1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Борлиқнинг барчаси зулматдир

14:08 / 24.09.2017 4185 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Борлиқнинг барчаси зулматдир. Албатта, фақатгина Ҳақнинг унда зоҳир бўлишигина уни нурлантирадир. Бас, ким борлиқни кўрса-ю, унда ёки унинг ёнида, ёки ундан олдин, ёки ундан кейин У Зотга шоҳид бўлмаса, батаҳқиқ, нурларнинг мавжудлиги уни ўзига муҳтож қилади ва маърифат қуёшлари ундан асарлар булути ила тўсилади.

 

Ушбу ҳикматнинг маъносини яхшироқ англашимиз учун, Аллоҳ таолонинг зоҳир бўлиши борлиқни нурлантиришидан иборатлигини билишимиз учун Қуръони Каримнинг Нур сурасидаги «Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир» оятини яхшилаб ўтганишимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам ёритиб юборай дейди. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир» (35-оят).

Тафсирчиларимиз, тасаввуфчиларимиз ва файласуфларимиз бу ояти карима ҳақида кўп баҳс юритганлар. Ҳатто Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий[1]«Нур ояти»ни тафсир қилиб, «Мишкотул-анвор» номли бир китоб ҳам ёзганлар.

Оятда Аллоҳ таоло Ўз Зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган, олимлар тахминича, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қиладиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. У ўхшаши йўқ Зотдир. Буни ҳамма уламоларимиз бир овоздан таъкидлаганлар. Аммо оятнинг тафсирига келганда, фикрлар турлича бўлган.

«Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир».

Бу жумлани баъзи уламоларимиз «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилувчидир», – деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтирувчидир», – деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Яна бир тоифаси «Аллоҳ таоло борлиқни билдирувчидир», – деганлар.

Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир.

«Нур» сўзи, аслида, ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғиликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади, яъни кўрсатади.

Шу сабабдан, қуёш, ой, юлдузлардан тараладиган, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қилиб, кўзга, миядаги кўриш марказига таъсир ўтказадиган ёруғлик ҳам нур дейилади. Шунингдек, илмга нисбатан ҳам «нур» сўзи ишлатилади. Яна иймон ҳам нур дейилади; Қуръонни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи нур деб атаган; кўзнинг кўриш қобилиятини-да нур дейишади; фарзандга нисбатан ҳам «кўзимнинг нури» деган иборани ишлатишади. Қисқаси, «нур» сўзи жуда кўп маъноларда қўлланган.

Шунга ўхшаш луғавий маънолар эътиборидан келиб чиқиб, оятдаги жумланинг тафсири турлича бўлган. Ўша тафсирлардан баъзилари юқорида келтирилди.

Аллоҳ таоло осмонлар ва ернинг нури экани инсоний тасаввурга сиғиши қийин, шунинг учун инсон идрокига мос мисол билан тушунтирилмоқда:

«Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».

Ўша вақтда ёруғлик ҳосил қилиш учун ишлатиладиган шиша чироқ инсонлар онгида энг тараққий этган восита бўлган. Нур яхши таралиши учун, аввало, деворда ўйма токча бўлиши керак.

«Нурининг мисоли худди бир токча...»

Токчада турган чироқнинг нури беҳуда тарқалмасдан, бир тарафга таралади, шамол тегиб, ўчиб қолавермайди ҳамда липиллаб, тутамайди. Аммо фақат пилик ёнган билан ёруғлик бўлмайди. Агар пиликнинг устига шиша ўрнатилса, у ўчиб ҳам қолмайди, нури ҳам атрофга равшан таралади.

«…унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида...»

Энди, шиша билан шишанинг ҳам фарқи бор. Шиша қанчалик шаффоф бўлса, чироқнинг нури шунчалик равшан ёритади. Ушбу оятда мисол келтирилаётган чироқнинг шишаси гўё дурдан бўлган бир юлдуз экан.

«…шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб...»

Дур мусаффолик, юлдуз эса ёруғлик тимсоли. Икки тимсол бир бўлиб, ўша чироқнинг шишасида акс топмоқда. Бу эса мисли йўқ даражада ёруғлик берадиган чироқ деганидир.

Энди, бу чироқ ёниши учун ёқилғи – мой керак. Аммо мой яхши бўлмоғи лозим, йўқса, чироқ равшан нур таратолмайди. Оятнинг давомида васф қилинаётган чироқнинг ёғи қанақа экани баён этилмоқда:

«...шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».

Яъни чироқнинг ёғи муборак зайтун дарахтидан олинган. Ўша вақтдаги энг яхши чироқ ёғи зайтун ёғи бўлган. Аммо ҳамма зайтуннинг ҳам ёғи бир хил бўлавермайди. Қуёш тегмай, сояда ўсган зайтундан умуман яхши ёғ чиқмайди. Қуёш фақат шарқ томонидан тушадиган зайтуннинг ёғи ҳам, шунингдек, фақат ғарб томонидан қуёш тушадиган зайтун дарахтининг ёғи ҳам унча яхши бўлмайди. Энг яхшиси шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмай, эртадан кечгача қуёшда тобланиб, қуёш нурини тўла эмиб ўсган зайтуннинг ёғидир. Бунинг устига, зайтун муборак дарахтдир.

«Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам ёритиб юборай дейди».

Яъни яхши жойда ўсган муборак дарахтнинг – зайтуннинг ёғи бўлгани учун, чироққа қуйиб, пиликка олиб ёқмаса ҳам, ўзидан-ўзи зиё таратиб юборай деб турибди.

