1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳга етишиш

16:31 / 14.01.2018 3440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида Аллоҳ таолонинг висолига етишиш тушунчасини баён қилмоқда.

Албатта, бу борада сўз кетар экан, моддий етишиш маъносини хаёлга ҳам келтирмаслик лозим бўлади. Чунки одамларнинг бир-бири билан бўладиган муомалаларидаги маълум масофани босиб ўтиб етишиш маъноси бу борада тўғри келмайди. Аллоҳ таоло билан банданинг орасида бўладиган муомалада моддий етишишнинг мутлақо имкони йўқ. Бу ишнинг юзага чиқиши у ёқда турсин, уни ҳатто тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки бандаларнинг бир-бирларига етишишлари уларнинг фаолиятлари замон ва макон билан чегараланганидандир. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло эса замон ва маконни яратган Зотдир. Қандай қилиб ана шундай Зотни замон ва макон билан чегаралаш мумкин?!

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу маънони баён қилиш учун ўзининг биз ҳозир ўрганаётган ҳикматининг иккинчи жумласида таъкидламоқдаки:

«...Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир». 

Яъни ҳеч бир нарса моддий маънода Аллоҳ таолога етишиши ёки Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бирор нарсага етишиши мутлақо мумкин эмас. Агар бунинг имкони бўлганида, Аллоҳ таоло замон ва макон билан чегараланган бўлиб қоларди. Бундай бўлиши эса амри маҳолдир.

Бас, шундай экан, соликлар орзу қилган Аллоҳ таолонинг висолига етишишнинг маъноси нима? Бандани Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг висолига етишишдан тўсиб турадиган тўсиқлар нималардан иборат?

Аввало, бандани Аллоҳ таолонинг висолига етишишдан тўсиб турадиган тўсиқлар нималардан иборат эканини ўрганиб чиқиш керак бўлади. Зотан, ўша тўсиқларни аниқлаб, уларни олиб ташлагандан кейингина Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг висолига етишиш ҳақида ўйласа, гапирса, орзу қилса ва уринса бўлади. 

Бандани Аллоҳ таолонинг висолига етишишдан тўсиб турадиган тўсиқлар бир ҳолатдан иборат бўлиб, бунда банда жисмоний ва нафсоний талаблари, истаклари, туйғулари ва ҳожатларининг кўйига тушиб қолган бўлади. Шунинг учун дунё ва унинг ҳою ҳавасларига берилиб, Роббининг буйруқлари ва қайтариқларини эътиборсиз қолдирадиган бўлади. Бу ҳолат қалбни моғор босиш ҳолати деб ҳам аталади. Ушбу ҳақиқатнинг баёни Қуръони Каримда келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Сўнгра, шундан кейин ҳам қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки ундан-да қаттиқ» (74-оят).

Банда кўрган-билган нарсаларидан ибрат олмаса, Аллоҳ таолонинг амрига қулоқ осмаса, қайтарганидан қайтмаса, бора-бора унинг қалби қотиб, тошга айланади, балки тошдан ҳам қаттиқ бўлиб кетади. Бу эса банданинг бадбахтлигига сабаб бўлади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳнинг зикрисиз гапни кўпайтирманглар, чунки Аллоҳнинг зикрисиз гапни кўпайтириш қалбни қаттиқ қилади. Одамларнинг Аллоҳдан энг узоғи қалби қаттиғидир», деганлар.

Имом Баззор Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Тўрт нарса бадбахтликдандир: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, орзу-ҳаваснинг узунлиги ва дунёга ҳирс қўйиш», дейилган.

Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида марҳамат қилади: 

«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир» (14-оят).

Йўқ!!! Иш улар айтгандек эмас. Айб Қуръонда эмас. Аксинча, уларнинг қилган гуноҳлари туфайли қалбларини моғор босиб қолган. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг оятлари тиловатини эшитсалар ҳам, қалблари таъсирланмайдиган бўлиб қолган. Демак, айб Қуръонда эмас, айб уларнинг моғор босган қалбларида.

Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади, агар гуноҳни зиёда қилса, қалбидаги қора ҳам зиёда бўлади. Мана шу Қуръондаги «Каллаа бал рона ала қулуубиҳим» деганидир».

Банданинг қалбини моғор босганидан кейин кўзини ҳам, қулоғини ҳам парда босиб қолади. Бундай банда кўзи билан кўриб, қулоғи билан эшитиб ибрат олиши лозим бўлган нарсалардан ҳам ибрат олмай қўяди. 

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади: 

«Улар кўзлари Менинг зикримдан пардада бўлган ва эшитишга тоқат қила олмайдиганлар эдилар» (101-оят).

