1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

УСУЛУЛ ФИҚҲ КИТОБЛАРИ

05:00 / 17.01.2017 8641 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ илмининг асоси «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Зероки у фиқҳ масъалаларнинг манбаъидир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Усулул фиқҳ» илми уламоларининг диққат эътиборини доимо ўзига жалб қилиб келди. Улар бу соҳада ҳанузгача ўз қийматини йўқотмаган кўплаб асарлар таълиф этдилар. Аввало «Усулул фиқҳ» қандай маъно англатади? «Усулул фиқҳ» икки сўздан иборатдир. Усул– асос, далил; Фиқҳ–аниқ тушуниш маъноларида. Уламолар истилоҳида эса «Усулул фиқҳ» қуйидагича изоҳланади: Батафсил ҳужжатлардан шариат аҳкомларини истинбот этиш қоидаларини ўргатувчи илм «Усулул фиқҳ» дир.

Ҳужжатлардан шариат аҳкомларини истинбот этиш уламолар ишлаб чиқган қатъий қоидалар асосида амалга оширилади. Буни билишни хоҳлаганлар «Усулул фиқҳ» илмига мурожаат этишлари лозим.
«Усулул фиқҳ» илми иккинчи ҳижрий асрда шаклланди. Зеро пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида у зотнинг ўзлари Қуръони карим оятлари ва илоҳий илҳом ила барча муаммоларни ҳал этардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг эса асҳоби киромларлар Қуръони карим ва набавий суннат ҳамда ҳаётий тажрибаларга эътимод қилиб ҳукм чиқарар эдилар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларининг шарофати ва қобилиятларини ўткирлиги ҳамда Қуръони карим, ҳадису шарифни жуда яхши тушунишлари туфайли белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар.
Ислом дини бир қанча давлат ва халқлар орасида тарқалиб араб халқи бошқа миллатлар билан қўшилиб кетган ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада «Усулул фиқҳ» илмига асос солинди.
Ибн Надим «Фиҳрист» номли китобларида зикр қилганларидек «Усулул фиқҳ» га доир бўлган барча қоидаларни биринчи бўлиб Имом Абу Ҳанийфанинг (р.а.) шогирдлари имом Абу Юсуф алоҳида рисолада жамлаганлар. Лекин бу рисола афсуски бизларгача етиб келмаган.
«Усулул фиқҳ» га бағишланган биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрис аш- Шофеъий (р.а.) таълиф этганлар. Имом аш-Шофеъийнинг «ар-Рисола» деб аталган мазкур китоблари бизгача етиб келган. Шунинг учун имом аш-Шофеъий уламолар ўртасида «Усулул фиқҳ» илмининг асосчиси сифатида машҳурдирлар.
Сўнг «Усулул фиқҳ» икки йўналишда кўплаб асарлар яратилди.
Биринчи: Мутакаллимлар йўналишида. Шофеъий, Моликий, Муътазилий ва бошқа мазҳаб уламолари бу йўналишда таълиф этдилар. Бу йўналишда «Усулул фиқҳ» қоидалари назарий-мантиқий равишда ишлаб чиқилган. Қуйидаги асарлар мутакаллимлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир. Абдулжаббор ал-Мўтазилийнинг «Китобул умда» асари, Абулҳасан Муҳаммад Али ал-Басрийнинг «Китобул муътад», имом ал-Ҳарамайннинг тахлиси билан машҳур Абдул Маъолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ ал-Жувайиний ан-Нишопурийнинг «ал-Бурҳон», қози Абдуллоҳ ибн Умар ал-Байзовийнинг «Минҳожул вусул ила илмил усул» асарлари мутакаллимлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир.
Иккинчи: Ҳанафий мазҳаби уламоларининг йўналишидир. Бу йўналишда «Усулул фиқҳ» қоидалари ҳанафий мазҳабидаги мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари асосида ишлаб чиқилган. Бунинг сабаби шуки, бу мазҳабдаги мужтаҳидлар, имом Шофеъийга сингари «Усулул фиқҳ» га доир ҳужжатлар қолдирмаганлар. Улардан фақат фиқҳий масъалалар мерос қолган.
