинг қизи) қолгандаги мерос бўлиш ҳодисаси мисол бўла олади. Ўшанда «Қизга – ярим, ўғилнинг қизига – учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани – сингилга», дейилган эди. Мана шу асаба ҳисобланади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Жаноза ўқувчига худди намоз ўқувчига қўйилган шартлар ислом, ақл, сатри аврат, таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконда нажосат бўлмаслиги, қиблага юзланиш ва ният давоми...

1640 19:00 / 29 февраль
Ушбу дарсда ҳамма билиши лозим бўлган ниятга боғлиқ аҳкомлар зикр қилинади. Келинг, уларнинг шарҳини ўрганиб чиқамиз. Такбири таҳримага улаб иқтидо қиладиган давоми...

2960 17:30 / 28.10.2021
Муҳтарам доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг қаламига мансуб ушбу .Мазҳабсизлик ndash Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир, давоми...

5742 05:00 / 07.03.2017
Ҳар бир ошланмаган тери ошланса, пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мустасно.Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг давоми...

3779 13:22 / 15.10.2020