Бандани Аллоҳ таолонинг висолига етишишдан тўсиб турадиган тўсиқлар – жисмоний ва нафсоний талаблари, истаклари, туйғулари ва ҳожатлари эканини, мазкур нарсалар қалбни моғор босишига, кўз ва қулоқни парда босишига олиб боришини билиб олганимиздан кейин бу ҳолатдан қутулиш йўлларини излашимиз керак бўлади. Ана шундан кейингина Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг висолига етишиш учун ҳаракат бошлаш имкони туғилади. Аллоҳ таолонинг висолига етишиш аста-секин, даражама-даража кечади. Машойихларимиз мазкур даражаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилароқ, ўз тажрибаларида кўрганлар ва уларни сифатлаб ҳам берганлар. Қуйида мазкур Аллоҳ таолога етишиш даражаларидан баъзиларини эсалб ўтамиз.

1. Банданинг Аллоҳ таолонинг висолига етишиш бўйича биринчи даражаси У Зотнинг маърифатидир. Ушбу маърифат банданинг қалбида иймоннинг қувватли бўлишига, унда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа муҳаббатга жой қолмаслигига, барча амалларни шариатга мувофиқ, шавқ ва завқ билан бажарадиган бўлишига  олиб бориши шартдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Илм икки илмдир: қалбдаги илм – ана ўша фойдали илмдир; Тилдаги илм – униси Аллоҳнинг одам боласи зиддига ҳужжатидир».

Абу Бакр Хатиб ва Ибн Абдулбарр ривоят қилишган. 

Билган илмига амал қилмаслик қанчалар ёмон нарса экани ҳақида оятлар ва ҳадислар жуда кўп келган. Уларни бу ерда такрорлашга ҳожат йўқ. Фақатгина банда билган илмига амал қилиш орқали Аллоҳ таолонинг висолига етишиш поғоналаридан бирини босиб ўтиши ҳақиқатини билишимиз аҳамиятлидир.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, яратилган нарсалардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб туриб, уларни яратган Аллоҳни танимаган ва Ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил саналади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплиги эмас, илм қўрқишнинг кўплигидир», деганлар. 

Имом Ҳасан Басрий: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир, Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», деб туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилган.

Ушбу фойдали илмдан баҳраманд бўлган банда ўзини Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан узоқлаштириб турадиган жоҳиллик тўсиғидан қутулади ва У Зотнинг висолига эриштирувчи поғоналардан бирига қадам қўйган бўлади. Бундай илм қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббатини, маҳобатини ва У Зотни улуғлаш ҳисларини ҳосил қилади. Ўз навбатида қалбда Аллоҳ таолонинг муроқабасини ва зикрини ҳис қилиш қобилиятини уйғотади.

2. Банданинг Аллоҳ таолонинг висолига етишидаги иккинчи даража бу дунёда кечаётган жараёнларда сабабларни унутиб, ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг тадбири борлигини кўриш даражасидир. Унда банда мавжудотларни Аллоҳ таолога ва У Зотнинг баркамол сифатларига далил қилиш даражасидан мавжудотларда Ўзи яхши таниган Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг қудрати, санъати, маҳорати ва бошқа баркамол сифатларини кўриш даражасига кўтарилади. Мўмин банда ушбу даражага кўтарилиши ва унда бардавом бўлиши учун икки хислатни ўзида мужассам қилиши керак.

Биринчи хислат – Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг зикрини кўпайтириш. Хусусан, қалб зикрини кўпайтириш. Бу ишни амалга оширишнинг энг осон услуби – банда ўзига етаётган турли-туман неъматларни Аллоҳ таолога боғлаб, вақтида уларнинг шукрини қилиб туриши лозим.

Иккинчи хислат – давомли равишда турли-туман нафл ибодатлари қилиб юриш. Албатта, бу хислатга эга бўлиш бандани Аллоҳ таолонинг иноятига ва муҳаббатига эриштиради. Ўз навбатида банда ҳам Ҳақ субҳанаҳу ва таолога муҳаббатли бўлади. 

Қуйидаги ҳадиси қудсийда нафл ибодатлари ила Аллоҳ таолога яқинлашиш ва унинг самаралари хусусида сўз юритилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло: «Ким Менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қиламан. 

Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. 

Бандам Менга нафллари ила яқинлашишида бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қиламан. 

Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. 

Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга оламан. 

Ўзим қилувчи бўлган ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман», деди».

Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда нозик масалалар нозик иборалар ила баён қилинган. Шунинг учун унинг зоҳирий маъносига учмасдан, уламоларимиз узоқ изланишлар оқибатида эришган нозик натижаларни ҳушёрлик билан ўзлаштиришимиз лозим. 

Аллоҳ таолога алоҳида яқин бўлиш шарафига муяссар бўлган саодатманд зотлар қай тарзда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилганлари ҳадиси қудсийда шундай баён этилади.

«Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас».