Хуллас, токча нур учун тайёрланган, чироқнинг ўзи нур, устига кийдириладиган шиша нурли юлдуз каби, дурдек равшан, ёғи ҳам нур сочай деб турибди. Буларнинг ҳаммаси

«...нур устига нурдир».

Ҳа, Аллоҳнинг нури ана шундай ёрқиндир. Аммо

«Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур».

Ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига – иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди. Шундай қилиб,

«Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур».

Одамларга қандай мисол тўғри келишини У Зотнинг Ўзи билади. Чунки

«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг ушбу ҳикматини унинг шарҳчилари узун, қисқа ва турли-туман шарҳ қилганлар. Уларнинг барчаси ушбу ҳикмат айтилган – ёзилган даврдаги тушунчалар ва ибораларга ҳамда уларнинг маъноларига мурожаат қилганлар. Биз эса ўз вақтимизда ва шароитимизда уларни таҳлил қилишга ҳожат йўқ, деган хулосага келдик ва ўзимизга керакли гаплар билан чегараланишга қарор қилдик.

«Борлиқнинг барчаси зулматдир. Албатта, фақатгина Ҳақнинг унда зоҳир бўлишигина уни нурлантирадир»

Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир нарса йўқ эди. Фақатгина Ҳақ таолонинг Ўзи уларни бор қилди ва ҳар бирига ўзига яраша хусусият бериб, кўзга кўринадиган қилди. Бас, борлиқнинг барчаси зулматдан иборат бўлса, у ва ундаги нарсаларнинг ҳеч бири зинҳор ҳидоят қила олмайди. Шунинг учун инсон қалби ойнасига борлиқнинг барчаси тамғаланмаслиги керак. Аксинча, инсоннинг қалби ўша борлиқни нурлантирган Зотга иймон билан тўлиши лозим. 

«Бас, ким борлиқни кўрса-ю, унда ёки унинг ёнида, ёки ундан олдин, ёки ундан кейин У Зотга шоҳид бўлмаса, батаҳқиқ, нурларнинг мавжудлиги уни ўзига муҳтож қилади ва маърифат қуёшлари ундан асарлар булути ила тўсилади»

– «Шоҳид бўлмаса» – қалб кўзи ила кўрмаса.

– «Асарлар» – борлиқдаги нарсаларнинг қолдирган излари.

Бу жумладан банда борлиқдаги нарсаларни кўрганида, улар орқали уларни Яратган Зотни қалб кўзи билан кўриши кераклиги англанади. 

Агар банда Биру Бор Зот яратган ва тутиб турган, одамларнинг тан кўзларига кўрсатган нарсаларни У Зот берган нур воситасида кўрса-ю, У Зотни қалб кўзи билан кўрмаса, нурлар унинг кўзини кўр қилиб қўйган бўлади. 

Шунингдек, мазкур банда учун борлиқдаги нарсалар ундан маърифат қуёшларини тўсиб турадиган булутларга айланиб қолади.

Аллоҳ таоло барчамизни борлиқни қалб кўзи билан кўрадиган ва маърифат қуёшларидан асарлар булути ила тўсилмайдиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



_________________________________

[1] Имом Ғаззолийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғаззолий бўлиб, лақаби Зайнуддин бўлган. Ислом оламида Ҳужжатул Ислом номи билан танилган. Ғаззолий дeйилишига сабаб отаси жун йигириш билан шуғулланганидир. Муҳаммад Тус вилоятиниг (ҳозирги Машҳад) Табарон номли шаҳрида ҳижрий 450, милодий 1058 йилда туғилган. Имом Ғаззолий ўзининг замонасида одамлар машғул бўлиб турган илмларни бирма-бир ўрганиб чиқди. Умрининг охирида ҳадис илмида нуқсони борлигини англаб, Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларини ўқиб чиққан. Имом Ғаззолий ҳижрий 505, милодий 1111 йили 14 жумодул охир, душанба куни Тус шаҳрида вафот этди. Тусдаги Тобирон мақбарасига дафн қилинди. Вафоти ҳақида укаси Аҳмад Ғаззолий шундай дeйди:

«Акам душанба куни бомдод вақтида таҳорат олдилар, намоз ўқидилар ва мeндан кафанлик сўрадилар. Кафанликни қўлларига олиб ўпдилар ва кўзларига суртиб, «سَمْعًا وَطَاعَةً لِلدُّخُولِ عَلَى الْمَلِكِ», яъни «Подшоҳнинг олдига бориш бошим устига», дeдилар, кeйин икки оёқларини узатдилар ва қиблага юзланиб, жон таслим этдилар


v

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадис. Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтдилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга .Менга шундай бир нарса айтингки, уни маҳкам ушлайин,, дедим. давоми...

3686 22:27 / 03.04.2018
Бешинчи фoйдa ҳaрoмдaн сaқлaниш.Ғийбaтнинг ҳaрoмлиги oят вa ҳaдислар иттифоқи билaн собит бўлгaн. Пaйғaмбaримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўминнинг қони мўмингa ҳаром. давоми...

3125 15:41 / 05.05.2018
Ҳар бир мусулмон билиши керак бўлган нарса шуки, албатта Қуръон Анбиё ва Расулларига нозил бўлган охирги ваҳий ҳисобланади. Қуръон Карим бутун олам учун барча давоми...

4758 18:49 / 03.12.2017
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

5795 19:24 / 08.08.2017