1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг зарарлари (6-қисм)

21:16 / 18.04.2018 3405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Еттинчи зарар: қиёматда ҳасрат ва надоматга қолиш.

Саъдий раҳимаҳулоҳ айтади:

 

Сар аз жайби ғафлат баровар кунун,

Ки, фардо намонад ба ҳасрат нигун.

Назмий маъноси:

Сен қутқар бошингни бу кун ғафлатдан,

То бош эгилмасин у Кун ҳасратдан.

 

Насрий баёни: Бугун ғафлат ёқасидан бошингни чиқар. Шунда у эртага ҳасрат билан ерга эгилмайди.

Киши дунёда бировни сўкиб қўйсаю, сўкиш эшитган одам қозининг ҳузурига бориб шикоят қилса, сўккан одам қанчалик ҳасрат-надоматга қолади. Сўкканини бўйнига олса, жазоланади. Тан олмаса, даъвогар гувоҳ келтиради. Натижада барибир унинг айби исботланади. Худди шунингдек, қиёмат куни ғийбат қилинган киши ҳам ғийбатчининг устидан даъво қилади. Ғайбларни билувчи Аллоҳ Ўзи қози бўлиб, уни сўроқ-саволга тутади. Агар у айбини тан олса, бутун халойиқ ичида расво бўлади. Агар инкор қилса, Аллоҳ таоло унинг аъзоларига гапиришни буюради. Хуллас, барча аъзоси уни бутун халойиқ олдида шарманда қилади. У кунда фақат Аллоҳ таолонинг фазлига эришган аброрларгина (яхши бандалар, жумладан, ғийбат қилмаганларгина) нажот топади. Фақат ўшаларгина надоматдан омонда бўлади. Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтганидек:

 

Қиёматки, некон бар аъло расанд,

Зи қаъри саро бар сурайё расанд.

 

Туро худ бимонад сар аз нанг пеш,

Ки гирдат бар ояд амалҳойи хеш.

 

Бародар зи кори бадон шарм дор,

Ки дар рўйи некон шавий шармисор.

Назмий маъноси:

Ул Кунда яхшилар аълога етар,

Худди ер остидан самога етар.

Сенинг-чи бошларинг эгилиб қолар,

Қилмишларинг сени шу кўйга солар.

 

Бу кун ёмонликдан уял, эй банда,

Эрта яхшиларга бўлма шарманда!

 

Насрий баёни: Қиёмат куни яхши одамлар олий мақомларга етадилар. Пастликдан Сурайёга (баландликка) кўтариладилар. Сенинг эса (эй ёмон одам) шармандаликдан бошинг эгилиб қолади, чунки у пайтда атрофингни ёмон амалларинг ўраб олган бўлади. Эй биродар, ёмонларнинг амалидан уял, акс ҳолда яхшиларнинг олдида шарманда бўласан.

Жалолуддин Румий раҳимаҳуллоҳ ҳам айтади:

 

Рўзи маҳшар ҳар ниҳон пайдо шавад,

Ҳам зи худ ҳар мужрими расво шавад.

 

Дасту по бидеҳад гувоҳий бо баён,

Бар фасоди у ба пеши Мустаон.

 

Даст гўяд ман чунин дўздидаам,

Лаб бигўяд ман чунин бўсидаам.

 

Пой гўяд ман шудастам то муно,

Фарж гўяд ман бикардастам зино.

 

Чашм гўяд ғамза кардастан ҳаром,

Гўш гўяд чидаам суил калом.

 

Назмий маъноси:

 

Ҳар ниҳон маҳшар куни пайдо бўлур,

Ҳар гуноҳкор феълидан расво бўлур.

 

Ҳар фасод ишларни Робб олдида, оҳ,

Қўл-оёқ айлаб баён, бўлгай гувоҳ.

 

Қўл дегай: ўғирладим мен бу йўсин,

Лаб дегай: мен бу йўсин ўпдим юзин.

 

Дер оёқ: бордим ёмон ишга ман-о,

Фарж дегайдир: мен қилибдирман зино!

 

Кўз дегайдир: мен имо қилдим ҳаром,

Дер қулоқ: тердим ёмон гаплар мудом.

 

Насрий баёни: Маҳшар кунида ҳар бир яширин нарса ошкор бўлади. Ҳар бир гуноҳкор ўзидан ўзи расво бўлади. Қўл-оёқлар Мустаон (Аллоҳ таоло) ҳузурида одамнинг фасодига (зарарига) очиқ-ойдин гувоҳлик беради. Қўл айтади: «Мен бундай қилиб ўғрилик қилганман». Лаб айтади: «Мен бундай қилиб бўса олганман». Оёқ айтади: «Мен (ёмон) орзугача борардим». Фарж айтади: «Мен зино қилардим». Кўз айтади: «Мен ҳаром ишора қилардим». Қулоқ айтади: «Мен ёмон гапларни терардим».

Шунинг учун зоҳидлар қиёматда надоматга қолишдан ҳаддан ташқари қўрқадилар, Қаҳҳорнинг ҳисоб-китоб қилишини ўйласалар, хавфга тушадилар.

Ҳикоя. Абу Сулаймон Дороний[1] раҳимаҳуллоҳ дунёдан ўтаётган вақтида асҳоблари у кишига: «Хурсанд бўлинг, чунки сиз ғофуру раҳийм Парвардигорнинг ҳузурига кетмоқдасиз», дедилар. Абу Сулаймон Дороний эса: «Қўрқинг! Кичик гуноҳга ҳисоб қиладиган, катта гуноҳга азоб берадиган Парвардигор ҳузурига кетмоқдасиз» деб айтмайсизларми?» дедилар.[2] У киши бу гапи билан банда Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлганидек, ғазабидан ҳам қўрқиши керак, демоқчи бўлганлар.

Насиҳат. Ҳозирда гуноҳ қилаётган кишига насиҳат қилсангиз, «Аллоҳ таоло ғаффор, мени кечиради», дейди. Гуноҳга арзимас нарсага қараганчалик ҳам қарамайди. Қўрқмасдан, беҳаёларча, балки шоду хурсанд бўлиб гуноҳ қилишда давом этаверади. Ваҳоланки, гуноҳдан шодланиш ҳамда уни кичик санаш ниҳоятда улкан гуноҳдир. Инсонлар Аллоҳ таоло сўроқ-саволга тутса, арзимас нарса учун ҳам жавоб бера олмай қолишларини, Аллоҳ таолонинг ғазаб дарёси жўш урса, ҳеч бир инсонда ҳуш қолмаслигини ўйламаяптилар.

«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Ҳижрий 140 йилда Дорайё қишлоғида туғилиб, 215 йилда вафот этган. Зоҳид ҳамда буюк сўфийлардан. Буюк мужтаҳид бўлмиш Суфён Саврийдан таъсирланган.

[2] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Соғлом фикрли ҳар қандай одам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг халқимиз маърифатини ошириш учун қилган беқиёс хизматларини сезмаслиги, эътироф давоми...

3936 15:12 / 14.02.2018
Икки неъмат бор. Ҳар бир мавжуд иккисидан чиқмас ва ҳар бир бор қилинганга иккиси лозимдир йўқдан бор қилиш неъмати ва мадад бериш неъмати. У Зот сенга аввал йўқдан давоми...

5551 13:30 / 26.06.2018
Агар бор қилинганларда Унинг зоҳир бўлиши бўлмаса, уларни кўриб бўлмас эди. Агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўларди.Кўзимизга кўриниб турган давоми...

4209 20:26 / 09.09.2017
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

3440 16:31 / 14.01.2018