1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қабрлар эҳтироми | Фиқҳ дарслари (274-дарс)

19:00 / 22.03.2024 1663 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча фуқаҳолар қабрларни эҳтиром қилиш суннат эканига иттифоқ қилганлар. Қабрларнинг эҳтироми қуйидагилардан иборат:

1. Қабрнинг устига ўтириб, устидан юриб ёки қазои ҳожат қилиб бўлмайди. Ҳанафийлар: «Зарурат юзасидан, қироат қилиш учун ўтирса бўлади», деганлар.

2. Модомики, қабрнинг ичида маййитнинг суяги борлиги гумон қилинса, уни очиб бўлмайди. Қабр қазилаётганда эски суяклар чиқиб қолса, уларни авайлаб кўмиб қўйилади. Зинҳор суяклар синдирилмайди.

Фақат зарурат юзасидан қуйидаги ҳолатлардагина қабрни очишга рухсат берилади:

– Маййит ювилмасдан ёки кафансиз кўмилган бўлса, ғишт терилгандан кейин, тупроқ тортилмасдан олдин очиш мумкин. Қабр устидан тупроқ тортилганидан кейин очиш ҳаромдир.

– Кафан ёки ер зўрлик билан тортиб олинган бўлса-ю, эгалари ҳақини олмай, «Ўзини берасан», деб туриб олсалар.

– Бошқа маййитни кўмиш ёки жомеъ масжидни кенгайтириш учун зарур бўлиб қолса, эски қабрни очиш мумкин.

Қабрдаги жасад чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, унинг ўрнига бино қурса ёки экин экса бўлади.

– Маййит билан бирга мол, тақинчоқ дафн қилинган бўлса ёки бировнинг моли тушиб кетган бўлса ва у талаб қилса, қабрни очса бўлади.

– Бировнинг гавҳарини ютиб юборган одам ўлса ва гавҳарнинг эгаси талаб қилиб туриб олса, ўликнинг қорнидан унинг гавҳари олиб берилади.

– Ҳомиладор аёл ўлса-ю, ичида боласи қимирлаб турса, унинг қорнини ёриб, боласи олинади.

3. Дафндан кейин маййитни кўчириш мутлақо мумкин эмас.

4. Қабрнинг устига сув сепиш мандубдир. Ҳўл шохларни ва райҳон каби нарсаларни қабр устига қўйиш суннатдир. Қабр устида ўсиб турган майса ва ўсимликларни қуримасдан олдин олиш макруҳдир, чунки ҳўл набототнинг тасбеҳидан маййитга фойда етиб туради.

5. Зарурат юзасидан бир қабрга бирдан ортиқ маййитни қўйиш мумкин. Уларнинг афзали қиблага яқин қилиб қўйилади. Икки маййитнинг орасига тупроқдан тўсиқ қилинади.

Маййит чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, унинг қабрига бошқа маййитни қўйиш жоиз. Қабрдаги маййитнинг чиригани ернинг хусусиятига боғлиқ бўлади. Буни биладиган кишилардан сўралади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фарз намозлардан бомдоднинг икки ракатида ҳам, шом ва хуфтоннинг биринчи икки ракатида, жума ва икки ийд намозларида қироатни овоз чиқариб қилиш вожибдир. Пешин давоми...

4378 17:00 / 13.01.2022
.Фуруъ, сўзи усулнинг муқобилига ишлатилиб, .шохобча, деган маънони англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса давоми...

7794 10:00 / 03.01.2019
Мусулмонлик ва инсонийлик юзасидан ўлган одамни ерга кўмиш ndash қабрга дафн қилиш амалиёти фарзи кифоя ҳисобланади. Маййитни тезроқ кўмиш борасида Расулуллоҳ давоми...

4682 05:00 / 19.01.2017
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон кофирдан мерос олмайди. Кофир мусулмондан мерос олмайди,, дедилар,. давоми...

3944 15:48 / 26.01.2019