Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (9-дарс). Басра мадрасаси

15:01 / 28.11.2018 5506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.

Куфа ва Басра шаҳарлари битгандан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда «Ироқ» номи ила аталган Ислом давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди.

Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни волий этиб тайин қилди. Иккинчисига Басрани марказ ва Утбани волий қилиб тайин қилди. Шу билан бирга, илм ўргатиш учун у ерларга устозлар ҳам юборди.

Ибн Саъд Абул Асвад Дуалийдан ривоят қилади:

«Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажийд розияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли Басрага фиқҳ ўргатиш учун юборган экан».

1. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу.

Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан бири улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишининг илмдаги фазли ҳақида ҳадис ривоят қилинган.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Абу Мусо, Оли Довуднинг мизмор (най)ларидан бири сенга берилганда!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Агар сизнинг тинглаётганингизни билганимда, бундан ҳам бошқача қилиб ўқиб берардим», деганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини Басрага волий қилиб юборганларида одамларни тўплаб, уларга қуйидагиларни айтдилар:

«Мўминларнинг амири Умар мени сизларга Роббингизнинг Китобини ва Набийингизнинг суннатини ўргатишим учун ва йўлларингизни тозалаб беришим учун юборди».

Ибн Асокир Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва:

«Эй Абу Мусо! Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларинг холис қолиши хурсанд қиладими? Бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса. Сенинг фойдангга ҳам эмас, зарарингга ҳам эмас» деди.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу:

«Йўқ! Эй мўминларнинг амири! Аллоҳга қасамки, мен Басрага келганимда, ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва суннатни ўргатдим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У Зотнинг фазлини умид қиламан», деди».

2. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу.

Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан яна бири улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эдилар.

Анас ибн Молик ибн Назр ал-Ансорий ал-Хазражий ан-Нажжорийнинг кунялари – Абу Ҳамза, оналари – машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.

Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Анас жуда ҳушёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.

У зотга сафарда ҳам, ҳозирда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни «Нима учун буни қилдинг?» демадилар. Қилмаган нарсамни «Нима учун буни қилмадинг?» демадилар».

Собит Буноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик менга: «Эй Собит, мендан олиб қол. Сен мендан кўра ишончлироқ бирор кишини топа олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганман, у зот Жибриилдан олганлар. Жибриил эса Аллоҳ таолодан олган», деди».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илмларни содиқлик билан бошқаларга етказишлари яққол кўриниб турибди.

Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умардан кейинги ўринни эгалладилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, хизматлари, садоқатлари ва ўзларидаги илмга бўлган ташналик ва ихлослари ҳамда бошқа омиллар у кишини илм денгизига айлантирган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қаерда бўлсалар, ўша ерда илм суҳбати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва бошқа нарсалардан саволлар бўлиб турар эди.

Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йилида вафот этдилар. У кишини Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.

Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан шахслардан энг машҳурлари Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийрин эди. Уларнинг иккиси ҳам мавлолардан эди. Ҳасан Басрий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг, Муҳаммад ибн Сийрин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мавлоси эди.

3. Имом Ҳасан Басрий.

Имом Ҳасан Басрийнинг шуҳрати аҳли илм орасида кенг тарқалган. Турли илмларда у кишига тенг келадигани топилмаган. Имом Ҳасан Басрийда илмдан ташқари ҳилм, фасоҳат, балоғат ва тақво ҳам етарли эди. Аҳли тасаввуфнинг кўпчилиги у кишини ўз силсиласининг бошига қўядилар.

Имом Ҳасан Басрийнинг Басранинг катта масжидида таълим беришининг донғи етти иқлимга тарқалган эди. У киши фиқҳда ўз даврларининг энг катта олимларидан бири бўлган. Имом Ҳасан Басрий ҳижрий 110-санада вафот этганида, аҳли Басранинг ҳаммаси жанозага эргашиб, масжидда намоз ўқийдиган одам қолмаган.

4. Муҳаммад ибн Сийрин.

Муҳаммад ибн Сийрин фиқҳни Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Қози Шурайҳ ва бошқалардан ўрганган. У киши кўп илмларда, хусусан, ҳадис ва фиқҳда жуда ҳам моҳир бўлганлар. Муҳаммад ибн Сийрин туш таъбирини билишда ҳам шуҳрат қозонганлар. У киши ҳам ҳижрий 110-санада вафот топганлар.

Тадқиқотчи уламолар Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан машҳур фақиҳлардан Абул Олия Рофийъ ибн Меҳрон Риёҳий, Ҳасан ибн Абулҳасан Ясор, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд, Қатода ибн Диъома Давсийларни алоҳида тилга оладилар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кофирлик ҳақида фатво бериш Динда ғулувга кетиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни .кофир, деб фатво давоми...

3280 05:00 / 06.03.2017
.Истинжо, луғатда .ахлатни кетказиш, деганидир. Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга давоми...

3229 16:27 / 08.04.2021
Қачон имом манбарга ўтирса, унинг олдида иккинчи азон айтилади. Одамлар унга юзланиб, қулоқ осадилар. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича . . Абдуллоҳ давоми...

1541 19:00 / 09.11.2023
Ҳадиси шарифда Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳоратдирrdquo, дейилган. Таҳорат деганда эса шариат тайин қилган аъзоларни сув билан поклаш тушунилади. давоми...

33231 05:00 / 19.01.2017