Демак, банда Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун аввало ўзига фарз қилинган нарсаларни ўринлатиб адо этадиган бўлиши лозим. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган бандагина Аллоҳ таолога яқинлик касб қилган бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлишни ҳатто хаёлга ҳам келтириш мумкин эмас экан. 

Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар яна ҳам яқинроқ бўлиш имконига эга бўлар эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим.

«Бандам Менга нафллар ила яқинлашишида бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қиламан». 

Агар банда фарзларни тўлиқ адо қилганидан кейин нафлларни бардавом бажариб юрса, маълум даражага етганида, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.

«Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан».

Бу жумлада келган Аллоҳ таолонинг «Унинг эшитадиган қулоғи бўламан» дегани банданинг фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, бошқа нарсаларни эшитмайдиган ҳолга етиб қолишини билдиради. Бу ерда зинҳор зоҳирий маънони хаёлга келтирмаслик керак.

Шунингдек, «кўрадиган кўзи» деганда банда Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсадан бошқа нарсани кўришдан ўзини тортадиган бўлишини, «ушлайдиган қўли» деганда банда фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни ушлайдиган бўлишини ва «юрадиган оёғи» деганда банда фақатгина Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларга юрадиган ҳолга етишини тушуниш лозим.

Демак, банда фарзларни адо этиш ила Аллоҳ таолога яқин бўлади. Нафл ибодатларни кўп қилиш ила Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Сўнгра фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, кўрадиган, ушлайдиган ва Аллоҳ таолони рози қиладиган жойларга юрадиган ҳолга эришади. Бу ҳол унинг учун алоҳида бир мақомга эришиш имконини беради. У ҳолда нималар бўлишини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз:

«Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга оламан».

Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шундай.

3. Банданинг Аллоҳ таолонинг висолига етишишининг учинчи даражаси иккинчи даражага етган бандаларнинг ҳайбат, унс, вужд, жам, фарқ, фано, бақо, соҳв, сукр ва бошқа мақоматларни эгаллашидир.

Солик ушбу мақомларда кўтарилиб борар экан, ўзининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги нуқсонларини кўпроқ сезади, ҳоли яхши эмаслигини идроқ этади ва У Зотнинг ҳақлари қанчалик кўп эканини ҳис қилиб боради.  

Аллоҳ таолонинг висолига етишиш ана шундай кечади. 

Дастлаб банда ўзида ақлни қалб билан боғлайдиган ва қалбда қўрқув пайдо қиладиган Аллоҳ таоло ҳақидаги маърифатни ҳосил қилади.

Кейинги босқич муҳаббат даражаси дейилади. Унда банда фарз ва нафл ибодатларни адо этган ҳолда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Шу билан барча иши ва тасарруфидан Ҳақ субҳанаҳу ва таолога муҳаббат ёғиладиган бўлади. Аллоҳ таолонинг розилиги ва муҳаббати йўлидаги барча фаолиятлари тоат-ибодат ва қурбатга айланади.

Шундан кейин сўнги йўқ даражаларга, мартабага кўтарилади. Бунда Аллоҳ таолога яқинлашиш тинмайди, банданинг ички олами тўхтовсиз мусаффолашиб боради.

Банданинг Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг висолига етишишининг асосий сири – Аллоҳ таоло банданинг қалбига солган нурдир. Қачон банда жоҳиллик ваҳшатидан маърифат унсига ўтса, дунёвий ва нафсоний рағбату истаклардан озод бўлса, Ҳақ субҳанаҳу ва таолога муҳаббат қилишга, маҳобати қаршисида ҳар доим таъзимда бўлишга ва У Зотни улуғлашга тайёр туради.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

 «Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур» ­(35-оят).

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг нурига ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига – иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади: 

«Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас» (40-оят).

Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барчамизга Аллоҳга етишишимиз У Зот ҳақидаги илмга етишишимиз эканини тўлиқ англашни насиб қилсин! Барчамизга Ҳақ субҳанаҳу ва таоло У Зотга бир нарса етиши ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғ эканини тўлиқ англаш насиб этсин!

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таълимтарбияга оид адабиётлардан шуни биламизки, инсоннинг гўзал хулқ ва одоби ташқи қиёфасидаги гўзалликалардан кўра афзалроқ саналади. Чунки гўзал хулқ инсон давоми...

4617 09:05 / 16.07.2018
У зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкинУ Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, ҳамма нарсани У зоҳир қилганкуУ Зотни давоми...

4021 16:34 / 08.10.2017
Олдинги мақолаларимизда гуноҳи кабираларни ва улар учун тавба қилишнинг шартларини санаб ўтдик. Энди бу гуноҳлардан тавба қилмай вафот этган одамнинг қисмати давоми...

4111 20:10 / 02.04.2018
1633. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдосотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот давоми...

4216 17:49 / 15.09.2017