1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ижаранинг саҳиҳлиги шартлари

16:30 / 22.09.2017 5096 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

I. Ижарага оид шарт.

Икки томоннинг розилиги.

II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар:

1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.

Бунда ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши, шунингдек, ижаранинг муддати, агар ижара бирор меҳнат тури билан боғлиқ бўлса, қилинадиган ишнинг тури ҳам аниқ бўлиши шарт.

«Ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши шарт», деганимизнинг маъноси шуки, мисол учун, бир одам «Ушбу икки уйдан бирини сенга ижарага бердим», деса, ижара дуруст бўлмайди. Чунки фойда келтирадиган жой, яъни бу икки уйдан қайсиси ижарага берилиши аниқ эмас. Бундай ҳолатда кейин низо чиқиши турган гап.

«Муддат аниқ бўлиши шарт», дейилганда ҳам худди шу сабаб кўзда тутилган. Муддат маълум бўлмаса, манфаат ноаниқ бўлади, бунда ҳам кейинчалик низо келиб чиқади.

«Ижара бирор меҳнат тури билан боғлиқ бўлса, қилинадиган ишнинг тури очиқ-ойдин бўлиши шарт», дейилганда ҳам айнан шу ҳикмат кўзда тутилган. 

Бир одамни қиладиган ишини аниқ айтмай ишга олишда ҳам ноаниқлик бор, бунда ҳам кейин низо келиб чиқиши мумкин. Демак, аввало иш нимадан иборат эканлиги, мисол учун, қурилишми, қассобчиликми, деҳқончиликми ёки бошқами, аниқ айтилиши шарт. Кейин эса ана шу ишнинг миқдори ва сифатига ҳам келишиб олинади. «Сенга фалон сўм пул бераман, битта чуқур қазиб берасан», дейиш билан иш битмайди. Чуқурнинг кенглиги қанча, чуқурлиги қанча, ернинг қаттиқ-юмшоқлиги ва бошқа майда-чуйда томонлари ҳам келишиб олиниб, икки томон рози бўлганидан кейин иш бошланади.

2. Ижара қилинган нарса воқеъликда фойдаланиш мумкин бўлган, шариатда рухсат берилган нарса бўлиши керак.

Мисол учун, қочиб кетган уловни ижарага қўйиш мумкин эмас. Чунки ҳақиқатда ундан фойдаланиб бўлмайди.

Шунингдек, ҳайз кўрган аёлни масжидни супуришга ишлатиб бўлмайди. Чунки шариатда ҳайзли аёлнинг масжидга кириши мумкин эмас.

3. Ижара қилинган нарса шаръан жоиз бўлиши шарт. Одам ўлдириш, ҳаром ишларни қилиш, сеҳр ўргатиш каби гуноҳ бўладиган ишларда ижара қилиб бўлмайди.

4. Ижарага адо этиладиган юмуш иш бажарувчига битим тузмасдан аввал ҳам фарз ёки вожиб бўлмаслиги шарт. Шунинг учун ҳам намоз, рўза ва бошқа ибодатларни ижарага адо этиб бўлмайди. 

Шунингдек, ҳанафийларнинг «Ўз зиммасидаги нарсага ижара ҳаққи олиш жоиз эмас», деган қоидалари ҳам бор. Шунинг учун аёл киши ўз уйи хизматлари учун эридан ҳақ талаб қилмайди. Чунки бу унинг ўз зиммасидаги хизматидир.

5. Ижарага иш қилган одам ўша ишидан ўзи манфаат олмаслиги керак.

Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларга ижара жоиз эмас. Чунки уларни бажарган одам биринчи ўринда ўзи манфаат олади. 

Бир одамга «Ушбу буғдойни тортиб, ун қилиб берсанг, иш ҳаққингга ўша ундан бунча оласан», дейиш ва шунга ўхшаш бошқа ишлар ҳам ушбу қаторга кирадими, йўқми, деган масалада Ҳанафий ва Шофеъий маз­ҳаблари «Киради», деганлар. Ҳанбалий ва Моликий мазҳаблари эса «Кирмайди», деганлар.

III. Ижара ҳаққи учун бериладиган нарсадаги шарт­лар:

1. Ижара ҳаққи учун бериладиган нарса маълум, вужуди бор мол бўлиши шарт.

Номаълум нарсани ижара ҳаққи қилиб бўлмайди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким биров билан ижара муомаласини қилса, ижара ҳаққини маълум қилсин», деганлар. 

Шу маънода иш ҳаққига таомни қўшиб бўлмайди, чунки унинг қиймати қанча бўлиши маълум эмас.

2. Ижара ҳаққи ижарага қўйилган нарсанинг жинсидан бўлмаслиги шарт.

Мисол учун, бировнинг уйида ижара турганининг ҳаққига ўзининг уйини яшашга бериб туриш мумкин эмас. Бу муомала рибога ўтиб қолади.

Ижарага оид масалалар ниҳоятда кўп бўлиб, фиқҳ китоб­ларимизда анчагина саҳифаларни эгаллагандир. Ижара иши билан шуғулланадиган кишилар ана шу маълумотларни яхшилаб ўрганиб олишлари лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун давоми...

3388 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳга беадад шукрлар, чексиз ҳамду санолар бўлсин, юртимизни истиқлол неъматидан баҳраманд айлаб, беқиёс эркинликлар йўлини очиб қўйди. Энди халқимиз ўзи ва давоми...

3725 05:00 / 17.02.2017
Бировга ўтказиш деганда, қарздор ўзида ҳақи бор кишига, фалончиниг мендан қарзи бор, сен мендаги ҳақингни ўшандан ол, дейишдир.Кафиллик, маълум нарса, биров давоми...

2993 05:00 / 17.02.2017
Таърифи Барча жузъийётларга ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади.Ҳамаср олимлардан баъзилари қоидани шундай таърифлайди .Қоида давоми...

4256 05:00 / 17.02.2017