1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фароиз илми (дарслар)

Меросга тааллуқли ҳақ-ҳуқуқлар

15:48 / 18.04.2017 3123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

а) Мерос молига тааллуқли бўлган ҳақлар;

б) Ворисларнинг даражалари;

в) Мерос илмидаги истилоҳлар ва уларнинг маънолари.

А) Мерос молига тааллуқли бўлган ҳақлар

Маййитдан қолган мероснинг тақсим қилинадиган, сарфланадиган ўз ўринлари мавжуд бўлиб, ундан бошқа жойга берилса, шариат асосида тақсимланган ҳисобланмайди. Уламолар мерос молига тааллуқли бўлган ҳақларни тўртта деб белгилаганлар:

1. Маййитни кафанлаш, тажҳиз(дафнга тайёрлаш) ва то дафн этилгунча бўладиган харажатларга меросдан исроф ёки ўта бахиллик қилмасдан сарфланади. Яъни, бунга маййитни ғусл қилдиришдан то охирги манзилига элтиб қўйилгунча бўлган ҳаражатлар киради. Бу маййитнинг аҳволига, эркак ёки аёллиги ва бой ёки камбағаллигига қараб бир-биридан фарқ қилади. 

2. Кафанлаш ва тажҳиз (дафнга тайёрлаш)дан ортиб қолган барча меросдан маййитнинг бандалардан  бўлган қарзлари адо қилинади. «Меросдан бандалардан бўлган қарзларини адо этилади» деган сўз  бизнинг мазҳабимизга кўрадир. Бошқа уч мазҳабга кўра эса, бандалардан бўлган қарзи билан бирга Аллоҳнинг ҳаққи бўлган закот, ушр, назр каби қарзлари ҳам меросдан адо этилади. 

Бизнинг (ҳанафийларнинг) ҳужжатимиз қуйидагичадир:

Закот, ушр, каффорат каби амалларни адо этиш ибодатдир. Маълумки, ибодатлар ўлим билан инсондан соқит бўлади. Зеро, ибодатни адо этишга ният ва ихтиёр лозим. Ният ва ихтиёр маййитдан содир бўлмайди. Закот, ушр каби ҳақлар ўлим билан инсондан соқит бўлсада, у буларни тарк этгани учун гуноҳкор ҳисобланиб, охиратда иқобга дучор бўлиши мумкин. Агар маййит тириклик вақтида олдин тарк қилган закот, ушр каби қарзлари меросдан адо этишни васият қилган бўлса, барча мазҳаблар иттифоқи билан бу васиятни ижро этилади. 

3. Маййитнинг қарзлари адо этилгандан сўнг, қилган васиятларини мероснинг учдан бир қисми доирасида ижро қилинади. Яъни, кафанлаш ва дафн билан боғлиқ харажатлар ва қарзлардан ортган мероснинг учдан бир миқдорида васият адо қилинади. Агар маййитни васияти учдан бирдан кўпроқ бўлса, бунда ворисларнинг розилиги эътиборга олинади. Агар ворислар учдан бирдан ортиғига рози бўлсалар қолган қисмида ҳам васият амалга оширилади. 

Пайғамбар (с.а.в.) Саъд ибн Абу Ваққос молининг барчасини васият қиламан деганида, «Учдан бирга рухсат, лекин бу ҳам кўп. Сен ворисларингни бой ҳолда қолдиришинг, уларни камбағал қилиб, одамлардан сўрайдиган қилиб қолдиришингдан яхшироқдир» дедилар. 

Яна бошқа ҳадисда: «Аллоҳ таоло сизларга амалларингизни зиёда қилиб олишларингиз учун вафот этаётган пайтингизда молингизни учдан бирини (эҳсон) садақа қилди» деганлар. Яъни, молингизни учдан бирини васият қилишингиз мумкин. 

 4. Олдинги уч ҳақ адо қилингандан кейин қолган меросни маййитнинг ворислари орасида Қуръон, суннат ва ижмоъ кўрсатмаларига мувофиқ тақсим қилинади. 


б) Ворисларнинг даражалари


Маййитдан мерос олишга ҳақли бўлган ворислар ўз ҳақларини олишда баробар эмаслар. Улар бир-бирларидан мерос олишда ўз даражалари билан фарқ қиладилар. Уларнинг даражалари қуйидагичадир:

1.     Фарз эгалари (асҳобул фуруз) биринчи бўлиб меросдан буларга Қуръон, суннат ёки ижмоъда белгиланган миқдорда берилади. 