Абу Бакр Аҳмад ибн Али ал-Жассоснинг «Китобул усул», Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ад-Дабусийнинг «Тақвиймул адилла», фахрул ислом Али ибн Муҳаммад ал-Баздавийнинг «Китобул усул», Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳофизиддин Насафийнинг «ал-Манор», асарлари мазкур иккинчи йўналишга оиддир.
Баъзи уламолар «Усулул фиқҳ» нинг икки йўналишини ҳам ўзида бирлаштирган асарлар яратди. Музаффариддин Аҳмад ибн Али ибн ас-Соъонийнинг «Бадийъун низо ал-Жомеъ байна китобул баздавий валаҳком», Садруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорийнинг «ат-Танқийҳ», Тожиддин Абдулваҳҳоб ас-Субкийнинг «Жамъу жавомиъ» асарлари усулул фиқҳнинг икки йўналишини ўзида жамлаган асарлар ҳисобланади.
Усулул фиқҳ илмини ривожланишида Ўрта осиёлик уламоларнинг ҳам ҳиссалари катта. Ўрта осиёлик уламолар хусусан иккинчи йўналишда қалам тебратганлар. Уларнинг баъзилари мутакаллимлар йўналишида ва ўзида икки йўналишни ҳам бирлаштирган асарлар ҳам таълиф этганлар. Қуйида улардан энг машҳурларининг номларини зикр этамиз.
Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур ал-Мотурудий (333-ҳижрий санада вафот этганлар). Имом Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида дунёга келдилар. Фиқҳ илмини Абу Бакр Аҳмад ал-Журжонийдан ўргандилар. Ўз навбатида имом Мотурудий Исхоқ ибн Муҳаммад Самарқандий, Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ал-Баздавий ва бошқа уламоларга мураббийлик қилдилар. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий илми калом йўналишидаги олим сифатида шуҳрат қозонганлар.
Шу билан бирга имом Мотуридий «Усулул фиқҳ» соҳасида биринчи қалам тебратган уламолардан ҳисобланади. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий «Китобут тавҳид», «Китобул мақолот», «Таъвийлоти аҳлис сунна», «Китобу авҳомул муътазила» каби асарлар ёзиб ўзларидан сўнг бой илмий мерос қолдирдилар.
Имом Мотуридий «Усулул фиқҳ» соҳасида икки китоб «Китобул жадал», «Китобу маъохизуш шарийъа» асарларини таълиф этганлар.
Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо ал-Қозий ад-Дабусий.
Бу аллома Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари орасида жойлашган Дабус қишлоғида таваллуд топдилар. Имом Дабусий «Илмул хилоф» илмининг асосчисидирлар. Имом Абу Зайд ад-Дабусий ислом шариатига тааллуқли кўпгина асарлар ёздилар. Улар орасида «Китобул асрор», «Китобул амадул ақсо», «ан-Нузум фил фатво» китоблар машҳурдир.
Имом Дабусийнинг «Тақвиймул адилла» китоблари усулул фиқҳга доир бўлиб Ҳанафий уламоларининг йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир. Уламолар бу асарларни зўр қизиқиш билан ўрганиб, кундалик фаолиятларида ундан истифода этганлар ва унга шарҳлар ёзганлар.
Имом Дабусийнинг ватандоши имом фахрул ислом Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий мазкур асарга шарҳ ёзган уламолардан биридирлар.
Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим фахрул ислом ал-Баздавий.
Самарқандда таълим олдилар ва шуҳрт қозондилар. Имом Баздавий Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сардори ҳисобланадилар. Икки жилдли «ал-Мабсут», «ал-Жомеъ ал-Кабир» ва «ал-Жомеъ ас-Сағийр»нинг шарҳлари имом ал-Баздавийнинг муаллифотларидандир. Шунингдек имом ал-Баздавий тафсир ҳам ёзганлар.
Фахрул ислом имом ал-Баздавий 482-ҳижрий санасининг Ражаб ойида Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрида фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар. Имом ал-Баздавий Самарқандда дафн қилинганлар.
