1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ким молини касодга учраган киши ҳузурида топса, унга ҳақлироқдир

17:30 / 20.09.2017 4733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қарзга ботиб қолиб, уни уза олмаслик маълум бўлгани ҳоким томонидан расман эълон қилингандан кейинги ҳол «касодга учраш» дейилади. Ажнабий тилда бу ҳолат «банкрот» деб аталади.

 

1739. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким касодга учраган киши (ёки инсон) ҳузурида айнан ўз молини топса, унга бошқалардан кўра ҳақлироқдир», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг ривоятида: 

«Агар унга ўша (мол)нинг баҳосидан бирор нарса берган бўлса, қолганига у ҳақдорларнинг олдингисидир. Ва қайси бир одам ўлса-ю, унинг ҳузурида бошқа одамнинг матоҳи айни ҳолида бўлса, ундан бирор нарсани адо этганми, йўқми, барибир у ҳақдорларнинг олдингисидир», де­йилган.

Шарҳ: Шариат ҳукми бўйича, касодга учраган одам билан олиб бориладиган барча молиявий алоқалар тўхтатилади. Масъул кишилар унинг қолган барча мол-мулкини рўйхат қилиб, ундан ҳақдор бўлганларнинг ҳаққи адо этилишини йўлга қўядилар. 

Ана шунда биринчи эътибор бериладиган нарсалардан бири – ҳақдорларнинг моли ўз ҳолича турибдими, йўқми, шуни аниқлаш бўлади. Кимнинг моли касодга учраган кишининг олдида турган бўлса, бош­қа ҳақдорлар ким ва қандай бўлишидан қатъи назар, йўқолмай турган мол ўз эгасига қайтарилади. 

Агар касодга учраган киши мазкур молнинг нархидан бир қисмини ўтаган бўлса ҳам, молнинг ҳаммасини ўз эгаси олади ва берилган нархни қайтариб беради.

Одамлардан қарзи бор киши вафот этиб қолганда ҳам худди шундай тасарруф қилинади.

 

1740. Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким айни молини бир киши ҳузурида топса, унга ҳақлироқдир. Сотиб олган унга сотган кимсага (молини қайтаришини сўраб) эргашади. Яъни харидор сотувчидан (ҳаққини) қайтариб олади», дедилар». 

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бир одам ўзининг йўқолган молини бировнинг олдида кўриб, таниб, исбот қилса, унга ҳақли бўлади. Ҳукумат унинг молини олиб беради. Ҳалиги одам «Бу молни мен фалончидан сотиб олганман», деса, унга мол эгасига ёпишма, «Ҳаққингни ўша сенга буни сотган кишидан талаб қилиб ол», дейилади. Чунки ўша сотувчи ўзига мулк бўлмаган нарсани сотган бўлади ёки бошқа шубҳали ишга аралашган бўлади.

 

1741. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Биздан бир киши ўзининг вафотидан кейин ғуломининг озод бўлишини эълон қилди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Буни мендан ким сотиб олади?!» дедилар. Уни Нуъайм ибн Абдуллоҳ сотиб олди. У зот баҳосини олиб, у(эгаси)га бердилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ривоят бошқа ривоятларда келган маълумотлар билан тўлдирилмаса, уни тушуниш қи­йин. 

Аслида бундай бўлган. Ансорийлардан Абу Мазкур розияллоҳу анҳу исмли кишининг Яъқуб исмли қибтий қули бўлган. Абу Мазкур Яъқубга «Щлсам, озодсан», деган. Айни пайтда у киши қарздор бўлиб қолган. Одамлар «Ҳаққимизни бер», десалар, «Қўлимда ҳеч нарсам йўқ, битта қулим бор эди, уни ҳам «Ўлганимдан сўнг озодсан» деб қўйганман», деган маънодаги гапни айтган. 

Бу гап Набий алайҳиссаломга етиб боргач, ҳаммани тўплаб, вазиятни ўрганиб чиқиб, Яъқубни кўрсатиб, «Буни мендан ким сотиб олади?» дедилар. Уни Нуъайм ибн Абдуллоҳ сотиб олди. 