2.     Насаб қариндошлар (Асабат насабия) фарз эгалари меросда белгиланган ҳақларини олиб бўлгач, кейин насаб қариндошларга меросдаги ҳиссалари берилади. Насабий қариндош деб, фарз эгалари мавжуд бўлса, ундан қолган меросни, фарз эгалари бўлмай ўзи ворис бўлса, барча меросни олишга ҳақли бўлган маййитнинг яқинларига айтилади. Бунга ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган амаки каби маййитни яқинлари киради. 

3.     Сабабий қариндошлар  (Асабат сабабийя) - Озод қилиш орқали қариндошлиги боғланган киши, яъни қул озод қилувчи киши. Агар озодқилинган қул вафот этганда унинг фарз эгаларидан ёки насаб қариндошлардан бирорта вориси бўлмаса, бу ҳолда сабабий қариндош, яъни уни озод қилган киши мерос олади. Қул озод қилиш йўли билан қариндош бўлган кишига «Мавлал атоқа» дейилади. Яъни, озод қилишга эга бўлган киши. Агар қул озод қилган кишининг ўзи тирик бўлмаса, меросни унинг ўғил ворислари олади.

4.     Завил арҳам (фарз эгаси ёки асаба бўлмаган узоқроқ қариндошлар). Кейин агар фарз эгалари ёки асабаларнинг бирови бўлмаса меросни завил арҳамга берилади. Бу ҳанафий ва ҳанбалийларга кўрадир. Шофеъий ва моликийларга кўра эса завил арҳамга мерос берилмайди. Балки фарз эгаси ёки асаба бўлмаса меросни байтул молга топширилади. 

5.     Мавлал муволот (насаби номаълум бир шахс бошқасига «Сен менинг хожамсан, мен ўлсам мендан мерос оласан, агар жиноят қилсам уни товонини тўлайсан деганда, у ҳам қабул қилдим деган кишига мавлал- муволот дейилади. Олдинги тўрт қисм ворисларнинг бирови бўлмаса, мерос мавлал муволотга берилади. 

6.     Насаби иқрор қилинган киши, яъни маййит ҳаётлик вақтида бировнинг насабини иқрор қилган бўлса,яъни ота-онаси номаълум бир кишини бу менинг акам ёки укам деб тан олса, иқрор қилинган киши юқорида мазкур ворислардан бири бўлмаса меросни олади. Бу суратдаги ворис тўртта шарт асосида мерос олади.  

а) Насаби иқрор қилинган кишининг насаби номаълум бўлиши

б) Иқрор қилувчининг иқрори насабнинг собит бўлишида ўзидан бошқага нисбат берган бўлиши керак. Масалан: бу акам деб иқрор қилиши билан насабни отасидан собит бўлганига ишорат қилади. 

в) Бу иқрор билан насаби собит бўлмаслиги, яъни бу акам деб иқрор қилса, бу иқрорни отаси тасдиқламаслиги керак. 

г) Иқрор қилувчи ўлгунича иқрорида туриши.


7.     Васият қилинган кишига молнинг барчасини берилади. Юқорида зикри ўтган ворисларнинг бирортаси мавжуд бўлмай, маййит ҳамма молини васият қилган бўлса, васият қилинган кишига берилади. 

8.     Байтул мол. Яъни, мазкур ворислар мавжуд бўлмаса, меросни йўқолиб кетишдан асраш ва мусулмонларнинг умумий манфаатларига ишлатиш учун давлат хазинасига топширилади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рад луғатда қайтариш маъносидадир. Аллоҳ таолонинг сўзига ўхшаш hellip яъни .Сўнг Хизрни қидириб изларига қайтдилар,.Каҳф64Рад Авлнинг зиддидир. Чунки Авл бу давоми...

4409 15:53 / 18.04.2017
а Ҳажбнинг луғавий ва истилоҳий маъносиб Ҳажби нуқсонв Ҳажби ҳирмон, маҳжуб ва маҳрум орасидаги фарқ г Ҳажбга доир билиш зарур бўлган қоидалара Ҳажбнинг луғавий давоми...

4373 15:52 / 18.04.2017
1809. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва.Эй Аллоҳнинг давоми...

4750 16:28 / 23.09.2017
Мерос илмида бир қанча истилоҳий сўзлар мавжуд бўлиб, бундан кейин уларни қуйидаги шаклда қўллаймиз1. бу вориснинг шариат асосида белгилаб берилган мерос давоми...

4304 15:48 / 18.04.2017