Имом ал-Баздавий ўзларининг «Усулул фиқҳ» соҳасидаги китобларини «Усулул Баздавий» деб атаганлар. «Кашфуз зунун» китоби муаллифининг ёзишича «Усулул Баздавий» ўзида нодир масъалаларни тўплаган аҳамиятли китоблардан биридир. Уламо ва толиби илмлар бу китобни эъзозлаб ўрганганлар. «Усулул Баздавий»га кўплаб шарҳлар битилган. Мулло котиб Чалапий ўзларининг китобларида «Усулул Баздавий»нинг ўндан ортиқ шарҳини зикр қилдилар. Имом Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад ал-Бухорийнинг «Кашфул асрор» китоблари «Усулул Баздавий» нинг шарҳлари орасида энг мўътабаридир.
Имом Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин ан-Насафий.
У киши Насаф (Қарши) шаҳрида туғилдилар. Имом Абдуллоҳ ан-Насафий Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор ал-Курдий Ҳамудиддин аз-Зарир Бадриддин Хавоҳарзода каби алломалардан фиқҳ илмини таълим олдилар. Имом Насафийга «Усулул фиқҳ» борасидаги китоблари катта шуҳрат келтирди. Улар орасида «ал-Манор» ёки «Манорул анвор» деб аталган китоблари «Усулул фиқҳ» соҳасидаги таълифотлар орасида муътабар бўлиб унга 25 та шарҳ ёзилган. Бу шарҳлар ичида шайх Шужоиддин Ҳиббатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистоний қаламига мансуб «Табсийротил асрор фий шарҳил манор» китоби алоҳида ажралиб туради.
Имом Садруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий Бухоро шаҳрида туғилиб вояга етдилар. Боболари имом Тожушшарийъа Маҳмуд ибн Садруш шарийъани тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишдилар. Имом ибн Масъуд ал-Бухорий «Мухтасарул виқоя», «ан-Ниқоя», «ал-Вишоҳ», «Таъдиятул улум», каби қимматбаҳо асарларни мерос қолдирдилар. Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий мазҳабидаги машҳур «Усулул фиқҳ» олимларидан биридирлар. Бу имомнинг «ат-Танқийҳ» деб аталган китоблари «Усулул фиқҳ» соҳасида муътабар китоблардан ҳисобланади.
Имом ибн Масъуд бу китобларини ёзишни бошлашлари билан имомнинг дўст ва биродарлари унинг қўлёзмасидан кетма-кет кўчириб бордилар. Натижада асар ёзиб тугалланишдан олдин тарқалди. Кўчиришда баъзи хатоларга йўл қўйилган эди. Имом ибн Масъуд бундан огоҳ бўлгач «ат-Танқийҳ» га «ат-Тавзиҳ фий ҳалли ғавомиз ат-Танқийҳ» номли шарҳ ёздилар.
Имом Садруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий 747- ҳижрий йили Бухоро шаҳрида вафот этдилар. Имомнинг мақбаралари Бухоро шаҳридадир.
Аллома Саъдуддийн Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний илм излаб бутун Ўрта Осиёни кезиб чиқдилар. Ғиждувон, Туркистон, Хоразм, Сархас, Самарқанд шаҳарларида бўлдилар. Саъй ва ҳаракатлари натижасида ўз даврларининг машҳур олими бўлиб етишдилар. Барча ислом оламида шуҳрат қозондилар.
Аллома Тафтазоний ўзларидан сўнг сарф илмига оид «Шарҳи Занжоний», илму тавҳидга доир «Шарҳул ақоид», «Мақосидул калом» сингари боқий илмий мерос қолдирдилар.
Имом Тафтазонийнинг «ат-Талвийҳ фий кашфи ҳақоиқ ат-Танқийҳ» китоблари имом Садруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг асарларига шарҳ бўлиб, бу турдаги муътамад китоблардан бири ҳисобланади. «Усулул фиқҳ» илми билан шуғулланишни ирода этган ҳар бир шахс албатта мазкур асарга мурожаат этди.
Ўрта Осиёлик машҳур муфассир ва муҳаддислар орасида имом ар-Розий, имом ас-Сархасий, имом Ахсикатий, имом Хуқандий каби «Усулул фиқҳ» илми билан ҳам шуғулланиб, унинг баъзи қоидаларини ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшган муфассир ва муҳаддислар ҳам бор.
Бу келтирилган барча далиллар «Усулул фиқҳ» илмини пайдо бўлиши ва муҳим диний илмлардан бири сифатида шаклланишда Ўрта Осиёлик уламоларнинг хизматлари улканлигига гувоҳлик беради.