Набий алайҳиссалом пулни олиб, Абу Мазкурга бердилар. Пулнинг миқдори саккиз юз дирҳам эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мазкурга «Буни қарзингга бер, қарзни узиш фарздир, қул озод қилиш эса суннат», дедилар. 

Шариат ҳукми бўйича, касодга учраган кишининг мол-мулки ҳукумат томонидан сотилиб, ҳақдорларга бўлиб берилади.


БИРОВГА ЎТКАЗИШ ВА КАФИЛЛИК

 

«Бировга ўтказиш» деганда қарздорнинг ўзида ҳаққи бор кишига «Фалончининг мендан қарзи бор, сен мендаги ҳаққингни ўшандан ол», дейиши тушунилади.

Кафиллик маълум нарса. Бунда бир одам бошқа одамга кафиллик қилади. Бу икки нарса ҳам жоиздир.

 

1742. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир. Қачон бирортангиз бойнинг ортидан эргаштирилса, эргашсин», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қарзга оид икки масала муолажа қилинмоқда.

1. Бой одамнинг қарзини узмай юриши зулм эканлиги. Бу ҳақда аввал ҳам гапириб ўтилган эди.

2. Қарзи бор одам «Мендаги қарзингни фалончидан ол, унда менинг ҳаққим бор», деса, ўша орқасидан эргашиладиган одам бой бўлса, бу ўтказишни қабул қилиши кераклиги.

Ҳадисдаги орқасидан эргаштирилса, дейилгани шу маънога ишорадир. Чунки ҳаққи бор одам унинг ортидан «Ҳаққимни бер», деб эргашиб юра олади.

Бу ҳадисдаги «бойнинг ортидан эргаштирилса», дейилган жумладан камбағалнинг ортидан эргаштирилса, ундай ўтказишни қабул қилмаслик мумкин эканлиги тушунилади. 

 

1743. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Бир одам ўзидан ўн динор қарздор одамга эргашиб, «Аллоҳга қасамки, қарзингни узмагунингча ёки бир кафил келтирмагунингча сендан ажрамайман», деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни (динорларни) зиммаларига олдилар. Сўнг у (қарздор) ваъда қилган миқдорини олиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу тиллани қаердан олдинг?» дедилар. 

«Кондан», деди.

«Бизнинг унда ҳожатимиз йўқ. Унинг яхшилиги йўқ», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг қарзини ўзлари узиб қўйдилар». 

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳақдор  одам  қарздорни  маҳкам  ушлаши, унинг ортидан ажрамай юриши мумкинлиги.

2. Қарзни узиш учун кафил талаб қилиш ва кафил бўлиш мумкинлиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировларнинг оғирини енгил қилиш учун доимо ёрдамга тайёр эканликлари.

4. Кафил ўз кафолатидаги кишининг қарзини тўлаб қўйиши жоизлиги.

5. Уламоларимиз «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унинг яхшилиги йўқ» деганларини кондан чиққан тиллада яхшилик йўқ экан, деб тушунмаслик керак. Бу жойда ўзларига маълум сир борлиги учун шундай деганлар. Ҳолбуки, барча тиллалар кондан олинади», деганлар.

 

1744. Термизий ва Абу Довуднинг ривоятида: 

«Ория адо этиладиган нарсадир, зомин (ҳақни) тўловчидир ва қарз узиладир», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоят айни шу иборалар билан бир оз олдин ҳам ўтди. Ўша ерда муфассал ўрганиб чиқдик.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизда савдо деб таржима қилинадиган сўз арабчада .Байъ, дейилиб, луғатда, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади. Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол давоми...

4208 05:00 / 17.02.2017
Таърифи Жуола деб луғатда кишининг қилган иши эвазига бериладиган ҳаққа айтилади. Жуолага ижозат берган фуқаҳолар унинг таърифида шундай дейдилар Ишчининг давоми...

3035 05:00 / 17.02.2017
Луғатда .Ижара,, ажр, берилган ҳақ маъносини билдиради. Шариатда эса маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага ижара, давоми...

4933 05:00 / 17.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар миржалларга ўхшатиб бинолар қилмагунча қиёмат қойим бўлмайди,, давоми...

3256 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

133414 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53759 14:35 / 11.08.2021