Энди баъзи бир усули фиқҳ китоблари билан батафсилроқ танишиб чиқайлик.

1. «ал-Фусул фил Усул».
Бу китобнинг муаллифи ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан Аҳмад ибн Али ар-Розий ал-Жассос роҳматуллоҳи алайҳидир.
«ал-Фусул фил Усул» усули фиқҳ илмида ҳанафий мазҳаби бўйича ёзилган энг асосий китоблардан биридир. «ал-Фусул фил Усул» ҳанафийларнинг энг асосий манбаларидан биридир. Шу билан бирга бу китоб ҳанафийларнинг бу борадаги аввалги китобларидан бири бўлиб кўпчилик асосан шу китобга суяниб иш кўрган.
Аҳмад ибн Али ар-Розий ал-Жассос роҳматуллоҳи алайҳи «ал-Фусул фил Усул»ни ўзининг машҳур китоби «Аҳкомул Қуръон»дан ҳам аввал ёзган. Муаллиф ўз китобида фиқҳий масалаларни енгигина зикр қилиб ўтади. Аммо усули фиқҳ масалалари келганда кенг шарҳ қилади.
Аҳмад ибн Али ар-Розий ал-Жассос роҳматуллоҳи алайҳи «ал-Фусул фил Усул»ни ўзининг машҳур шайхи имом Кархийнинг вафотидан кейин ёзган. Бу китоб унинг илмий тажрибалари ва амалининг хулосаси сифатида юзага келган. «ал-Фусул фил Усул» ҳанафий мазҳабидаги усули фиқҳнинг тожига айланган.
2. «Кашфул Асрор шарҳи усули Баздавий».
Бу китобнинг муаллифи ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийдир (730 ҳ.с). «Кашфул Асрор шарҳи усули Баздавий» ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим китоблардан биридир. У имом Баздавийнинг усули фиқҳ китобининг энг машҳур шарҳи ҳисобланади. У ҳанафий уламоларнинг усули фиқҳ бўйича бош китоби бўлиб танилган.
«Кашфул Асрор шарҳи усули Баздавий»нинг муқаддимасида илмнинг таърифи ва фиқҳ ҳамда ҳикматнинг баёни ҳақида сўз юритилган. Кейин шаръий ҳукмларнинг манбалари ҳақида сўз юритилиб Қуръон, Суннат ва уларга тегишли нарсалар, бошқа далиллар баён этилган. Сўнгра усули фиқҳнинг бошқа баҳслари зикр қилинган. «Кашфул Асрор шарҳи усули Баздавий»да фиқҳий ҳукмларни келтириб туриб уларнинг ҳанафий мазҳаби бўйича далилларини келтириш кўп учрайди.
3. «ат-Талвийҳ алат Тавзийҳ».
Бу китобнинг мусаннифи аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳидир. У кишининг «ат-Талвийҳ алат Тавзийҳ» китоби Содуруш Шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Ҳанафий роҳматуллоҳи алайҳининг «Танқийҳул Усул»ига ёзилган шарҳдир. «Танқийҳул Усул» эса ўта машҳур китоб бўлиб Фахрул Ислом Баздавийнинг «Усули фиқҳ» китобига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ила юзага келган китобдир.
4. «ат-Тақрийр ват Таҳбийр фии шарҳит Таҳрийр».
Бу китобнинг муаллифи ҳанафий уламолардан Ибн Амирул Ҳаж роҳматуллоҳи алайҳидир. «ат-Тақрийр ват Таҳбийр фии шарҳит Таҳрийр» имом Камол ибн Ҳумом роҳматуллоҳи алайҳининг «Китобут Таҳрийр»ига шарҳ бўлиб унда мусанниф фуқаҳолар билан мутакаллимларнинг усулини жамлаган. Шунингдек, унда ҳанафийлар билан шофеъийларнинг истилоҳлари ҳам жамланган.
Ибн Амирул Ҳаж роҳматуллоҳи алайҳи гоҳида далилни закр қилиш билан бирга унинг саҳиҳ ёки заифлигини ҳам баён қилади. Ҳанафий мазҳаби имомларининг гапларини нақл қилади. Шунингдек, шофеъий мазҳаби уламолари гапларини ҳам келтиради. Кейин эса иккисини таққослаб кўради.
5. «ал-Мустасфо фии илми Усулил фиқҳи».
Бу китобнинг мусаннифи Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғазолий роҳматуллоҳи алайҳидир.
Имом Ғазолийнинг бу китоблари усули фиқҳ илмидаги шофеъий мазҳабининг она китоблардан бири ҳисобланади. Муаллиф китобни гўзал тартиб ва юксак илмий маҳорат ила ёзган.
Имом Ғазолий китобни дастлабки муқаддима ва усули фиқҳ илми мантиқига оид алоҳида муқаддима ила бошлаган. Кейин уни тўрт қисмга тақсимлаган:

1. Шаръий ҳукм ва унинг қисмлари.
2. Ҳукмларнинг асосий далилари: Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Истисҳоб.
3. Далил келтириш кайфияти ва Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш ҳамда далил келтириш қоидалари. Унга қиёсни ҳам киритилган.
4. Ижтиҳод, таоруз - зид келиш, таржиҳ – ҳукмларнинг қай бири кучлилигини аниқлаш, тақлид ва фатво сўраш.

Имом Ғазолий бир масалани келтириб унинг ҳақида ўз фикрини баён қилади. Кейин ўша фикрни тасдиқлаган уламоларнинг гапларини келтиради. Сўнгра хилоф қилганларнинг фикрларини ва далилларини зикр қилади. Охири далиларни таққослаб кўради ҳамда нақлий ва ақлий далиллар ила уларга раддия қилади. Ва ниҳоят тўғри ва кучли тарафни эълон қилади.
«ал-Мустасфо фии илми Усулил фиқҳи»га кўп уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзишган.
6. «Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр».
Бу китобнинг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Нажжор Ҳанбалийдир.
«Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр» бир неча мазҳаблар қарашларини ифода қилган усули фиқҳ китобидир. Бу китоб муаллифнинг «ал-Кавкаб ал-Мунийр» номли китобига ўзи ёзган шарҳидир.
«ал-Кавкаб ал-Мунийр»нинг бошқа номи «Мухтасарит Таҳрийр» бўлиб уни Ибн Нажжор Қози Мардовийнинг «Таҳрийрул манқул ва таҳзийбу илмил усул» қисқартириб олгандир. Кейин Ибн Нажжор ўзининг мухтасарини ўзи шарҳ қилган ва уни «Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр» деб номлаган.
«Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр»да усули фиқҳ илмининг қоидалари ва фойидалари, фиқҳий, луғавий, балоғий ва мантиқий масалаларни ўз ичига олган. Ибн Нажжор ҳар бир гапнинг кимники эканини аниқ айтган. Фикрларни тққослаб кўрган. Далилларни муноқаша қилган. Кейин эса ҳанбалийлар назарида қай бири кучли эканини баён этган. Шунингдек, ўзларига мувофиқ ёки мухолифларни ҳам айтиб ўтган. Шу тариқа «Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр» усули фиқҳ бўйича турли мазҳаблар фикрини ифода қиладиган китоб бўлди.
Ибн Нажжор «Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр»нинг муқаддимасида усули фиқҳнинг таърифи, унинг фоидалари ва истилоҳлари ҳақида сўз юритган. Ундан кейин ўн саккиз боб ва кўплар фасллар келтирган. «Шарҳу ал-Кавкаб ал-Мунийр» усули фиқҳ бўйича ҳанбалий мазҳабининг муҳим манбаси ҳисобланади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол. Шаръий рухсатларни ахтариб топиб, амал қилишни ўзининг мазҳаби қилиб олган кимсанинг ҳукми нима У бидъатчими ёки йўқмиУнга жавоб. Шаръий рухсат берувчи давоми...

3126 05:00 / 19.01.2017
Имомликка ҳақлироғи суннатни билувчироғидир. Сўнгра қорироғи, кейин парҳезкорроғи, сўнг ёши каттароғи. Агар қул, аъробий, фосиқ, аъмо, бидъатчи ёки валади зино давоми...

3149 19:00 / 21.07.2022
Бир киши вафот этди. Ортидан иккита ёки ундан ортиқ қизлар ва қиз набиралар қолди. Бу ҳолатда қизлар мероснинг учдан иккисини оладилар ва қиз набираларни ҳажб давоми...

3813 10:20 / 21.10.2019
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, деган маънони англатади. Шариатда бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўша нарсадан ташқарида бўлган нарса давоми...

3204 17:31 / 02.09.2021